Тилак ва мурод дуолари билан ҳожат намози

Савол: Уйланишни истаган, фарзанди бўлмаган, турмуши ночор бўлган ёки имтиҳонга кирмоқчи бўлган киши муроди ҳосил бўлиши учун нима қилиши керак?

Жавоб: Инсон бир ишнинг натижаси яхши ёки ёмон бўлишини билолмайди. Муҳаққақ шу ишим бўлсин деб қатъий туриб олмаслик керак, “Хайрлиси бўлсин” дейиши лозим. Қуръони карим ва дуолар агар шартларга риоя қилинган ҳолда ўқилса, фойда беради. Ўқиган одам ва хаста бунга ишониши керак. Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфи шифо, дардларга даво, тилакларга етказувчидир. Аллоҳу таоло: “Қуръони карим мўминлар учун шифо ва даводир” деб марҳамат қилган. Фарзанди бўлмаган, оила қуришни хоҳлаган ва ҳар қандай бир тилаги бўлган одамлар қуйидаги ишларни қилиши керак:

1) Истиғфор ўқиши лозим. “Мол-мулким кўп, аммо фарзандим йўқ” деган кишига бир саҳоба истиғфор ўқишда давом этишини тавсия қилди. У кунда 700 истиғфор ўқишни одатга айлантирди. Ниҳоят ўнта фарзандли бўлди. Ҳасан Басрий ҳазратларига камбағаллиги, муҳтожлигини айтиб келганлар, қурғоқчилик ва қахатчиликдан нажот сўраб келганлар ва бефарзандликка чора излаб келганлар бўлди. Барчасига бирдай истиғфор ўқишларини буюрди. Сабаби сўралганида Қуръони каримдан уч ояти карима ўқидилар. Маоли қуйидагича: “Кечиримли бўлган Раббингизга кўп тавба-истиғфор айтингки, сизлар учун кўкдан мўл ёмғир ёғдирсин. Сизга мол-мулк ва фарзандлар ато қилиш орқали ёрдам берсин, сиз учун боғлар, ирмоқлар яратсин.” (Нуҳ, 10-12)

Фарзандларини бошқаришда қийналганини айтган биттасига Расули акрам жанобимиз: “Нимага тавба-истиғфор қилмайсиз? Мен кунда юз марта истиғфор қиламан”- деб марҳамат қилдилар. Истиғфор қилмоқ учун 100 марта “Астағфируллоҳ мин кулли мо кариҳаллоҳ, астағфируллоҳалъозим аллази ла илоҳа илла ҳувал хаййул қаййума ва атубу илайҳ” деб айтиш ва маъносини кўнглидан ўтказиб ўқиш лозим. Маъноси қуйидагича:

“Рози бўлмаган нарсаларингдан қилганларимни авф этгин ва қилмаганларимни қилишимдан сақлагин. Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Ҳайй, Қаййум ва Озийм бўлган Аллоҳга истиғфор қиламан ҳамда гуноҳларимга пушаймон бўлиб, яна Унга сиғинаман.” Озийм – зоти ва сифатлари камолда; Ҳайй – азалий ва абадий ҳаёт билан тирик бўлган; Қаййум – зоти билан қоим бўлган, яратган ҳар бир нарсасини бор қилиб ушлаб турган деганидир.

2) Тилаги рўёбга чиқиши учун икки ракат намоз ўқиб, савобини силсилаи олия дейилган олимларнинг руҳларига хадя қилиши, уларнинг ҳурмати учун деб дуо қилиши керак. Масалан “Ё Рабби, хайрли бир фарзанд ато этгин” деб дуо қилиб “Бу дуомни Силсилаи олия улуғлари ҳурмати учун қабул қилгин” дейиш лозим. (Макотиби шарифа)

Бомдод ва хуфтон намозларидан кейин силсилаи олиянинг исмларини, ундан кейин Фотиҳа ўқиб руҳларига бағишлаб, уларни васила / восита қилиб ўқилган дуо қабул бўлади. Тажриба қилинган.

3) Ояти хирз усулига мос ўқилса ва ёнида олиб юрилса, муроди ҳосил бўлади.

4) Назр қилиш керак. Масалан “Фалон киши билан оила қурадиган бўлсам ёки мана шу ишим амалга ошса, Саййидат Нафиса ҳазратларига бағишлаб, уч Ёсини шариф ўқишни назр қилдим” дейилса, шу тариқа қилинган дуоларнинг тезроқ қабул бўлиши тажриба қилинган. (Саййидат Нафиса – Ҳазрати Ҳасаннинг ўғли Зайднинг ўғли Ҳасаннинг қизидир. Ҳижрий 145 йили Маккада туғилди, Мадинадан Мисрга ҳижрат қилиб, 208 (м. 823) йили вафот этди. Исҳоқ бин Жаъфар Содиқнинг аёли эди. Валий эди. Кўп кароматлари кўринди. Унга назр этилиб, қилинган дуолар қабул бўлмоқда.)

5) Дуони рухсат олиб ўқиш керак. Ҳар бир дуонинг ижобати, ҳожатининг ҳосил бўлиши, мурожаат қилинган сабабларнинг таъсир қилиши устознинг изн берган дуоларини ўқиш билан амалга ошади. Агар устоз вафот этган бўлса, китобида тавсия қилинган дуолардан фойдаланиш ҳам яна устознинг рухсати олиниб ўқилган бўлиб ҳисобланади. Рухсат олган одам рухсат берган кишининг вакили бўлади. Вакилнинг ўқиши, худди устоз ўзи ўқигандек таъсирли бўлади.

6) Кўр бир зот келиб “Ё Расулуллоҳ! Аллоҳу таолога дуо қилсангиз, зора кўзларим очилса” деди. Пайғамбаримиз: “Яхшилаб таҳорат олгин. Сўнгра “Ё Рабби, Сенга ёлвораман. Севгили пайғамбаринг Муҳаммад алайҳиссаломни ўртага қўйиб Сендан сўрайман. Эй севимли пайғамбарим Муҳаммад алайҳиссалом сизни васила қилиб, Раббимга ёлвормоқдаман. Сизнинг ҳурматингиз учун ушбу дуомни қабул қилишини сўрайман. Ё Рабби, ушбу улуғ пайғамбарни менга шафоатчи қилгин. Унинг ҳурматига дуомни қабул қилгин” деб дуо қил”- дедилар. Кўр киши таҳорат олиб, дуо қилди. Кўзлари шу заҳоти очилди. (Термизий)

7) Абудлаҳад Сарҳандий ҳазратлари айтган: “70 марта “Ё Аллоҳ, ё Раҳмон, ё Раҳим, ё Қовиййу, ё Қодир” ўқиб дуо қилган одам, ҳар не истаган бўлса ҳам Ҳақ таоло дуосини қабул қилади ва қандай муроди бўлса беради.”

Буларни Аллоҳ розилиги учун ўқиш лозим. 70 марта ўқиш керак, 71 марта айтилса бўлмайди. Ёнига бошқа бир исм қўшса, бўлмайди. Яъни ҳеч нарса илова қилмасдан, ортиқ ҳам кам ҳам қилмасдан қандай бўлса шундайлигича ўқиган одам албатта фойдасини кўради. Бу Исми Аъзам, исми Жалол, Асмои ҳуснадир. Ҳар намоздан кейин ўқиган киши қандай бахтиёрдир. Ҳеч бўлмаса кунда бир марта ўқиш керак. Тилагига эришиш учун қирқ кун ўқиши лозим.

8) Ҳожат намози ўқиш керак. Ҳожат намози бир неча шаклда ўқилади.

1. Асҳоби киромдан Усмон бин Ҳунайф ҳазратлари билдиради: Кўзлари кўрмайдиган бир киши кўзлари очилиши учун Расулуллоҳга илтимос қилди. Пайғамбар жанобимиз: “Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқигин, ундан кейин шу дуони ўқигин: Аллоҳумма инни асъалука ва атаважжаҳу илайка би набийика Муҳаммадин Набиййирраҳмати. Сўнгра кўзларинг очилиши учун “Ё Рабби, Расулингнинг ҳурмати учун кўзларимни очгин” деб дуо қил!”деб марҳамат қиллдилар. (Насоий)

Ўша кишининг намоз ўқиб, дуо қилгандан кейин кўзлари очилганига гувоҳ бўлдик. (Тарғиб)

Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Аллоҳдан ёки инсонлардан бирон хоҳиши бўлган одам таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқисин. Сўнгра Аллоҳу таолога ҳамд ва Расулига саловот айтиб, шу дуони ўқисин! Ла илоҳа иллаллоҳ-ул-ҳалим-ул карим. Субҳоналлоҳи Раббил аршил озим. Алҳамду лиллоҳи Раббил оламин. Асъалука мужийбати раҳматика ва азаими мағфиратика вал ғанимата мин кулли биррин вассаломата мин кулли исмин ла тадали занбан илло ғафартаҳу вала ҳамман илло фарражтаҳу вала ҳажатан хийа лака ридан илло кадайтаҳа ё арҳамарроҳимийн. (Ҳалабий) (Бу дуони ислом ҳарфлари билан ёзиб, аслидан тўғри ўқиш керак.)

Ҳожат намози икки, тўрт ёки ўн икки ракат қилиб ўқилади. Биринчи ракатда Фотиҳа ва уч Оятал курси ўқилади. Бошқа ракатларда Фотиҳа билан бир мартадан Ихлос ва Муаввизатайн (икки Қул аузу - фалақ, нос) ўқилади. Ёки ҳар ракатда Фотиҳа билан Оятал курси ва Ихлос ўқилади.

2. Яна бир ҳожат намози эса қуйидагича: Хуфтон намозидан кейин, витрдан аввал тўрт ракат намоз ўқилади. Биринчи ракатда бир Фотиҳа, уч Оятал курси ўқилади. Иккинчи ракатда Фотиҳадан кейин уч Ихлос ва Муаввизатайн ўқилади. Учинчи ракатда худди биринчи ракатда ўқилгандек ўқилади. Тўртинчи ракатда эса иккинчи ракатдагидек ўқилади. Намоздан кейин тилагини сўрайди. (Имод-ул ислом)

Шундай дуо қилиш мумкин: Ё Рабби! Сенга ёлвораман. Оламларга раҳмат қилиб юборган севгили пайғамбаринг Муҳаммад алайҳиссаломни ўртага қўйиб сўрайман. Эй севимли пайғамбарим Муҳаммад алайҳиссалом! Сизни васила қилиб, Раббимга ёлворяпман. Сизнинг ҳурматингиз учун тилагимни қабул қилишини сўрайман. Ё Рабби, мана шу улуғ пайғамбарни менга шафоатчи қилгин, Унинг ҳурматига дуоларимни қабул қилиб ижобат қилгин!

Бу дуони мусулмонлар доимо ўқиб, ниятларига етганлар. Бу дуоларни бир марта ўқиш билан чекланиб, ташлаб қўймаслик керак. Қирқ кун ёки ундан ҳам кўпроқ давом этиш яхши бўлади.

3. Моддий ёки маънавий бирон истак-хоҳиши бўлган одам кечаси ғусл қилиб ёки таҳорат олиб икки ракат намоз ўқиса ва ҳар ракатида бир Фотиҳа ва уч Ихлос ўқиса, намоздан кейин саждага бориб “Менинг истагимни ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ҳурматига бергин” деб дуо қилса, Аллоҳу таоло истаганини беради. (Маноқиби чиҳори ёри гузин)