Унутилган ёки тарк этилган баъзи суннатлар

Пайғамбаримизнинг қилган ишларига “суннат” дейилади. Ҳатто бирон киши қилаётганини кўриб, эътироз билдирмаган ишларига ҳам “суннат” дейилади. Пайғамбаримиз бу ишларини ё ибодат, ёки одат сифатида қилардилар.

Расулуллоҳга эргашиш жуда аҳамиятли. Қуръони каримда маолан “Расулга итоат қилган киши Аллоҳга итоат қилган бўлади” деб буюрилган. (Нисо, 80)

Динимизнинг хоҳлаган ҳукмини ёқтирмаган, масалан “ҳижоб кераксиз” деган одамнинг иймони кетади.

Пайғамбаримизнинг одат сифатида қилган ишларига “суннати завоид” дейилади. Узун антори кийишлари, сочларини узун қилиб қўйишлари ёки қисқартиришлари, соқол ўстириш каби ишлари одатдаги суннатлари эди. Бир кимса “Пайғамбаримиз аёлларга ўхшаб узун антори (кўйлак) кийган экан” дея ҳазил қилса, иймони кетади. Ёхуд соқолни ёқтирмайдиган ёки суннатга мос соқол қўйган кишининг соқолига ҳақорат қилган кимса кофир бўлади. Чунки пайғамбаримиз қилган ишларни, яъни суннатини ёқтирмаган бўлади. Аллоҳу таолонинг пайғамбарини ёқтирмаслик, Аллоҳни ёқтирмаслик бўлади. Аллоҳни ёқтирмаганнинг эса кофир бўлиши кундек равшан.

Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифда марҳамат қилдиларки: “Унутилган бир суннатимни юзага чиқарганга юз шаҳид савоби берилади.” (Ҳаким)

Бир суннати санияни қайта тиклаган одамга юз шаҳид савоби берилса, бир вожиб ёки фарзни тиклаган кишига, айниқса тўғри эътиқодни ўргатганларга қанчалик кўп савоб берилишини тасаввур қилиш қийин. Айниқса вожиб ва фарзлар асло тарк этилмаслиги керак.

Аввало суннатнинг икки хил бўлишини билиб олайлик:

1. Суннати ҳудо (муаккад суннатлар). 2. Завоид суннатлар (Одатга боғлиқ суннатлар).

Унутилган муаккад суннатлардан баъзилари қуйида:

1. Фойдали ишни бошлаётганда бисмиллоҳ айтиш.

2. Маслаҳатлашиш ва истиҳора қилиш.

3. Қарз бераётганда иккита гувоҳ иштирокида бериш ёки санад ёзиш. Бунга вожиб деган олимлар ҳам бўлган.

4. Жума куни ғусл қилиш.

5. Таҳоратда қўлини, билагини ва оёғини уч мартадан ювиш.

6. Таҳорат олаётганида бошини қоплама масҳ этиш (Моликий ва Ханбалий мазҳабида фарз).

7. Таҳорат вақтида мисвокдан фойдаланиш.

8. Икки киши бўлса ҳам фарз намозни жамоат бўлиб ўқиш.

9. Намозларни салла ёки дўппи кийиб ўқиш.

10. Ишроқ (қуёш чиққандан 55-60 дақиқа ўтиб ўқиладиган 2 ракъат), Духо (чошгоҳ – 2 ракъат), Аввобин (шомдан кейин ўқиладиган 4 ёки 6 ракъат), таҳажжуд (кечаси уйғониб ўқиладиган 2 дан 12 ракъатгача), Таҳиятул масжид (масжидга кирганда ўқиладиган 2 ракъат), субҳа (таҳорат ёки ғусл олгандан кейин ўқиладиган 2 ракъат) намозларни ўқиш.

11. Дуода қўлларини суннатга мос ҳолда очиш.

12. Аксирганида “Алҳамдулиллоҳ” дейиш.

13. Суннатга мос салом бериш.

14. Тўшакка таҳоратли ётиш.

15. Ўлим ёки ёмон хабар эшитганида “Инна лиллоҳ ва инна илайҳи рожиун” дейиш.