Жинларнинг зарарлари

Савол: Жин одамга зарар берадими, инсон қиёфасига кира оладими? Зараридан сақланиш учун нима қилиш керак?

Жавоб: “Том Илмиҳол Саодати Абадия” китобида қисқача бундай дейилган:

Жинларнинг мусулмон ва кофирлари бўлади. Мусулмон жинлардан одамларга зарар келмайди. Улар фақат ибодат билан машғул бўлади. Аҳли суннат олимлари уларни танийди. Улар солиҳ инсонлар каби кўриниб, суҳбат қуришлари мумкин. Кофир жинлар эса, инсонларга турли йўллар билан зарар етказади. Улар одамларга ёпишиб, ҳар хил қиёфага, шаклга кира олади. Масалан, микроб шаклига кириб, инсоннинг қон томирларида айланиб юради. Фақатгина мўминларнинг қалбига кира олмасалар-да, қалбига васваса солишлари мумкин. Уларнинг эчки, илон, мушук шаклига киргани кўп кузатилган.

Кофир жинлар яхши одам бўлиб кўриниб, фойдали ишларни ҳам қилдириб алдаши мумкин. Кофир ва фосиқлар билан дўстлашганда, улардан асло айрилмай, уларни гуноҳ ва куфрга бошлайди.

Жин ва шайтонларни тушда ҳам кўриш мумкин. Улар жуда чиройли ҳуснда кўриниб, эҳтиломга (булғанишга) сабаб бўлади.

Ҳар бир одамнинг жинлардан бир ҳамроҳи бўлади. Фаришталар одамларни жинларнинг зараридан ҳимоя қилади. Оят ва дуолар ўқиб, Аллоҳу таолодан паноҳ сўраганларга ҳам жинлар ҳеч зарар етказа олмайди.

Китобларда ёзилишича, жинлар инсонларга касалликларнинг давоси ва керакли дориларни ўргатгани, тутқаноқ (эпилепсия) билан оғриган беморнинг танасига кириб, унга зарар бергани ҳамда инсонларга кўз тегишига сабаб бўлишлари мумкин.

Жинлар уч тоифага бўлинади:

1. Шамол ва ҳавога ўхшайдиганлари;

2. Ердаги ҳашарот ва майда жонзотларга ўхшайдиганлари;

3. Диннинг буйруқ ва тақиқларига амал қилишга масъул бўлганлари. Мана шу учинчи тоифадагиларга ҳисоб-китоб ва азоб бор.

Жин ўт ва ҳаводан яратилгани учун жуда латиф (нозик) бўлади, тез ҳаракат қилади ва енгил зарбадан ҳам дарров ўлади. Уларнинг умри қисқа, диний билимлари оз ва кибрли бўлади; ўзаро доимо уришиб, жанжал ва жанг қилади. Жиннинг ўлими ерда ғойиб бўлиш орқали юз беради. Кексалари ёшариб, гўдаклик ҳолига қайтади ва ўлиб, ерда йўқолиб кетади.

Кофир жинлар фолбин ва сеҳргарлар айтган инсонларга сеҳр (жоду) қилади. “Ҳадийқа” китобидаги ҳадиси шарифда: “Сеҳр қилган, қилдирган ва унга ишонган биздан эмас”, деб марҳамат қилинган. Жинчилар, фолбинлар ва юлдузномага қараб ҳар қандай саволга жавоб берувчилар сеҳргарлар тоифасига киради. Уларга бориб, айтганларига ва қилганларига ишониш - баъзан тўғри чиқса ҳам - Аллоҳдан бошқаси ҳамма нарсани билади ва ҳар қандай ишни қила олади, деб ишониш бўлиб, бу куфрга олиб келади.

Ўтмишда бўлиб ўтган нарсаларни жиндан сўраш жоиз, аммо келажакда бўладиган ишларни сўраш жоиз эмас. Чунки келажак ва ғайбни фақат Аллоҳу таоло билади. Кофир жинлар ёлғончи бўлгани учун, бўлган ишларни ҳам кўрмасдан туриб, “кўрдик” дейишлари мумкин. Жинчига бориб, бир одамни жиндан қутқаришига ишониш ва унга ҳақ тўлаш жоиз эмас.

Жиндан қутулиш учун энг таъсирли қурол – Калимаи тамжид о ҳавла ва ло қуввата илла биллоҳил алиййил азим) ва истиғфор дуосидир. Буларни ўқиган кишидан жинлар қочади ва сеҳр-жоду бузилади. “Жин мактуби” деб аталадиган дуони ёнида олиб юрган ёки уйида сақлаган кишига жин келмайди, илашиб қолган жин бўлса, кетади.

“Оятал курси”, “Ихлос”, “Фалақ”, “Нос” ва “Фотиҳа” сураларини тез-тез ўқиб юриш ҳам инсонни жиндан муҳофаза қилади. Ушбу оятларни ўқиш, мактубни олиб юриш, шифо оятларини ўқиш ва ёзиб, сувини ичишдан фойда кўрмоқчи бўлганлар Аҳли суннат эътиқодига мувофиқ тўғри иймон эгаси бўлишлари керак. Агар буларни ёзган ва қўлланган кишининг эътиқоди тўғри бўлмаса ёки ҳаром ишларни қилса, уларнинг фойдаси кўрилмайди.

Жин ва шайтон балосидан қутулиш учун ҳамда тутқаноқ касаллиги ва сеҳр-жодуга қарши “Оят ҳирз” деб аталадиган ҳимоя қилувчи оятларни етти кун ўқиш ва бу оятларни ёнида олиб юриш керак.

Авлиёларнинг руҳлари кўриниб ҳам, кўринмай ҳам севганларига фойда беради ва балолардан асрайди. Уларни танишга, севишга ва севилишга ҳаракат қилиш лозим. (Батафсил маълумот учун “Саодати Абадия” китобига қаралсин.)

Савол: Жин билан шайтоннинг яратилиши жиҳатидан фарқи нима?

Жавоб: Шайтон ҳам, жин каби ўт ва ҳаводан яратилган; бироқ жинда ҳаво, шайтонда эса ўт кўпроқдир. Жинларнинг кофирлари бўлганидек мусулмонлари ҳам бор. Шайтонларнинг эса ҳаммаси кофирдир. (Кашкул рисоласи)