Аллоҳу таоло, одамзотнинг ҳам дунёда роҳат ва ҳузур ичида яшашини, ҳам охиратда абадий саодатга қовушишини хоҳлайди. Шунинг учун саодатга сабаб бўлувчи, фойдали нарсаларни бажаришни амр этди. Фалокатга сабаб бўлувчи нарсаларни тақиқлади. Аллоҳу таолонинг биринчи амри, иймон келтириш бўлиб, барча инсонларга фарздир. Барча учун иймон зарурийдир. Бу зарурийлик инсоннинг ўзи учундир.
Иймон, луғатда бирор нарсага ёки бирор кишига ҳеч шубҳасиз ишониш, деганидир. Исломиятда иймон дегани: Муҳаммад алайҳиссалом, Аллоҳу таолонинг пайғамбари эканлиги, танланган хабар берувчи «Набий» эканлигини тўғри деб билмоқ ва ишониб сўзламоқдир. Ул ҳазратга Аллоҳу таоло тарафидан қисқа билдирилган нарсаларга қисқача ва кенгроқ қилиб билдирилганларга эса, атрофлича ишонмоқ ва қўлидан келгунча «калима-и шаҳодат»ни тил билан сўзламоқдир. Иймоннинг қувватли бўлишини, яъни жоҳилларнинг гапига кириб кофир бўлиб қолмасликни хоҳлайдиган инсон, илоннинг чақишига, оловнинг куйдиришига қандай ишонадиган бўлса, Аллоҳу таолога ва иймоннинг бошқа шартларига ҳам худди ўшандай ҳеч шубҳасиз ва гумонсиз ишонмоғи даркор.
Иймон Муҳаммад алайҳиссаломнинг бутун айтганларини ёқтириб, қалби билан тасдиқлаш, яъни ишониш деганидир. Ана шундай ишонадиганларга “Мўмин” ва “Мусулмон” дейилади. Ҳар бир мусулмоннинг Муҳаммад алайҳиссаломга тобе булиши, У зот кўрсатган йўлдан юриши лозим. У зотнинг йўли Қуръони карим кўрсатган йўлдир. Бу йўлга “Исломият” - дейилади. Бу йўлга кириш учун аввало иймон этиш, кейин мусулмонликни яхшилаб ўрганиш, кейин фарзларни бажариб, ҳаромларни тарк этиш, ундан кейин суннатларни ифо этиб, макруҳлардан қочиниш керак. Ундан кейин эса, мубоҳларда ҳам Пайғамбаримизга уйғун ҳаракат қилиш керак.
Динимизнинг пойдевори иймондир. Иймони бўлмаган кишининг ҳеч қайси яхшилиги ва ибодатини Аллоҳу таоло севмайди, ёқтирмайди ва қабул қилмайди. Шу боис ҳам, мусулмон бўлишни хоҳлайдиган одамга аввал иймон келтириш лозим бўлади. Ана ундан кейин ғусл, таҳорат, намоз ва зарур бўлган бошқа фарзларни ўрганиш керак.