Тиловат саждаси

Савол: Сажда оятлари қайси сураларда?

Жавоб: Қуйидаги сураларда. Ёнида оят рақамлари ҳам кўрсатилган:

Аъроф, 206;

Рад, 15

Наҳл, 49

Исро, 107

Марям, 58

Ҳаж, 18

Фурқон, 60

Намл, 25

Сажда, 15

Сод, 24

Фуссилат, 37

Нажм, 62

Иншиқоқ, 21

Аълақ, 19

Савол: Тиловат саждаси нима, у қачон қилинади?

Жавоб: Осон бўлиши учун моддалар ҳолида билдирамиз:

1. Тиловат Қуръон ўқиш деганидир. Сажда ояти ўқилганида қилинадиган саждага "тиловат саждаси" дейилади.

2. Намоз ўқиши фарз бўлган бир киши Қуръони каримнинг 14 жойидаги сажда оятидан бирини ўқиса ёки эшитса, маъносини тушунмаса ҳам, бир сажда қилиши вожиб бўлади.

3. Тиловат саждаси қилиш учун ният қилинади. Ният шарт. Ниятсиз саҳиҳ бўлмайди. Таҳоратли ҳолда қиблага юзланиб, тик турган ҳолда қўлларини қулоққа кўтармасдан “Аллоҳу акбар” дейди ва саждага боради. Саждада уч марта “Субҳона роббиял аъла” деб айтади. Сўнгра “Аллоҳу акбар” деб ўрнидан туради. Шу билан саждаи тиловат ниҳоясига етади.

4. Сажда оятини эшитган жунуб ёки таҳоратсиз киши тозалангандан кейин тиловат саждасини қилади. Лекин ҳайзли ва нифосли аёл тозалангандан кейин тиловат саждаси қилиши керак эмас.

5. Бир ўтирганда бир сажда оятини бир неча марта ўқиган ёки эшитган одам барчаси учун бир марта сажда қилади.

6. Бир жойда ўтирганида нечта сажда ояти ўқилган бўлса, шунча тиловат саждаси қилиш керак бўлади. Масалан уч сажда ояти ўқилган бўлса, уч марта тиловат саждаси қилади.

7. Намоз ўқиётганида ташқаридаги бирининг сажда оятини ўқиганини эшитган киши намоздан кейин тиловат саждаси қилади.

8. Намозда ўқилганида дарров алоҳида бир руку ва бир сажда қилиб, ўрнидан туради. Сўнгра яна намозини ўқишда давом этади. Сажда оятини ўқиганидан 2-3 оят кейин рукуга борадиган бўлса ва тиловат саждасига ҳам ният қилса, намознинг руку ёки саждалари тиловат саждаси ўрнига ўтади.

9. Саждаи тиловатнинг қазосини дарҳол қилиш шарт эмас. Кечиктирса гуноҳ бўлмайди. Лекин сабабсиз, заруратсиз кечиктириш танзиҳан макруҳдир.

10. Сажда оятини мубоҳ бўлган вақтда ўқиб, намоз ўқиш макруҳ бўлган уч вақтда тиловат саждаси қилиш жоиз эмас. Сажда ояти макруҳ бўлган вақтда ўқиладиган бўлса, бу вақтда сажда қилиш жоиз деган олимлар бўлганидек макруҳ деган олимлар ҳам бор. Макруҳ бўлмаган вақтгача кечиктирса, барча олимларга мос ҳаракат қилган бўлади. (Ҳиндия)

11. Қуръони карим ўқилган жойда бўлгани билан эшитмаган киши, сажда қилмайди.

12. Сажда оятини ёзган ва ҳижжалаб ўқиган киши сажда қилмайди.

13. Бир неча кишидан ҳар бири сажда оятидан бир калимадан ўқиса, буни эшитганларга тиловат саждаси вожиб бўлмайди. Чунки сажда оятини бир киши ўқиганида буни эшитганларнинг сажда қилиши вожибдир.

Турли кишиларнинг ўқиган калималари тўпланиб, бир киши бутун оятни ўқигандек қилиб бўлмайди. Чунки Қуръони карим ўқиш учун ҳеч ким бировни бошқаси учун вакил қилолмайди. (Дурр-ул-мухтор)

14. Сажда оятининг таржимасини ўқиган ёки эшитган киши бунинг сажда ояти эканлигини билса, тиловат саждаси қилади.

15. Қилган ишини тушуна оладиган ёшда бўлган ёш боланинг ўқиши билан эшитганларнинг сажда қилиши керак бўлади. Ундан кичик ёшда бўлса, керак эмас.

16. Гоҳ-гоҳида эс-ҳушини йўқотадиган киши ақлини йўқотган вақтида сажда оятини ўқиса, сажда керак эмас. Ақли-ҳуши жойидалиги вақтида ўқиса, тиловат саждаси қилинади.

17. Тоғдан, чўлдан ва бир жойдан акс-садо бериб келган овозни эшитган ва тўтиқушдан ёки бошқа қушдан эшитган киши сажда қилмайди. Инсон овози бўлиши шарт. (Дурр-ул-мунтақо)

18. Радиодан эшитилган овоз ўқиган одамнинг овозига ўхшаб кетадиган жонсиз ускуна овозидир. Шунинг учун радиокарнайда [граммафонда, магнитафонда, радиода, телевизорда ва шунга ўхшаганларда] ўқилган сажда оятини эшитган киши тиловат саждасини қилмайди. (Мазоҳиб-и арбаъа)

Олмалилик Ҳамди Язир "Аъроф" сурасининг 204-оятининг тафсирида бундай деган:

"Қироат бир ихтиёрий иш бўлиб, ақлли ва гапира оладиган инсоннинг оғзидан чиққанни тушунишга ва тушунтиришга йўналтирилган мақсаддаги овоз чиқариб ўқиш деганидир. Ақли йўқ ва жонсиз нарсалардан чиқадиган овозларга қироат дейилмаганидек акс-садодан пайдо бўлган товушга ҳам қироат дейилмайди. Шунинг учун фоқиҳлар бир қироатнинг акс-садосидан ҳосил бўлган товушга қироат ва тиловат ҳукми юритилмаслиги ҳамда тиловат саждаси лозим бўлмаслигини баён қилганлар. Бир китобни овоз чиқармасдан ўқишга қироат дейилмаганидек жаранглайдиган ёки акс-садо берадиган товушни тинглаш ҳам қироат эмас. Қуръон ўқиган кишининг овозини акс эттирадиган грамофондан [магнитафондан] ёки радиодан келадиган овозга ҳам қироат дейилмайди. Бу каби овозлар қироат эмас, қироатнинг акс-садоси ва шунга ўхшайдиган товушдир. Буларга тинглаш ва сукут сақлаш амри юритилмайди." (2361-саҳифа)

19. Кофирнинг ўқиганини эшитган мусулмонларга сажда қилиши вожиб бўлади.

20. Имоми Насафий “Кофий” китобида айтадики: "Ғам-ташвишдан қутулиш учун Аллоҳу таолога ёлвориб, 14 сажда оятини [ёддан, тик турган ҳолида] ўқиб, ҳар биридан кейин дарров тиловат саждаси қилган кишини Аллоҳу таоло ўша дард ва балодан сақлайди. (Дурр-ул-мухтор, Нур-ул-изоҳ)

Сўнгги саждадан тургач, тик турган ҳолатда қўлларини очиб ўзининг ва бутун мусулмонларнинг дунё ҳамда динларига келган балодан, дардан қутулишлари, сақланишлари учун дуо қилиш керак.

21. Сажда ояти уч макруҳ вақтда ўқиладиган бўлса, тиловат саждасини бу вақтларда қилиш бир қавлга кўра жоиз бўлса ҳам макруҳ бўлмаган вақтга кечиктириш афзалдир. (Дурар, Тахтавий)

Савол: Бир ўзи намоз ўқиётганида зам сураси сифатида сажда оятини ўқиган киши дарров рукуга кетадиган бўлса, тиловат саждасини қилган бўладими?

Жавоб: Бир киши намоз ичида сажда оятини ўқигач, дарров алоҳида руку ёки бир сажда қилиб ўрнидан туради. Сўнгра яна намозини ўқишда давом этади. Сажда оятини ўқигандан 2-3 оят сўнгра намозининг рукусига эгилса ва тиловат саждасига ният қилса, намознинг руку ёки саждалари тиловат саждаси ўрнига ўтади. Лекин сажда оятидан кейин 3 оятдан кўп ўқилса, тиловат саждаси намоз учун қилинган руку ёки саждалари билан ундан соқит бўлмайди.

Бу ҳолатда намоз ичида тиловат учун алоҳида сажда қилиши керак. Ёлғиз намоз ўқиётганида тиловат саждаси намоз ичида адо қилинмаса, намоздан кейин қазо этилмайди. (Ҳалабий)

Сажда оятини намоз ичида ўқиган киши истаса ўқийдиган оятларнинг сонига қарамай, дарров “Аллоҳу акбар” деб тиловат саждасини қилади. Тиловат саждаси нияти билан фақат рукуга бориши ҳам кифоя. Ундан кейин такрор тик туриб, бир неча оят ўқиб, намознинг руку ва саждаларини қилади.

Агар бир сурани тугатган бўлса, бошқа сурадан бир неча оят ўқийди. Чунки тиловат саждаси турар-турмас, бир неча оят ўқимасдан намознинг руку ва саждасига бориш макруҳдир.

Савол: Телевизорда Қуръони карим ўқилади. Сажда оятларини эшитганда сажда-и тиловат керакми?

Жавоб: Керак эмас. Лекин Қуръони каримдан кузатиб ўтириб ёки эшитганини овоз чиқариб қайтарганга тиловат саждаси керак бўлади. Телевизордан, радиодан ва магнитафондан эшитилган сажда ояти учун сажда-и тиловат керак эмас. (Мазоҳиби арбаъа)

Савол: Қилинмаган саждаларнинг қазоси қандай амалга оширилади?

Жавоб: Ўқиган илк сажда оятининг тиловат саждасини қилишга деб ният қилинади.

Савол: Бир китобда тиловат саждасининг еттитаси фарз, учтаси вожиб, қолган тўрттаси суннат деб ёзилган. Бундай ривоят борми?

Жавоб: Бор.

Савол: Тиловат саждасидан кейин тиловатни бошласа, аъузу айтиш лозимми?

Жавоб: Йўқ.

Савол: Бир қоғозга ёзилган 14 сажда оятини ўқиганида бир марта сажда қилиш кифоя бўладими?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Тиловат саждаси учун таҳоратли бўлиши шартми?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Сажда оятини кўз югиртиб ўқисак ҳам сажда қилиш керакми?

Жавоб: Йўқ. Чунки кўз югиртиб ўқиш, тиловат ҳисобланмайди.

Савол: Сажда оятининг маолини ўқиган, эшитган ёки радиокарнайдан эшитган киши тиловат саждаси қилиши керакми?

Жавоб: Қуръони каримда 14 жойда бўлган сажда оятларидан бирини ўқиган ёки эшитган, маъносини тушунмаса ҳам бир сажда қилиши вожиб. Маол (таржимасини) ўқиш дуруст бўлмаса ҳам, маолини ўқиган ёки эшитган одам, унинг сажда ояти эканлигини билса, тиловат саждаси қилади. Радиодан, кассетадан, дискдан эшитган киши сажда-и тиловат қилмайди. (Мазоҳиби арбаъа, Олмали тафсири)

Савол: Қуёш чиққандан кейин ишроқ вақтигача тиловат ва шукр саждаси қилиш жоизми?

Жавоб: Тиловат саждаси макруҳ, шукр саждаси макруҳ эмас.

Савол: Жунуб, таҳоратсиз ёки ҳайзли бўлганида сажда оятини эшитганга тиловат саждаси қилиш керакми?

Жавоб: Сажда оятини эшитган жунуб ёки таҳоратсиз киши тозалангандан кейин тиловат саждасини қилиш керак. Лекин ҳайзли аёл тозалангандан кейин ҳам тиловат саждасини қилиши керак эмас.

Савол: Намозда охирида сажда ояти бўлган бир сурани, масалан "Аълақ" сурасини ўқиган кишининг намоз ичида ёки намоздан кейин тиловат саждаси қилиши керакми?

Жавоб: Керак эмас. Бир киши намозда сажда оятини ўқигач, рукуга кетса ва бунда тиловат саждасига ният қилса ҳам, қилмаса ҳам бундан кейин сажда қилиш билан у кишидан тиловат саждаси соқит бўлади. Яъни алоҳида тиловат саждаси қилиши керак эмас. (Халабий)

Агар сажда оятидан кейин бир неча оят ўқишда давом этса, тиловат саждасига ният қилиши лозим.

Намозда сажда оятини ўқигандан кейин 2-3 оят яна ўқиб, рукуга эгилаётганида тиловат саждасига ҳам ният қилса, намознинг руку ёки саждалари тиловат саждаси ўрнига ўтади. Сажда оятидан кейин уч оятдан кўп ўқилса, дарров алоҳида руку ёки бир сажда қилиб, қайтадан турилади. Сўнгра намозини ўқишда давом этади. (Саодати абадия)

Тиловат саждаси намоз ичида қилинмаса, намоздан кейин қилиниши лозим.

Савол: Сажда оятини ёзиш билан ёки кўз югуртириб ўқиш билан тиловат саждаси керак бўладими?

Жавоб: Ёзиш ва кўз югуртириб ўқиш қироат ҳисобланмагани учун тиловат саждасини керак қилмайди.

Савол: Бир жойда сажда ояти ўқилса ва у ердагилар тиловат саждасини қилишса, шу ерда бўлиб, кар бўлгани учун эшитмаган киши сажда ояти ўқилганини тушунса ёки эшитганлар унга билдирсалар унинг ҳам тиловат саждаси қилиши вожибми?

Жавоб: Ҳа, вожиб бўлишини ҳам, вожиб эмаслигини ҳам билдирган мўътабар китоблар бор. Вожиб эканлигини айтганларнинг қавли билан амал қилиш эҳтиётлироқ. Уларнинг асослари қуйидагича: Кар бўлмаганлар орасида сажда оятининг ўқилганини эшитмасдан чиқиб кетиши мумкин. Агар у ердагилар сажда ояти ўқилганини билдиришса ва ўзлари ҳам сажда қилишса, эшитмаганларнинг ҳам эшитганларга эргашиб сажда қилишлари вожиб бўлади.

Ҳар киши сажда ояти ўқилган жойда ҳозир бўлса, у ердаги жамоат билан тиловат саждасини қилади. (Мажмуа-и зуҳдия)

Ўқилган сажда оятини эшитган киши тушунса ҳам, тушунмаса ҳам унга сажда ояти ўқилгани хабар берилганда сажда қилиши керак. Имом сажда оятини ўқиганида жамоат эшитса ҳам, эшитмаса ҳам жамоатга ҳам тиловат саждаси қилиш вожиб бўлади. Тиловат саждаси қилиш учун қироатнинг очиқ ёки яширин бўлиши орасида бир фарқ йўқ. Яъни очиқ ўқилса ҳам, яширин ўқилса ҳам тиловат саждаси керак. (Ҳиндия)

Бошқалар ўқиган сажда оятини эшитмаган кар кишига сажда қилиш керак эмас. (Неъмати ислом)

Савол: Жунуб киши сажда оятини ўқиса, эшитганларга сажда вожиб бўладими?

Жавоб: Жунуб кишининг Қуръон ўқиши ҳаромдир, лекин унинг ўқиган сажда оятини эшитганларга сажда қилиш вожиб бўлади. Жунуб бўлган кишининг ҳам ғусл қилгандан кейин сажда қилиши керак. (Дурар)