Савол: Байрам намози қайси кунлар ўқилади?
Жавоб: Рамазон ва қурбон ҳайитининг биринчи куни ўқилади.
Савол: Ҳайит намози фарзми?
Жавоб: Ишроқ вақтида икки ракъат ҳайит намозини ўқиш эркакларга вожиб.
Савол: Байрам намозининг шартлари жума намозининг шартларига ўхшайдими?
Жавоб: Ҳа. Лекин ҳайитларда хутба суннат бўлиб, намоздан кейин ўқилади.
Савол: Рамазон байрамида намоздан аввал нима қилинади?
Жавоб: Ширинлик (хурмо ёки конфет) ейиш, ғусл қилиш, мисвок ишлатиш, энг яхши либосларини кийиш, фитрани намоздан аввал бериш, йўлда паст овозда такбир айтиш мустаҳаб.
Савол: Қурбон ҳайитида намоздан аввал нима қилинади?
Жавоб: Қурбон ҳайити намозидан аввал ҳеч нарса емаслик, намоздан кейин биринчи бўлиб қурбон гўштидан ейиш, намозга кетаётганда баланд овозда, узри бор бўлса пайт овозда такбир айтиш мустаҳаб.
Савол: Ҳайит намозлари неча ракъат бўлади?
Жавоб: Ҳайит намозлари икки ракъатдир. Жамоат билан ўқилади, ёлғиз ўқилмайди.
Савол: Ҳайит намози қандай ўқилади?
Жавоб: Қуйидагича ўқилади:
1. Аввало “Ният қилдим вожиб бўлган ҳайит намозини ўқишга, уйдим ҳозир турган имомга” деб ният қилиб, намозга туради. Сўнгра субҳонака ўқийди.
2. Субҳонакадан кейин қўллар уч марта такбир айтилиб, қулоқларга кўтарилиб, биринчи ва иккинчисида икки ёнга ташланади. Учинчисида киндик остида боғланади. Имом аввал бир Фотиҳа, сўнгра бир сура ўқиб, сўнгра рукуга кетади.
3. Иккинчи ракъатда имом аввал Фотиҳа ва бир сура ўқийди. Сўнгра икки қўлини уч марта такбир айтиб қулоққа кўтаради. Учинчисида ҳам қўллар ёнга ташланади. Тўртинчи такбирда қўлларни қулоқларга кўтармасдан рукуга эгилади. Қисқача, "икки ташла, бир боғла, уч ташла, бир эгил" деб ёд олиш мумкин.
Савол: Ҳайит намозига кеч қолган киши нима қилади?
Жавоб: Бошқа намозлардагидек имом салом берганидан кейин ўрнидан туриб, улгурмаган ракъатларни тамомлайди. Иккинчи ракъатда улгурган бўлса, имом салом берганидан кейин туриб субҳонака ўқийди. Сўнгра уч марта такбир келтириб, қўлларини қулоқларига кўтаради. Биринчи ва иккинчисида ёнига ташлайди. Учинчисида киндик остида боғлайди. Фотиҳа ва замми сура ўқиб, руку ва саждаларни қилиб ўтиради. Шу билан намозини тугатади. Иккинчи ракъатга ҳам улгура олмаса, юқорида билдирганимиздек биринчи ракъатни ўқиб, иккинчи ракъатга туради. Фотиҳа ва замми сурадан кейин икки қўлини уч марта такбир айтиб қулоқларига кўтаради. Учтасида ҳам икки ёнига ташлайди. Тўртинчи такбирда қўлларини кўтармасдан, рукуга эгилади. Саждаларни қилиб, ўтиради ва намозини тугатади.
Савол: Ташриқ такбирлари қачон айтилади? Уни айтиш фарзми?
Жавоб: Қурбон ҳайитининг арафа куни бомдод намозидан тўртинчи ҳайит куни аср намозигача, ҳожиларнинг ва ҳажга бормаганларнинг, эркак-аёл ҳамманинг, ёлғиз ёки жамоат билан ўқисин, фарз намозларидан кейин салом берар-бермас бир марта Ташриқ такбири айтиши вожиб. Масжиддан чиққандан кейин ёки гапириб қўйгандан кейин ўқиш лозим эмас. Имом такбирни унутса ҳам жамоат тарк этмайди. Эркаклар баланд овозда ўқиши мумкин. (Халабий-и кабир)
Савол: Ташриқ такбири қайси калималардир?
Жавоб: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ло илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар ва лиллоҳил-ҳамд.”
Савол: Ташриқ такбирлари айтиладиган кунлар нима деб аталади?
Жавоб: Қурбон ҳайити арафасининг бомдод намозидан тўртинчи куннинг аср намозигача бўлган 23 та фарз намозидан кейин ташриқ такбири ўқилади. Такбир айтиладиган ушбу кунлар арафа, ҳайит ва айёми ташриқ деб аталадиган уч кун бўлиб, ҳаммаси беш кундан иборат. Илк кунга арафа, иккинчи кунга ҳайит (байрам), зулҳижжанинг 11-, 12- ва 13-кунларига “айёми ташриқ” дейилади.