Муҳаммад Боқий-биллоҳ

Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратлари Силсилаи олиянинг йигирма иккинчисидир. Имоми Раббоний ҳазратларининг устозидир. 1563 йили Кобилда таваллуд топганлар. Кобилдан Самарқандга бориб, замонининг энг буюк олимларидан бўлган Мавлоно Содиқ Хулвонийдан керакли илмларни ўрганди. Юксак яратилиши ва қобилияти билан қисқа вақт ичида талабалар орасида энг юксак савияга етишди. Сўнгра тасаввуфга йўналиб, бу йўлнинг улуғ олимларидан ботиний илмларни ўрганиб, юксак даражаларга эришди. Хожаги Имканагий ҳазратларининг суҳбатлари, Баҳоуддин Бухорий ва халифалари руҳониятларининг ёрдами билан бу буюкларнинг силсиласига дохил бўлдилар.

Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратлари устозининг амри билан Ҳиндистонга бориб, бир йил Лаҳорда қолдилар. У ердаги олимлар бу зотнинг суҳбатларига қатнашиб, кўп истифода қилдилар. Сўнгра Деҳлига бориб, умрининг охиригача шу ерда қолиб, инсонларга тўғри йўлни ўгитладилар. Икки-уч йилдек қисқа вақт ичида жуда кўп олим ва авлиё етиштирдилар. У зот етиштирган улуғларнинг бошида ўзидан кейин халифаси бўлган, иккинчи минг йилликнинг мужаддиди, ислом олимларининг кўз қорачиғи бўлган имоми Раббоний келадилар. Имоми Раббоний ҳазратлари етишиб, камолга келгач, Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратлари бутун шогирдларини камолга етказишни унга топширдилар.

Амри маъруф ва наҳйи мункар қилаётганда ҳар доим мулойим гапирардилар. Бир кимса динга мос бўлмаган бирор иш қилса ёки сўз айтса, юмшоқлик, киноя ва имо-ишора билан сокинлаштирар, сира кўнглини оғритишни истамасдилар. Амри маъруф қилаётганида ўзини бошқа инсонлардан ажратмаслик ва устун кўрмаслик учун кўп ғайрат сарф қилардилар. Суҳбатдарида ҳеч бир мусулмон ҳақида ёмон гап гапирилмасди. Агар бир мусулмоннинг кўнглидан бошқа мусулмон ҳақида ёмон фикр ўтгудек бўлса, буни теран фаросатлари ила дарров сезиб, шу заҳоти ёмон деб гумон қилинган киши ҳақида мақтовли гаплар гапирардилар.

Хони Хонон номи билан машҳур бўлган подшоҳ Адурраҳим Хон унинг маҳбубларидан эди. Боқий-биллоҳ ҳазратларининг ҳажга боришини эшитиб, унга йўлкира сифатида кўп пул жўнатиб, “Арзимас ҳадямизни лутф этиб, қабул қилинг” дейди. У эса “Мусулмонларнинг пулларини сарфлаб, ҳажга боришимиз дуруст бўлмайди” деб ҳадяни қабул қилмайдилар ва ҳажга ҳам бормайдилар.

Насиҳатларида овқат пишираётган кишининг доимо таҳоратли бўлишини ва таом пишираётганда дунё каломини гапирмаслигини тез-тез эсга солиб турардилар. Ўзлари ҳам даргоҳларидаги ошхонада бу масалани мудом назоратда тутардилар. “Солиҳ бўлмаган кишининг пиширган таомлари файз келишига тўсқинлик килади” дердилар. Авлиёлардан бир зот келиб “Ҳолимда ғалати бир турғунлик, қалбимда эса, хавотир ҳис қиляпман. Лекин қабоҳатим-айбим нима эканлигини билолмаяпман” деди. Боқий-биллоҳ ҳазратлари “Овқатларингизга эътиборсиз бўлгансиз” дедилар. Авлиё зот “Ҳар куни бир хил таом ейман” деди. Боқий-биллоҳ ҳазратлари “Яхшилаб ўйлаб кўринг” дедилар. Ҳалиги зот яхшилаб ўйлаб кўриб “Ҳа, устоз, энди ёдимга тушди. Бир куни овқат пишираётганда ўчоққа ҳалоллиги шубҳали бўлган икки-уч дона ўтин ташланганди”,- деди.

Бир куни Хожа Ҳусомиддиннинг гапи билан миршаблар ичкилик ичадиган ва бошқа ярамасликлари бор бир йигитни ҳибсга олдилар. Боқий-биллоҳ ҳазратлари буни эшитиб, Хожа Ҳусомиддинга таъна қилдилар. У “Бу йигит яхши одам эмасди” деганида ғамгин бир ҳолатда чуқур оҳ чекиб айтдиларки: “Сен ўзингни яхши деб билганинг учун у йигит сенга ёмон бўлиб кўриняпти. Лекин биз ўзимизни ундан фарқли деб кўрмаймиз. Қандай қилиб уни ёмонлаймиз?”

Сўнгра бу йигит қўшниси бўлган Хожа ҳазратларининг ўзи ҳақидаги ҳусни заннидан жуда манун бўлиб, гуноҳларига тавба қилди ва солиҳлардан бўлди.