Савол: Ҳожиларга тарқатиладиган Қуръони каримнинг таржимасидаги бир ҳадиси шарифда“Қуръонни ўзининг тушуниши билан тафсирлаган одам кофир бўлади” дейилган. Мен араб тилини яхши биламан. Қуръон ўқиган вақтимда баъзан у ердаги сўзлар, жумлаларнинг маъноларини тушунаман. Юқоридаги ҳадис бўйича менинг Қуръон оятларидаги сўзларни тушунишимнинг зиёни борми?
Жавоб: Зиёни йўқ. Бу ҳадис Имом Раббонийнинг “Мактубот” китобида ёзилган. Қуръони каримдаги оятларнинг, калималарнинг маъносини тушунишнинг зиёни йўқ. Лекин оятларга ўз калта ақли билан, чала билими билан маъно беришнинг, ҳукм чиқаришнинг жуда катта зиёни бор!
Бунга мисол келтирайлик:
“Фотиҳа” сурасидаги “Иёка настаъин” калимасидан “Фақат сендангина ёрдам сўраймиз”деган маънони тушунишнинг ҳеч қандай зиёни йўқ. Бироқ бу ояти каримага ўз ақли билан хулоса ясаб, маъно берадиган бўлса зиёни бўлади. Масалан, бу оятга “Аллоҳдан бошқасидан бир нарса сўраш – ширк, кофирлик” деб маъно берса, ўз ақли билан тафсирлагани учун кофир бўлади.
Сувга чўкаётган бир одам “Ёрдам беринглар! Чўкяпман, қутқаринглар!” деса, юқоридаги нотўғри ҳукм бўйича бу одам Аллоҳга шерик қўшган бўлади. “Мана бу юкни кўтариб олишим учун ёрдам бериб юбор” деган қарияга “Сен Аллоҳдан бошқасидан ёрдам сўрадинг, Аллоҳга шерик қўшдинг, кофир бўлдинг!” деса, оятга ўз ақлича маъно берган бўлади.
“Ё Расулуллоҳ, бизга шафоат қил!” деган мусулмонга “Сен Аллоҳдан бошқасидан ёрдам сўрадинг, Аллоҳга шерик қўшдинг” деса, оятга ўзича маъно берган бўлади.
Бир пайғамбарнинг ёки авлиёнинг қабрига бориб “Менга ёрдам бер” деган одамга “Сен Аллоҳга шерик қўшдинг” деб айтса ҳам, оятга ўз калта ақли билан маъно берган бўлади.
“Мен илондан қўрқаман”, “Мен сичқондан қўрқаман” ёки “Мен Аллоҳдан қўрқмайдиганлардан қўрқаман” деган одамга “Бошқалардан эмас, фақат Мендан қўрқинглар” ва “Фақат Аллоҳдан қўрқинглар” деган ояти каримани ўқиб “Сен Аллоҳдан бошқасидан қўрққанинг учун Аллоҳга шерик қўшдинг, кофир бўлдинг!” деб айтиш ҳам ўзбошимча маъно бериш бўлади.
“Пайғамбарлар, шаҳидлар шафоат этади” деган одамга “Аллоҳдан изнсиз ким шафоат этиши мумкин” деган маънодаги ояти каримани ўқиб “Аллоҳга шерик қўшдинг” деса, билармонлик қилиб ўз ақли билан маъно берган бўлади.
Сураларни ўқиб ўтириб, маъноларини билса ҳам “Бу оятга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қандай маъно берганини ёки олимларнинг қандай тафсирлаганини билмайман” деб айтиш ёки маъносини биладиган бўлса “Бу оятга уламонинг берган маъноси мана бундай” деб айтишнинг ҳеч қандай зиёни йўқ. Бироқ ўз ақли билан оятни шарҳлаш, унга маъно бериш, ундан ҳукм чиқариш жуда хавфли. Ўзининг калта ақли билан оятларга маъно беришга ҳаракат қилиш, Пайғамбаримиз айтганларидай, куфр бўлади. Чаламуллаларнинг Қуръон таржимаси деб ер-кўкка ишонмай кўтариб юрган таржималарини ўқиш ҳам шу сабабдан тўғри эмас. Қуръоннинг ёхуд маъносининг таржимасини ўқиган одам Аллоҳу таолонинг шу ояти каримада айтмоқчи бўлган мақсадини эмас, таржима қилган одамнинг ақл ва билим даражаси бўйича берган маъносинигина уққан бўлади.