Улар уй ҳам қурадиларми?

Нуҳ алайҳиссалом замонида инсонларнинг умри узун бўлган экан. 800-1000 йил умр сурар эканлар. Бир аёлнинг ўғли вафот этибди. Бу аёл қаттиқ қайғуриб, йиғлабди. Қўшни аёллардан бири айтибди:

- Нимага бунча йиғлайсан. Аллоҳу таолонинг тақдири шундай экан.

- Албатта шундай. Мен унга йиғламаяпман.

- Унда нимага йиғлаяпсан?

- Болам кўп яшамади деб, оналик шафқатим билан йиғлаяпман.

- Боланг неча ёшда эди?

- 275 ёшда эди.

- Агар сен бунга йиғлайдиган бўлсанг, охир замонда келадиган уммат нима қилсин, умрлари 50-60 йил бўлади.

- Жиддий айтяпсанми?

- Албатта.

- Аллоҳ, Аллоҳ, улар уй ҳам қурадими?

- Ҳа, яна битта эмас, бир нечта уй қурар эканлар.

- Мен уларнинг ўрнида бўлсам, чодиримнинг қозиғини ҳам ўзгартирмасдим.