Инсонга дунё ва охиратда зарар берадиган ҳар бир нарса, ёмон ахлоқдан юзага келади. Яъни, зарар ва ёмонликларнинг боши ёмон хулқли бўлишдир. Ҳаромлардан [ёмонликлардан] тийилишга “тақво” дейилади. Тақво ибодатларнинг энг муҳимидир. Чунки бир нарсани зийнатлаб, безатиш учун, аввало унинг кирларини, ёмонликларни йўқотиш лозим. Шунинг учун гуноҳлардан тозаланмагунча тоат-ибодатларнинг фойдаси бўлмайди. Ундай тоат-ибодатларга савоб берилмайди. Ёмонликлар ичра энг ёмони “куфр”дир. Кофирнинг [Аллоҳ душманининг] ҳеч қандай яхшилиги, ҳайр-ҳасаноти охиратда фойда бермайди. [Зулм билан ўлдирилган кофир шаҳид бўлмайди, жаннатга кирмайди.] Иймони йўқнинг ҳеч қайси яхшилигига савоб берилмайди. Барча эзгуликларнинг пойдевори – тақводир. Барча ишлардан бурун тақводор бўлишга ғайрат қилиш керак. Ҳаммага тақво эгаси бўлишни амр ва насиҳат қилиш лозим. Дунёда роҳат-фароғатга, ҳузур-ҳаловатга етиб, меҳр-оқибатли биродарлардек тотув ҳаёт кечира олиш; охиратда эса чексиз азобдан халос бўлиб, абадий неъматлару саодатларга эришиш фақат тақво орқали насиб бўлади.
Ёмон хулқлар қалбни қорайтириб, касал қилади. Бу касалликнинг кучайиши қалбнинг ўлимига [яъни куфрга] сабаб бўлади. Ёмон хулқлардан энг ёмони бўлган ширк, яъни куфр, қалб учун энг аёвсиз заҳардир. Иймони йўқ кишининг “Қалбим тоза, Сен кўнглимга қара” сингари гаплари қуруқ лофдир. Чунки заҳарланган ва ўлган қалб ҳеч қачон тоза бўлмайди.
Куфрнинг бир неча турлари бўлиб, ораларида энг ёмони, энг каттаси “ширк”дир. Бир ёмонликнинг барча кўринишларини ифодалаш учун кўпинча уларнинг энг ёмони айтилади. Шунинг учун ояти карималар ва ҳадиси шарифларда айтилган "ширк" сўзидан барча кўринишлардаги куфр маъноси англашилади. "Нисо" сурасининг қирқ саккиз ва юз ўн олтинчи ояти карималарида мушрикнинг асло авф этилмаслиги таъкидланган. Бу ояти карималар, кофирларнинг дўзах ўтида абадий куйишларини билдирмоқда.
[“Ширк” - Аллоҳу таолога шерик қўшиш, ўхшатиш демакдир. Ўхшатган одамга “мушрик”, ўхшатилган нарсага “шерик” дейилади. Бирон нарса ёки кимсада улуҳият [илоҳлик] сифатларидан бири борлигига ишониш, уни шерик қўшиш бўлиб ҳисобланади. Аллоҳу таолога махсус “Сифати зотия” ва “Сифати субутия”ларга “Улуҳият сифатлари” дейилади. Мангу бор бўлмоқ, яратмоқ, ҳамма нарсани билмоқ, касалларга шифо бермоқ кабилар илоҳий сифатлардандир. Бир шахсда, қуёш, сигир ёхуд дуч келган бир яратиқда улуҳият сифати борлигига ишониб, унга таъзим, ҳурмат кўрсатиш ёки ёлворишга, унга “ибодат қилиш”, "топиниш", "сиғиниш" дейилади. Ўша сиғинилган яратиқ “санам-бут”га айланади. Илоҳий сифати бор деб ишонилган шахснинг ва кофирларнинг ҳайкал, расм ва мозорлари олдида таъзим қилиш, улуғловчи сўзлар айтиш, ибодат қилиш – ширк бўлади. Агар бирон шахсда улуҳият сифатларидан бири бор деб ишонмай, балки Аллоҳнинг севган бандаси эканлигига ёки ватанга, миллатга хизмати сингганига ишониб, портрети ва ҳайкалига ҳурмат кўрсатилса, ширк ҳам, куфр ҳам бўлмайди. Лекин хоҳлаган одам суратига ҳурмат кўрсатиш ҳаром бўлгани учун унга таъзим ва ҳурмат қилган мусулмон фосиқ бўлади. Агар бу ҳаракатининг ҳаром эканлигига эътибор бермаса, ҳаромни менсинмай қилганлардек “муртад” бўлади. Мушрик бўлмаган яҳудий ва насронийлар ҳам, Муҳаммад алайҳисаломга ишонмаганликлари учун кофир [Аллоҳга душман]дир. Уларга “Китобли кофир” дейилади. Ҳозирги давр христианларининг кўпчилиги Исо алайҳисаломга улуҳият сифатлари иснод қилганлари туфайли мушрик бўлиб саналади. Барнабас ва Ариус мазҳабидаги насоролар китобли кофир бўлсалар-да, улар ҳозирги даврда қолмаган.]
Қалб касалликлари орасида ширкдан кейин энг ёмони “бидъат”ларга ишониш ва бидъат иш қилишдир. Бидъатлардан кейин гуноҳлардан тийилмаслик келади. Ширкдан, яъни куфрдан бошқа катта-кичик хоҳлаган гуноҳни қилиб, тавба қилмай оламдан ўтиб кетган мўмин [иймонли, мусулмон], шафоат орқали ёки ҳеч қандай сабабсиз, ёлғиз Аллоҳу таолонинг раҳми билан авф этилиши мумкин. Кичик гуноҳ агар авф этилмаса, дўзах азобига гирифтор қилади. Қул ҳақи [одам ҳақи] аралашган гуноҳларнинг авфи нисбатан қийинроқ ва азоби ҳам шиддатлироқ бўлади. Масалан, завжасининг меҳр пулини бермаслик ва одамларнинг ҳақ динни ўрганишларига тўсқинлик қилиш қул ҳақлари ичида энг оғирларидандир. Ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинади: “Шундай замон келадики, одам топган-тутганининг ҳалолдан ё ҳаромдан келганини асло ўйламайди” ва “Шундай бир замон келадики, исломиятга амал қилиш қўлида чўғ ушлашдек қийин бўлади.” Шунинг учун ҳаромларнинг барчасидан ва таҳримий макруҳлардан тийилиш тақво бўлади. Фарз ва вожибларни тарк этиш ҳаромдир. Муаккад суннатларни узрсиз тарк этиш таҳриман макруҳ бўлади, дейилди. Эътиқод, ахлоқ ва амал борасида буюрилганларни тарк қилганларга қиёматда азоб берилади. Азобга сабаб бўлувчи ишларни тарк этиш керак. Масалан намоз ўқимаслик ва хотин-қизларнинг ярим яланғоч юришлари катта гуноҳлардандир. Бир гуноҳни тарк этиш, масалан беш вақт намозни ҳар куни ўқимоқ жуда зарур. Лекин ушбу китобимизда тарк этмаслигимиз керак бўлганлар ҳақида эмас, аксинча тарк этишимиз керак бўлганлар ҳақида баён қиламиз.
Таъқиқланган ишлар ё маълум бир аъзо билан ёки бутун бадан билан ишланади. Гуноҳ қилувчи аъзолардан саккизтаси маълум. Улар: қалб, қулоқ, кўз, тил, қўл, меъда, жинсий аъзолар ва оёқлар. Қалб - одам кўксида, чап томонида жойлашган юрак деб аталувчи гўшт парчасига нафҳ этилган [уфурилган] руҳоний бир латифа бўлиб, руҳ сингари модда бўлмаган борлиқдир. [Латифа - номоддий, мужаррад нарса]. Гуноҳни қиладиган бу аъзоларнинг ўзлари эмас, балки уларда мавжуд бўлган ҳис қувватларидир. Дунё ва охиратда саодатга эришиб, ҳузур топгиси келган одам, мазкур аъзоларининг гуноҳ қилишига йўл бермаслиги лозим. Гуноҳ қилмаслик, киши қалбида малака, табиат, хулқ ҳолига келиши керак.
Ўзи намозхон, ҳаромга қўл урмайдиган сунний мусулмонга “Муттақий” [тақводор] ва “Солиҳ” [яхши одам] дейилади. Ундай одам Аллоҳу таолонинг розилигию муҳаббатига эришиб, “Валий”си бўлади. Қалбда ҳали табиат, малака ҳолига келмай, ўзини мажбурлаб гуноҳлардан тийилиш ҳам тақво саналса-да, валий бўла олиш учун гуноҳ қилмаслик инсонда малака, хулқ, феъл-атвор ҳолини олиши лозим. Бу учун қалбнинг покланиши керак. “Қалб поклигига исломиятга амал қилиш орқали эришилади”. “Исломият” уч қисмдан иборат: Илм, амал ва ихлос. Яъни амр ва таъқиқларни ўрганиб, ўрганганларига амал қилиш, уларни фақат Аллоҳ ризоси учун бажариш лозим. Қуръони карим мана шу учаласини буюриб мадҳ қилган. 449-саҳифага қаранг! Ушбу “Ислом ахлоқи” китобида қалбнинг тозалиги учун фақат тарк этиш керак бўлган гуноҳлар баён қилинади. Уларга “Ёмон ахлоқ” дейилади.