Қуръони каримдан ҳамма ҳукм чиқара олмайди

Замонавий араб тилини ўзлаштириш орқали Қуръони каримдан ҳукм чиқариб бўлмайди. Ўзбекча маънолар таржимаси (маол) ёки тафсирдан ҳам Қуръон каримнинг том маъносини билиш мушкил. Чунки ҳар бир калиманинг замонига яраша ишлатилган илм соҳасига қараб маънолари ўзгариб туради.

Агар бирон кимса луғат ёрдамида Қуръони каримни тушунишга уринса, муҳаққақ адашади, иймонини хавф-хатарга дучор қилади. Жуда кўп калималар ҳар бир илмда алоҳида маъноларни англатади. Масалан, “золим” сўзи тафсир илмида “кофир” деган маънони билдирса, Фиқҳ илмида бировнинг ҳақига тажовуз қилган, молини тортиб олган зўравонни билдиради. Тасаввуф соҳасида эса, умуман бошқа маъно касб этади.

Бир ҳақиқий муршиди комилнинг ҳузурида йиллар давомида ўқиб, пишиб етилмасдан ҳадиси шариф китобини ўқишга, тасаввуф китобларини таржима қилишга уринган чаламуллаларнинг сўз ва ёзувлари жуда зарарли бўлмоқда. Дуч келган одам ижтиҳод қила олмайди, ҳукм чиқара олмайди. Бу мумкин эмас. Ижтиҳод ва мужтаҳид деган мавҳумларнинг нима эканлигини яхшилаб билиб олсак, бу мавзу яхшироқ тушунилади. 

Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари ижтиҳодни шундай изоҳлаган:

“Ижтиҳод инсон кучи етгунича, жон-жаҳди билан заҳмат чекиб, меҳнат қилиш деганидир. Яъни ижтиҳод - Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда очиқча билдирилмаган аҳком ва масалаларни, очиқча ва батафсил тушунтирилган масалаларга қиёслаб, изоҳлашга интилишдир. Буни фақат пайғамбаримиз ва Ул зотнинг барча саҳобалари билан мусулмонлардан ижтиҳод мақомига кўтарила олган олимларгина уддалай олган. Бу улуғ инсонларга “мужтаҳид” дейилади.

Мужтаҳид бўлиш учун арабий юксак илмларни тўлиқ билиш; Қуръони каримни ёддан билиш; ҳар бир ояти кариманинг қандай маънога келишини; нозил бўлган вақтини, сабабини; нима ҳақида келганлигини ва яна кўплаб нозик илмларни ҳам билиш лозим. Ундан ташқари, Кутуби ситтадаги (7та ҳадис тўрлами) ва бошқа ҳадис китобларидаги юз минглаб ҳадиси шарифни ёддан билиш ва ҳар бир ҳадиснинг қачон, нима учун айтилганлигини, маъносининг қанчалик кенглигини, қайси ҳадиснинг бошқасидан олдин ёки кейинлигини; унга боғлиқ ҳодисаларни, қайси воқеа ва ҳодисалар устида айтилганлигини; кимлар тарафидан нақл ва ривоят қилинганлигини; нақл этувчиларнинг қандай ҳолда ва қандай ахлоқда эканлигини билиш; фиқҳ илмининг усул ва қоидаларини таниш; ўн икки илмни ва Қуръони каримнинг ҳамда ҳадиси шарифларнинг ишоратларини, рамзларини, очиқ ва ёпиқ маъноларини англаш; бу маъноларни қалбига жойлаган; қувватли иймон эгаси бўлиш, амин, нурли ва соф қалб ва виждонга эга бўлиши лозим.”

Кўриб турганимиздек, ижтиҳод қилиш ҳар ялангоёқ муллачалишнинг иши эмас. Бугун ер юзида шундай сифатларга эга одам деярли қолмаган. Шу боис ҳар бир мусулмоннинг тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлиши шарт.