Савол: Янги мусулмон бўлган киши ҳеч бир сура ва дуо билмайдиган бўлса, буларни ёд олгунича намозини қандай ўқийди? Намозни кеч бошлаганларчи? “Саодати абадия”да бундай дейилибди: “Қуръони каримга ёки қоғозга қараб намоз ўқиш намозни бузади. Имоми Муҳаммад ва Абу Юсуф макруҳ бўлади дедилар. Китобли кофирларга ўхшашни ўйламаса, макруҳ ҳам бўлмайди дедилар.”
Бундай ҳолатларда имоми Муҳаммад билан имоми Абу Юсуфнинг қавлига эргашиб, Фотиҳа, сура ва дуоларни қоғозга ёзиб, қаршисига осиб қўйиб, шундан ўқиса жоизми?
Жавоб: Ҳа, сура ва дуоларни ёд олгунича бу қавлга эргашиш жоиз бўлади. “Саодати абадия”даги бу ифода “Дурр-ул мухтор” ва унинг шарҳи бўлган “Радд-ул мухтор” китобидан олинган. Шу ерда батафсил маълумот берилган.
Савол: Қибла тарафдаги деворда кирил ҳарфлари билан ёзилган лавҳалар, соат, тақвим ёки китоб бўлса, бу ёзувларга қараб намоз ўқиш макруҳ бўладими? Жамоатда кийимида ёзувлар бўлган кишилар ҳам бор. Олдимиздаги сафга турганида истар-истамас бу ёзувларни ўқиймиз. Намозимиз бузиладими?
Жавоб: Қаршимиздаги бу ёзувлар намозимизни макруҳ қилмайди. Лекин хушуни бузиши мумкин. Ёзувнинг нима эканлигини ва соатнинг қанча бўлганлигини билганимизда намозимиз макруҳ бўлади. Кўзимиз тушиб қолиб, соатнинг неча бўлгани ёки ёзувни тушунсак макруҳ бўлмайди. Чунки намоз ўқиётган киши буларни атайлаб ўқигани йўқ, шунчаки кўзи тушиб қолди. Кўз югуртириб атайлаб ўқиса, макруҳ бўлади. Хушу билан намоз ўқишига моне бўлмаслик учун қибла тарафдаги деворга ёзув ва расм илмаслик лозим. Ёзувли либос кийиб, намозини макруҳ қилмаслик керак.
Савол: Бир танишим намозда Мусҳафни қўлига олиб ўқиб, рукуъ олдида уни ерга ташлайди. Ўрнидан тураётганида яна ердан олиб ўқийди. Бундай намоз ўқиш жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас. Ибни Обидинда бундай дейилган:
"Қуръони каримга ёки қоғозга қараб ўқиб намоз ўқиш намозни бузади. Чунки бу бошқасидан ўрганиш деганидир. Имоми Муҳаммад ва имоми Абу Юсуфга кўра макруҳ бўлади.
Ундан ташқари Мусҳафни ердан олиб уни очиш амали касирдир, яъни кўп иш қилишдир. Бир қўлини бир рукнда уч марта қимирлатиш, масалан, бир жойини уч марта қўлини олиб бориб қашиш намозни бузади. Ҳатто икки қўли билан бир ҳаракат ҳам намозни бузади деган олимлар бўлган. (Радд-ул мухтор)
Бундан ташқари Мусҳафни ерга ташлаш куфр бўлади. Ҳатто фатвони ҳам ерга ташлаш куфрдир. (Биргивий)"
Савол: Баъзан намоз ўқиётганимизда олдимиздаги намоз ўқиётган кишининг кийимида ёзув бўлади. Бу ёзувни кўз билан ўқиш намозни бузадими?
Жавоб: Бир ёзувга, бир нарсага ёки девордаги бир расмга қараб унинг нима эканлигини тушунмаса, намози бузилмайди. Тушунса намози макруҳ бўлади. Атайлаб қарамасдан кўзи тушиб қолса, макруҳ бўлмайди. (Саодати абадия)