Жаноби Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифда марҳамат қилдиларки: “Азон айтиш учун шошилинг, лекин имомликка талпинманг!”
Сайфаддин бин Қутлубуға ҳазратлари Ҳанафий мазҳаби фиқҳ олимларидандир. Асли туркман бўлиб, ҳ.798 (м.1396) йили туғилди. Тафсир, калом ва фиқҳда асрининг имоми эди. 881 (м.1477) йили Қоҳирада вафот этди. Бир дарсида айтдики:
Жамоат билан намоз ўқиш суннати ҳудо, яъни ислом шиори бўлган муҳим суннатдир. Одамлар орасидан жамоатга имом танлашда қуйидаги хусусиятларига қаралади:
1. Суннатни, яъни динни энг яхши биладиган, намозни бузадиган ва бузмайдиган сабабларни яхши билишига.
2. Қуръони каримни энг яхши ўқийдиган, тажвидни энг яхши билишига.
3. Тақвоси кучлироқ бўлганига.
4. Ёши улуғроғига.
5. Феъли, ахлоқи чиройлироғига.
6. Юзи, жамоли чиройлироғига.
7. Насл-насаби аслроқ ва покроғига.
8. Овози чиройлироғига.
9. Либоси тоза ва бежиримлигига.
10. Мол-мавқеси кўпроғига.
11. Муқим киши сафарийдан устун бўлади.
12. Кўпчиликка маъқул бўлган киши имом бўлади.
13. Кўпчилик танлай олмаса, ораларида қуръа ташланади.
Бир уйда, зиёфатда танлаб ўтирмасдан доимо уй эгаси, мезбон имом бўлади. Ёхуд имомни у танлайди. Устунроқ киши бўлса-ю, лекин бошқаси танланса, уйғун муносиб бўлмаса ҳам гуноҳ эмас.
Уммийнинг ўзидек уммий бўлганларга имомлик қилиши жоиздир. Уммий деб Қуръони каримга қараб ўқишни билмайдиган кишига айтилади. Уммийнинг Қуръони карим ўқишни биладиганларга имом бўлиши жоиз эмас. Тажвид билан ўқий олмайдиган киши ҳам тажвид билан ўқий оладиганларга имом бўла олмайди.
Ўзидан кўра мосроғи бор пайтда имомликка ўтмаслик керак. Имом бўлишнинг масъулияти оғир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Қуръони каримни энг яхши ўқийдиган киши имом бўлсин. Бу борада тенг бўлишса, суннатни(Исломият ҳукмларини) энг яхши биладиган имом бўлсин. Бу борада ҳам тенг бўлишса, ёши улуғи имом бўлсин!”
“Азон айтиш учун шошилинг, лекин имомликка талашманг!”
“Имом бўлган киши Аллоҳдан қўрқсин, имомлик қилувчи одамларнинг масъулиятини зиммасига олганини билсин! Агар имом намозни нуқсонсиз ўқитса, жамоатнинг савобичалик имомга ҳам савоб берилади. Агар қусурли ўқитса, гуноҳи фақат имомга бўлади.”
Ўзида имомлик шартлари мавжуд бўлган киши камтарлик қиламан деб имомликдан воз кечиб, ўрнига имомлик талабларига жавоб бера олмайдиган кишини ўтказиши дуруст эмас. Ҳадиси шарифда: “Қиёмат даҳшатида уч тоифа одамнинг қўрқмаганлиги ва ҳисоб бермаслиги кузатилади. Улар мушки анбар тепаликларида маҳшар халқининг ҳисоб-китоби тугагунча ўтиришади. Улардан бири бирон жамоатнинг розилиги билан уларга имомлик қилганлардир” деб марҳамат қилинди.