Ташланган қуръа бўйича Абду Маноф ва Зуҳра ўғиллари Каъбанинг олд ва эшик тарафини, Абуддор, Асад ва Адий ўғиллари Хатим ва Хижр тарафини, Жуман ва Амир ўғиллари Яман тарафи ва Ҳажар-ул-асвад бурчагини қуришлари керак эди. Девор кўтарилиб Ҳажар-ул-асвад ҳизосига келганида келишмовчилик чиқди. Ҳар бир қабила нурли тошни ўрнига қўйишга ўзларини ҳақли деб билдилар. Шунчаликка борадиларки, Абуддор ўғиллари қон тўла идиш келтириб, унга қўлларини ботирадилар.
-- Сарваримиз изларидан -- 11
М. Саид АРВОС қаламидан
Одам алайҳиссалом билан Ҳавво волидамиз Маккага борганида Ҳақ таоло Байти маъмурни юборади.
Бу байт охир-оқибат самога олиб чиқиб кетилади. Одам алайҳиссалом фаришталар билан бирга Байти шарифни қура бошлайди. Албатта Байти маъмур каби жавоҳирдан эмас, қул меҳнати, тош-тупроқдан эди.
Бир ривоятга кўра, Шит алайҳиссалом ҳам Каъбаи шарифни янгидан қуради.
Каъба Нуҳ алайҳиссалом замонидаги тўфон туфайли йўқолади. Ҳазрати Иброҳим ва ўғли ҳазрати Исмоил ўрнини топиб, янгидан қурадилар. Ортидан Амалика тоифаси, кетидан Журҳумийлар... Ва шу тариқа қурайшликларга навбат келади. Бугун сизларга шу ҳақда баён қиламиз.
Ҳазрати Иброҳим қурган Каъба 9 аршин баландликда эди. Бир аршин 24 бармоқ эканини назарда тутсак, 6 метрдан бироз баланд...
Тошлар бир-бири устига терилган, қоришма ва лой ишлатилмаган. Унинг шифти ҳам бўлмайди. Жанобимизнинг боболаридан Кусай Каъбанинг деворларини янгидан ўраб, давм дарахти ва пўсти шилинган хурмо шохлари билан шифтини ёпади. Буҳурдонда уди ҳиндий (Уд дарахти) тутатган бир аёл бехосдан Каъба ёпинчиғини ўт олдириб, шифти ҳам ёниб кетади. Деворлар ҳам ҳар жойидан ёрилиб кетади.
Макка тез-тез ёмғир ёғиб турадиган шаҳар эмас, лекин ёмғир бир бошласа, яхшигина ёғади. Тоғлардан сел келиб, йўлидаги барча нарсани оқизиб кетади. Каъба ҳам бир неча бор сув тошқинига учрайди. Деворларини мустаҳкамлаш тақозо этади.
Қурайшликлар Каъбани янгидан қуришни истайдилар, лекин эскисини бузишга ботина олмайдилар, тўғрироғи жасоратлари етмайди. Чунки бу билан илоҳий ғазабга учрамасликларига ким кафолат беради?
Шу кунларда Византиянинг бир кемаси Жидда яқинларида қояларга урилиб ҳалокатга учрайди. Бу кеманинг юклари темир ғўла ва оқ тош эди. Якум исмли юнон меъмори булар билан Ҳабашистонда черков қурмоқчи эди. Қурайшликлар парчаланган кеманинг юкларини сотиб олиб, Якум билан келишадилар. Маккада бир дурадгор бор эди, у билан ҳам келишадилар.
Бутун қабилалар иншоот қурилишида иштирок этишга хоҳиш билдиришади. Келишмоқчилик бўлмасин деб қуръа ташлайдилар. Ҳар ким ўз ҳиссасига тушган майдонда иш бошлайди. Шундай қилиб қабилалар ораси кимўзарга қизғин иш бошланиб кетади.Қуръа бўйича, Абд-и Маноф ва Зуҳраўғиллари Каъбанинг олд ва эшик тарафини Абуддор, Асад ва Адий ўғиллари Хатим ва Хижр тарафини, Жуман ва Амир ўғиллари Яман тарафи ва Ҳажар-ул-асвад бурчагини қуришлари керак эди.
Шу кунларда Каъбаи шарифга келадиган ҳадялар сақланаётган ўрага бир катта илон жойлашиб олади. Боши таканинг бошига ўхшарди, яқинлашганларга таҳдид соларди. Қурайшликлар “Ё Рабби, байтинг қайтадан қурилишига рози бўлсанг, бизни бу илондан қутқар” деб ёлворадилар. Шунда кўкда бир овоз эшитилди. Бургутдан каттароқ бир қуш учиб келиб, илонни панжасида тутиб ҳавога кўтарилади. Ажёддан ўтиб, илонни Хажунга ташлайди. Бу илон ерга тушиши билан ер ютиб юборади. Демак, Каъбани таъмирлашга Аллоҳу таолонинг розилиги бор. Зудлик билан ишга киришадилар, ёшу-қари барчаси меҳнат қиладилар. Эркаклар тош ташир, аёллар лой қорардилар. Ўзаро ёрдам пул йиғадилар. Лекин фуҳшдан, қимордан ва фоиздан келган пулларни асло аралаштирмайдилар.
Аввало эски деворларни қулатиш керак эди. Лекин бунга қўл урган одам азобга дучор бўлмайдими?
Валид бин Муғира “Мен ёшимни яшаб бўлган, қарияман” деб Каъбанинг устига чиқади. Қўлидаги чўкач билан тошларни кўчириб, ерга ташлай бошлайди. Сўнгра барчаси бирин кетин ишга киришишади. Ҳазрати Иброҳим қурган пойдеворгача келадилар. Пойдеворда бир-бирига ёпишиб кетган йирик яшил тошлар бор эди. Ҳар бири туядек келиб, ўттиз одам биргалашиб кўтара олмас эди. Қурайшликлардан бири қўлидаги чўкач билан тошлардан бирини ўрнидан қўзғатмоқчи бўлганида ер силкиниб, чақмоқлар чақади. Шундан маълум бўладики, пойдеворни бузишга изн йўқ. Байтни шу пойдеворнинг устига қурадилар. Хомашё камлигидан Каъба деворлари эски ўрнига нисбатан бироз ичкарироқдан қаланади. Шунинг учун тавоф қилаётганлар бунга эътибор беришлари керак.
Каъба эшиклари Журҳум ва амаликаликлардан бери доим ер баробарида эди. Лекин Абу Хузайфа бин Муғира “Келинглар, эшикни баландроқ қурамиз. Ҳам сел сувлари кирмайди, ҳам киритишни истамаган кишиларимизни пиллапоядан пастга итариб юборамиз” дейди. Агар Жанобимизнинг қўлида бўлса, Каъба эшикларини пастроқ туширтириб, шарқ ва ғарб тарафидан ер баробарида иккита алоҳида эшик қурдиртирарди. Хижрда қолдирилган қисмини ҳам Байтуллоҳга қўшарди. Чунки Иброҳим алайҳиссалом даврида шундай эди.
Қайси бурчак қайси шаҳарга?
Каъбаи муаззаманинг тўрт бурчагини тўрт рукн дейишади. Шомга қараб турганига “Рукн-и Шомий”, Бағдодга қараб турганига “Рукн-и Ироқий”, Яман тарафидагига “Рукн-и Яманий”, жанубий шарқдаги тўртинчи бурчакка “Рукн-и ҳожар-ул-асвад” дейилади. Каъба эшиги билан Ҳожар-ул-асвад орасидаги қисм мултазамдир.
Каъбанинг шимолий девори устида “Олтин тарнов” бор. Масалан Туркияда намозга турганлар Каъбанинг шу тарафига йўналишади. (Туркистонлик намозхонлар эса “Рукн-и Ироқий” бурчагига йўналишади.) Тарнов ҳизосида ярим ой шаклидаги деворча жой олган. Каъбаи муаззама билан ярим ой шаклидаги девор орасида қолган жойга “Хатим” дейилади. Тавоф этаётганда Хатимнинг ташқарисидан айланиш керак. Ҳазрати Оиша баён қилади:
Каъбаи шариф ичида намоз ўқишни жуда истардим. Расулуллоҳ мени қўлимдан тутиб, Хижрга киритди.“Байтуллоҳга киришни истаган вақтингда намозни Хижрда ўқи. Бу ер муҳаққақ Байтуллоҳнинг бир парчасидир”деб марҳамат қилдилар.
Одил ҳакамнинг гўзал ҳукми
Девор Ҳажар-ул-асвад ҳизосига келганида келишмовчилик чиқди. Ҳар бир қабила нурли тошни ўрнига қўйишга ўзларини ҳақли деб биларди. Шунчаликка борадиларки, Абуддорўғиллари қон тўла идиш келтириб, унга қўлларини ботирадилар. Ўлгунларича аҳдларидан қайтмасликларини билдирдилар.
Макканинг қарияси Валид бин Ал Муғира уларни бир жойга тўплайди. “Эй қурайшликлар, рози бўлсангиз, Шайба эшигидан ким биринчи кирса, шу киши ҳакам бўлсин, шунинг қарорига бўйсунамиз!” дейди. Бу барчага маъқул тушади. Ҳаммалари кўзларини эшикка тикиб кутадилар ва...
Шунда эшикдан Сарвари олам кўринадилар, бу вақтда ҳали 35 ёшида эди. Нурли юзини кўрганлар роҳатланиб, қиличларини қинига соладилар. “Бўлди, У аминдир, тўғрисўздир, аслзода, зариф ва ҳурматли кишидир. Унинг ҳукмига розимиз” дейишади. Масалани тушунтиришгач, Жанобимиз чопонларини ечиб ерга тўшайди. Ҳожар-ул-асвадни муборак қўллари билан унинг устига қўядилар. Сўнгра “Ҳар бир қабила биттадан вакил чиқарсин” дейди. Уқба бин Робиа, Абу Хузайфа, Валид Ал Муғира ва Адий бин Қайс олдинга чиқадилар. Ҳабибуллоҳ чопонининг тўрт учини қабиланинг тўрт вакилига тутқазади. Биргаликда кўтариб, олиб борадилар. Жанобимиз тошни олиб, ўз жойига қўяди. Зичлаштириш учун бир тош керак бўлганида Наждли бир чол тош узатади. Ҳабибуллоҳ уни эмас, ҳазрати Аббос узатган тошни олади. Наждли қария “Шу қавмга ҳайронман. Ёш томонидан энг кичигини, мол томонидан энг фақирини ўзларига раис қилиб олишибди-я. Яна унинг хизматига қўл қовуштириб туришларини-чи” деб минғирлашни бошлайди. Бу қария аслида шайтон эди. Бундан кейин мусулмонлар қаршисига шайтон ҳамиша наждлик қария (шайхи наждий) кўринишида чиқади.
Меъмор Якум бир тош, бир тахта ишлатиб, каркасни бир-бирига боғлайди. Бу иншоот тарзи қурайшликларга ҳам жуда маъқул тушади. Баландлигини 9 аршиндан 18 аршингача кўтарадилар. Меъмор “Томи қуббали бўлсинми ёки текисми?” деб сўрайди. Ўйлаб-ўйлаб текис қилишга қарор қилишади. Каъбанинг ичига олти устун қўйиб, девордан деворга тўсин соладилар. Устига тахтадан том қилиб, ичидан томга зинапоя қиладилар. Томни бироз нишаброқ қилиб, тарновга боғлайдилар. Шифтни, устунларни ялтироқ билан безатадилар. Омонатларни ичкарига киритиб, қулфли эшик ўрнатадилар. Каъбанинг устига Яман буридидан бир ёпинчиқ ёпадилар.
У вақтлар Каъбанинг атрофида бир очиқ майдон бўлар, маълум бир масофадан кейин уйлар бошланарди. Халифа Умар атрофидаги уйларни сотиб олиб, буздиради. Каъбанинг атрофини бир метр баландликдаги девор билан ўратади. Шу тариқа Масжидулҳарам ташқи оламдан ажралади.