Жубн – қўрқоқлик деганидир. Инсондаги ғазабланиш ва қаттиққўлликнинг керакли миқдорига “шижоат”, керагидан кам миқдорига “жубн” дейилади. Жубн ёмон хулқдир. Имом Муҳаммад бин Идрис Шофиъий (раҳимаҳуллоҳу таоло) айтганларки: “Шижоат кўрсатиши керак бўлган жойда қўрқоқлик қилган кимса эшакка ўхшайди. Узр ва розилик сўралганда рози бўлмаган кимса шайтонга ўхшайди.” Қўрқоқ бўлган одам завжасига ва қариндошларига нисбатан ғайратсизлик ва ҳамиятсизлик кўрсатиб, уларни ҳимоя қилолмайди. Зиллатга ва зулмга бўйин эгади. Ҳаром ишлар содир қилаётганларни кўриб индамайди. Ўзгалар молига тама қилади. Ишида сабот кўрсатмайди. Топширилган вазифанинг аҳамиятини англамайди. Аллоҳу таоло “Тавба” сурасида шижоатни, қаҳрамонликни мақтаган. “Нур” сурасида зино қилганларга ҳад жазосини беришда раҳм қилинмаслигини буюрган.
Ҳадиси шарифда: “Севимли қизим Фотима ўғрилик қилса, қўлини кесаман!” дейилган. Аллоҳу таоло “Фатҳ” сурасида Асҳоби киромни (розиаллоҳу таоло анҳум ажмаин) “Кофирларга ғазаб қилурлар”, ҳарбда аёвсиз жанг қилурлар, деб мақтаган. “Тавба” сураси етмиш тўртинчи ояти каримасининг маоли шарифида: “Кофирларга қарши қаттиққўл бўл!” Яъни ҳужум қилганларида қўрқма, дейилган. Бир ҳадиси шарифда: “Умматимнинг хайрлилари темирдек матонатли бўлганларидир” деб марҳамат қилинган. Исломга, мусулмонларга душманлик қилаётган, ташланаётганларга қарши қаттиққўл ва матонатли бўлиш лозим. Улар олдида қўрқоқлик қилиш жоиз эмас. Қўрқиб қочиш Аллоҳу таолонинг тақдирини ўзгартирмайди. Ажали етган бўлса, Азроил алайҳиссалом одамни қаерда бўлмасин топади. Лекин ўзини хавф-хатарга ташлаш ҳам жоиз эмас. Хатарли жойларда ёлғиз қолиш, ёлғиз юриш гуноҳ бўлади.