Таровиҳ намози

Савол: Таровиҳ намози неча ракат? Уни жамоат билан ўқиш керакми?

Жавоб: Жаноби пайғамбаримиз 3-4 кун таровиҳ намозини жамоат билан ўқитдилар. Кейин уйларидан чиқмадилар. Сабаби сўралганида “Таровиҳ намози сизларга фарз бўлиб қолишидан қўрққаним учун уйдан чиқмадим” деб марҳамат қилдилар.(Бухорий)

"Таровиҳнинг 20 ракат бўлиши ва жамоат билан ўқилиши ҳадиси шарифда билдирилган. Суннат эканлиги ижмо билан собитдир." (Мароқил-фалоҳ шарҳи)

Муҳтарам пайғамбаримиз таровиҳни 8, 12 ва 20 ракат қилиб ҳам ўқиганлар. Ибни Аббос ҳазратлари айтадики: "Расулуллоҳ хуфтондан кейин 20 ракат намоз ўқиганларидан сўнг “Рамазонда 20 ракат таровиҳ намози ўқиган кишининг йигирма минг гуноҳи авф қилинади” деб марҳамат қилдилар." (Ибни Аби Шайба)

Таровиҳнинг 20 ракат эканлигига ишонмаган кишининг бидъат аҳлидан бўлиши “Нур-ул-изоҳ” шарҳида ҳам ёзилган.

Имоми Аъзам ҳазратлари “Таровиҳ намози муаккад суннатдир. Ҳазрати Умар таровиҳни 20 ракатлик қилиб жамоат билан ўқишни ўзича ўйлаб топмади. У қўлидаги соғлом асосга, яъни Расуллоҳнинг суннатига асосланиб амр қилди” деб айтган. (Ал-Ихтиёр)

Расулуллоҳ таровиҳни ҳеч ўқимаган тақдирда ҳам Хулофа-и рошидин, яъни тўрт халифанинг ўқигани суннат бўлиши учун кифоя. Ҳадиси шарифда “Суннатимга ва Хулофа-и рошидиннинг суннатига қаттиқ ёпишинг” деб марҳамат қилинди.(Бухорий)

“Таровиҳни жамоат билан ўқиш суннати кифоядир. Яъни бир маҳаллада жамоат билан ўқилса, бошқалари уйда ўқиса ҳам суннат бажарилган бўлади.” (Неъмат-и ислом)

Эркакларнинг масжидда жамоат билан намоз ўқишлари уйда ўқигандан 27 марта кўп савоб эканлиги, аёлларнинг эса уйда намоз ўқишлари масжидда ўқигандан кўпроқ савоб эканлиги ҳадиси шарифларда билдирилган. Аёллар жамоат билан намоз ўқиш учун масжидга бормайдилар. Аёлларнинг  беш вақт намоз учун ёки жума, таровиҳ ва байрам намозлари учун масжидга боришлари жоиз эмас. (Радд-ул-мухтор)

Таровиҳ намози икки ёки тўрт ракатда бир салом берилиб ўқилади. Лекин икки ракатда бир салом бериб ўқиш афзал. Таровиҳ намозини ўн ракатда бир салом бериб, икки салом билан тугатиш макруҳдир. Шофеъий мазҳабида асло саҳиҳ эмас. Таровиҳ витрдан аввал ўқилади. Витрдан кейин ҳам ўқиш жоиз.

Таъдили аркон Ҳанафийда вожиб, Шофеъийда эса фарз. Шунинг учун таровиҳни шошилиб ўқимасдан таъдили арконга риоя қилиб ўқиш керак.

Савол: Таровиҳни ўқий олмасак қазосини ўқиш керакми?

Жавоб: Ўқилмаган таровиҳ намозининг қазоси ўқилмайди.

Савол: Хуфтонни жамоат билан ўқиган киши таровиҳни ёлғиз, витрни эса жамоат билан ўқий оладими?

Жавоб: Ўқий олади. Ҳатто таровиҳни ўқимаса ҳам, фарзда иқтидо қилган имомига иқтидо қилиб витрни ўқий олади. Имом билан бирга хуфтоннинг фарзи ўқилса, сўнгра имом кетса, жамоатдан бири имом бўлиб, таровиҳни ва витрни ўқитса, саҳиҳ бўлади. бир неча киши масжидга кирганида хуфтон фарзини ўқиб бўлганини кўрсалар, бири имом бўлиб хуфтоннинг фарзини ўқитса ва таровиҳни ўқитаётган имомга иқтидо қилишса, витрни ҳам шу имом билан ўқишса, саҳиҳ бўлади.

Бир узр сабабли масжидга кела олмаган одам таровиҳни уйда ёлғиз ўзи ўқиши мумкин. Онаси, аёли ёки қизи билан ҳам жамоат қилиши мумкин. Лекин имомнинг эътиқоди дуруст бўлса ва суннатга мос ўқитса, эркаклар масжидга боришлари керак. 

Савол: Баъзи имомлар таъдили арконга риоя қилмай, таровиҳни жуда тез ўқитади. Бундан ўқитишлари саҳиҳми?

Жавоб: Ҳанафийда таъдили аркон вожиб. Вожиблардан бири қасдан тарк қилиниб ўқилган намозни қайтадан такрор ўқиш вожибдир. Унутилиб тарк этилса, саждаи саҳв керак бўлади. Таъдили аркон Шофеъийга кўра фарздир. Фарз тарк этилса, намоз умуман саҳиҳ бўлмайди. Таровиҳ бўлса ҳам саҳиҳ бўлмайдиган даражада тез ўқиш жоиз эмас. 

Савол: Хуфтон намозини ўқигандан кейин витрни ўқиб, кечаси саҳарликка турганида таровиҳни ўқиш жоизми? Яъни ҳар қандай бир сабаб билан витрни таровиҳдан аввал ўқишнинг бир зарари борми?

Жавоб: Таровиҳ витрдан аввал ўқилади. Витрдан кейин ҳам ўқиш жоиз. 

Савол: Таровиҳда ҳар тўрт ракат ўқигандан кейин нималар ўқилади?

Жавоб: Тўрт ракат ўқиладиган муддат ўтириб, саловати шарифа ёки тасбиҳ ёки Қуръон ўқиш суннат. Икки ракат орасда ўтирилмайди. Баъзи жойларда “соллу аъла Муҳаммад” дейилади. Бу ифода “Муҳаммад алайҳиссаломга саловот келтиринг” деганидир. Бундай демасдан “Аллоҳумма солли аъла Муҳаммад” дейиш лозим. Албатта узунроғини айтиш афзалроқ. 

Савол: Таровиҳда жўр бўлиб ўқилган саловоти шарифлар жоизми?

Жавоб: Ҳа. 

Савол: Чет эллик биродарим Шофеъий мазҳабида. Уларнинг мазҳаби бўйича, қазоси бўлган кишининг вақтнинг суннатларини, таровиҳ ва витр каби суннат намозларни ўқиши ҳаром бўлади. Биз (ҳанафийлар) таровиҳ ўқиётганимизда у бизнинг имомга иқтидо қилиб қазо ўқий оладими?

Жавоб: Шофеъий мазҳабида суннат ўқиётган имомга иқтидо қилиб қазо ўқиш мумкин. Имом тўрт ракатда бир салом бераётган бўлса, илк қазога қолган пешин, аср ёки хуфтоннинг фарзига ният қилиб, қазо ўқиши мумкин. Имом икки ракатда бир салом бераётган бўлса, бомдод намозининг фарзига ният қилиши мумкин. Ҳанафийда эса қазо ўқиган киши таровиҳни ўқитаётган имомга иқтидо қилолмайди. 

Савол: Аёл имомнинг аёлларга таровиҳ ўқитиши жоизми?

Жавоб: “Аёл кишининг аёлларга имом бўлиши таҳриман макруҳдир. Таҳриман макруҳ ҳаромга яқин дегани. Макруҳ бўлган намоз саҳиҳ бўлса ҳам, қабул бўлмайди. Яъни савоб берилмайди.” (Радд-ул мухтор)

“Шофеъийда аёл кишининг аёлларга имом бўлиши жоиз. Моликийда эса саҳиҳ эмас.” (Танвир, Мизон) 

Савол: Таровиҳ намозини ўқиётганида масбуқ бўлиши мумкинми? Тўрт ракатда бир салом бериладиган бўлса, иккинчи тўрт ракатнинг тўртинчи ракатига етишган киши таровиҳни қандай ўқийди?

Жавоб: Таровиҳда ҳам масбуқ бўлади. Тўртинчи ракатига етишса, дарров ўрнидан туриб кетмаслиги керак. Имом тугатганидан кейин бошидан бошлаши лозим. Тўртинчи ракатига келганида ўрнидан туриб яна уч ракат ўқиши керак. сўнгра иккинчи тўрт ракатга ҳам етиша олмайди. Яъни таровиҳ тугагунича масбуқ бўлиб қолади. Агар илк тўрт ракатга иқтидо қилмаса масбуқ бўлмайди. Қолиб кетган тўрт ракатни витрдан кейин ўқийди. 

Савол: Рамазонда жамоат билан таровиҳ ўқиётган киши қазога қолган намозларига ният қилиши жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас. 

Савол: Рамазонда Шофеъий мазҳабидаги имом Ҳанафийларга таровиҳ ва витр ўқита оладими?

Жавоб: Ҳа ўқита олади. Шофеъийда таровиҳ намозида икки ракатда бир салом берилади. Ҳанафийда эса икки ракатда бир салом бериш афзалдир. Бу жиҳатдан таровиҳда Шофеъий имомга иқтидо қилишнинг ҳеч бир зарари йўқ.

Савол: Хуфтоннинг фарзини жамоат билан ўқиган беш-ўн кишининг бошқа бир масжидга бориб, таровиҳ ўқитаётган имомга иқтидо қилишлари жоизми?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Таровиҳ намозининг барини бирдек ўқиши шартми? Масалан, 20 ракат давомида баъзан 4, баъзан 2 ракат қилиб ўқиса бўладими?

Жавоб: Ҳа, жоиз. 

Савол: Қазоси бўлган кишининг жамоат билан ўқиладиган таровиҳ намозида таровиҳ намозига ният қилиши керакми ёки қазога қолган намозларига?

Жавоб: Жамоат билан ўқилган таровиҳ намозида қазога ният қилинмайди. Жамоат билан фақатгина бирдай намозлар қазо қилинади. Ҳар кимнинг қазолари турли бўлади. 

Савол: Масжидга кирганида таровиҳ ўқилаётган бўлса, у киши хуфтоннинг фарзи ва суннатини ўқиб бўлганидан кейин жамоатга қўшиладими ёки дарров қўшиладими? Жамоатга қўшиладиган бўлса улгура олмаган ракатларни қандай тамомлайди?

Жавоб: Хуфтоннинг фарзини бир чеккада ўқиб олади. Сўнгра жамоатга қўшилади. Улгура олмаганларини витрдан кейин ўзи алоҳида ўқийди. 

Савол: Фарз қазомиз бўлгани учун таровиҳ ўрнига қазо намози ўқисак, таровиҳ ҳам ўқилган бўлиб саналадими?

Жавоб: Хуфтондан кейин бир кунлик қазо намозлар ўқилса, таровиҳ ҳам ўқилган бўлади. Лекин қазо ўқилаётганда таровиҳга ҳам ният қилинса, ният савобига ҳам эришган бўлади. 

Савол: Қазога ният қилиб таровиҳ намозини уйда бир неча киши жамоат бўлиб ўқисак жоизми?

Жавоб: Қазо намози ҳаммада айни намоз бўлмагани учун жамоат билан ўқилмайди. Агар барчаси бир кун, бир вақтда қолдирилган қазо намозини ўқийдиган бўлсалар, мумкин бўлади. 

Савол: Жамоат билан таровиҳда иштирок этиб, лекин қазо намози ўқиётган одам таровиҳ намозининг ораларида қомат айтишга вақти бўлмайди. Қазоларни қоматсиз ўқиш дурустми?

Жавоб: Жамоат билан таровиҳ ўқилаёганда унга қўшилган одам қазога ният қила олмайди. Қазо намозини уйда ўқиши керак. Уйда қазони ўқиётганида таровиҳга ҳам ният қилса бўлади. 

Савол: Таровиҳни энди бошлаётганда имомнинг икки ёки тўрт ракатлик қилиб ўқитишини билмаймиз? Биз икки ракат дебми ёки тўрт ракат деб ният қилишимиз керак?

Жавоб: Фақат таровиҳга деб ният қилинади. Имом неча ракатлик қилиб ўқитса ҳам фарқи бўлмайди. 

Савол: Таровиҳнинг ўрнига қазо ўқиётганда ораларида таровиҳ дуоларини ўқисам бўладими?

Жавоб: Ҳа, жуда яхши бўлади. 

Савол: Таровиҳ ўқиётганда энг бошида ният қилиб бошқаларида ният қилмасак ҳам бўладими?

Жавоб: Бўлади. 

Савол: Рўза тутолмаган кишининг ҳам таровиҳ ўқиши керакми?

Жавоб: Ҳа. 

Савол: Таровиҳ намозини қазога ният қилиб ўқиганда жами 20 ракат бўлиши керакми? Яъни айтайлик икки кунлик намозларнинг қазосини ўқисак бўлмайдими? Таровиҳ намозининг савобини ола олиш учун ният қандай бўлиши керак?

Жавоб: Бир кунлик қазо намозларни ўқиётганида таровиҳга ҳам ният қилса, қазо билан бирга таровиҳ ўқилган бўлади. Икки кунлик қазо ўқиса, яна-да яхши. Қазо намозлари қанчалик кўп ўқилса, савоби ҳам шунчалик кўп бўлади.

Савол: Имом ва жамоат ҳам қазога ният қилиб, уйда жамоат билан таровиҳ ўқий оладими?

Жавоб: Агар бир кунда, бир вақтда қазога қолдирган намозининг қазоси бўлса, мумкин. Лекин буни мос келтириш жуда қийин. Шунинг учун алоҳида-алоҳида ўқиш керак. 

Савол: Шофеъийда таровиҳ намози неча ракатда бир салом билан ўқилади?

Жавоб: Икки ракатдан ўқилади. 

Савол: Қазоси бўлмаган одам уйда ёлғиз ўзи ўқиса таровиҳга ният қилиши керакми ёки қазога?

Жавоб: Икковига ҳам ният қилиши яхши бўлади. 

Савол: Қазоси бўлган одам таровиҳ намозини ўқий оладими? Шофеъийда ҳам шундайми?

Жавоб: Қазоси бўлганлар таровиҳни ўқий олмайди. Шофеъийда ҳам худди шундай. 

Савол: 10 йиллик қазо намозларим бор. Таровиҳ намозини ўқий оламанми?

Жавоб: Қазоси бўлган кишилар нофила ва суннат намозларини ўқий олмайдилар. Таровиҳ намози ҳам суннат. Унинг ўрнига қазо ўқиши керак. Қазо намозини ўқиётганида таровиҳга ҳам ният қилса бўлади. 

Савол: Таровиҳ намози 20 бўлишига қарамай, баъзи кимсалар “камроқ ўқиса ёки умуман ўқимаса ҳам бўлади” дейишмоқда. Булар тўғрими?

Жавоб: Суннат бўлгани 20 ракат. Кам ўқиган кам савоб олади. Тўла ўқиган кўп савоб олади. Умуман ўқимаса катта савобдан маҳрум қолади. Чунки ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Рамазонда ишониб ва савобидан умид қилиб таровиҳ намози ўқиган кишиларнинг гуноҳлари авф этилади.” (Насоий) 

Савол: Таровиҳ ўқимаган киши хуфтонни ўқиган имоми билан витрни ҳам ўқий оладими?

Жавоб: Ҳа, ўқий олади. Имом таровиҳ ўқимаса ҳам хуфтон билан витрни жамоат билан ўқита олади. 

Савол: Витрни ўқётганида Қунут дуоси Рамазонда товуш чиариб ўқиладими?

Жавоб: Қунут дуоси ҳар доим паст овозда ўқилади. 

Савол: Таровиҳ намозини бошлаётганда ва таровиҳ тугагандан кейин қайси дуолар ўқилади?

Жавоб: Таровиҳ намозига турилаётганда ўқиладиган дуо: Субҳона зил мулки вал малакут. Субҳона зил иззати вал азамати вал жалоли вал жамоли ва жабарут. Субҳонал маликил мавжуд. Субҳонал маликил маъбуд. Субҳонал маликил хаййиллази ла йанаму ва ла йамут. Суббуҳун қуддусун Раббуна ва Раббул малоикити варруҳ. Марҳабан, марҳабан, марҳабо ё шаҳри рамазон. Марҳабан, марҳабан, марҳабо ё шаҳрал-баракати вал ғуфрон. Марҳабан, марҳабан, марҳабо ё шаҳрат-тасбиҳи ват-таҳлили ваз-зикри ва тиловат-ил Қуръон. Аввалҳу, охирҳу, зоҳируҳу, ботинуҳу ё ман ла илоҳа илла ҳу.

Эслатма: Рамазоннинг ўнбешидан кейин марҳабан, марҳабан, марҳабан...ларнинг ўрнига алвидо, алвидо, алвидодейилади.

Таровиҳ тугагандан кейин ўқиладиган дуо: Аллоҳума солли аъла саййидина Муҳаммадин ва аъла оли саййидина Муҳаммад. Би адади кулли дааин ва давааин ва борик ва саллим алайҳи ва алайҳим касира. Уч марта ўқилади, учинчисида“касира” ўрнига “касирон касиро” дейилади. Ё Ҳаннон, ё Маннон, ё Даййон, ё Бурҳон. Ё Зал-фадли вал эҳсон наржул авфа вал ғуфрон. Важъална мин утақои шаҳри Рамазон би ҳурматил Қуръон. 

Савол: Қазо намозларидан қарзимиз йўқ. Бунга қарамай суннатларни ўқиётганимизда қазо намозига ният қиламиз. Мабодо бирорта қазо намозимиз бўлса шунинг ўрнига ўтади. Қазомиз йўқ бўлса, фарзнинг ёнида бир намоз ўқиш билан суннатни ўқиган бўламиз. Бундан ташқари, "суннатни ўқишга" деб ният қилганимиз учун суннат савобига ҳам эришамиз. Уйда бўлганимизда вақтнинг суннатларидагидек қазоси бўлмаган киши шом ва витрнинг қазосини ўқиётганида таровиҳга ҳам ният қила оладими? Тўрт ракатли фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракатида замми сура ўқиш керакми?

Жавоб: Қазоси бўлмаган киши шом ва витрнинг қазосини ўқиётганида таровиҳга ҳам ният қила олади. Тўрт ракатли фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракатларида замми сура ўқиш керак эмас, ўқиса ҳам зарари бўлмайди. Қазо намозидан қарзи бўлмаган кишилар икки киши бўлсалар ҳам албатта жамоат билан таровиҳ намозини ўқишлари керак. Ҳар қандай бир сабаб билан масжидга боролмаган ва жамоат тополмаган киши қазо ўқиётганида таровиҳга ҳам ният қила олади. 

Савол: Таровиҳ намозида биринчи ўтириш фарз бўлганига қараганда, таровиҳ намозини тўрт ракатлик қилиб ўқиётган бўлса, имом биринчи ўтиришни унутиб, 3-ракатга туриб кетса, дарров ўтиришни билмаса ёки унутса, намознинг охирида саждаи саҳв қилса, намоз саҳиҳ бўладими?

Жавоб: Ҳа, саҳиҳ бўлади. Таровиҳ ҳам аслан нофила намоздир. Нофила намозларда ҳар икки ракатда бир ўтириш фарз. Лекин янглишиб, илк ўтиришни тарк этса, сажда-и саҳв қилиб, намозини давом эттириши жоиз. (Хулоса) 

Савол: Таровиҳ намозини тўрт ракатлик қилиб ўқиётганида илк икки ракатида Фалақ ва Нос, кейинги ракатларда Фил ва Қурайш сураларини замми сура сифатида ўқиш жоизми?

Жавоб: Нофилаларда ҳар икки ракат мустақил бир намоз ҳисобланади. Таровиҳ суннати ҳам нофила намоз дегани. Учинчи ракатларида иккинчи ракатдагидан аввалги сурани ўқиш макруҳ бўлмаса ҳам буни одатга айлантиришнинг макруҳ эканлигини билдирган олимлар ҳам бор. Шу жиҳатдан учинчи ракатларда иккинчи ракатдагидан аввалги сураларни ўқимаслик лозим. 

Савол: Таровиҳда ҳар тўрт ракат ёки икки ракат ўқигандан кейин нималар ўқилади?

Жавоб: Таровиҳ "тарвиҳа" калимасининг кўплигидир. Тарвиҳа-  истироҳат ўтириши, яъни дам олиш учун ўтириш деганидир. Ҳар тўрт ракатдан кейин ўтирилгани учун бу намозга таровиҳ дейилган. Икки ракатлар орасида ўтирилмайди. Тўрт ракат орасида тўрт ракат намоз ўқийдиган муддат ўтириб, саловот-и шарифа, тасбиҳ, Қуръони карим ўқиш ёки овозсиз кутиш суннат. (Радд-ул мухтор)

Бу ерда илоҳий ёки нашида деб аталувчи мусиқасиз диний шеърни оҳангга солиб ўқиш ҳам мумкин. Мана шундай нашида (ғазалу қасида) лар айтилиб, ўқиладиган Андарун усули деб номланувчи таровиҳ намози ҳам жоиз. Лекин Қуръони каримни нағма билан ўқиш жоиз эмас. Бу хусусда фиқҳ китобларида айтиладики: “Қуръони каримни нағма билан, яъни овозини мусиқий пардаларга мослаб ўқиш, ҳарфларни бузмаса, макруҳ бўлади. Чунки фосиқларнинг нағмаларига ўхшаб қолади. Агар ҳарфлари ўзгарадиган бўлса, ҳаромдир. Ўқиш макруҳ бўлган бир нарсани тинглаш ҳам макруҳдир. Ўқилиши ҳаром бўлган нарсани тинглаш ҳам ҳаром. Нағма билан ўқийдиган имом орқасида ўқилган намознинг иёдаси, такрор ўқилиши керак. (Ҳалаби-йи сағир)

Савол: Таровиҳни қайси вақтгача ўқиш мумкин?

Жавоб: Таровиҳ хуфтон ўқилгандан кейин имсок вақтигача витрдан аввал ҳам, кейин ҳам ўқилади. (Ҳиндия) 

Савол: Жамоатга улгура олмай хуфтон намозини ёлғиз ўқиган киши таровиҳни жамоат билан ўқи оладими?

Жавоб: Ҳа, мумкин. 

Савол: Масжидда икки имомимиз бор. Бири хуфтоннинг фарзини ўқитади, наригиси эса таровиҳни ўқитади. Таровиҳни шундай усулда ўқиш жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз. 

Савол: Таровиҳни жамоат билан ўқимаган киши фарзни ўқиган имоми билан витрни ўқий оладими?

Жавоб: Ҳа.