Савол: Баъзи кишилар аёларнинг эркаклар билан гаплашишига ҳалол дейишади. Бу ҳаром эмасми?
Жавоб: Исломиятнинг ҳукмлари 23 йил мобайнида келди. Ҳижоб ҳақидаги оят келишидан аввалги воқеаларни асос олиб, бегона эркаклар билан гаплашишни мубоҳ деб билиш нотўғри. Маст қилувчи ичимликлар ҳам ҳаром қилинишидан аввал гуноҳ эмасди. Ўша пайтгача бўлган воқеаларни мисол келтириб, "қаранг, асри саодатда спиртли ичимликлар ичиларди" дея ичкиликка мубоҳ деб бўладими? Аввалги пайғамбарларнинг динларидаги воқеаларни далил сифатида кўрсатиб, аёллар билан бемалол гаплашиш жоиз дейиш қанчалик тўғри бўлади? Ҳазрати Одам замонида, ҳозир никоҳланиш ҳаром бўлган баъзи кишилар билан уйланиш жоиз эди. Кейинчалик ҳаром қилинди. Ҳозирги ҳолатлар учун ўша замонлардаги ҳукмларни далил қилиб бўладими?
Жория (чўри)ларнинг қўшиқ айтишлари ҳур аёлларга ўрнак бўла олмайди.
Ҳазрати Умар маҳрни камайтиришни тавсия қилганида парда орқасидан қари бир аёл эътироз сифатида Нисо сурасининг “Ажрашган аёлингизга юклар билан (олтин маҳр)берган бўлсангиз ҳам ундан ҳеч нарса қайтариб олманг” маолидаги 20-оятини ўқиганди. Ҳазрати Умар ўша кампирга эътироз қилмаган.
Баъзи бемазҳаблар айнан мана шу воқеани рўкач қилиб “Бу воқеа аёл кишининг овози ҳаром эмаслигига далил” дейишади-ю лекин негадир парда ортидаги аёлнинг кампир эканлигини айтишмайди. Қари аёлнинг овози ҳаром эмас. Қари аёлга жоиз бўлган нарсалар доимо ёш аёлга ҳам жоиз бўлавермайди.
Бузуқлар яна қуйидаги ҳодисани келтиришади:
“Ҳазрати Оиша: “Ҳайит куни уйда иккита жория қаҳрамонлик достонларини ноғора чалиб, қўшиқ қилиб куйлашарди. Расулуллоҳ тўшакка ётиб, юзини нариги тарафга бурдилар. Сўнгра отам (ҳазрати Абу Бакр) ичкарига кирди. “Бу нимаси? Расулуллоҳнинг ҳузурида шайтоннинг ҳуштаги ва овози уят эмасми?” деб менга танбеҳ берганида Расулуллоҳ “Уларни тинч қўйинг, ҳар халқнинг бир байрами бор, бу ҳам бизнинг байрамимиз” деб марҳамат қилдилар. Отам бошқа нарсага машғул бўлганида жорияларга имо қилдим, улар ташқарига чиқиб кетишди” деди.”
Адашган фирқа вакиллари бу воқеани далил қилиб кўрсатиб, аёлларнинг эркаклар билан бирга ўтиришининг, чолғу чалишининг, қўшиқ айтишининг ва овозларини эркакларга бемалол эшиттиришлари ҳалол эканлигини даво қилишади.
Энди юқоридаги ифодаларни изоҳлаймиз:
1. Достон ёки қўшиқ айтаётганлар ҳур, озод аёллар эмас, жориялар (чўри) эди. Жорияларнинг бегона эркаклар олдида сочларини, билакларини очишлари, уларнинг овозини эркаклар эшитиши гуноҳ эмас. Жорияни мисол келтириб, ҳур аёлларга ҳам буларнинг мубоҳ бўлишини айтиш мусулмонга ярашмайди.
2. Қаҳрамонликка даъват қилувчи достонлар ёки қўшиқлар, мадҳия, гимн, ҳарбий маршлар каби қўшиқлар динимизда жоиздир. Буларнинг жоиз бўлиши, барча қўшиқ ва куйларнинг жоиз бўлишини тақозо қилмайди. Ноғора, доира билан қўшиқ, достон айтилади, лекин илоҳий-диний шеърлар, нашидалар айтилмайди. Чунки диний шеърларни ўқиш ибодатдир. Катта ашулалар шу жумладандир. Ибодатга чолғу аралаштирилмайди. Баъзилар даво қилганидек "Тасаввуф мусиқаси" деган нарса динда йўқ.
Бир уйда жориялар ноғора чалиб, қўшиқ айтишаётганди. Расулуллоҳ келишлари билан қўшиқни тўхтатиб, Пайғамбаримизни мадҳ этишни бошладилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Қўйинглар, ўйин орасида мени мадҳ этманглар! Мени мадҳ этиш[мавлуд, нашида] ибодатдир. Ўйин-кулгу орасида ибодат жоиз эмас” деб марҳамат қилдилар. (Кимё-и саодат)
3. Ҳазрати Абу Бакрнинг ноғора учун шайтоннинг ҳуштаги дейиши, чолғунинг мубоҳ эмаслигини кўрсатади. Олимлар фақатгина тўйларда, байрамларда аёлларнинг ноғора, доира чалишининг жоиз эканлигини билдирганлар. Яъни ноғора, доира чалишнинг аёлларга жоиз бўлиши фақат тўй ва байрамларга хос. Бошқа вақтларда жоиз эмас.
Бегона аёлларнинг овози ҳаром эканлигини билдирувчи васиқалардан баъзилари:
Расулуллоҳнинг завжалари мўминларнинг оналари бўлгани учун азвожи тоҳирот, яъни оналаримиз билан уйланиш ҳаромдир. Уч оят маоли:
“Эй иймон келтирганлар, Расулуллоҳнинг жуфтлари билан уйланишингиз жоиз эмас.” (Аҳзоб, 53)
“Расулуллоҳнинг завжалари мўминларнинг оналаридир.” (Аҳзоб, 6)
“Эй набий завжалари, сизлар бошқа аёллар каби эмассизлар. Аллоҳдан қўрқинг, нозланиб, юмшоқ гапирманг, қалби бузуқ бўлганлар умидланиши мумкин. Доим жиддий гаплашинг.” (Аҳзоб, 32)
Оятда Пайғамбаримизнинг завжалари, яъни волидаларимизнинг бегоналар билан мулолйим гаплашишлари жоиз бўлмаганидан кейин бошқа аёлларнинг бегона эркаклар билан юмшоқ гаплашишлари қанақасига жоиз бўлсин? Волидаларимизга ёмон назар билан қаровчилар чиқиши мумкин бўлади-ю бошқа аёлларга бундай қарайдиганлар чиқмайдими?
Аёл кишининг ҳеч қандай эҳтиёж бўлмаса, овозини бегона эркакларга эшиттириши жоиз бўлмаганидек, уларга қараши ҳам жоиз эмас. Бир оят маоли:
“Мўмин аёлларга ҳам айтинг, кўзларини [бегона эркакларга қарашдан] сақласин.”(Нур, 31)
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Эркакнинг аёлга, аёлнинг ҳам эркакка [шаҳват билан] боқиши ҳаромдир.”(Табароний)
“Бегона аёлни кўрганда юзингизни бошқа тарафга ўгиринг!” (Абу Довуд)
“Қўшиқ айтган аёлни тинглаш ва юзига қараш ҳаромдир.” (Табароний)
“Номаҳрамга қараш кўз зиносидир.” (Бухорий)
Умми Салама волидамиз баён қиладилар:
Расулуллоҳнинг ёнидалигимда икки кўзи кўр Ибни Умми Мактум рухсат сўраб ичкарига кирди. Расулуллоҳ бизларга “Ичкарига ўтинглар” деб марҳамат қилдилар. Мен “Ё Расулаллоҳ, у киши кўр эмасми, бизни кўрмайдику” дедим. “У сизларни кўрмаса, сизлар уни кўриб турибсизларку”, яъни у кўр бўлса ҳам сизлар кўр эмассизларку, дедилар. (Термизий, Абу Довуд)
Бир оятда “Расулуллоҳнинг завжаларидан эҳтиёжингизни парда орқасидан сўранг” деб буюрилган. (Аҳзоб, 53)
Номаҳрамга қараш гуноҳ бўлганидек, у билан гаплашиш ҳам гуноҳдир. Икки ҳадиси шариф маоли:
“Эй аёллар, фақат маҳрамингиз билан гаплашинг, номаҳрам билан гаплашманг!” (Рамуз, Ибни Саид)
“Бегона аёл билан шаҳват билан гаплашган кишига ҳар сўзи учун жаҳаннамда азоб бордир.” (Р. Носиҳин)
"Аёлларнинг баланд овоз билан ёки мулойим гапиришлари ва овозларини номаҳрамга эшиттиришлари жоиз бўлмагани учун азон ва иқомат ўқишлари ҳам жоиз эмас." (Радд-ул мухтор)
"Ёш қиз-жувон бегона эркакларга салом беролмайди ва аксирган эр кишига ҳам ҳеч нарса айтмайди. Унга мурожаат қилганида ҳам жавоб бермайди." (Ҳамавий Ашбоҳ шарҳи)
"Аёлларнинг овозларини бегона эркакларга эшиттиришлари ҳаромдир. Баъзи олимлар эҳтиёж вақтида жиддий ва дағал гаплашишлари жоиз бўлиб, ортиқчаси яна жоиз бўлмайди, дедилар." (Тазкия-и аҳли байт)
"Чолғу ва аёл кишининг овози симо (мусиқасиз ҳиргойи қилиш) эмас, ғино (мусиқага солиб, қўшиқ айтиш) бўлиб, ҳаромдир." (Дурр-ул маориф)
"Аллоҳу таоло аёл кишининг номаҳрам билан майин овозда гаплашишини маън этган." (Мактуботи Раббоний, 3/41)
"Аёлларнинг сочи, боши ва билаклари очиқ ҳолда кўчага чиқишлари ҳамда бегона эркаклар билан заруратсиз гаплашиши, қўшиқ айтиб, ҳатто Қуръон, мавлуд, азон ўқиб овозларини бегона эркакларга эшиттириши катта гуноҳ бўлади. Фақат бегона эркаклар билан савдо-сотиқ каби эҳтиёж бўлган вақтда фитнага сабаб бўлмайдиган шаклда дағал ва жиддий гаплашишлари жоиз." (Тарғибуссалот, Ҳадиқа, Саодати абадия)
Савол: Телевидениедаги аёлларнинг суратларига шаҳват билан ёки шаҳватсиз қараш ва овозларини эшитиш жоизми?
Жавоб: Аёлларнинг соч, билак каби қараш ҳаром бўлган жойларининг кўзгудаги тасвирларига шаҳватсиз қараш ҳаром эмас. Суратларига, телевизордаги тасвирларига қараш кўзгудаги тимсолига қараш кабидир. Шаҳватсиз қараш жоиз, шаҳват билан қараш ёки шаҳватга сабаб бўладиган тасвирларга қараш, бундай овозларни тинглаш ҳаромдир. Қўпол аврат жойларига, масалан кўкракларига, сонларига шаҳватсиз қараш ҳам ҳаромдир.
Савол: Аёлларнинг Қуръони карим, мавлид, нашида ўқиб, овозларини эркакларга эшиттиришлари ҳаромми?
Жавоб: Ҳа, ҳаром. [Микрофон, радио ва телевидение орқали эшиттиришлари эса макруҳ бўлади.] (Тарғибуссалот, Ҳадиқа)
Савол: “Ислом ахлоқи” китобида “Аёлларнинг мавлуд ўқиб ва керагидан ортиқча гапириб овозларини бегона эркакларга эшиттириши ҳамда эркакларнинг уларнинг овозларини тинглашлари ҳаромдир” дейилган. Аёл киши ўқиган мавлуд ёки нашидани CDдан, кассетадан, МР3 плеердан тинглаш ҳам ҳаром бўладими?
Жавоб: Эркакларнинг бевосита аёл кишининг оғзидан тинглашлари ҳаром, бу электр асбоблар орқали тинглаши макруҳ бўлади. “Саодати абадия” китобида “Радио ва телевидение орқали эшиттиришлари макруҳ бўлади” дейилган.