Фарз: Аллоҳу таоло амр қилган ва бажарилиши мажбурий бўлган ишлардир. Бир ибодатнинг фарзлари бажарилмагунча ўша ибодат саҳиҳ бўлмайди. Намознинг саҳиҳ бўлиши учун эса, ўн иккита шартининг бажарилиши лозим. Бу фарзларнинг еттитаси намоз ташқарисида, бештаси эса ичидадир. Ташқарисида бўлган фарзларга “шартлари”, ичидаги фарзларга эса “рукнлари” дейилади. [Баъзи олимлар, таҳрима такбирини намознинг ичидаги фарзлардан деб санаганлар. Бу олимларга кўра, намознинг шартлари ҳам, рукнлари ҳам олтита бўлади. ]
А)Намознинг ташқарисидаги фарзлар
(Шартлари)
1.Ҳадасдан таҳорат: Таҳоратсиз бўлган одамнинг таҳорат олиши ва жунуб (яъни булғанган) кишининг ғусл олишига айтилади.
2.Нажосатдан таҳорат: Намоз ўқийдиган одамнинг вужудини, кийимини, намоз ўқийдиган жойини катта-кичик нажосатдан, яъни динимизда кир деб билинган нарсалардан тозалашига айтилади. (Мас: қон, сийдик, спирт, йирингга ўхшаш моддалар динимизда нажс бўлиб ҳисобланади.)
3.Сатри аврат: Аврат жойини беркитмоқ, яъни ёпмоқ деганидир. Ёпиниш, кийиниш - Аллоҳу таолонинг амридир. Мукаллаф бўлган инсоннинг, намоз ўқиётганида очиши ёки ҳамма вақт бошқа бирига кўрсатиши ва бошқаларнинг ҳам қараши ҳаром бўлган жойларига АВРАТ ЖОЙИ дейилади. Эркакларнинг киндик билан тизза оралари, аёлларнинг юз ва кафтдан бошқа бутун баданлари - аврат жойи саналади.
4.Истиқболи қибла: Намоз ўқишдан аввал Қиблага қараб туришга айтилади. Мусулмонларнинг Қибласи - Макка шаҳрида жойлашган Каъба биноси эгаллаган майдондир. Яъни ўша майдоннинг ер шаридан Аршгача бўлган бўйига Каъба дейилади.
5.Вақт: Намозни ўз вақтида адо этишга айтилади. Яъни намоз вақтининг кирганини қатъиян билиш ва ўқийдиган намозининг вақтини кўнглидан ўтказишдир.
6.Ният: Намозга бошлашдан аввал қалб билан ният қилишга айтилади. Ёлғиз оғиз билан айтишга ният дейилмайди. Ният - намознинг исмини, вақтини, қиблани, жамоат билан ўқиладиган бўлса, имомга иқтидо қилишни қалбдан ўтказиш деганидир. Ният таҳрима такбиридан аввал қилинади. Такбирдан кейин қилинган ният, тўғри бўлмайди ва намоз ҳам қабул этилмайди.
7.Таҳрима такбири: Намозга бошлаётганда “Аллоҳу акбар” деганидир. Бу такбирга “ифтитоҳ такбири” ҳам дейилади. Намозга кириш учун “Аллоҳу акбар”дан ўзга бир сўз айтилса, намозга кирилган бўлиб саналмайди.
Б) Намознинг ичидаги фарзлар
(Рукнлари)
Намозга бошлангандан кейин, мутлақо бажарилиши керак бўлган беш фарз бордир. Буларга Рукн дейилади. Намознинг ичидаги фарзлар қуйидагилар:
1.Қиём: Намозга бошланганда тик туришга айтилади. Тик туриб ўқишга кучи етмайдиган беморлар, ўтирган ҳолатда ўқишади. Ўтира олмайдиган даражада бетоб бўлган кишилар эса, жойида ётган ҳолатда (имо-ишорат билан) ўқийди. Стул, кресло, курси ва ўриндиқ каби ўтиришга мосланган жиҳозларга ўтириб намоз ўқиш жоиз эмас.
2.Қироат: Маъноси оғиз билан ўқиш демакдир. Яъни Қуръони каримдан сура ёки оят ўқишга айтилади. Ичида кўнглидан ўтказишга қироат дейилмайди.
3.Рукуъ: Қиёмда қироатдан кейин қўлларни тизза кўзи устига қўйган ҳолатда эгилиш деганидир. Рукуъда энг камида уч марта “Субҳона роббиял озыйм” дейилади ва “Самиъ аллоҳу лиман ҳамидаҳ”- деб қад ростланади. Бу ҳолатда, ҳеч қимирламасдан “Роббана лакал ҳамд” дейилади.
4.Сажда: Рукуъдан кейин қилинадиган ҳаракат бўлиб, қўлни, пешонани ва бурунни кетма-кет ерга қўйиш билан адо этилади. Ҳар бир саждада энг камида уч марта “Субҳона роббиял аъло” – деб айтилади.
5.Қаъда-и охира: Охирги ракъатдан кейин аттаҳийёту дуосини ўқиш учун ўтган вақт қадар ўтиришга айтилади. Бунга “охирги ўтириш” ҳам дейилади.