Жаброил алайҳиссалом бир келишида Расулуллоҳга таҳорат олишни кўрсатди ва бирга икки ракат намоз ўқидилар. Расулуллоҳ ўшанда жуда хурсанд ҳолда уйга қайтдилар. Ҳазрати Хадижа волидамизнинг қўлларидан тутиб, сувнинг олдига олиб бордилар. Аввал таҳорат олишни, сўнгра намоз ўқишни ўргатдилар. “Аллоҳга аҳд бўлсинки, Аллоҳ менга Хадижадан ҳам яхшироқ инсонни насиб этмаган. Ҳамма мени инкор қилганида, у имон келтирди. Ҳамма мени ёлғончига чиқарганида, у тўғрисўзлигимни тасдиқ қилди. Одамлар мени тарк қилиб, ташлаб қўйганларида, у мол-мулки билан ёрдамга шошилди. Аллоҳ ундан менга авлод насиб қилди.” (Ҳадиси шариф)
- Сарваримиз изларидан - 12
М. Саид АРВОС қаламидан
Майсара Бусра сафаридан қайтганидан кейин Ҳабибуллоҳни гўзал хотиралар билан ёдга олади. Ҳазрати Хадижа Майсарани қулликдан озод қилиб, аёлини ҳам ҳур ҳолида унга топширади. Уларга кўп мол-мулк ва олтин беради.
Хизматкорининг гапириб берганлари кўрган тушига мос эди, қувончи ичига сиғмайди. Тасаввур қилинг... Афзали мавжудотга, Набийлар султонига рафиқа бўлиш...
Яхшику-я, лекин бу ишни қандай амалга оширади? Ким воситачи бўлади уларга? Кайфияти ўзгарганидан бу ҳол сирдоши Нуфайса (Нафиса) Бинт-и Мунаббиҳнинг назаридан четда қолмайди. “Сенга нима бўлди, қизим” деб сўрайди. Ҳазрати Хадижа Муҳаммад-ул амин билан турмуш қуриш орзусида эканлигини айтади. Нуфайса ақлли аёл эди. “Сен бу ишни менга қўйиб бергин” дейди. Расулуллоҳга гўёки йўлда тўсатдан дуч келиб қолгандек бўлиб, ундан “Ҳай, ўғлим, сени уйланишингга нима моне бўлмоқда?” дейди.
- Ё Нуфайса, оила қуришни ким истамайди дейсиз. Аммо биласизки, қўлимиз калта.
- Сенга иффатли, шарафли, одобли, мол ва жамол соҳиби бир аёл топсам?
- Ким бу хоним?
- Хадижа бинт-и Ҳувайлид!
Яхшику-я, лекин шунча бадавлат толиблари турганда унга тегармиди? Нуфайса Жанобимизнинг тараддудини ҳис этиб “Сен розимисан, йўқми, шуни айтгин. Бу ёғи бизга ҳавола.” дейди. Нуфайса хоним ижобий жавобни олгандан кейин бориб-келиб, иккови орасида алоқа ўрнатади. Шундай қилиб, Расулуллоҳнинг амакилари Абу Толиб билан Ҳамза, Амр бин Асаднинг эшигини қоқиб, жияни Хадижага совчиликка келадилар.
Абу Толиб “Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бизни Иброҳимнинг зурриётидан, Исмоилнинг наслидан, Маъаднинг жавҳаридан ва Мудорнинг қонидан яратди. Бизни Макканинг мансуби, Каъбанинг қўриқчиси ва халқнинг раиси қилди... Муҳаққақ, Муҳаммад жуда шарафлидир, йигитликда, фазилатда ва ақлда қайси йигит билан таққосланса, улардан устун келади. Тўғри, мол-мулки оз, лекин бойлик дегани нима? Ўткинчи соядек нарса. Келади-кетади, олинади-берилади, йўқотилади, омонатдан бошқа нарса эмас” дейди.
Абу Толибнинг гаплари таъсирли эди, лекин Хадижа бўлажак ёри ҳақида бундан ҳам яхшироғини билади. Исми гўзал Муҳаммад охирги пайғамбар бўлади. Бошқа гапга не ҳожат.
Икки тараф маҳрни келишадилар. Никоҳни Варақа бин Навфал ўқиди. Ҳазрати Абу Бакр яқин дўстининг Хадижадек хоним билан уйланаётганига хурсанд бўлиб, ҳамёнини мунтазир қилиб, “Истаганингизча олинг, тилагинингиздек сарфланг”- дейди.
Ҳазрати Хадижа меҳмонхонасининг ҳамма ёғини тозалатиб, безатди. Фахри олам ичкарига кирганида хизматчилар қўлларидаги идишлардан йўлига жавоҳир сочдилар. Онамиз шу куннинг ҳурмати учун барча қул ва чўриларини озод этади. Бор будини, барча нарсасини Жанобимизга бағишлайди. “Эҳтиёжингиз учун ҳеч кимдан қарздор бўлманг. Бутун мол-мулким сизники. Менинг ўзим ҳам сизга муҳтожман...” дейди. Шу кундан кейин тижорат ишларини Жанобимиз зиммаларига оладилар. Ишларига Соиб бин Абдуллоҳни шерик қиладилар.
Бу қутлуғ никоҳ 24 йил давом этади. Расул-и Акрам бу муддатда фақат ҳазрати Хадижа волидамиз билан никоҳда бўладилар. 6 нафар фарзандлари бўлади, уйлари қувончга тўлади.
Илк фарзандлари Қосимдир. Шу сабабли Набиййул муҳтарамга “Абул Қосим” дейишади... Ҳикмати Худо, Жанобимизнинг ўғиллари кўп яшамайди. На Қосим, на Иброҳим, на Абдуллоҳ...
Аллоҳнинг Ҳабиби қиз фарзандлари бўлганига ҳам мамнун бўлади. Уларни ардоқлаб ўстиради. Қизлари ҳам ҳали ўзлари ҳаётлигида вафот этиб кетишади. Зайнаб, Умму Гулсум ва Руқаййанинг аламини тортадилар. Қандай қийин имтиҳон...
Фотима-туз-Заҳро эса, Жанобимиздан олти ой кейин Дор-ул-бақога кетади.
Бир гал Абу Толиб қийинчиликка тушиб қолади. Жанобимиз нариги амакиси Аббоснинг олдига бориб “Амакимнинг оиласи катта, топиш-тутиши кам. Болаларини бўлиб олсак” дейди. Ҳазрати Аббос Жаъфарни (родиаллоҳу анҳ), Жанобимиз эса Алини (карамаллоҳу важҳаҳ) уйига олиб келади. Али 5 ёшида бўлишига қарамай Сарвари коинотнинг ҳар бир ҳолатини тақлид қила бошлайди. Хадижат-ул-Кубро уни она меҳри билан бағрига босади.
*
Ханиф умматининг обидлари уч ойларда узлатга чекинардилар... Тоғларда кечалари ибодат этардилар. Жанобимизнинг бобоси Абдулмутталиб ҳам булардан биридир. Масалан, 35 ёшидан кейин Фахр-и олам ҳам ёлғизликни севадиган бўлиб қолдилар. Тик ва баланд бўлган Хиро тоғига чиқиб, қушлар парвози баландлигида тафаккурга чўмардилар. Бир тарафи уфққа қадар чўл, бир тарафи эса баланд-баланд тоғлар... Бепоён само, ой мунис, юлдузлар порлоқ. Баъзан Маккага тушиб, Каъбаи шарифни тавоф этар. Сўнгра озиқ-овқат ғамлаб, Жабал-и Нурга кўтарилардилар. Озиқ-овқат деганимиз гўшт, сут, нон, баъзан зайтун ёғи эди.
Тоғда ойлаб қолиб кетардилар. У пайтларда егуликни Хадижа волидамиз келтирарди. У вақтларда ёши элликдан ошганди. Шаҳардан пиёда келиб, тик қояларга тирманиб чиқиш, қайтиб тушиб, шаҳарга қайтиш анча заҳматли иш эди. Онамиз эса буни сева-сева қилар, буни ўзлари учун неъмат деб биларди. Жанобимизнинг кўзлари ухлар, қалби ухламасди. Тушлари содиқ эди, албатта рўёбга чиқарди.
Вақти-вақти билан нурлар кўрар, тошлар, дарахтлар шивирларди.
Бир кеча Хиродан қайтаётиб, Сафо билан Марва орасида бир таъсирли овоз эшитади: “Ё Муҳаммад! Сен Аллоҳнинг Расулисан, мен Жаброилман!” Махлуқот таъзимда, наботот саломга эгилмоқда. Уйга келадилар. Ҳазрати Хадижа Жанобимизни эшикда кутиб олади. Юзларида авваллари ҳеч кўрилмаган ўзгача бир нур, гуллардан ҳам хушбўй ифорлар таралмоқда эди.
- Эй Хадижа, кўзларимга қандайдир шарпалар кўриниб, ғалати овозлар эшитяпман. Яна жинлар теккан бўлмасин? Биласан, қоҳинларни (жин билан гаплашувчи фолбинлар) хушламайман.
- Қўрқманг, Аллоҳ сизни ранжитмайди, уялтирмайди. Жинлар сизга яқинлаша олмайди. Чунки гўзал ахлоқлисиз, тўғри сўзлисиз, омонатга хиёнат қилмайсиз. Қариндошларингиздан хабар олиб турасиз, меҳмон кутишни ҳуш кўрасиз. Мен сизнинг Пайғамбар бўлишингизга ишонаман.
Унга Умм-ул-айтам (етимларнинг онаси) дейишардики, уйи йўқсилларнинг паноҳи эди. Жоҳилия даврида саноқсиз қиз фарзандларни тириклайин кўмилишдан қутқарган Хадижа волидамизнинг уйи ўша пайтларда гўё болалар уйига айланганди...
Усмонлилар муҳофаза қилди
Хадижа волидамизнинг Усмонлилар тарафидан иншо қилинган мақбараси 20-асрнинг бошларига қадар муҳофаза этилди. Зеро шу вақтга қадар Усмонийлар Жаннат-ул-Муаллони кўз қорачиғидек сақлаб келган эди.
Жаннат-ул Муаллони ер билан яксон қилишди
Усмонийлар Қонуний Султон Сулаймон (муҳташам Сулаймон) даврида Хадижа волидамизнинг қабри устига чиройли мақбара қурдилар. Ҳожилар албатта Жаннат-ул-Муалло қабристонига бориб, волидамизга фотиҳа ўқирдилар. Ҳозиргилар ҳам бунга аҳмият беришлари керак. Бугун биз қабрлари Жаннат-ул-Муаълло қабристонида эканлигини билган Жанобимизнинг ўғиллари Қосим ва Абдуллоҳ билан кўплаган саҳобаларнинг қабрларидан из ҳам қолмаган. Инглизларнинг ёрдами билан Арабистонни қўлга киритган Саудлар оиласи 1926 йили Маккага кириб, Хадижа волидамизнинг мақбарасини бузишди. Ҳозирги кунда Ҳарам-и шарифнинг атрофидаги равоқлар каби эскидан қолган тарихий ва маънавий бебаҳо ёдгорликлар жуда кам қолди. Кўплари бульдозер тагида қоладиган кунларини кутиб мунғайиб турибди. Ҳозирда Хадижа онамизнинг уйи ўрнида сардоба бор. Ҳазрати Абу Бакрнинг уйи эса Хилтон меҳмонхонасининг комплекси тагида қолдирилди...
“Ўқи” Раббингни номи билан!..
Рамазони шариф ойи. Қадр кечаси...
Аллоҳнинг ҳабиби Хиро ғорида эътикоф ва ибодат билан машғуллар... Кеча саҳарга яқинлашиб қолган... Бир он ғор нур билан тўлади, қаршисида Жаброил алайҳиссалом пайдо бўлади. Инсон шаклида, устида атлас чопон. Жуда ёқимли ва устидан хушбўй ифорлар келмоқда.
Ва илк амр “Иқро!” (Ўқи!)
Жанобимиз шошиб қоладилар. “Мо ано би-қорий!” (Мен ўқишни билмайман)
Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳни қучоқлаб, қувват билан сиқади: “Ўқи!”
- Ўқишни билмайман.
Жаброил алайҳиссалом яна бир қучоқлаб сиқиб, такрорлайди: “Ўқи!”
Жанобимизни учинчи марта қучоқлайди. “Ўқи! Бутун мавжудотни халқ этган Раббингни номи билан!”
Ваҳий бу, бўғин-бўғин ёдида...
“Ё Муҳаммад, сен Аллоҳнинг Расулисан, мен Жаброилман.”
Бошини қайси тарафга бурса, шу тарафда Жибрил-и аминни кўрадилар. Овози юқоридан, пастдан, тоғу тошдан келмоқда.
Уйга қайтиб “Мени яширинглар!” дейди.
Бўлган ҳодисани Хадижа онамизга айтиб берадилар. Хадижа онамиз Варақа бин Навфалга чопади. Варақа анча қариб, кўзлари кўрмай қолганди. Кучли бир ҳаяжон билан “Қуддус, қуддус” (Пок ва қусурсиз) дейди. “Эй Хадижа, айтганларига кўра унга Номуси Акбар келди, айнан Мусога келгани каби. У бу умматнинг пайғамбаридур. Айтгин, сабот қилсин, сабру тоқат келтирсин.”
Ҳазрати Хадижа охир-оқибат Утба ва Робианинг қули Аддаснинг эшигини қоқади. Илм аҳли бир зот ахир. “Жаброил ҳақида нима биласан?” деб сўрайди.
- У Аллоҳ ва Расули орасида элчидир. Аминдир. Фақат Пайғамбарларга келади, бошқаларга кўринмайди.
- Айтайлик кўринди. Унинг Жибрил-и амин эканлигини қаердан биламан.
- Рўмолингни бир чеккага суриб сочингни бироз очгин, агар Жаброил бўлса, кўздан ғойиб бўлади.
Жаброил алайҳиссалом Жанобимизни зиёратга келган кунлардан бирида Хадижа онамиз унинг айтганини қилади. Фаришта кўздан ғойиб бўлади. Энди унинг Жаброил алайҳиссалом эканлигига ишонч ҳосил қилади.