Чиройли ва ораста кийиниш

Савол: Бой кишининг эски кийим кийиши тўғрими?

Жавоб: Жаноби Расулуллоҳ эски кийим кийган биридан “Мол-мулкинг йўқми?” деб сўрадилар. У молининг кўп эканлигини айтганида унга шундай дедилар:

“Аллоҳу таоло бир бандасига мол бергач бу неъматнинг асари эгнида кўринсин.” (Насоий)

Иккита ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилинган:

“Аллоҳу таоло бир қулига неъмат берганида ўша неъматнинг асарини ўша қули эгнида кўринишини севади.” (Табароний)

“Чиройли кийинг, Аллоҳу таолонинг сизга берган неъматларининг асари кўринсин!” (Табароний)

Жамол билан зийнат бошқа-бошқа нарсалар. Жамол чиркинлик, хунуклик, жирканчликни кетказиш, виқорли бўлиш ва шукр қилиш учун неъматни кўрсатиш деганидир. Аллоҳу таоло жамол соҳиби бўлишни мадҳ этган. Жамол учун тоза, чиройли кийиниш мубоҳдир. Кибр, кўз-кўз қилиш учун кийиниш ҳаром бўлади. Мақом ва мавқе эгаларининг, бойларнинг, масалан, бошлиқлар, мудирлар, ишлаб чиқарувчиларнинг ҳолатга кўра яхши кийинишлари керак.

Ҳазрати Умар “Икки хил кийимингиз бўлсин. Бири қимматбаҳо, иккинчиси оддий. Либоснинг қимматбаҳо, ораста бўлиши одамнинг шарафини кўрсатади” деб айтарди. Ибни Умар ҳазратлари ҳам “Қандай кийим кийсам бўлади?” деб сўраган кишига “Пасткашларнинг мазах қилишига, маданиятли кишиларни ҳам сени айблашига сабаб бўлмайдиган либос кий!” деб жавоб берганди. Имоми Аъзам ҳазратлари 400 олтин турадиган либос киярди. Талабаларига ҳам чиройли кийинишни буюрарди. Имоми Аъзам “Ҳазрати Умарнинг ямоқли чопон кийиши Амир-ул-муминин бўлгани учундир. Чиройли ва қимматбаҳо кийимлардан кийганида эди, қўл остидаги ходимлари ҳам қимматбаҳо кийим кийишарди. Халқдан зулм билан мол олишни бошларди” деганди. Ҳазрати Талҳа жуда бой эди. Қимматбаҳо либослар кияр, безаниб юрарди. Узугида жуда қийматли ёқут бор эди.

Ҳикмат аҳли “Шундай либос кийгинки, сен унга эмас, у сенга хизмат қилсин” деб айтарди. Инсонларга ваъз ва насиҳат қиладиган кишиларнинг янги, тоза либос кийиб ўзларига жамол беришлари ибодат бўлади. Ҳурмат қилинмаса, сўзларига қулоқ солинмайди. Чунки жоҳиллар одамнинг зоҳирига [ташқи кўринишига] қарайди. Илмини тушунмайди. Кўз-кўз қилиш учун кийиниш ҳаром бўлади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Безакдан сақланиш иймондандир.” (Ибни Можа)

“Безак ва кўз-кўз қилиш учун кийган либосини эгнидан ечмагунча Аллоҳу таоло унга раҳмат қилмайди.” (Табароний)

“Аллоҳу таоло оддий либос кийганни севади.” (Байҳақий)

“Кибр ва кўз-кўз қилиш учун шуҳрат соҳиби кимсалар кийган либосни кийинган кимсани Аллоҳу таоло ўша либослари билан бирга ўтга ташлайди.” (Рузайн) Демак, ясан-тусан ва кўз-кўз қилиш учун кийиниш ҳаромдир.

Мақом, мавқе соҳиби бўлмаган, топиши ўртача бўлган кишиларнинг бойларни ёки мақом соҳибларини ёхуд ҳаддини билмайдиган қўшниларини ўрнак олиб, кўз-кўз қилишлари, уйларини турли ашёлар билан безашлари тўғри эмас.

Ҳовончаси йўқ толқон эзишга,

Такси билан боради доим кезишга.

Савол: Эркакларнинг сариқ ва қизил кийим кийишлари гуноҳми?

Жавоб: Йўқ, гуноҳ эмас. Бир қавлга кўра, танзиҳан макруҳ эканлиги билдирилган.

Савол: Китобларда эски либос кийиш мадҳ этиладию, нима учун янги ва қимматбаҳо либос кийилади?

Жавоб: Эски ва янги либос кийиш ниятга кўра яхши ва ёмон бўлади. Мубоҳ бўлган ишларда ният муҳимдир. Нияти яхши бўлса савоб, ёмон бўлса гуноҳ бўлади. Лекин ҳаромлар яхши ният билан ишланса ҳам ҳаромликдан чиқмайди. Ясаниш ва кўз-кўз қилиш мақсадида янги ва қиммат либослар кийиш ҳаромдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Безакдан сақланиш иймондандир.” (Ибни Можа)

“Аллоҳу таоло оддий кийинганни севади.” (Байҳақий)

“Безак ва кўз-кўз қилиш учун кийган либосини эгнидан ечмагунча Аллоҳу таолонинг раҳматидан узоқ бўлади.” (Табароний)

“Кибр ва кўз-кўз қилиш учун шуҳрат соҳиби кимсалар кийган либосни кийинган кимсани Аллоҳу таоло ўша либослари билан бирга ўтга ташлайди.” (Рузайн)

“Чиройли кийим кийишга кучи етгани ҳолда киймаганга Аллоҳу таоло жаннат либосларини кийдиради. Шуҳрат учун либос кийганларга эса қиёматда зиллат либосини кийдиради.” (Ширъа шарҳи)

Мақом, мавқе соҳиби бўлмаган, даромади мўтаъдил бўлган кишиларнинг бойларни ёки мақом соҳибларини ёхуд ҳаддини билмайдиган қўшниларини ўрнак олиб, кўз-кўз қилишлари, уйларини турли ашёлар билан безашлари тўғри эмас.

Мақтаниш учун, фақирлар олдида катта кўриниш ва уларни ҳақир, паст кўриш учун кийиниш ва ўзини зуҳд, тақво соҳиби кўрсатиш учун эски ва ёмон либос кийиш, шуҳрат учун кийинишдек дуруст эмас. Кучи етган кишининг қимматбаҳо матодан чиройли либос кийиши жоиздир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Аллоҳу таоло сенга бир мол берганида бу неъматнинг асари эгнингда кўринсин.” (Насоий)

“Чиройли кийинингки, Аллоҳу таолонинг сизга берган неъматларининг асари кўринсин!” (Табароний)

Жамол билан зийнатни бир-бирига чалкаштирмаслик керак. Жамол ёмон кўринишни кетказиш, виқорли бўлиш ва шукр қилиш учун неъматни кўрсатиш деганидир. Аллоҳу таоло жамол соҳиби бўлишни мадҳ этган. Жамол учун тоза, чиройли кийиниш мубоҳдир. Кибр, кўз-кўз қилиш учун кийиниш ҳаром бўлади. (Баҳр-ур-роиқ)

Мақом ва мавқе соҳибларининг, бойларнинг, масалан, бошлиқлар, мудирлар, ишлаб чиқарувчиларнинг замонга, аҳволга кўра яхши кийинишлари керак. Аллоҳу таолонинг ҳузурига чиқадиган пайтда бунга катта аҳамият бериш лозим. “Ҳар намоз ўқиётганда зийнатли [қийматли, янги, тоза, яхши кўрадиган, чиройли] либосларингизни кийинг!” маолидаги ояти карима билан “Хушбўй ифор ғамни камайтиради, чиройли, тоза либос эса қайғуни енгиллаштиради” маолидаги ҳадиси шарифга амал қилишга уриниш керак. Эски бўлса ҳам тоза кийим кийиш керак. (Адаб-уд-дунёБўстонМактуботи Раббоний)

Ҳазрати Умар “Икки хил кийимингиз бўлсин. Бири қимматбаҳо, иккинчиси оддий. Либоснинг қимматбаҳо, ораста бўлиши одамнинг шарафини кўрсатади” деб айтарди. Ибни Умар ҳазратлари ҳам “Қандай кийим кийсам бўлади?” деб сўраган кишига “Паст кимсаларнинг мазах қилишига, маданиятли кишиларни ҳам сени айблашига сабаб бўлмайдиган либос кий!” деб жавоб берганди. Имоми Аъзам ҳазратлари 400 олтин қийматидаги либос киярди. Талабаларига ҳам чиройли кийинишни буюрарди. Имоми Аъзам “Ҳазрати Умарнинг ямоқли чопон кийиши Амир-ул-муминин бўлгани учундир. Чиройли ва қимматбаҳо кийимлардан кийганида эди, қўл остидаги ходимлари ҳам қимматбаҳо кийим кийишарди. Халқдан зулм билан мол олишни бошларди” деганди. Ҳазрати Талҳо жуда бой эди. Қимматбаҳо либослар кияр, безаниб юрарди. Узугида жуда қийматли ёқут бор эди.

Ҳикмат аҳли “Шундай либос кийгинки, сен унга эмас, у сенга хизмат қилсин” деб айтарди. Инсонларга ваъз ва насиҳат қиладиган кишиларнинг янги, тоза либос кийиб ўзларига жамол беришлари ибодат бўлади. Ҳурмат қилинмаса, сўзларига қулоқ солинмайди. Чунки жоҳиллар одамнинг зоҳирига [ташқи кўринишига] қарайди. Илмини тушунмайди.

Имоми Аъзам ҳазратлари “Жоҳилларнинг ҳақорат қилмасликлари ва душманларга азаматли, қувватли кўриниш учун олимларнинг, амирларнинг либослари ва бинолари ҳашаматли бўлиши лозим” деб айтган.

Имоми Аъзам ҳазратлари талабаларига чиройли кийинишни амр қиларди. Ўзи ҳам ҳар дарсга келганида бошқа-бошқа янги либос кийиб келарди. Бу чопони 400 олтин қийматида эди. Имоми Муҳаммад ҳам қийматли либослар киярди. Расулуллоҳ жанобимиз ҳам минг дирҳам кумуш қийматида Яман газламасидан чопон киярдилар. (Дурр-ул-мухтор, Тахтовий)

Савол: Янги, чиройли, қимматбаҳо кийим кийишнинг динимиз томонидан зарари борми?

Жавоб: Бу ҳақда “Баҳр-ур-роиқ”да шундай дейилган:

“Эркак кишининг шифо учун кўзига сурма қўйиши жоиз. Зийнат, ясан-тусан учун суриши жоиз эмас. “Жамол” ва “зийнат” калималарини бир-бирига аралаштириб юбормаслик керак. Жамол чиркинликни, хунукликни кетказиш, виқорли бўлиш ва шукр қилиш учун неъматни кўрсатиш деганидир. Кўз-кўз қилиш, мақтаниш учун неъматни кўрсатиш жамол эмас, кибр бўлиб, нафсининг заиф, бузуқ эканлигини кўрсатади. “Аллоҳу таоло жамилдир. Жамол соҳибларини яхши кўради” ҳадиси шарифи жамол соҳиби бўлишни мадҳ этмоқда. Жамол учун қилинган бир нарса зийнатга ҳам сабаб бўлса, зарар бермайди. Жамол учун тоза, чиройли кийиниш мубоҳдир. Кибр учун кийиниш эса ҳаромдир. Бундай кийинганда ўзини тутишида, бошқаларга нисбатан муносабатида ўзгариш бўлиши кибр аломати бўлади.”

Жамол жирканчликка, бошқаларнинг жирканишига, ҳақорат қилишига сабаб бўладиган ишларни қилмаслик, буларни йўқотишдир. Зийнат эса бошқаларнинг ҳавасини келтирадиган, уларга устунлик берадиган, мақтаниладиган ишларни қилишдир. Жамол учун яшайдиган жойида одат бўлган нарсалардан ҳаром бўлмаган энг яхшиларидан фойдаланиш керак.

Эркакларнинг ипак либос кийишлари ҳаромдир. Либосда ва бош кийимда тўрт бармоқ кенглигида ипак ёки олтин тасма бўлиши жоиздир. Тасмалар сони кўп бўлиши мумкин. “Дурр-ул-мухтор” ва бунинг Тахтовий ва Ибни Обидин ҳошияларида айтилганки:

«Тажаммул қилиш, яъни энг чиройли либос кийиш мустаҳабдир. Ҳалол нарсалар билан зийнатланиш мубоҳдир. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари тўрт юз олтин қийматида чопон киярди. Талабаларига чиройли кийинишни буюрарди. Имоми Муҳаммад ҳазратлари нафис либослар киярди. Имоми Аъзам айтдики, ҳазрати Умарнинг ямоқли чопон кийиши Амир-ул-муминун бўлгани учун эди. Чиройли кийинганида эди, амалдорлари ҳам чиройли кийинаман деб, фақирлардан, халқдан зулм билан мол олиб қийнарди. Расулуллоҳ ҳам минг дирҳам кумуш қийматида чопон киярдилар.»

Катталарга ҳаром бўлган нарсаларни ёш болаларга ишлатган кимса ҳаром ишлаган бўлади.

Савол: Кийиниш борасида бир мусулмоннинг эътибор бериши керак бўлган хусуслар қайси?

Жавоб: Бу ҳақда “Ибни Обидин”да бундай дейилган:

“Аврат жойини бекитадиган ва совуқдан, иссиқдан сақланадиган даражада кийиниш фарздир. Пахта, зиғир ва жундан тўқилган матолар яхши. Ўрта ҳолли кийиниш лозим, шуҳратдан сақланиш керак. Неъматни кўрсатиш учун яхши ва қийматли кийиниш мустаҳабдир. Байрамларда, кўпчилик орасида чиройли, ҳашамли кийиниш мубоҳдир. Ҳар доим бундай кийиниш макруҳдир. Оқ ва қора рангли кийимлар кийиш мустаҳабдир. Расулуллоҳнинг либоси, кўйлаги оқ пахтадан тўқилган матодан эди. Маккани фатҳ этган кун муборак бош кийими ва тўни қора рангли бўлганлиги “Мажмаъул-анҳур”да ёзилган. Яшил рангли кийиниш суннатдир. Тўнғиздан бошқа йиртқич ҳайвон ўлаксаларининг терилари ошланганда тоза бўлади. Бисмиллоҳ билан ўлдирилганларнинг терилари покдир. Улар устида намоз ўқиш мумкин. Булардан ишланган либосларни, мўйналарни ва мўйнали палтоларни, бош кийимларни кийиш эркакларга жоиз. Аёлларнинг эркаклардек кийинишлари, эркакларнинг ишларини ишлашлари жоиз эмас. Намоздан ташқари кир кийим кийиш макруҳдир.”

Савол: Эркакларнинг аёллар каби ранг-баранг либос кийишларининг динимиз томонидан зарари борми?

Жавоб: Эркакларнинг ҳам турли рангда либос кийишлари жоиз бўлса ҳам қизил, сариқ либос кийишлари танзиҳан макруҳ дейилган. Бош кийим ва дўппининг қизил ва сариқ ранглардагиси ҳам макруҳ эмаслиги сўз бирлиги билан билдирилди. Расулуллоҳ жанобимизнинг пойафзалининг қора рангли бўлганлиги “Ширъат-ул-ислом” шарҳида ёзилган.