Савол: Ҳозирги кунда ишланаётган бидъатлар қайсилар?
Жавоб: Ибодатларга бир нарса илова қилиш бидъатдир, катта гуноҳ бўлади. Динимиз нуқсон эмас. Астағфируллоҳ, Аллоҳу таоло ёки Жаноби Пайғамбаримиз динда бир нарсани кам қилиб қолдирган-у, ундан ҳам яхшироғини биз қила оламизми? Ибодатга бидъат аралаштириш Аллоҳу таолонинг динида нуқсонлик топиш, қўйган ҳукмларини ёқтирмаслик, динни ўзгартириш бўлади.
Масалан, шом намозининг фарзини 3 ракат ўрнига кўпроқ ибодат қилиш учун 4 ракат ўқиш бидъатдир. Ундай намоз 3 ракатнинг ўрнига ҳам ўтмайди, намози умуман қабул бўлмайди. Тасбиҳларни 33 ўрнига, кўпроқ савоб бўлсин деб 40 ёки ундан кўпроқ айтиш бидъат бўлади. Ҳолбуки умуман тасбиҳ айтмасдан туриб кетилса, гуноҳ бўлмайди.
Намозлардан кейин оятал курси ўқилади, тасбиҳлар айтилади ва дуо қилинади. Дуо қилаётганда "салотан тунжина" ўқилади. Оятал курси ўқиш керак бўлган ўринда салотан тунжинани ўқиш суннатни ўзгартириш бўлади, яъни бидъатдир. Жаноби Пайғамбаримиз қандай ибодат қилган бўлсалар, мазҳабимиз буни қандай билдирган бўлса, шу шаклда ибодат қилинади. “Буни ҳам қилайлик, уни ҳам илова қилайлик” дейиш динни ўзгартириш бўлади. Ҳадиси шарифда “Ибодатларини биздек қилмаган кишилар биздан эмас” деб марҳамат қилинган. Микрафонда азон айтиш яхши бўлса Аллоҳу таоло нима учун Пайғамбарига билдирмади. Аллоҳ микрафонни яратишдан ожизмиди? Минглаган мўъжизаари кўрилган севимли Пайғамбаримиз буни қила олмасмиди? Буни қилмаганига кўра, микрафон, радиокарнайларни ибодатларга аралаштириш бидъат бўлади.
Бошқа бидъатлардан баъзилари қуйида келтирилган:
Оддий пайпоққа ёки яланг оёққа масҳ тортиш. (Дурар)
Қуръони каримни нағма билан ўқиш. (Баззозия)
Намозни микрафон билан ўқитиш. (Мазоҳиби арбаъа)
Суннат билан фарз намоз орасида дуо қилиш, тасбиҳ айтиш, уч ихлос ўқиш. (Ибни Обидин)
Муаззиннинг намоз тасбиҳларини баланд овозда такрорлаши. Хутбани араб тилидан бошқа тилларда ўқиш. (Ал адилла)
Намоз ўқиб, дуодан кейин шукр саждаси қилиш. (Дурр-ул мухтор)
Намозлардан кейин имом билан қўлини кўксига қўйиб, саломлашиш. (Саодати абадия)
Масжидда ҳар намоздан кейин мусофаҳа қилиш (қўл олишмоқ). (Радд-ул мухтор)
“Астағфируллоҳалазим аллази...” деб бошланадиган истиғфорни муаззиннинг баланд овозда ўқиши. (Ал Ибда)
Ваъздан кейин ва жанозада баланд овоз билан дуо қилиш. (Макотиб-и шарифа)
Мозор тоши устига ояти карима, шеър, мадҳия ва шунга ўхшаш нарсаларни ёзиш. (Саодати абадия)
Ошуро куни "Ошуро " ширинлигини пиширишни ибодат деб ҳисоблаш. (Саодати абадия)
Бир қабрдан бошқа жойга кўчирилаётганда майитга қайтадан жаноза намозини ўқиш. (Ҳиндия)
Асҳоби киромдан бирортасини бўлса ҳам ёмонлаш. (Шарҳ-и ақоид)
Аёлига бир мартада уч талоқ билан талоқ қўйиш. (Мажмуаи зуҳдия)
Жанозада баланд овоз билан такбир келтириш, илоҳий шеърлар ўқиш. (Ҳалабий)
Жаноза намозидан кейин нутқ сўзлаш. (Зубдат-ул-мақомат)
Ўлик чиққан уйдан ҳолва ва шу кабиларни тарқатиш. Ўликнинг учи, еттиси, қирқи деган маросимларини ўтказиш. (Таҳтовий)
Қабр азобига ишонмаслик. (Ақоид-и шайбония)
Авлиё зотларнинг қабрларига келиб шам ёқиш. Бемазҳаб бўлиш. (Таҳтовий)
Бир киши билдирган ҳадисларга ишонмаслик. (Татархония)
Меърож мўъжизасининг Қуддусдан кейинги воқеаларига ишонмаслик. (Баҳр)
Калта соқолга суннат дейиш. (Ҳадиқа)
Муборак кечаларда миноралар орасига чироқчалардан ёзувлар, суратлар осиш. (Мират-ул-ҳарамайн)
Ҳазрати Маҳди келган вақт “Бир замонлар келадики, суннатлар худди бидъатлардек жирканч кўринади, бидъат эса суннатлардек рағбатлантирилади” ҳадиси шарифида билдирилганидек бидъат қилишга одатланган Мадинадаги олим бидъатни чиройли билиб, ибодат деб қилгани учун ҳазрати Маҳдининг бидъат бўлмаган сўзларидан ўзини йўқотиб “Бу одам бизнинг динимизни йўқ қилмоқчи” дейди. Ҳазрати Маҳди бу мазҳабсизни ўлдиради. (Мактуботи Раббоний)
Баъзи бидъатлар:
Жаннатда Аллоҳу таолонинг кўринишига ишонмаслик;
Аллоҳ осмонда дейиш;
Аллоҳ бобо, худой бобо дейиш;
Ҳазрати Алини бошқа уч халифадан устун деб билиш;
Асҳоби киромга ёки фосиқ мусулмонларга ҳам ланъат айтиш бидъатдир;
Намозга бошлаётганда фақат тил билан ният қилиш бидъат. Қалб билан ният шарт;
Қуръони каримни, зикрларни, такбирларни мусиқа билан ёки най чалиб ўқиш бидъатдир. Тасаввуф мусиқаси деб аталувчи ўйин-кулги ёки мусиқали нашида, қасидалар ҳам бидъат;
Ҳақ эвазига Қуръон ўқиш бидъат;
Хутбанинг иккинчи қисмида қуйи пиллапояга тушиш, сўнгра такрор юқорига чиқиш;
Маҳси устига масҳ қилмаслик ва яланг оёққа масҳ қилиш бидъат;
Ваъздан кейин тўпланиб баланд овозда дуо қилиш;
Муборак кечаларда масжидларда чироқларни кўп қилиб ёқиш бидъат;
Калта соқол қўйиб шу билан суннатни бажарганлигига ишониш;
Буюк зотларнинг ўлган саналарида мотам тутиш;
Жаноза бўлганини билдириш учун минораларда салот ўқиш;
Ўликнинг қирқи ва шу кабиларини ўтказиш;
Қабр тошига расм қўйиш, Фотиҳа ва мадҳия ёзиш;
Мақбара ёки масжидларни тавоф қилаётгандек атрофидан айланиш бидъатдир.
Савол: “Намозлардан кейин дарров оятал курси ўқиш лозим, лекин унинг ўрнига аввал Салотан тунжинани ва бошқа дуоларни ўқиш бидъатдир. Буларни тасбиҳлардан кейин ўқиш керак” дегансиз. Суннат билан фарз орасида зикр айтиш, дуо қилиш нимага бидъат бўларкан? Салотан тунжинани аввал ўқи, сўнгра ўқи нима фарқи бор? Бизнинг устозимиз ҳамма вақт шундай ўқийди. Устозимиз билмайди-ю, сиз биласизми?
Жавоб: Биз буни мўътабар китоблардан олиб ёзганмиз. Ўз фикрларимизни дин сифатида кўрсатишдан Аллоҳ сақласин. Кимнинг устози бўлса ҳам ҳаракатлари мўътабар асарларга зид бўлса, уларга эътибор қилинмайди.
“Мароқил-фалоҳ”нинг Таҳтовий ҳошиясининг таржимаси бўлган “Неъмат-и ислом”да “Фарз билан суннат ва суннат билан фарз орасида гаплашиш, суннатни исқот (бекор) қилмайди. Лекин суннатнинг савобини камайтиради. Бир қавлга кўра эса суннат исқот бўлгани учун намоз иёда (қайта ўқилади) қилинади” дейилган.
Худди шу ифода “Дурр-ул мухтор”да ҳам бор: “Суннат билан фарз орасида гаплашиш суннатни бекор қилмаса ҳам, савобини камайтиради. Бир нарса ўқиш ҳам гаплашиш кабидир. Баъзи олимлар “Суннат қабул бўлмайди. Аввалги суннатни такрор ўқиш керак” деб айтганлар.”
Бу ифода “Дурр-ул мухтор”нинг арабча нусхасининг 457, баъзи босмаларида 711-саҳифасидадир. Ибни Обидин ҳазратлари бу ифодани изоҳлаб “Орада нима ўқилишидан қатъий назар бу ҳукмга киради” деб айтганлар.
Шу ҳолда суннат билан фарз намозлари орасида гаплашмаслик керак, дуо, сура ёки уч Ихлос ўқимаслик лозим. Айниқса буларни одат ҳолига келтириш бидъатдир. Ибодатларга илова қилиш, динни ўзгартириш бўлади. Ҳадиси шарифда “Ибодатларини биздек қилмаган киши биздан эмас” деб марҳамат қилинган. (Мезон-ул кубро)
Жаноби Пайғамбаримиз қандай ибодат қилган бўлсалар, мазҳабимиз буни қандай билдирган бўлса, шу тарзда ибодат қилишимиз керак. “Буни ҳам қилайлик, шуни ҳам қўшайлик” ёки “Устозимиз бундай қиларди. Биз ҳам қилайлик” дейиш динда реформа (динни ўзгартириш) бўлади. Бу асло жоиз эмас.
Суннат билан фарз орасида бир нарса ўқишнинг суннатни исқот (бекор) қилиши “Баҳр-ур-ройиқ”да ҳам ёзилган.
Тафаккур қилади
Бомдоднинг намозини уйида ўқиб, масжидга келган киши гапирмайди, овоз чиқариб бирон нарса ўқимайди. Лабини қимирлатмасдан қалбидан калима-и тавҳид ўқиши мумкин ёки тафаккур қилади. Агар қазога қолган намозлари бўлса, қазо ўқийди. Қуръони карим ўқилаётган бўлса уни тинглайди.
Бомдод намозининг фарзи билан суннати орасида ўқилиши билдирилган дуолар бор. Бу дуоларни суннатдан аввал ёки фарздан кейин ўқиш керак. Чунки Ибни Обидин ҳазратлари айтадики: “Суннатдан сўнг фақат “Аллоҳумма антасалом.....икром” ўқилади. Ундан ортиқ нарса ўқилса, суннат намоз суннат бўлган вақтида ўқилган бўлмайди. Баъзи олимлар “Суннат соқит бўлади, қайтадан ўқилиши лозим бўлади” деганлар. Фарздан кейин келадиган суннатни “Аллоҳумма антассалом...” деб ўқишга кетадиган вақтдан ортиқ кечиктириш макруҳ бўлади. Расулуллоҳ фарздан кейин “Аллоҳумма антассалом...” ўқийдиган миқдорда ўтиргандан кейин дарров сўнгги суннатни бошлардилар. Ҳадиси шарифларда намозлардан кейин ўқилиши билдирилган “Аврод” сўнгги суннатлардан кейин ўқилади. Чунки суннат намозлар фарзларнинг давомидир. Сўнг суннатлардан кейин ўқишга фарздан кейин ўқиш деб айтилади. “Расулуллоҳ фарз намозидан кейин тасбиҳ, таҳмид, такбир ва таҳлил ўқирдилар” дейиш “Сўнг суннатлардан кейин ўқирдилар” деганидир.” (Радд-ул мухтор)
Булар Ҳанафий мазҳабига кўрадир. Шофеъий мазҳабида ҳолат бошқача. Ҳар ким ўз мазҳабига кўра амал қилиш керак. Масалан, бир Ҳанафий “Шофеъийлар имом орқасида Фотиҳа ўқийди-ку” деб у ҳам Фотиҳа ўқиса, таҳриман макруҳ қилган бўлади. Намозини қайтадан ўқиши вожиб бўлади.