Расули Акрам “саллаллоҳу алайҳи ва саллам” бир ҳадиси шарифларида айтдиларки: «Жаброил “алайҳиссалом” Каъбанинг эшиги ёнида менга икки кун имом бўлди. Иккаламиз, шарқ тараф оқара бошлаган пайтда БОМДОД намозини, Қуёш тик вазиятдан бироз оғганида ПЕШИН намозини, ҳар жисмнинг сояси ўз бўйига тенглашган пайтда АСР намозини, Қуёш тўлиқ ботган заҳоти ШОМ намозини ва ғарбда уфқ қорайгандан бошлаб ХУФТОН намозини ўқидик. Иккинчи куни эса, Бомдод намозини кун (ҳамма нарса бемалол кўринадиган бўлиб) ёришганида ўқидик. Пешин намозини, ҳар жисмнинг сояси ўз бўйининг икки бараварига тенглашганида; Аср намозини ҳам дарров унинг орқасидан; Шом намозини, рўза (ифтор вақти) очадиган пайтда ва Хуфтон намозини эса, кечанинг учда бири ўтгач ўқидик. Ундан кейин, “Ё Муҳаммад “алайҳиссалом”, Сенинг ва ўтган пайғамбарларнинг намоз вақтлари мана шу бўлди. Умматинг беш вақт намоздан ҳар бирини, мана шу икки вақт орасида адо этсин”-деди». Ҳар куни ўқилиши амр қилинган намоз сонининг бешта эканлиги ушбу ҳадиси шарифдан ҳам англашилмоқда.
Бомдод намозининг вақти: Субҳи содиқ яъни шарқ тараф уфқининг ранги ўзгаргандан (оқара бошлагандан) эътиборан, қуёшнинг бир чеккаси чиққунчадир.
Пешин намозининг вақти: Соялар, қисқариб яна узая бошлагандан эътиборан, жисмнинг бўйи баравар ёки жисмнинг бўйи икки баравар келадиган паллагача давом этади. Булардан биринчиси, икки имомга, яъни имоми Абу Юсуф ва имоми Муҳаммадга кўра; иккинчиси эса, имоми Аъзам Абу Ҳанифага “раҳматуллоҳи алайҳим” кўрадир.
Аср намозининг вақти: Пешин вақти битгандан бошланади. Бу ҳам:
1. Имоми Абу Юсуф ва имоми Муҳаммадга кўра, жисмнинг сояси ўз бўйи баравар бўлганида бошланади ва то қуёш кўздан ғойиб бўлгунча давом этади.
2. Имоми Аъзамга кўра эса, жисмнинг сояси ўз бўйининг икки бараварига тенглашганида бошланиб, қуёш ғойиб бўлгунча давом этади.
Лекин, қуёш ботишига бир найза бўйи қолганида (ўша куннинг аср намозининг фарзидан бошқа) ҳар қандай намозни ўқишга киришмоқ ҳаром бўлади. Аср намозини ўша вақтгача кечиктириш ҳам ҳаромдир. Аср намози, ўша вақтгача кечиктирилган бўлса, қуёш ботмасдан туриб ўқиб олиш лозим бўлади. Чунки намозни ўз вақтидан кейинга кечиктириш, ундан каттароқ гуноҳ бўлади.
Шом намозининг вақти: Қуёш тамоман ботгандан бошлаб, уфқда қирмизилик йўқолгунча, яъни уфқ қорайгунча давом этади.
Хуфтон намозининг вақти:Шом намозининг вақти чиққандан бошлаб, Субҳ-и содиққачадир.
Имоми Аъзам “раҳматуллоҳи алайҳ”га кўра, Хуфтон вақти - осмон тамоман қоронғи бўлганда, яъни шарқ ва ғарб уфқларининг фарқи билинмай қолган паллада бошланади. Бу худди аср намозининг вақтидагидек икки ижтиҳод билан билдирилган бўлиб ҳар иккаласи ҳам тўғридир. Имомайнга кўра (Имоми Абу Юсуф ва имоми Муҳаммад), Хуфтон вақти - ғарбда қизиллик йўқолганда киради. Ана ўша вақтдан ярим соат ўтказилиб кейин намозга турилса, бутун имомларнинг ижтиҳодига мувофиқ намоз ўқилган бўлади. Хуфтон намозини, узрсиз ва сабабсиз туннинг иккинчи ярмига кечиктириш макруҳдир.
Ёлғиз нофила намоз ўқиш макруҳ бўладиган икки вақт бордир. Булар: Бомдоднинг фарзини ўқигач, қуёш чиққунгача ва Асрнинг фарзини ўқигач, Шом намози вақти киргунгача бўлган вақтлардир.
Намоз ўқиш таҳриман макруҳ, яъни ҳаром бўладиган учта вақт бўлиб, бу уч вақтда бошланган фарз намозлари саҳиҳ бўлмайди. Қуёш чиқаётганда, тепага келганда ва ботаётганда. Бу уч вақтда аввалдан тайёрланган жанозанинг намози, сажда-и тиловат ва сажда-и саҳв ҳам жоиз бўлмайди. Қуёш ботаётганда фақатгина ўша куннинг Аср намози фарзини ўқиса бўлади.