Тўғри йўлда бўлишнинг шартлари

Савол: Ҳозир турли жамоатлар бир неча масалада бир-бирларига зид қарашларга эга. Бирининг ҳалол деганига бошқаси ҳаром дейди. Бирининг суннат деганига иккинчиси бидъат дейди. Қайси жамоанинг айтганлари тўғри?

Жавоб: Ҳадиси шарифларда аҳли суннат вал жамоат эътиқодида бўлиш ва солиҳларни севиб улар билан бирга бўлишга ҳаракат қилиш, улардан ажралмаслик амр этилади. Тўғри йўлда бўлишнинг ўз шартлари бор. Буларнинг баъзиларини айтиб ўтайлик:

1) Ягона ҳақ дин исломиятдир.

Бир ояти каримада маолан “Аллоҳ наздида ҳақ дин фақат Ислом” деб таъкидланган. (Ол-и Имрон, 19) Ҳадиси шарифда: “Жаннатга фақат мусулмон бўлганларгина киради” - деб марҳамат қилинган. (Бухорий, Муслим)

2) Ҳубби филлоҳ ва буғди филлоҳ соҳиби бўлиш керак.

Уч ҳадиси шарифда: “Инсон дунёда кимни севса, охиратда ўшанинг ёнида бўлади.” (Бухорий) “Имоннинг асоси - Аллоҳ учун севмоқ ва Аллоҳ учун ёмон кўрмоқдир.” (Абу Довуд) “Жаброил алайҳиссаломдек кўп ибодат қилсангиз ҳам, мўминларни Аллоҳ учун севмагунча ва кофирларни Аллоҳ учун ёмон кўрмагунча ҳеч бир ибодатингиз, хайрот ва ҳасанотингиз қабул бўлмайди”- деб марҳамат қилинган. (Эй ўғил илмиҳоли).

3) Аҳли суннат вал жамоат эътиқодига мос эътиқод қилиш керак.

Бир ҳадиси шарифда: “Умматим 73 фирқага ажралади. Улардан 72 таси жаҳаннамга кетади, фақат бир гуруҳгина қутулади. Бу фирқа менинг ва Асҳобимнинг йўлида юрувчилардир”- деб марҳамат қилинган. (Термизий, Ибн Можа)

Имоми Раббоний ҳазратлари: “Ишониладиган, имонга тааллуқли нарсаларда агар иккиланиш бўлса, қиёматда жаҳаннамдан қутулиб бўлмайди. Эътиқоди тўғри бўлиб, амалда сустлик кўрсатса, тавба билан, балки тавбасиз ҳам авф этилиши мумкин. Жаҳаннамга кирса ҳам охир-оқибат у ердан қутулади. У ҳолда ишнинг асоси эътиқодни тузатишдир”- деб айтган. (1/193)

4) Суннатларга эргашиб, бидъатлардан узоқ туриш керак.

Яна имоми Раббоний ҳазратлари айтадики: “Баъзилар динда қилаётган ўзгартиришлари билан диннинг кам-кўстини тузатяпмиз, такомиллаштиряпмиз деб ўйлашади. Шу йўсинда анча бидъатлар чиқариб, ўша бидъатларнинг зулмати билан суннатнинг нурини ўчиришга уринишяпти. Улар диндаги нуқсонликларни бартараф қиляпмиз деб даво қилишади. Аслида билмайдиларки, дин нуқсон эмас, унда кам-кўст умуман йўқ. Бир ояти каримада маолан: “Бугун сизларга динингизни комил қилиб, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб тамомладим. Сизларга дин сифатида фақат исломни танладим ва ундан рози бўлдим” деб буюрилган. (Моида, 3) Динни нуқсон билиб, уни тузатишга уриниш бу ояти каримага ишонмаслик бўлади.” (1/260)

5) Тўрт ҳақ мазҳабдан бирида бўлиш керак.

Аҳмад Таҳтовий ҳазратлари айтадики: “Бугун ҳар мусулмоннинг тўрт мазҳабдан бирида бўлиши шарт. Тўрт мазҳабдан бирида бўлмаган мусулмон аҳли суннатдан ажралади.” (Дурр-ул мухтор ҳошияси)

Муҳаммад Ходимий ҳазратлари: “Адиллаи шариянинг тўртта бўлиши мужтаҳидлар учундир. Муқаллидлар, яъни тўрт мазҳабдан бирида бўлганлар учун далил - тобе бўлган мазҳабининг ҳукмларидир.” (Бариқа)

6) Динда нақлни асос деб олиш керак.

Ислом олимлари айтадиларки: “Фиқҳ китобларига зид бўлган ҳарқандай маълумот нотўғри. Улар билан амал қилиш жоиз эмас. Ислом илмларини ўқиб-ўрганмай, ояти карима ёки ҳадиси шариф ўқиб, уларга ўз ақли  ва чала саводи етовида маъно берадиганларга ислом олими дейилмайди. Ундайлар қанчалик ёқимли, таъсирли гаплар айтса ва ёзсалар ҳам заррача қиймати йўқ. Аҳли суннат олимлари тушунган маъноларга ва улар ёзган фиқҳ китобларига хилоф бўлган ҳечбир гап-сўзни ҳамда ёзувларни Аллоҳу таоло хуш кўрмайди. Чунки динда илҳом ва шахсий фикр далил бўла олмайди. Динда нақл асосдир. ” Ҳазрати Али айтадики: “Агар дин ақлу фикрга суянганда эди, маҳсининг устига эмас, тагига масҳ тортардим.” (Абу Довуд)

Натижа: Шахслар, китоблар, жамоатлар, гуруҳлар учун бизнинг яхши ёки ёмон дейишимиз ўлчов бўлолмайди. Яъни биз яхши деганимиз билан яхши, ёмон деганимиз билан ёмон бўлиб қолмайди. Шахс исми, китоб номи, гуруҳ номи аҳамиятли эмас. Минглаган олим ва китоблар бор. Қўлимизда агар бирон ўлчов, мезон бўлса, яхши-ёмонни топишда тараддудга тушмаймиз. Бу мезонни имоми Раббоний ҳазратлари қуйидагича таърифлаганлар: “Бир ҳукмнинг тўғри ёки нотўғрилиги унинг Аҳли суннат олимлари чиқарган ҳукмларга мос келиш-келмаслиги билан аниқланади. Чунки Аҳли суннат олимларининг айтганларига зид бўлган,  мос келмайдиган ҳар қандай маъно қадрсиз ва нотўғридир. Зеро ҳарбир адашган фирқа Қуръон ва суннат бўйича юрганини ўйлаб, залолатининг ҳидоят эканлигини даво қилмоқда. Ундайлар калта ақли ва тор дунёқарашига суяниб бу манбалардан нотўғри маънолар чиқаради. Шу тариқа тўғри йўлдан тойиб, фалокатга кетади. Аҳли суннат олимлари чиқарган  маънолар тўғри, буларга мос бўлмаганлар нотўғридир.” (1/286)

Демак йўлнинг ҳақ ва тўғрилик ўлчови - Аҳли суннат олимларининг китобларига мос келишида экан.

Яна Аҳли суннат олимлари айтадиларки: “Кимда-ким Исломни тўғри ўрганишни астойдил хоҳлаб, илтижо қилса, Аллоҳу таоло  буни насиб этишига ваъда берди. Аллоҳ ваъдасидан қайтмайди. Шунинг учун “Ё Рабби, сенга ишонаман. Сени ва Пайғамбарларингни севаман. Ислом илмларини тўғри ўрганишни истайман. Буни менга насиб этгин ва нотўғри, нопок йўлда юришдан сақлагин” деб дуо этиш, истиҳора қилиш керак. Жаноби Ҳақ унга тўғри йўлни албатта кўрсатади.”

Аллоҳу таолонинг ваъдасига ишониш, Унга сиғиниш керак. Қуръони каримда маолан:“Аллоҳ асло берган сўзидан қайтмайди” дейилган. (Зумар, 20)

Ҳозирги пайтда турли-туман гуруҳларда юрган инсонлар ҳам мана шундай деб дуо қилишдан тортинмасликлари керак. Тўғри йўлда юрган бўлсам, шу дуом натижасида Аллоҳ мени нотўғри йўлга тушириб юборади дегандек бемаъни васвасаларга берилмаслик керак. Ҳошо (астағфируллоҳ) Аллоҳу таоло асло нотўғри иш қилмайди. Балки нотўғри йўлда бўлишим мумкин деб ўйлаб “Ё Рабби кимлар тўғри йўлда бўлса, сенинг розилигинг кимлар билан бирга бўлса, менга уларни севишни, улар билан бирга бўлишни насиб этгин” - деб дуо қилиш, ялиниш керак. Агар шундоғам тўғри йўлда бўлса, бундай дуонинг зарари бўлмайди. Нотўғри йўлда бўлса, тўғри йўлга эришиб, нажот топади. Бу дуони ўқишдан гумонсираб-ҳадиксираб, ҳидоят сўрашдан маҳрум қолмаслик керак.

ҲАҚНИ ТОПИШ

Савол: Бир дўстим “Мен ҳам аҳли суннат китобларини ўқийман, сен нотўғри тушунибсан” деб, бир қанча мавзуларда мендан ўзгача хулосаларга боргани ҳақида гапирди. Қайси биримиз тўғри тушунганимизни қандай аниқлаш мумкин?

Жавоб: Ўқиган китобини тўғри тушуниш ҳам жуда катта аҳамият касб этади. Аллоҳу таоло исломиятни тўғри ўрганишни истаганга буни насиб этишига сўз берди. Аллоҳ сўзидан қайтмайди. Бу учун “Ё Рабби Ислом илмларини тўғри ўрганишни истайман. Буни менга насиб этгин ва янглиш йўлда юришдан сақлагин” - деб ёлвориш керак. Ҳақ Субҳонаҳу ва таоло унга ҳақ йўлни албатта насиб қилади. Бир ояти каримада маолан:“Ҳақ йўлни излаганларни саодатга элтувчи йўлларга эриштирамиз” дейилган. (Анкобут, 69)

ГУНОҲИ КИМГА?

Савол: Диний масалаларда савол пайдо бўлса, кўпинча ҳар ким ҳар хил одамлардан сўраб ёки дуч келган китоблардан ўқиб маълумот олишга ҳаракат қилади. Ўқиган, сўраган манбаси нотўғри маълумот берса, маълумот олувчи ҳам гуноҳкор, жавобгар бўладими? Айби-гуноҳи жавоб берувчига ёки китобга бўлмайдими?

Жавоб: Айб жавоб берувчида ёки китобда бўлса ҳам, нотўғри маълумотни ўзлаштирувчи шахс асло масулиятдан қутула олмайди. Эҳтиёткорликка ҳам риоя қилиш керак. Бир масала ҳақида нақлни асос олган  китоблардан бири ҳаром деса, бошқаси ҳалол деса, ҳаромлигига гумон қилинади. Бу ишни қилмаслик керак. Агар масала тўғри, мўътабар китобдан ўрганилса, бу нарсага ҳожат қолмайди. Бир китоб ҳар қанча нақлни асос олган бўлса ҳам, ижозатли-салоҳиятли олимлар томонидан ёзилмаган бўлса, ундай китобларга эътибор берилмайди. Тўғри йўлни, тўғри китобни топиш учун ҳам дуо қилиш керак. Аллоҳу таоло динни тўғри ўрганишни хоҳлаганларга уни насиб қилишини ваъда қилган. Аллоҳ ваъдасидан қайтмайди. Аллоҳу таоло самимият-ла астойдил ёлворган бандасига муҳаққақ тўғри йўлни кўрсатади. Тўғри йўлдаман деб қайсарлик билан дуо қилмаганлар албатта жавобгар бўлади.