Савол: Мусулмон сифатида қариш жуда фазилатлидир, дейишади. Бу ҳақида маълумот берасизми?
Жавоб: Мусулмон неъматларга эришган киши деганидир. Одамнинг мусулмон сифатида сочини оқартириши катта неъматдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Аллоҳу таоло “Қарилик менинг нуримдир. Нуримга норим билан [жаҳаннам оташи билан] азоб беришдан ҳаё қиламан. У ҳолда сиз ҳам мендан ҳаё қилинг” деб буюрган.” (Абушшайх)
“Ҳақ таоло мусулмон бўлиб қариган кишига азоб беришдан ҳаё қилади.” (Ҳатиб)
“Аллоҳу таоло 40 ёшга келган мусулмонни телбалик, мохов, пес каби хасталиклардан амин қилади. 50 ёшга етганида ҳисобини енгиллатади. 60 ёшга етганида уни карами билан ризқлантиради. 70га келганида кўк аҳлига уни севдиради. 80га келганида яхшиликларини мукофотлаб, ёмонликларини авф этади. 90 ёшга етганида унинг ўтган ва келажак гуноҳларини мағфират қилиб, уни оиласига шафоатчи этади ва унга “Бу дунёда Аллоҳу таолонинг ҳимоясига кирган кишидир” деб хитоб қилинади.” (Абу Яъло)
“Мусулмон бўлиб қариган кишига икром этган одам Нуҳ алайҳиссаломга икром этгандек савоб олади. Нуҳ алайҳиссаломга икром этган киши эса Аллоҳу таолога икром этган бўлади.” (Ҳатиб)
“Такбир, таҳмид, тасбиҳ ва таҳлили сабабли мусулмон сифатида қариган бир мўминдан афзал киши йўқдир.” (И.Аҳмад) [Такбир – Аллоҳу акбар, таҳмид – Алҳамдулиллоҳ, тасбиҳ – Субҳоналлоҳ, таҳлил – Ла илоҳа иллаллоҳ.]
“Аллоҳу таоло қасам ичиб “Мусулмон бўлиб қариган кишига азоб беришдан ҳаё қиламан” деб буюрди.” Расулуллоҳнинг йиғлаётганини кўришди. Сабаби сўралганда “Аллоҳу таоло ундан ҳаё этгани ҳолда у Аллоҳу таолодан ҳаё этмаган кимсага йиғлаяпман” деб марҳамат қилдилар. (Байҳақий) [Бу ерда билдирилганлар қул ҳақи ва фарз қарзларидан бошқа гуноҳлар учундир.]
Савол: Қарилигимизни кўрсатмаслик учун оқарган сочларимизни бўяшимиз ёки уларни юлиб ташлаш жоизми?
Жавоб: Бир одамнинг мусулмон ҳолида сочи оқариши яхшидир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Оқарган сочларни юлманг! Чунки бир одамнинг мусулмон ҳолида оқарган ҳар толаси қиёматда ўзи учун нур бўлади. Шу тола сабабли бир гуноҳи авф этилади, бир савоб ёзилади.” (Термизий)
“Оқарган толаларни юлманг! Бу мусулмоннинг нуридир.” (Термизий)
“Қарилигини яшириш учун юлинган оқ соч толалари қиёматда унга санчиладиган пичоқ бўлади.” (Дайламий)
“Сочини, соқолини мусулмон ҳолда оқартирган киши авф этилади.” (М.Раббоний)
Мусулмон ҳолида қариш шундай неъмат экан, зарурат бўлмасдан сочларини бўяш яхши эмас. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Аллоҳу таоло соч-соқолини қорага бўяган кишининг юзига қиёматда қарамайди.” (Ибни Саид)
“Соч-соқолини юлган ёки қорага бўяган кишининг Аллоҳ ҳузурида насиби йўқдир.” (Табароний)
Ислом олимлари эркакларнинг сочини, соқолини қорадан бошқа рангга бўяшлари жоиз эканлигини билдирганлар. Ҳатто жамол учун қорага бўяшнинг ҳам жоиз эканлигини билдирган олимлар бор. Ҳадиси шарифда “Аллоҳ жамилдир, жамол соҳибларини севади” деб марҳамат қилинди. Кибр учун кийиниш ёки бу мақсадда сочини бўяш ҳаром. Жамол учун бўлса, жоиз. Жамол чиркинликка, бошқаларнинг жирканишига сабаб бўладиган нарсаларни қилмаслик, буларни йўқ қилиш деганидир. (Ҳадиқа, Анвор, Баҳр)