Савол: Молни қурбонлик қилишга моне бўлмайдиган қусурлар қайсилар?
Жавоб: Баъзиларини билдириб ўтамиз:
1. Шохи синган ёки шохи бўлмаган мол қурбонга ярайди.
2. Қулоғининг ярмидан кўпи кесилиб, лекин узилиб тушмаса, осилиб қолса, макруҳ бўлгани билан саҳиҳдир. Ярмидан ози кесилган бўлса, қурбонликка бўлади. Қулоғи узунасига ёки энига ёрилган бўлса, қурбонлик бўлади. Қулоғининг йиртиқ бўлиши танзиҳан макруҳдир. Бурун ҳам қулоқ кабидир. Қичима канаси чаққан, ахта қилинган мол қурбонликка бўлади.
3. Қулоғи, думи кичик бўлиб туғилган мол қурбонлик қилинади. Думи кесилмаган бўлса, меринос қўйи қурбонликка сўйилади.
4. Ўтлашига ҳалақит бермайдиган даражада жинни бўлиб, подасидан қолиб кетмайдиган молдан қурбонлик бўлади. Подасидан қолиб кетадиган ва ўзи ўтлай олмайдиган даражада жинни бўлган молдан қурбонлик бўлмайди.
5. Бир кўзида кўришга моне бўлмаган парда бўлган молни қурбонга сўйиш жоиз.
6. Қурбонга сўйиладиган молни сўядиган жойга олиб келаётганда оёғи синса, сўнгра сўйилса, жоиз бўлади.
7. Тишларининг ярмидан кўпи бўлса, макруҳ бўлади, лекин саҳиҳдир.
8. Урғочи молни қочира олмайдиган, жинсий аъзоси кесилган молни қурбонлик қилса бўлади. Хунаса (жуфт жинсли) бўлган мол қурбонликка сўйилмайди.
Савол: Иккиқат ёки иккиқат эмаслиги маълум бўлмаган молни қурбонликка сўйса бўладими?
Жавоб: Ҳа жоиз. Агар туғадиган вақти яқин бўлса, баъзи олимлар “Бундай молни қурбонлик қилиш макруҳ бўлади” деганлар.
Савол: Бузоқ кичиклигида шохининг ўрни олиб ташланади. Шундан кейин шохи ўсмайди. Фақатгина жойи маълум бўлади. Катта бўлганида бундай молни қурбонликка сўйиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз бўлади.
Савол: Бичилган новвосни, буқани ёки қўчқорни қурбонлик қилиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз. Ҳатто бичилгани бичилмаганидан савоби кўпроқ бўлади. Чунки қисирлаштирилган эркак моллар янада ёғли ва гўшти ҳам ширин бўлади. “Ҳидоя” китобида билдирилганига кўра, жаноби Пайғамбаримиз бичилган иккита қўчқорни қурбонликка сўйганлар. (Дурр-ул мухтор, Радд-ул мухтор, Ҳиндия, Мажмуа-и зуҳдия)