Имом бўла олиш учун олтита шарт тўкис бўлиши керак. Булардан лаоқал биттасига эга бўлмаган одамнинг орқасида намоз дуруст бўлмайди. Шартлар эса қуйидагича:
1. Мусулмон бўлиш. Абу Бакр ва Умарнинг (родияллоҳу анҳума) халифа эканликларига, меърож ҳодисасига ва қабр азобига ишонмайдиган одам имом бўла олмайди.
2. Балоғат ёшига етган бўлиш.
3. Ақли жойида бўлиш. Маст ва эси паст киши имом бўлолмайди.
4. Эр киши бўлиш. Хотин киши эркакларга имом бўла олмайди. Аёлнинг аёлларга имом бўлиши эса, макруҳдир.
5. Ҳеч бўлмаганда, Фотиҳа ва яна бир оятни тўғри қироат қила олиш шарт. Ёддан битта ҳам оят билмайдиган, билганда ҳам тажвид билан ўқий олмайдиган ва нуқул нағма қилиб ашулага ўхшатадиган одамлар, имом бўлолмайдилар.
6. Диний бир узр соҳиби бўлмаслик, шарт. Узрли мусулмон узри бўлмаганларга имом бўлолмайди.
Имомнинг қироати чиройли бўлиши, Қуръони каримни тажвид билан ўқиши лозим. Мақомга ва мусиқа пардаларига солиш, катта гуноҳдир. Намознинг шартларига ва суннатларига аҳамият бермайдиган имомларнинг орқасида намоз ўқилмайди.
«Солиҳ ва фожир мусулмонларнинг орқасида намоз ўқингиз.» - деган ҳадиси шариф масжид имомлари учун эмас, балки жума намозини ўқитадиган амирлар ва ҳокимлар учундир.
Имом бўлишга энг лаёқатли киши– суннатни, яъни дин илмлари-ю аҳкомларини (мазҳаб ҳукмларини) яхши биладиган мусулмондир. Юқорида билдирилган имомлик шартларида, икки мўмин тенг бўлиб қолгудек бўлса, у ҳолда имомлик ҳаққи, Қуръони каримни яхшироқ ўқийдиганига берилади. Агар бу мавзуда ҳам тенг бўлсалар, ичларидан тақводори, яъни ҳаромлардан кўпроқ тийиладигани имом бўлади. Тақвода ҳам тенг бўлишса, ёши улуғроғи имомликка ўтади.
Қул (малай), бадавий, фосиқ, кўр ва ҳароми (никоҳсиз туғилган) одамнинг имом бўлишлари макруҳдир.
Имомнинг намозни, жамоатни қийнайдиган даражада узун ўқитиши, макруҳдир. Аёл кишиларнинг ўзаро жамоат қилишлари ҳам макруҳдир.
Жамоат бир кишидан иборат бўлса, имом уни ўнг тарафига олади. Чап тарафига туриши макруҳдир. Икки киши бўлишса, имом уларнинг бир метр қадар илгарисига ўтиб туради. Эркакларнинг аёл кишига ва ёш болаларга иқтидо қилишлари жоиз эмас. Жамоатда, имомнинг орқасига аввал эркаклар, сўнгра болалар, кейин эса аёллар саф тортишади. Имом, аёлларга ҳам имом бўлишга ният қилган бўлиб, ўша жамоатда бир эркак билан бир аёл киши бир сафда ёнма-ён туриб қолган бўлса, эркакнинг намози бузилади. Агар имом аёллар учун алоҳида ният қилмаган бўлса, аёлнинг ёнига туриб қолган эркакнинг намозига ҳеч қанақа зиён келмайди, намози бузулмайди. Чунки, бу вазиятда, аёл киши намозда, деб ҳисобланмайди. Имом аёлларга ният қилмагани учун аёл кишининг намози жоиз бўлмайди. Тик туриб ўқий оладиганларнинг, ўтириб ўқийдиган кишига иқтидо қилишлари, жоиздир. Фарз ўқиётган киши, нофила ўқиётган одамга иқтидо қилолмайди. Бунинг акси эса, жоиздир. Имом билан бирга намозини адо этган одам, имомнинг бетаҳорат эканлигини фаҳмласа, ўша намозини иёда этади.
Рағойиб, Барот ва Қадр каби кечаларга хос бўлган намозларни жамоат билан адо этиш макруҳдир. Жамоат хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, имомнинг намоздаги қироат ва тасбиҳларни суннат миқдоридан ошириб ўқиши таҳриман макруҳдир.
Кеч келиб, жамоатга рукуъда улгура олмаган одам, ўша ракъатни имом билан ўқиган бўлиб ҳисобланмайди. Имом рукуъда турганида жамоатга келган одам, ният қилади ва тик турган ҳолатда такбир олиб намозга киргач, дарров эгилиб рукуъ ҳолатига ўтади. Агар рукуъга эгилаётганида имом рукуъдан бош кўтаргудек бўлса, ўша ракъатга етишолмаган бўлади.
Жамоатда имомдан аввал рукуъ ёки саждага бориш ёхуд қад ростлаш, таҳриман (ҳаромга яқин) макруҳдир. Фарз намозлар битгач сафларни бузиш, мустаҳабдир.
Бир мўмин беш вақт намозини ҳар куни жамоат билан адо этиш учун ғайрат қилса, бутун пайғамбарлар билан адо этгандек савобга ноил бўлади. Бунча савоб ва фазилатларнинг берилиши, имом ўқитган намознинг қабул бўлишига боғлиқ.
Бир киши, жамоатни узрсиз тарк этса, жаннатнинг ҳидини ҳам туёлмайди. Жамоатни узрсиз тарк этадиганларга ҳар тўрттала китобда ҳам “малъун” деб хитоб қилинган.
Беш вақт намозни жамоат билан адо этишга тиришиш керак. Қиёмат куни Хақ таоло ҳазратлари етти қават ер ва етти қават осмонни, Аршни, Курсини ва бутун махлуқотни тарозининг бир палласига қўйса-ю иккинчи палласига эса, шартларига ва суннатларига риоят қилган ҳолда ўқилган битта жамоат намозининг савобини қўйса, жамоат билан адо этилган намознинг савоби оғир босади.