Никоҳланиш ҳаром бўлган ва бўлмаган аёллар

Савол: Бир эр кишига ота-онасининг амма-холаси, бир аёл кишига ҳам ота-онасининг амаки ва тоғалари маҳрам бўладими?  Булардан кимлар билан турмуш қуриш мумкин?

Жавоб: Даставвал “усул”  ва “фуру” масалаларини ўрганиш ва билиш керак бўлади.

Усул: Ота-она, уларнинг ота-онаси, яъни боболар ва бувилар ва уларнинг ота-оналари.

Фуру: эса фарзандлар, уларнинг болалари яъни неваралар ва фарзандларнинг неваралари.

Илмиҳол китобларида ёзилган “Хола ва аммаларга уйланилмайди” ифодасидан маълумки, ота-онанинг хола ва аммаларига ҳам уйланишга бўлмайди.  Чунки ҳар бир аёлга ака-укаларининг ва опа-сингилларининг ўғиллари  ва уларнинг ўғил неваралари маҳрамдир. (Маҳрам дегани, уйланиши ҳаром деганидир. Масалан, онамиз, опамиз, холамиз, аммамиз биз эркакларга маҳрамдир.)

Эр кишига ҳам ака-укаларининг ҳамда опа сингилларининг қизлари ва уларнинг қиз неваралари маҳрам бўлади. Ота, амманинг акаси ё укаси бўлади. Аммага ака-укасининг ўғил фарзандлари ва ўғил неваралари ҳам маҳрам бўлади.

Эр кишига маҳрам бўлган аёллар:

Эр кишининг уйланиши жоиз бўлмаган, яъни ўз наслидан бўлган еттита қариндош аёл қуйида келтирилган:

1. Оналар: Онаси, ота-онасининг оналари ҳамда бобо-бувиларининг оналари маҳрам бўлади.

2. Қизлар: Қизи, ўғлининг ва қизининг қизлари ҳамда невараларининг қизлари маҳрамдир.

3. Опа-сингиллар:  Ота-онаси бир бўлган, оналари бир ёки отаси бир бўлган опа ва сингиллар маҳрам бўлади.

4. Аммалар: Амма, ота-онанинг аммаси, бобо ва бувиларнинг аммалари ҳам маҳрамдир.

5. Холалар: Хола, ота-онанинг холалари ва бобо-бувиларнинг холалари ҳам маҳрам бўлади.

6. Ака-укаларининг қизлари: Ота-оналари бир бўлган, фақат отаси ёки онаси бир бўлган ака-укаларининг қизлари ва уларнинг қиз неваралари ҳам маҳрам бўлади.

7. Опа-сингилларнинг қизлари; Ота-онаси бир бўлган, фақат оталари бир бўлган ёки фақат оналари бир бўлган опа ёки сингиллар, уларнинг қизлари ва қиз неваралари ҳам маҳрамдир.

Шу етти киши ўз наслидан бўлмай, кўкалдош, яъни сут орқали қариндош бўлган бўлса ҳам маҳрам бўлади. Зино орқали бўлса ҳам ҳаромдир. Масалан бир кимса зино қилган аёлининг қизига, невара қизига ёки онасига уйлана олмайди. Фақат ўғлига сут орқали, яъни бир онани эмиб сут қариндош бўлган қизга ҳамда ака-укасининг сут онасига уйланиши жоиздир. 

Никоҳ орқали маҳрам бўлганлар

Эр киши учун кейиндан никоҳ орқали ақрабо, яъни қариндош бўлган шу 4 аёлга ҳам уйланиш ҳаромдир:

1. Қайин волидалар: Қайнонага уйланиш ҳаром бўлиши билан бирга, қайнонанинг ва қайнотанинг оналарига уйланиш ҳам ҳаромдир.

2. Ўгай қизлари: Аёлининг бошқа эркакдан бўлган қизига ва ундан бўлган қиз невараларига уйланиш ҳам ҳаромдир.

3. Келинлари:  Келинига, яъни ўғлининг аёлига уйланиш ҳаром бўлганидек, неварасининг аёлига уйланиш ҳам ҳаромдир. Лекин ўгай ўғлининг аёли номаҳрам бўлади.

4. Ўгай оналар: Ўгай онага  ҳамда боболари уйланган ўгай бувилардан бирига уйланиш ҳаром бўлади.  Ҳатто ота ёки бобо билан зино қилган аёлга уйланиш ҳам ҳаром бўлади.

Амаки қизи, тоға қизи, амма-хола қизи ва янга-келин, яъни ака-укасининг аёллари “Зираҳм-и маҳрам” эмас. Яъни шу беш аёл номаҳрам бўлади. Номаҳрам бўлганлиги боис бу аёлларга уйланиш жоиздир. Лекин амма-хола, амаки ва тоға қизларига уйланиш танзиҳан макруҳдир. “Кимё-и саодат” китобида ёзилган ҳадиси шарифда “Уларнинг болалари заиф, касалманд бўлишади” деб марҳамат қилинган. Лекин амакиваччасининг қизига, амма қизининг қизига ёки амма ўғлининг қизига, тоға ўғлининг қизига ёки тоға қизининг қизига, холаваччасининг қизига уйланиш макруҳ бўлмайди.

Баъзи одамлар ҳазрати Али амакисининг қизига уйланганлигини айтишади. Лекин бу нотўғри. Чунки жаноби Пайғамбаримиз ҳазрати Алининг амакиси эмас, амакисининг ўғлидир. Яъни ҳазрати Али амакиваччасининг қизига уйланган. Шунинг учун танзиҳан макруҳ бўлмайди. 

Эркакларга ўз наслидан  уйланиши ҳаром бўлганлар:

1. Онаси;

2. Бувилари (ота-онасининг оналари ва уларнинг оналари);

3. Қизи, ўғлининг ва қизининг қизлари (неваралари);

4. Опа-сингиллари;

5. Опасининг ва ака-укаларининг қизлари;

6. Аммаси;

7. Холаси.

Эр кишига сут орқали  қариндошларидан уйланиши ҳаром бўлганлар:

1. Сут она;

2. Сут онанинг онаси;

3. Сут қизи, сут қизининг ва сут ўғлининг қизлари;

4. Сут опаси;

5. Сут опасининг ва сут ака-укаларнинг қизлари;

6. Сут аммаси;

7. Сут холаси.

Эркак кишига никоҳ орқали қариндошларидан уйланишига ҳаром бўлганлар:

Қайнонаси, ўгай қизи, ўгай онаси, келини.

Эр кишига муваққат (вақтинча) ҳаром бўлганлар:

1. Аёлининг опаси;

2. Аёлининг аммаси;

3. Аёлининг холаси;

4. Аёлининг опа-сингилларининг, ака-укаларининг қизлари;

5. Аёлининг сут опаси, сут аммаси, сут холаси, сут опа-сингил ёки сут ака-укасининг қизлари;

6. Китобсиз кофир аёллар. 

Савол: Онамнинг тоғаси, амакиси ёки отамнинг тоға-ю амакиси менга номаҳрам бўладими? Яъни улар менга ўз тоға-ю амакиларимдек бўла оладими?

Жавоб: Улар ҳам ўз тоға ва амакингиздек бўлади.

Савол: Аёлим мен ёнидалигимда ёки мен йўқлигимда онамнинг ёнларида ўгай отам билан бир дастурхонда тановвул қилиш, гаплашиш ва шунга ўхшаш ҳолларда бирга қола оладими?

Жавоб: Ўгай отангиз аёлингизга номаҳрам бўлади. 

Савол: Бувамнинг ўгай қизини ўз никоҳимга ола оламанми?

Жавоб: Ҳа уйлана оласиз. Отангизнинг ўгай қизини ҳам ўз никоҳинггизга ола оласиз. Чунки у сизга ота-она, насаб орқали туғишган эмас.

Савол: Келинининг эри ўлса, қайнотасининг маҳрамлиги давом этадими?

Жавоб: Қайнотаси ўз отасидек маҳрамлигича қолади.

Савол: Неваранинг аёли, бобосига маҳрам бўладими?

Жавоб:  Неваранинг аёли бобога келин бўлади, яъни маҳрамдир.

Савол: Онамнинг ўгай онаси менга ва отамга номаҳрам бўладими?

Жавоб: Ҳа, номаҳрам бўлади.

Савол: Амаким менинг аёлимга номаҳрам ҳукмидами?

Жавоб: Ҳа, номаҳрам ҳукмида.

Савол: Қариндошлар билан турмуш қуриш жоизми?

Жавоб: Қариндош деб амаки, тоға, амма ва хола болаларини амалда тутаётган бўлсангиз, улар билан турмуш қуриш жоиз. Лекин танзиҳан макруҳ бўлади. Жиян ҳам қариндошлардандир. Лекин жиянга уйланишга бўлмайди, тақиқланган.

Савол: Ўгай ўғлимнинг аёли менга маҳрам бўладими?

Жавоб: Маҳрам эмас, аксинча номаҳрам бўлади.

Савол: Ўгай қизнинг қизи ҳам маҳрам бўладими?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Менинг ўгай отам аёлимга номаҳрамми?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Бир отанинг ўгай қизи, ўз қизидек маҳрам бўлдими?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Бир кишига келини ҳам ўз қизи ҳукмидами? Қаерларига қарашга жоиз, қаерларига қараш жоиз эмас?

Жавоб: Келин ўз қизидек бўлади. Қизининг қаерларига қараш жоиз бўлса, келинининг ҳам шу жойига қараши жоиз бўлади. Эркак кишининг никоҳланиши абадий ҳаром бўлган 18та аёлнинг, масалан онасининг, қизининг ва келинининг сочига, юзига, гарданига, қўлларига, тиззадан пастига, шаҳватдан амин бўлса қарай олади. Кўксига,  қўлтиқ ва ёнларига, сон ва тиззаларига ва ортига қарашга бўлмайди. (Бадойи)

Савол: Бир аёл муртад амакисининг олдида боши очиқ ҳолда ўтира оладими?

Жавоб: Йўқ, ўтиролмайди.

Савол: Аёл кишига мусулмон бўлмаган қариндош, қайнота, амаки ёки тоға бегона, яъни номаҳрам бўладими?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Қайнонанинг онаси ҳам худди қайнонадек маҳрам бўладими?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Ака-укаларнинг неваралари ҳам маҳрам бўладими?

Жавоб: Ҳа. 

Отамнинг холаси

Савол: Эркакларга ота-онасининг амма-холалари маҳрам бўладими? Аёлларга ҳам ота-онасининг амаки ва тоғалари маҳрамми?

Жавоб: Эркакларга ўз аммаси ва холасидек маҳрам бўлади, ёт эмас. Аёлларга кўра ҳам ўз тоға-ю амакиси кабидир, улар ҳам ёт эмас. Яъни номаҳрам эмас, маҳрам бўлади.

Савол: Куёвимнинг олдида бошим очиқ ҳолда юра оламанми?

Жавоб: Қайнона куёвига туққан онасидек бўлади. Бошинггиз, қўлларинггиз очиқ ҳолда, тизза кўзларининг пастки қисми яъни оёқларинггиз очиқ ҳолда куёвингизнинг олдида юра оласиз, бунга қарши ҳукм йўқ. Аммо ёш бўлсангиз, очиқ-сочиқ юришинггиз яхши эмас.

Савол: Қанча ёшли аёлга қари, кампир дейилади?

Жавоб: Ёши 55 дан ошган аёлга кампир дейилади.

Савол: Эр кишига ўз аёли маҳрамми ёки номаҳрамми?

Жавоб: Маҳрам сўзи, никоҳи ўтмайди, уйланиши ҳаром бўлади деганидир. Амма, хола каби уйланиши ҳаром бўлган аёлларга маҳрам дейилади.

Номаҳрам сўзи, ёт яъни никоҳланишга бўлади деганидир. Уйланса ҳаром бўлмайдиган аёллар, яъни бошқа кишиларнинг рафиқалари ҳамда бутун бегона аёллар номаҳрам бўлади.

Бир эр киши учун ўз аёли маҳрами бўлмаганидек, номаҳрам ҳам эмас, балки никоҳли аёли, яъни ҳалолидир. 

Савол: Бир аёлга ўзим, қизига эса ўғлим уйланиши жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз.

Савол: Никоҳида бўлган аёли билан жинсий яқинлик қилмаган ва ажрашган киши унинг қизига уйланиши жоизми?

Жавоб: Ҳа.

Савол: 16 ёшда ҳам болиғлик аломати кўрилмаганлар, балоғатга етган ҳисобланадими?

Жавоб: Ҳа

Савол: Икки опа-сингил қизга бир вақтда уйланиш жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас. Жоиз деган киши оятни инкор қилган бўлади. Ҳаромни ҳалол деган бўлади. Ўз синглисига, ўз онасига уйланганлар ҳам шу ҳукмда бўлади. Онага, сингилга уйланиш жоиз деган киши, Аллоҳу таолодан келган оят-и каримани инкор қилган бўлади. Ҳаромга ҳалол деган бўлади. Машҳур ҳаромлардан бирига ҳалол деган киши эса кофир бўлади.

Қуръон-и Каримда маолан: (Оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, сизни эмгизган сут оналарингиз, сут опа-сингилларингиз, аёлингизнинг оналари, ўғилларингизнинг аёллари ва опа-сингилга бирдай уйланиш сизга ҳаром қилинди.) дейилган. (Нисо 23)

Савол: Опамнинг қизига уйланишим жоизми?

Жавоб: Опангизнинг қизи ҳам айнан опангиз кабидир. Уйланишингиз асло жоиз эмас. Нисо сурасининг 23-ояти каримасида ҳаром эканлиги ёзилган. Ҳатто опангизнинг қизининг қизига ва бутун невара-чевараларига уйланишингиз ҳам жоиз эмас.

Ҳатто христиан ва яҳудийларда ҳам опа-сингил қизига уйланиш жоиз эмас. Амаки, тоғага қиз узатилмайди. Амма-холага ҳам уйланилмайди. (Нисо 23)

 Савол: Ўгай акам ўгай опамга уйлана оладими? Яъни отам, хотини вафот этгач бева аёлга уйланди. У аёлнинг бир қизи бор. Отамнинг эса вафот этган аёлидан бир ўғли бор. Ўғли шу аёлнинг қизига уйлана оладими?

Жавоб: Уйлана олади, чунки ҳеч қандай қондошлиги йўқ.

Савол: Боласи бор бева аёлга уйландим. Унинг ўғлининг аёли менга бегонами, яъни номаҳрамми?

Жавоб: Ҳа, келини номаҳрам, лекин қизлари бегона ҳукмида эмас.

Савол: Хотинимнинг ўгай онаси менга номаҳрам бўладими?

Жавоб: Ҳа, номаҳрам бўлади. 

Савол: Бир имом, сут опа билан, ёш қайнона билан, бошқа отадан бўлган қиз билан ёлғиз қолиш жоиз эмаслигини айтди. Улар маҳрам эмасми, ёлғиз қолиш жоиз эмасми?

Жавоб: Булар абадий маҳрам бўлган аёллардир. Абадий маҳрам бўлган аёллар билан ёлғиз қолиш жоиз. Сут опа билан, ёш қайнона билан ва келини билан ёлғиз қолиш, одамларда шубҳа туғдириб, фитна уйғотадиган бўлса,  яъни ёмон фикрга бориб гап-сўз бўлишига сабаб бўлса макруҳ бўлади. Фитна шубҳасига сабаб бўлмаса, макруҳ бўлмайди.

 Савол: Бир кишининг оламдан ўтган аёлидан бўлган қизига уйланган куёви, кейинги уйланган хотинига маҳрамми, номаҳрамми? Яъни бир эр киши учун аёлининг ўгай онаси маҳрам бўладими?

Жавоб: Номаҳрам, яъни ёт аёл.

Савол: Бир аёл киши учун қайнонасининг ва қайнотасининг отаси, бир эр киши учун қайнонасининг ва қайнотасининг онаси маҳрамми?

Жавоб: Ҳа, қайнона ва қайноталарнинг ота-оналари, бобо ва бувилари ҳам ўз бобо ва бувиларидек маҳрамдир.

Савол: Эр кишига ота-онасининг амма-холалари маҳрамми?

Жавоб: Ҳа маҳрам. Сут амма, сут холалари ҳам маҳрам бўлади.

Савол: Аёлларга ота-онасининг тоға-амакилари маҳрам бўладими?

Жавоб: Ҳа маҳрам, сут амаки, сут тоғалар ҳам маҳрам бўлади.

Савол: Эр кишига ака-укаларининг қиз неваралари маҳрам бўладими?

Жавоб: Ҳа маҳрам бўлади, қиз невараларининг қизлари ҳам маҳрам бўлади.

Савол: Бир аёлга ака-укаларининг, опа-сингилларининг ўғил неваралари маҳрам бўладими?

Жавоб: Ҳа маҳрам бўлади. 

Маҳрам ақраболар

Савол: Отанинг амма ва холаси, ака-ука, опа-сингилларимизнинг неваралари бизга маҳрамми?

Жавоб: Ҳа маҳрам. Отамизнинг амма холаси, бизнинг ҳам амма-холамиз деганидир. Туғишганларимизнинг неваралари ҳам жиянларимиз бўлади. 

Ўгай ақраболар

Савол: Отам хотини оламдан ўтгандан кейин, бева қолган болали онамга уйланган. Онам билан келган ўгай опам бор. Отамнинг вафот этган аёлидан бир акам бор. Улар уйланиб, турмуш қура оладими?

Жавоб: Албатта бўлади, чунки иккаласининг ҳам ота-оналари бошқа. Ҳеч қандай қондошлиги йўқ. Туғишганликлари йўқ. Отангиз кейиндан сизга она бўладиган аёлга (ўғлимга қизингни бер, сен билан иккаламиз уйланамиз) дея келишган бўлади. Бу оддий нарса. 

Ақрабо ва хисм

Савол: Китобларда хисм ва ақрабо ибораларини учратамиз. Бу сўзларнинг маъноси бир эмасми?

Жавоб: Йўқ, бу сўзларда фарқли маънолар бор. Ота-онадан, бобо, фарзандлар ва неваралардан бошқа туғишганларга ақрабо дейилади. Масалан ака-ука, ўғил жиян ва амаки аёл учун маҳрам ақраболардан бўлади. Опа-сингил, қиз жиян ва амма эр кишига маҳрам ақраболардир. Амакининг, амманинг ўғиллари аёл киши учун номаҳрам ақраболар бўлади. Амаки ва амма қизлари ҳам эр кишига номаҳрам ақраболардан ҳисобланади. Хисм сўзи эса аёл тарафидан уйланиш орқали кейиндан ҳосил бўлган ақраболик деганидир. Қайнота, қайнона, келин ва куёв маҳрам хисмлардандир. Болдиз, эр киши учун номаҳрам хисм бўлади. Почча ҳам аёл кишига номаҳрам хисм бўлади. Арабчада хисм сўзига асҳор дейилади. Иккита ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилинган:

“Асҳорим [хисмим]нинг жаннати бўлишини истадим. Раббим бу истагимни қабул айлади.” (Ҳаким)

 “Асҳоримни сўкиб иғво қилганларга Аллоҳу таолонинг, бутун малакларнинг ва инсонларнинг лаънати бўлсин!” (Ҳаким)

Жаноби Пайғамбаримизга Асҳордан ақрабо бўлиш билан шарафланиб, жаннати бўлганлардан баъзилари:

1-Қайнота бўлганлар: Ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар, ҳазрати Абу Суфён. (родиаллоҳу анҳум)

2-Куёв бўлганлар: Ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али. (Родиаллоҳу анҳума)

3-Қайнона бўлганлар: Оиша волидамизнинг онаси Уммий Румон, Ҳафса волидамизнинг онаси ҳазрати Зайнаб, Уммий Ҳабиба волидамизнинг онаси ҳазрати Ҳинд. (родиаллоҳу анҳунна)

4-Қайинбиродар бўлганлар: Ҳазрати Абдуллоҳ бин Умар, ваҳй котиби ҳазрати Муовия. (родиаллоҳу анҳум)

 Жаноби Пайғамбаримизнинг бу тўрт гуруҳ қариндошлардан бирини севмаслик мунофиқлик аломатидир, чунки бир ҳадиси шарифда “Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алига бўлган севги мунофиқнинг қалбига жо бўлолмайди” дейилган. (Ибни Асокир)