Пайғамбар жанобимиз Рамазон ойи ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Рамазон ойи муборак бир ойдир. Аллоҳу таоло сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Бу ойда раҳмат эшиклари очилади, Жаҳаннам эшиклари бекилади, шайтонлар кишанланади. Бу ойда бир кеча борки, минг ойдан қийматлидир. Бу кечанинг (Қадр кечаси) хайридан маҳрум қолган кимса, ҳар қанақа хайрдан маҳрум қолган бўлади.” (Насоий)
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Рамазон ойи бошланганда “Эй хайр аҳли хайр қилишга шошил! Ёмонлик аҳли сен ҳам ёмонлик қилишдан ўзингни тий!” дейилади.” (Насоий)
“Рамазони шариф бошланганида Аллоҳу таоло фаришталарга мўминлар учун истиғфор этишни амр қилади.” (Дайламий)
“Фарз намоз кейинги фарзгача, жума намози кейинги жумагача, Рамазон эса кейинги Рамазонгача бўлган гуноҳларга каффорат бўлади.” (Табароний)
“Кетма-кет уч кун рўза тута оладиган кимса Рамазон рўзасини тутиш керак.” (Абу Нуайм)
“Бу ойнинг Рамазон деб аталишининг сабаби – гуноҳларни ёқиб йўқ этгани учундир.” (И.Мансур)
“Рамазоннинг боши раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса Жаҳаннамдан қутилишдир.” (И.Абуддунё)
“Ислом бу – калимаи шаҳодат келтирмоқ, намоз ўқимоқ, закот бермоқ, Рамазон рўзасини тутмоқ ва ҳаж этмоқдир.” (Муслим)
“Аллоҳу таолонинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва ҳеч кимнинг хаёлига келмаган неъматлар тўла дастурхонига фақат рўза тутганларгина ўтиради.” (Табароний)
Бу ой ҳақида имом Раббоний ҳазратлари айтганларки: “Муборак Рамазон ойи жуда шарафлидир. Бу ойда қилинган нофила намоз, зикр, садақа ва бошқа бутун нофила ибодатларга берилган савоб бошқа ойларда фарзга бериладиган савоб кабидир. Бу ойда қилинган бир фарз бошқа ойлардаги етмиш фарзга тенг. Бу ойда бир рўзадор ифтор берганнинг гуноҳлари кечирилади. Жаҳаннамдан озод бўлади. Рўзадорнинг савоби қадар ифтор берганга ҳам савоб берилади. Рўзадорнинг савоби камаймайди.
Бу ойда қўл остидагиларнинг ишларини енгиллаштирган, уларнинг ибодат этишларига шароит қилиб берган амирлар ҳам кечирилади. Жаҳаннамдан озод бўлади. Рамазон ойида Расулуллоҳ асирларни озод этар, истаганини берардилар. Бу ойда ибодат ва яхши иш қилганларга бутун йил бу ишларни қилиш насиб этади. Бу ойга ҳурматсизлик кўрсатганнинг, гуноҳ ишлаганнинг бутун йили гуноҳ ишлаш билан ўтади.
Бу ойни фурсат билиб, қўлдан келганича ибодат қилиш керак. Аллоҳу таоло рози бўладиган ишларни қилиш керак. Бу ойни охиратни қозониш учун ғанимат билиш лозим.
Қуръони карим Рамазон ойида тушди. Қадр кечаси Рамазон ойидадир. Рамазонда саҳарликни вақтининг сўнггида, ифторликни эса вақти кириши билан қилиш суннатдир. Расулуллоҳ бу икки суннатни бажаришга жуда аҳамият берардилар.
Ифторда шошилиш ва саҳарликни кеч қилиш, балки инсоннинг ожизлигини, еб-ичишга муҳтожлигини кўрсатади. Ибодат этиш дегани ҳам аслида шудир.
Хурмо билан оғиз очиш суннат. Ифтордан кейин “Заҳабаз-зама вабталлат-ил урук ва сабат-ал-ажр иншоаллоҳу таоло” дуосини ўқиш, таровиҳ намозини ва Қуръон хатм қилиш аҳамиятли бўлган суннатлардир.
Бу ойда ҳар кеча Жаҳаннамга кириши керак бўлган мингларча мусулмонлар авф этилиб, озод бўлади. Бу ойда Жаннат дарвозалари очилади. Жаҳаннам дарвозалари бекилади. Шайтонлар занжирбанд этилади. Раҳмат эшиклари очилади. Аллоҳу таоло бу муборак ойда Унинг шаънига ярашадиган қуллик қилишни ва Раббимизнинг рози бўлган, ёқтирган йўлда юришни барчамизга насиб этсин! Омин.” (Мактубот, 1-жилд, 45-мактуб)
Рамазон ойида очиқча овқат еган бу ойга ҳурмат кўрсатмаган бўлади. Намоз ўқимаганларнинг ҳам рўза тутиши ва ҳаромлардан сақланиши керак. Буларнинг рўзалари қабул бўлади ва имонлари борлиги билинади.
Рамазонда рўза тутиш ҳақида ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:
“Рамазонда рўза тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш эса суннатдир. Бу ойда кундузлари рўза тутиб, кечаларини ибодат билан ўтказганнинг гуноҳлари кечирилади.” (Насоий)
“Рамазон ойида рўза тутишни фарз билиб ва унинг савобини Аллоҳу таолодан кутган кимсанинг гуноҳлари авф бўлади.” (Бухорий)
“Рамазон рўзасини тутиб ўлган кимса Жаннатга киради.” (Дайламий)
“Рамазон ойи баракат ойидир. Аллоҳу таоло бу ойда гуноҳларни кечиради, дуоларни қабул этади. Бу ойнинг ҳурматини қилинг! Фақат Жаҳаннамга кетадигангина бу ойда раҳматдан маҳрум қолади.” (Табароний)
“Рамазон ойида аҳли оилангизга нафақа беришда сахий бўлинг. Бу ойда қилинган харажатлар Аллоҳ йўлида қилинган харажатлар каби савобдир.” (Ибн Абуддунё)
“Рўза тутган мўминнинг индамай туриши тасбиҳ, уйқуси ибодат, дуолари мустажоб ва амалларининг савоби ҳам кўпдир.” (Дайламий)
“Хусусан рўза тутганингизда ёмон сўз сўзламанг! Биров сизни безовта қилса унга “Мен рўзадорман” деб айтинг.” (Бухорий)
Рамазони шарифда рўза тутишнинг савоби жуда катта. Узрсиз рўза тутмаслик катта гуноҳдир. Ҳадиси шарифда “Рамазонда бир кун рўза тутмаган бунинг ўрнига бутун йил рўза тутса ҳам Рамазондаги бир куннинг савобига қовушолмайди” деб марҳамат қилинди. (Термизий) (Аммо диний бир узри бўлса, рўза тутмаслик гуноҳ бўлмайди.)