Дин реформачиси сохта шайх айтади: “Оддий пайпоққа ҳам, яланг оёқ устига ҳам масҳ тортишга бўлади. Чунки динда қулайлик бор. "Осонлаштиринглар" деган буйруқ бор.”
Жавоб: Бу ерда Исломиятнинг ҳукмларини бузиб, ўзгартириш учун яна бир найранг ишлатиляпти. Маҳсининг сифатлари маълум. Оддий пайпоққа масҳ қилиш диннинг ҳукмларини реформалаш, ўзгартириш бўлади. Яланг оёққа масҳ тортиш эса, шиаларнинг одати. “Динда осонлик” сўзини динни бузиш мақсадида суистеъмол қилишяпти. “Динда қулайлик бор, қийинчилик йўқ” дегани “Динимиз берган рухсатлардан, қулайликлардан фойдаланинг” деганидир. Бу “Ҳар ким ўзига ёққанини қилсин, ёқмаганини ташласин, Оғир туюлган ибодатларни қўйиб, уларни ўзингизга қандай осон бўлса, шундай ҳолатга келтиринг” дегани эмас. Акс ҳолда диннинг ўзи йўқолади. Динда қилинган ҳар бир ўзгартириш реформа бўлади. “Динни қийинлаштирмайлик” деб ўзимизча енгилроғига югуриш мусулмонлик эмас. Мисол келтирайлик:
1. Маҳсига масҳ тортса бўлади деган ҳукмга асосланиб, тирноқ устидаги лакка масҳ тортиш, юпқа оддий пайпоққа масҳ ва яланг оёққа масҳ тортиш қулайлик, лекин буларнинг ҳеч бири жоиз эмас.
2. Ҳанафий мазҳабида ғуслда оғзининг ичини ювиш фарздир. Қийналганида оғзининг ичини ювмаслик қулайлик. Лекин бу ҳолда ғусл саҳиҳ бўлмайди.
3. Таҳорат олмай, таяммум қилиш қулайлик. Лекин сув борлигида ёки сув топиш имкони бўлса ҳам, таяммум қилиш жоиз бўлмайди.
4. Беш вақт намознинг ҳар бирини вақти киришини кутиб қийналмасдан барчасини йиғиштириб эрталаб ўқисак ёки кундуз ўқимай юриб, кечқурун ётишдан аввал тўплаб ўқисак осон бўларди. Ваҳоланки “осонлаштиряпмиз” деб шундай қилиш динни таг-томиридан ўзгартириш бўлади. Намозларнинг барчасини бир вақтда йиғиб ўқиш нафсга осон. Ҳатто ҳафтада бир марта йиғиб ўқиш ундан ҳам осон. Йилига байрамдан байрамга ўқиш эса, энг осони. Бомдодга уйғониш мушкул, кундузи ўқиш осонроқ деб бомдодга турмаслик жоиз эмас. Ҳар кун намоз ўқиш ўрнига бир марта намоз ўқиб, буни видеога олиб, уни ҳар намоз вақтида томоша қилиш албатта осонроқ. Чанг гиламларга сажда қилиш ўрнига креслода, стулда ўтириб имо билан ўқиш осонроқ. Лекин буларнинг ҳеч қайсиси жоиз эмас.
5. Рўзани доим қисқа кунларда тутиш қулай. Рамазон ёзнинг узун кунларига тўғри келса, қишда тутиш қулайроқ. Бир ойнинг ўрнига уч кун тутиш яна-да қулай. Энг осони эса умуман тутмаслик. Лекин бу динни хароб қилиш бўлади.
6. Ҳажга бориш қийин. “Каъба Аллоҳнинг уйи бўлганидек масжидлар ҳам Аллоҳнинг уйи” деб дуч келган бир масжиднинг атрофида айлансак ҳамма ибодат қилган бўлармидик? Лекин бу билан ҳаж ҳам бўлмайди, дин ҳам ўзгартирилган бўлиб, куфр бўлади.
7. Закотни молнинг қирқдан бири ўрнига юздан ёки мингдан бир бўлагини берсак енгилроқ бўлмайдими. нафсга қўйиб берсак, умуман бермагандан шу ҳам яхшироқ эмасми деган хаёл ҳам келади. Энг қулайи умуман бермаслик. Лекин бу ҳам жоиз эмас.
8. Ҳар куни Қуръони карим ўқиш қийин. Қироатини ёзиб олиб буни тинглаш, қабристонга олиб бориб, кассетани қўйиб, ўлганларга буни тинглатсак-чи. Лекин буларнинг ҳеч бири жоиз эмас.
9. Бегона жойда қиблани топиш қийин. Хоҳлаган томонга қараб намоз ўқиш қулай, лекин бундай қилганда намоз саҳиҳ бўлмайди.
10. Ҳар вақт масжидга қайтнайвериш қийин. Масжидга камера қўйиб, имомни уйдаги ТВдан кўриб, иқтидо қилсак ҳамма намоз ўқиган бўлармиди. Ҳатто пойтахтда катта бир масжиддан бутун республикага жонли эфир узатилса, ҳар масжидда бўлак имом-жамоат деб оввора бўлмай, 20 миллион одамлик жамоат бўлган яхшимасми. Ҳам анча қулай. Ҳолбуки бизга осон ва фойдалидек кўринадиган бутун булар аслида динни йўқотиш бўлади.
Шундай экан, “осонлаштиринглар” деганда ўлчов нафсимизга ё ақлимизга хуш ёқиши эмас, дин изн берган ўлчовда рухсатлардан фойдаланишдадир.