Аллоҳу таолога ишонмоқ

Иймоннинг шартлари олтита бўлиб, “Оманту”да изоҳ этилган. Иймоннинг маълум олтита хусусга ишонишдан иборат эканлигини Расулуллоҳ “саллаллоҳу алайҳи ва саллам” билдирганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон, фарзандига аввало «Оманту»ни ёдлатиши ва маъносини ҳам яхшилаб ўргатиши лозим.

ОМАНТУ: «Оманту биллаҳи ва Малоикатиҳи ва Кутубиҳи ва Русулиҳи вал-явмил-охири ва бил қадари, хайриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таоло вал-баъсу бадал мавти ҳаққун, Ашҳаду ан ло илоҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу.»

АЛЛОҲУ ТАОЛОГА ИШОНМОҚ

«Оманту биллаҳи»: Аллоҳу таолонинг бор ва бир эканлигига ишондим, иймон этдим,қалбим билан тасдиқ, тилим билан иқрор қилдим- деганидир. Аллоҳу таоло бор ва бирдир. “Бир” сўзининг луғатда икки хил маъноси бўлиб, биринчи маъноси: Иккининг ярми, саноқ сонларнинг аввалгиси бўлган бир. Иккинчи маъноси: Шериги ва ўхшаши бўлмаслик нуқтаи назаридан бўлган бирдир. Аллоҳу таоло фақатгина сон жиҳатидан эмас, балки шериги ва ўхшаши бўлмаслик жиҳатидан ҳам бирдир. Яъни зоти ва сифатларида ҳеч қайси жиҳатдан Унга шерик йўқ. Бутун махлуқотнинг зот ва сифатлари, Яратганнинг зот ва сифатларига ўхшамаганидек Яратганнинг зот ва сифатлари ҳам, яратилган махлуқларнинг зот ва сифатларига ўхшамайди.

Барча махлуқотнинг ҳар бир аъзосидаги ҳар бир ҳужайрасини йуқдан бор қилган холиқи (яратувчиси) – Аллоҳу таолодир. Аллоҳу таолонинг зотининг ҳақиқатини ҳеч кимса билолмайди. У, ақлга ва ҳаёлга келадиган бутун нарсалардан муназзаҳдир (узоқдир). Зотини ақлга, ҳаёлга келтириш жоиз эмас. Фақат, Қуръони каримда баён этилган исмларини, сифатларини ёдлаб, илоҳ эканлигини булар билан тасдиқ ва иқрор этиш керак. Аллоҳнинг бутун исмлари ва сифатлари азалий ва абадийдир. Зоти ҳеч бир ерда турмаганидек, биз биладиган олтита томондан ҳам муназзаҳдир. Яъни олдинда, орқада, ўнгда, чапда, юқорида, пастда эмас. Унга фақат “Ҳар жойда ҳозир-у нозир” дейишга рухсат берилган.

Аллоҳу таолонинг ўн тўртта сифати бўлиб, булардан олтитасига Сифати Зотийя, саккизтасига эса Сифати Субутийя дейилади. Буларнинг маъноларини билиш ва ёдлаш жудаям зарур.

СИФАТИЗОТИЙЯ

1. Вужуд: Аллоҳу таоло бор. Борлиги азалийдир. Вожибул-вужуддир, яъни бор бўлмоғи лозимдир.

2. Қидам: Аллоҳу таолонинг борлигининг аввали чексиз, бошланғичи йўқдир.

3. Бақо: Аллоҳу таолонинг борлигининг охири ҳам йўқ. Ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Шеригининг мавжудияти мумкин бўлмаганидек зоти ва сифатларининг йўқ бўлиши ҳам мумкин эмас.

4. Ваҳдоният: Аллоҳу таолонинг зотида, сифатларида ва ишларида шериги, ўхшаши йўқ.

5. Муҳолафатун-лил-ҳаводис: Аллоҳу таоло зот ва сифатлари жиҳатидан ҳеч бир махлуқнинг зот ва сифатига ўхшамайди.

6. Қиём би-нафсиҳи: Аллоҳу таоло зоти билан қойимдир. Маконга муҳтож эмас. Модда ва макон яратилмасдан аввал У бор эди. Зеро, ҳар турли эҳтиёждан муназзаҳдир. Бу коинотни йўқдан бор қилмасдан аввал қандай бўлса, абадиян шундайлигича қолади.

СИФАТИ СУБУТИЙЯ

1. Ҳаёт: Аллоҳу таоло тирикдир. Махлуқларининг ҳаётига ўхшамаган Ўз зотига лойиқ ва махсус бўлган ҳаёти азалий ва абадийдир.

2. Илм: Аллоҳу таоло ҳамма нарсани билгучидир (олимдир). Унинг илми (билиши), махлуқотнинг билишига асло ўхшамайди. Қоронғи кечада майда чумолининг тош устида ўрмалаётганидан тортиб, ўн саккиз минг олам ичра қайнаб ётган катта-кичик бутун мавжудотни билгучидир. Инсонларнинг кўнглидан кечаётган ўй-фикрларини, ниятларини, оқибатларини ҳам билгучидир. Илмида (билишида) ҳеч ўзгариш бўлмайди. Азалий ва абадийдир.

3. Самъ: Аллоҳу таоло ҳамма нарсани эшитгучидир. Ёрдамсиз, жиҳатсиз ва воситасиз эшитади. Эшитиши қулларининг ва махлуқларининг эшитишига сира ўхшамайди. Бу сифати ҳам, ҳар бир сифати каби азалий ва абадийдир.

4. Басар: Аллоҳу таоло ҳамма нарсани кўргучидир. Кўриши кўз орқали эмас. Сабабсиз, асбобсиз, воситасиз ва шартсиз кўради.

5. Иродат: Аллоҳу таоло ирода қилиш, хоҳлаш, тилаш-исташ деган сифат соҳиби бўлган Зотдир. Тилаганини, хоҳлаганини яратади. Ҳамма нарса Унинг хоҳиши, истаги натижасида бор ёки йўқ бўлади. Унинг иродасига, тилагига ва хоҳишига ҳеч қандай қудрат тўсқинлик қила олмайди.

6. Қудрат: Аллоҳу таоло ҳамма нарсага қодирдир (кучи етгучидир). Қудрат соҳибидир. Ҳеч қандай иш Унга қийинлик туғдирмайди.

7. Калом: Аллоҳу таоло сўзлагучидир. Гапириши сўз, ҳарф, товуш, тил ва восита орқали эмас.

8. Таквин: Аллоҳу таоло яратгучидир. Мужиддир, яъни ижод(йўқдан бор) қилувчидир. Ундан бошқа яратувчи ва ижод этувчи йўқ. Ҳамма нарсани У яратган ва яратади. Аллоҳдан бошқаси учун “яратмоқ”, “ижод қилмоқ” феълини ишлатишда куфр хавфи бор.

         Аллоҳу таолога хос сифатларнинг ҳақиқатларини тушуниб етиш амри маҳолдир. Ҳеч ким ва ҳеч нарса Аллоҳу таолонинг сифатларига шерик ва ўхшаш бўлолмайди.