Кибр

Қалб касалликларининг ўн иккинчиси “Кибр”дир. Кибр - ўзини ўзгалардан ортиқ, баланд деб билишдир. Ўзини устун деб билиш орқали қалби роҳатланади. “Ужб” (манманлик) ҳам ўзини ўзгалардан юқори қўйиш демакдир. Ужб иллатига чалинган кимса кибрдан фарқли равишда ўзгалар ҳолини сира ўйламайди. Ўзига ва ибодатларига маҳлиё бўлади. Кибр - ёмон хулқ бўлиб, ҳаромдир. Такаббурлик Холиқини, Раббини унутиш аломатидир. Кўплаб дин арбоблари ушбу ёмон хасталикка чалинган. Ҳадиси шарифда: “Қалбида заррача кибри бор киши жаннатга кирмайди” дейилган. Кибрнинг аксига “Тавозуъ”  [тавозе] дейилади. Тавозе ўзини ҳамма қатори билиш, ўзгалардан баланд ҳам, паст ҳам кўрмасликдир. Тавозе инсон учун энг яхши хулқлардандир. Ҳадиси шарифда: “Тавозе қилганга муждалар бўлсин” дейилган. Тавозе соҳиби ўзини одамлардан паст кўриб, залил ва мискин ҳолга тушмайди. Молини ҳалол йўлдан топиб, кўп ҳадялар беради. Олимлар ва фан арбоблари билан танишади. Фақирларга раҳмдил бўлади. Ҳадиси шарифларда: “Тавозе қилувчи, ҳалол мол топувчи, чиройли хулқли, ҳаммага хушмуомала қилувчи ва ҳеч кимга ёмонлик қилмайдиган одам қандай яхши одам” ва “Аллоҳ учун тавозе қилган одамни Аллоҳу таоло юксалтади!” деб марҳамат қилинган. Такаббурлик қилганга, яъни кибрланган одамга нисбатан такаббурлик қилиш жоиз. Аллоҳу таоло бандаларига нисбатан мутакаббир бўлиб, кибриё соҳибидир. Кибрли одамга қарши кибрланиш худди садақа беришдек савобдир. Кибр эгаларига тавозе кўрсатган одам ўз-ўзига зулм қилган бўлади. Бидъатчиларга ва бойларга нисбатан ҳам такаббур кўрсатиб, камтарлик қилмаслик жоиз. Лекин бу ўринда кибрланиш ўзига бино қўйиш учун эмас, балки уларга сабоқ бериб, ғафлатдан уйғотиш учундир. Ҳарбда душманга нисбатан кибрланиш савоб бўлади. Бундай такаббурга “хуялаа” дейилади. Садақа бераётганда нашъа ва севинч аралаш такаббурлик қилиш лозим. Садақа берувчининг такаббурлик қилиши фақирга нисбатан эмас, бераётган молини арзимас қилиб кўрсатишдир. Бу ўринда кибрланиш молига аҳамият бермаганини, миннат қилмаганини маълум қилиш мақсадидадир. Ҳадиси шарифда: “Бераётган қўл, олаётган қўлдан баланд” деб марҳамат қилинган. Риёкор, кўз-кўз қилувчи мақтанчоқларга нисбатан такаббурлик қилиш ҳам жоиз. Ўзидан пастроқ аҳволдагиларга нисбатан тавозе кўрсатиш яхши бўлса-да, ҳаддан ошириб юбормасликка диққат қилиш керак. Ҳаддидан ошган тавозега “тамаллуқ” [ўзини ҳаддан зиёд паст тутиш] дейилади. Тамаллуқ фақат устозга ва олимга нисбатан кўрсатилса жоиз. Бошқаларга нисбатан жоиз эмас. Ҳадиси шарифда: “Тамаллуқ мусулмон ахлоқидан эмас” дейилган. Шеър:

 

Муаллим билан табибга тамаллуқ қилиш лозимдир.

Бири ботин, бири зоҳир давосига ходимдир.

 

Кибр турларидан энг ёмони Аллоҳу таолога нисбатан кибрланишдир. Намруд шундай эди, худолик даво қилди. Аллоҳу таолонинг унга насиҳат учун юборган пайғамбарини (алайҳиссалоту васалом) ўтга ташлади. Фиръавн ҳам шундай аҳмоқлардан эди. У Мисрда улуҳиятини [илоҳлигини] эълон қилиб, халқига "Мен сенларнинг худоларингман", деди. Аллоҳу таоло унга насиҳат қилиши учун Мусо алайҳиссаломни юборди. Лекин фиръавн ишонмади. Аллоҳу таоло уни Сувайш денгизида ғарқ қилди. Шулардек бу оламнинг яратувчисига ишонмаганларга “даҳрий”, атеист дейилади. [Ҳар даврда шундай аҳмоқлар бўлган. Улардан Мао, Сталиндек золимлар миллионлаб аҳолини қириб, дин аҳли билан китобларини йўқотиб, халқларни даҳшатли зулм остида итоатга келтирди. Кейин кўнгиллари тусаган ҳамма нарсани уларга қилдириб, ҳадларидан ошди. Одамда илоҳга, маъбудга хос қудрат бор деб ўйлаб, жаҳонга жар солишди. Ислом китобларининг юртларига киришини, ўқилишини тақиқлаб, диндан, Аллоҳдан сўз очганларни ёстиғини қуритди. Охирида Аллоҳу таолонинг қаҳру-ғазабига учраб йўқолиб, тарихда ўтган барча золимлардек лаънат ва нафрат билан тилга олинди. Инқилоб ва ҳийла орқали баъзи араб ўлкалари тахтига чиққан, заҳарли мафкуралар билан миялари чайилган золимлар, диктатор-мустабидлар ҳам ўша атеистларга кўр-кўрона эргашиб, исломга душманлик қилмоқда. Тарих китобларида ўқиган золимларнинг фожиавий оқибатларидан ибрат олмай, дунёда ва охиратда бошларига келадиган оғир азоблару фалокатларни ҳеч ўйламаяпти.]

Расулуллоҳга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) қарши такаббурлик қилганлар ҳам кўп кузатилди. "Аллоҳ юборган пайғамбар мана шуми? Қуръон Макканинг зодагонларига юборилганда яхшироқ бўларди", деб пайғамбаримизни камситдилар. Тарих бўйича ислом улуғларига қарши ҳам шундай кибрланиб, уларнни майна қилганлар доим чиқиб турди. Бу кибрланишлар - қўлидан ҳеч нарса келмайдиган, ожиз, ҳатто ўзидан ва вужудининг тузилишидан бехабар заиф бандаларнинг ўз моликига, эгасига, куч-қудрати чексиз Рабларига қарши жанг эди. Бир пайтлар иблис ҳам шундай такаббурлик қилганди. Фаришталарга Одам алайҳиссалом қараб сажда қилишлари буюрилганда иблис “Тупроққа қараб нега сажда қиламан? Мен ундан афзалман. Мени оловдан, уни лойдан яратдинг” деб Раббига қарши чиқди. Оташнинг оловини, латифлиги ва ёруғлик тарқатишини кўриб, уни сувдан ва тупроқдан устунроқ деб ўйлади. Ҳолбуки, асл устунлик ўзини баланд кўришда эмас, аксинча тавозе кўрсатишдадир. Жаннатда тупроқ бўлади ва у ўзидан мушки анбардек ифор тарқатади. Жаннатда оташ бўлмайди. Ўт-оташ жаҳаннамда азоб воситасидир. Оташ ҳароб қилишга, тупроқ бунёд қилишга ярайди. Махлуқот тупроқда яшайди. Хазиналар, конлар ҳам тупроқда бўлади. Каъба тупроқдан бино бўлган. Оташ ёруғлиги кечани тугатиб, кундузни олиб келса-да, тупроқдан гуллар, мевалар унади. Коинот ва мавжудотнинг энг устуни бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг жойлари тупроқдир.

Ҳадиси шарифларда: “Аллоҳу таоло айтадики: кибриё, устунлик ва азамат [улуғлик] фақат менга хос. Шу икковида менга шерик бўлишга уринганларни дўзахга ташлайман, раҳм қилмайман” ва “Қалбида заррача кибри бор кимса жаннатга киролмайди” дейилганда, "чиройли кийим кийишни, тоза пойафзал ишлатишни ёқтирадиган одам ҳам кибрли одам ҳисобланадими?"- деб сўралди. Жавобида “Аллоҳу таоло жамийл [жамол эгаси, чиройли]дир. У жамол соҳибларини яхши кўради” деб марҳамат қилдилар. [Чиркин, ёқимсиз бўлмаслик, атрофга чиркинлиги билан донгғи чиқмаслик учун вужуд ва либосда қилинадиган тозаликка, гўзалликка "жамол соҳиби бўлиш" дейилади. Уй-рўзғор буюмлари билан шахсий ашёларини дид билан ёқимли ва чиройли тарзда ишлатиш жамол ҳисобланади. Ясаниш учун, чиройи билан ўзгалар олдида баландроқ кўриниш мақсадида бадани, кийими ва буюмларига оро беришга "зийнат" дейилади. Зийнат аслида ясан-тусан қилиш бўлиб, кишининг бадани, соғлиги, обрў-эътиборини ҳимоя қилишда керакли меъёрдан ошириб ўзига оро беришидир. Эркакларнинг ҳамма жойда, аёлларнинг эса бегона эркаклар ёнида зийнат, яъни ясан-тусан қилиб, тақинчоқлар тақиши жоиз эмас.]

Аллоҳу таолонинг барча ишлари гўзал ва чиройлидир. У чиройли ахлоқ эгаларини яхши кўради. Ушбу ҳадиси шариф кибр эгаларининг, бошқа гуноҳкорлардек азобсиз тўғридан жаннатга киролмасликларини билдирмоқда. Жаннатга кирмаганларнинг борадиган жойи жаҳаннамдир. Чунки охиратда шу икковидан бошқа борар жой йўқ. Заррача иймони бор одам жаҳаннамда чексиз қолмайди, жаннатга боради. Катта гуноҳ содир қилиб, тавба этмаганлар, шафоат ва авфга эришолмаган мўминлар жаҳаннамда гуноҳларига яраша азоб тортгач дўзахдан чиқарилиб, жаннатга киритилади. Жаннатга кирганлар у ердан ҳеч қачон чиқарилмайди. Ҳадиси шарифда: “Кибри, хиёнати ва зиммасида қул ҳақи бўлмаган мўмин ҳисоб бермай жаннатга киради” ва “Қул ҳақи, мўминнинг айби ва қусуридир” деб марҳамат қилинади. Нафақа учун қарз олиш ва қўлига пул тушган заҳоти тўлаш лозим. Юқоридаги ҳадиси шарифда ҳожат бўлмай туриб олинган ва қўлига пул тушганда дарров тўланмаган, ҳаром йўллардан олинган қарзлар, завжаси олдида маҳр қарзи ва унга динини ўргатиш бурчи назарда тутилган.

 Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи ва саллам) вафотлари олдидан “Ё Али! Фалон яҳудийга қарзим бор. Ўшани тўлагин!” дедилар. Яҳудийдан арпа қарз олган эдилар. Шу қарзни тўлашни васият қилдилар. Ўзи йирик яҳудий олими бўлишига қарамай, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир бор суҳбатлашганда ҳақ пайғамбар эканликларини фаҳмлаб, иймон келтирган Абдуллоҳ бин Салом (розиаллоҳу таоло анҳ) елкасида ўтин таширди. Уни кўрганлар “Шунча мол-дунёнг борку, нега бунча заҳмат чекасан” деганларида “Нафсимни кибрдан қутқариш учун” деб жавоб берган. Бойнинг ҳаммолга ҳақ тўламаслик учун юкини ўзи кўтариб юриши - тазаллул, яъни хорликдир. Лекин суннатга риоя қилиш ва нафсининг таъзирини бериш учун кўтариб юриши яхши ва савоб бўлади. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳу таоло қиёмат куни уч одам билан сўзлашмайди, уларни қаттиқ азоблайди. Зино қилган қария, ёлғон сўзлаган ҳукумдор ва кибрли камбағал” дейилган.

Умар (розиаллоҳу таоло анҳ) Шомга борганида уни Абу Убайда бин Жарроҳ (розиаллоҳу таоло анҳ) қўл остидагилар билан кутиб олди. Халифа туясидан тушиб, ўрнига хизматкор қулини миндирди. Чунки қули билан навбатлашиб минаётган эдилар. Манзил кўринганда миниш навбати қулига тегиб, ўзи тизгинидан етаклади. Ариқдан ўтаётганда пойабзалини ечиб, сув кечди. Шом қўшини лашкарбошиси Абу Убайда (розиаллоҳу таоло анҳ) “Ё халифа! Бу нима ҳол? Ахир барча шомликлар, айниқса румлар, мусулмонлар халифасини кўриш учун йиғилишган. Сизни кузатиб туришибди. Шу аҳволингизда уларга ёқмаслигингиз аниқ” деганида “Ё Або Убайда! Бу гапинг шу ерда турганларга жуда катта зарар етказади. Эшитганлар одамнинг обрўйи восита миниб юришда ва зийнатли либослар кийишда экан деб ўйлайди. Асл обрў-эътиборнинг мусулмонликда ва ибодатда эканлигини тушунмайди. Эслагин, биз хор, паст одамлар эдик. [Ажам шоҳлари қўлида асир эдик.] Аллоҳу таоло бизларни мусулмон қилиш орқали эъзозлаб, обрў-эътиборга белади. Агар Аллоҳ берган мана шу иззату шарафдан бўлак шараф излагудек бўлсак, Аллоҳу таоло бизни яна хор айлаб, ҳаммадан паст қилади. Иззат ва шараф Исломдадир. Ким Ислом аҳкомига итоат қилса азиз бўлади. Ким ушбу аҳкомни хушламай иззат, ҳузур ва саодатни ўзга жойларда изласа хор бўлади” деди. Исломнинг буйруқларидан бири тавозедир. Ким тавозе кўрсатса азиз бўлиб, эъзозланади. Ким такаббурлик қилса залил ва хор бўлади.

Бир ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни ер юзидаги кибр эгалари майда қумурсқадек залил ва ҳақир ҳолатда қабрларидан чиқарилади. Улар қумурсқадек майда, лекин одам қиёфасида бўлади. Ҳамма уларни оёқости қилади. Кейин улар жаҳаннамнинг энг чуқур ва энг шиддатли Бўлис чуқурига ташланади. У ерга тушганлар нажотдан беумид бўлганлари учун у ерга Бўлис дейилган. Улар оташ қаърида ғойиб бўлади. Сув сўраганларида уларга дўзах аҳлининг йиринглари берилади” дейилган. Мадина волийси бўлган Абу Ҳурайра (розиаллоҳу таоло анҳ) бир куни бир боғ ўтин орқалаб кетаётган эди. Муҳаммад бин Зиёд (раҳимаҳуллоҳу таоло) уни таниб “Йўл беринглар, амир келяпти” деди. Ёшлар волийнинг бундай тавозесига ҳайратланди. Ҳадиси шарифда: “Аввалги умматларда бир кибрли одам этакларини ерда судраб юрарди. Шу ғурурланиши ғайрати илоҳияга тегиб, уни ер ютди” ва “Эшакка миниш, юнгли либос кийиш ва қўй соғиш кибрсизлик аломати” дейилган.

Кибрнинг асосан етти сабаби бор: Илм, яъни диний илмлар; ибодат; насаб; ҳусн-жамол; куч-қувват; мол-мулк, мавқе-мансаб. Ушбу сифатлар нодонларда пайдо бўлса, кибрга сабаб бўлади.

Илм кибрга сабаб бўлганидек, кибрнинг давоси ҳам илмдир. Кибрга туртки бўлган илмнинг давоси жуда қийиндир. Чунки илм ғоят қийматли нарса. Шу боис илм эгаси ўзини юксак ва шарафли деб ўйлайди. Бундай одамнинг илмига саводсизлик дейиш тўғрироқ бўлади. Ҳақиқий илм инсонга ожизлигини, айблари-ю камчиликларини ва Раббининг буюклиги билан устунлигини билдириб, Холиқига нисбатан қўрқувини ва маҳлуқларга нисбатан тавозусини оширади. Ҳақиқий илм эгаллаган инсон қул ҳақларига аҳамият беради. Бундай илмни ўргатиш ва ўрганиш фарздир. Бунга “Илми нофий” [фойдали илм] дейилиб, у ихлос билан ибодат қилишга сабаб бўлади. Кибрга сабаб бўлган илмнинг давоси икки нарсани билиш орқали амалга ошади. Биринчиси, илмнинг қадрли, шарафли бўлиши солиҳ ниятга боғлиқ. Уни жаҳолатдан, нафс балосидан қутулиш учун ўрганиш керак. Имом, муфтий ёки ваъзхон бўлиш учун ўрганмаслик керак. Иккинчиси, илми билан амал қилиш, бошқаларга ўргатиш ва буларни ихлос билан бажаришдир. Амал ва ихлосдан холи бўлган илм зарарлидир. Ҳадиси шарифда “Аллоҳ учун ўрганилмаган илм эгаси дўзахда оташга ўтқазилади” дейилган. Бунга мол-мулк, мансаб ва шуҳрат қозониш мақсадида илм ўрганиш киради. Дунёлик қўлга киритиш учун [диний] илм ўрганиш, яъни динни дунёликка восита қилиш – тилла қошиқда нажосат ейишга ўхшайди. Динни дунё моли қозонишга восита қилганлар дин қароқчиларидир. Ҳадиси шарифда “Диний илмларни дунё манфаати учун ўрганганлар жаннатнинг ҳидини ҳам туёлмайди” дейилган. Фан илмларини дунё манфаати учун ўрганиш жоиз, ҳатто лозим. Ҳадиси шарифда “Бу умматнинг олимлари икки хил бўлади. Биринчиси, илмлари орқали одамларга фойдали бўлиб, эвазига ҳеч нарса кутмайди. Бундай инсонга денгиздаги балиқлар, ер юзидаги ҳайвонлар ва ҳаводаги қушлар дуо қилади. Илмидан одамларга наф етмайдиган, илмидан дунёлик йиғишда фойдаланган билгичларга қиёматда жаҳаннам ўтидан жилов солинади” деб огоҳлантирилган. Еру осмонда мавжуд барча маҳлуқотнинг тасбиҳ қилишини Қуръони карим хабар берган. “Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир” деган ҳадиси шарифдаги "олим" – Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам)нинг йўлида бўлган, Ул зотнинг суннатига риоя қилган дин олими демакдир. Исломиятга амал қилувчи олим атрофига зиё тарқатувчи ёруғлик манбаига ўхшайди.

“Қиёмат куни бир дин арбоби келтирилиб, дўзахга ташланади. Жаҳаннамдаги танишлари атрофига йиғилиб, "сиз дунёда ҳаммага Аллоҳнинг амрларини етказардингиз, нега бу азобга дучор бўлдингиз", дейдилар. Ҳа, "қилманглар, бу гуноҳ", деганларимни ўзим қилардим. Тавсия ва амр қилганларимга ўзим риоя қилмасдим. Шунинг учун мана жазосини тортяпман, дейди". 

“Меърож кечаси мени осмонга элтаётганларида бир гуруҳ одам кўрдим. Ўтдан ясалган қайчилар билан лабларини кесишарди. Буларнинг кимлигини Жаброилдан сўрадим. “Булар умматингиз хатиблари ва воизларидан ўзлари қилмаганни қилинглар, деганлар, деб жавоблади.” 

“Жаҳаннам забонийлари, гуноҳкор қориларни бутпарастлардан олдин азоблайди. Чунки билатуриб қилинган гуноҳ, билмай қилинганидан ёмонроқдир деган ҳадиси шарифлар машҳурдир. Асҳоби киром теран олим бўлганлари учун кичик гуноҳлардан ҳам худди катта гуноҳлардан қўрққандек қўрқарди. Ҳадисдаги қорилар, Таврот қорилари бўлса керак. Чунки гуноҳкор мусулмонларга кофирлардан шиддатлироқ азоб берилмайди. Ёхуд бу умматдан бўлиб, гуноҳлардан, ҳаромлардан тийилишга аҳамият бермай, кофир бўлган қорилардир.

Ҳадиси шарифда “Олимлар давлат арбобларига аралашмагунча, мол-мулк ортидан қувмагунча, пайғамбарларнинг аминидирлар. Дунё йиғишни ва ҳукумат раҳбарлари орасига аралашишни бошлаганларида бу омонатга хиёнат қилган бўладилар” дейилди. Омонатчининг ишониб топширилган молларни ҳимоя қилиши лозим бўлганидек дин олими ҳам ислом илмларини ўзгариш ва бузилишдан асраб қолишда амин, ишончли бўлиши лозим. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Каъбани тавоф қилаётганларида “Энг ёмон одам қандай одам?” деб сўралди. “Ёмонни сўрама! Яхшини сўра. Олимларнинг ёмони, одамларнинг энг ёмонидир” дедилар. Чунки олимлар билиб туриб гуноҳ қилади. Исо алайҳиссалом: “Ёмон олимлар сув йўлини тўсувчи қоя сингаридир. Сув қоядан сизиб ўтолмайди. Оқишига ҳам моне бўлади” деганлар. Ёмон дин пешвоси канализацияга ўхшайди. Ташқи кўринишидан мустаҳкам гўё санъат асари дейсиз. Ичи эса мағзава ва ахлатга тўла. Ҳадиси шарифда “Қиёмат куни азобларнинг энг шиддатлиги, илмидан ўзига фойда тегмаган дин аҳлига берилади” дейилган. Шунинг учун мунофиқлар, яъни ташқаридан мусулмон кўринувчи кофирлар жаҳаннамнинг тубига ташланади. Чунки улар эшитиб, билганлари ҳолда ўжарлик билан кофир бўлишган. Илм эгаси, яъни диний илм ўрганган одам ё абадий саодатга эришади ёки чексиз фалокатга дучор бўлади. Ҳадиси шарифда “Жаҳаннамда азобланаётганлардан баъзилари атрофга қўланса ҳид тарқатади. Бу ҳид бошқаларга оташдан баттар азоб беради. Сен нима гуноҳ қилдингки, бундай ёмон ҳид чиқараяпсан, дейилганда, мен дин ходими эдим, билганимга амал қилмасдим деб жавоб беради дейилган.

Абуддардо (розиаллоҳу таоло анҳ) айтадики: “Илми билан амал қилмайдиган дин арбобига олим дейилмайди”. Иблис барча динларни биларди. Лекин илмига амал қилмади. Чўлда ёлғиз қолган одамнинг ёнида ўнтача қилич-аслаҳа бўлса, уларни ишлатишни яхши билса, яна жасур бўлса, ўзига ташланган арслонга қарши шу қуролларни ишлатмаса, бу қурол-аслаҳанинг фойдаси бўладими? Албатта бўлмайди. Худди шунингдек киши диний илмлардан юз минг масала ўрганса, уларга ҳаётда амал қилмагунча фойдасини кўрмайди. Бемор одам ҳам дардига энг фойдали дори-дармонни топса, уни ичмагунча фойда топмайди.

“Охир замонда ибодат қилувчиларнинг аксарияти динан саводсиз бўлади. Дин пешволарининг аксарияти эса, фосиқ бўлади” ҳадиси шарифидаги "фосиқ дин арбоблари" мол-мулк йиғиш мақсадида ҳукумат арбоблари олдига серқатнов бўлади. Суфён Саврий (раҳимаҳуллоҳу таоло) бундай деганлар: “Дўзахда оташдан бир водий бор. Шу водийда ҳукумат раҳбарларига ялтоқланган риёкор қорилар, шайхлар азоб тортади.” Яна Суфён Саврий айтганлар: "Илмда шунчалик баланд савияга етдимки, бир ояти каримага ўттиз уч хил маъно берардим. Бир куни султоннинг зиёфатига бордим. Еган луқмаларим таъсирида билганларимнинг ҳаммасини унутдим." Муҳаммад бин Салама (раҳима-ҳуллоҳу таоло) айтдилар: "Дунё манфаати учун ҳукумат раҳбарларининг эшигида кутаётган бир қорининг аҳволи нажосат устига қўнган пашшанинг ҳолидан ҳам ёмонроқ."

“Аллоҳу таолонинг эҳсон қилган илмини халққа ўргатмаган одамнинг оғзига қиёмат куни оташдан жилов боғланади” деган ҳадиси шариф юқорида зикр этилди. Илмни толиблардан, аҳлидан яширган, қизғонган дин ходимлари мана шундай аҳволга тушади. "Нисо" сурасининг “Мол-мулкларингизни сафиҳлар [нодон, аҳмоқлар] қўлига бериб қўйманг!” деган маолдаги бешинчи ояти каримаси пасткашлар билан мунофиқларга илм ўргатишни ман қилган.

“Исломият ҳар томонга ёйилажак. Ҳатто мусулмон савдогарлар тижорат учун йирик денгизларда эмин-эркин сафар қилажак ва ғозийларнинг отлари ўзга юрт яйловларида ўтлаяжак. Кейин эса шундай қорилар пайдо бўладики, "мендан ҳам яхшироқ қироатгўйлар борми? Мендан ҳам яхшироқ биладиганлар борми?- дейдилар. Жаҳаннам ўтинлари ана шулардир” деган ҳадиси шарифдан англашилмоқдаки, риё билан тиловат қилишлари ва кибрланишлари уларни жаҳаннамга элтади.

Ҳадиси шарифда “Олим эканлигини айтган одам жоҳил [саводсиз]дир” дейилган. Ҳар саволга жавоб берадиган, ҳар кўрганидан маъно чиқарадиган ва ҳар юрган жойида билим сотадиган киши ўз жаҳолатини намойиш қилади. "Билмайман, ўрганиб-билиб, кейин айтаман" деган одамнинг пухта олим эканлиги маълум бўлади. Расуллуллоҳдан (саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Энг қадр-қийматли ер қаер?” деб сўраганларида “Билмайман, Раббим билдирса айтаман” деганлар. Буни Жаброил алайҳисалломдан сўраганларида ундан ҳам худди шундай жавоб олганлар. У ҳам Аллоҳу таолодан сўраб “Масжидлар” деган жавобни олган. "Аъроф" сурасининг “Авф эт ва маъруфни амр эт” маолидаги юз тўқсон саккизинчи ояти каримаси нозил бўлганда, Расулуллоҳ Жаброил алайҳисаломдан бунинг изоҳини сўраганларида, у “Раббимдан билиб келайин” деб кетган. Қайтиб келганида Аллоҳу таоло “Сендан узоқ турганга ўзинг яқинлаш! Сендан қизғонганга сен эҳсон қил! Сенга зулм қилганларни авф эт!” амрини берди, деб айтди. Шаъбий (раҳимаҳуллоҳу таоло) берилган  саволлардан бирига "билмайман" деди. “Сиз Ироқ диёрининг муфтийсисиз. Билмайман дейиш сизга ярашадими?” деганларида “Вақтида малоиканинг энг улуғлари билмаймиз, дедилар. Мен билмайман десам, буни нимасига ҳайратланасиз” деди. Имон Абу Юсуф (раҳимаҳуллоҳу таоло) бир саволга билмайман деб жавоб берганида “Ўзингиз байтул молдан (давлат ҳазинасидан) маош оласизу яна халқни саволига жавоб бермайсиз” дейишди. “Байтул молдан фақат билганларимга яраша маош оляпман. Агар билмаганларим учун ҳам маош талаб қилганимда, байтул-мол пул етказа олмасди” дедилар. Нафсига бўйсунмайдиган бесавод билан ошна бўлиш, нафсининг асирига айланган мулла билан ошналикдан яхшироқдир. Диний саводи борлиги, қорилиги ёки арабий билгани учун ишшайиш – кишининг жоҳил, бесавод, нодон эканлигини кўрсатади. Чунки илм, тавозега, камтарликка чорлайди, кибрдан ман этиб, қайтаради.

Такаббурлик ҳаромдир. Такаббур - Аллоҳу таолонинг сифатларидандир. Кибр ва Кибриё сифатлари ёлғиз унга хос. Инсон ўз нафсини қанчалик камситиб ерга урса, Аллоҳу таоло олдида қадри шунчалик ортади. Ўзига бино қўйган кишининг Аллоҳу таоло олдида қадру қиймати ер бўлади. Кибрнинг зарарини билмайдиган одамга олим дейиш ёлғон ва бўҳтондир. Инсоннинг илми ошган сайин Аллоҳу таолодан қўрқуви ҳам ошиб, гуноҳ қилишга жасорати етмай, журъат  этолмай қолади. Шунинг учун пайғамбарлар (алайҳимуссаллом) тавозе соҳиби бўлиб, Аллоҳу таолодан қаттиқ қўрқардилар. Қалбларида кибр ва манманлик сингари ёмон хулқлар ҳеч йўқ эди. Кичиклар, фосиқлар [гуноҳкор] ва фожир [ахлоқсиз, бузуқ] кимсаларга қарши ҳам кибрланмаслик керак. Фақат кибрли, манман, мақтанчоқ кимсаларга қарши кибрланиш мумкин. Олим саводсизни кўрганда "бу билмагани учун гуноҳга ботяпти, мен эса билиб қиляпман" десин. Олимни кўрганда "бу мендан кўпроқ билади ва илмнинг ҳаққини бериб, ихлос билан амал қиляпти. Мен ундай эмасман" десин. Ёши катта одамни учратганда "бу мендан кўпроқ йил ибодат қилган", ёшларни кўрганда "буларнинг ёши ҳам гуноҳи ҳам меникидан кам" дейиши керак. Тенгдошларига дуч келганда "мен ўз гуноҳларимни биламан, лекин унинг амалларини билмайман. Маълум бўлган ёмонликларга ҳақорат қилинади, номаълумларига эмас" демоғи лозим. Бирон бидъатчи ёки кофирни учратганда "одамнинг аҳволи охирги нафасида аниқ бўлади. Менинг ҳолим не кечаркин", деб улар олдида ҳам кибрга берилмаслик керак. Лекин уларни ёқтирмаслик, севмаслик шарт. Айниқса куфр билан бидъатни ёйишга уринаётган “Дин реформачилари” [динни замонга мослаб янгилаш, ўзгартириш, ислоҳ қилишга бел боғлаган ғаламислар]ни севмаслик керак. Чунки улар Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) суннатига душмандир. Улар суннат нурларини сўндиришга, бидъат билан залолатни ёйишга, аҳли суннат олимларини (раҳима-ҳумуллоҳу таоло) ёмонлашга, ояти каримаълар билан ҳадиси шарифларга нотўғри маънолар бериб, исломни ичдан бузишга уринмоқда.

[Китоб уйимизнинг барча нашрлари аҳли суннат олимларининг (раҳима-ҳумуллоҳу таоло) китобларидан таржима қилинган бўлиб, шахсий мулоҳазаларимиз эмас. Китобларимизнинг барчасида аҳли суннат олимларининг (раҳима-ҳумуллоҳу таоло) улуғликлари билан фазилатларини ёшларга улашишга ҳаракат қиляпмиз. Дунё ва охират саодатига эришишда ягона чоранинг аҳли суннат олимларининг китобларида кўрсатилган йўл эканлигини таъкидлаяпмиз. Мана шу саодат, нажот ва қутулиш йўлини одамзотга танитишга ғайрат қиляпмиз. Эвазига асло дунё манфаати кўзламаяпмиз. Ҳеч кимдан ҳеч нарса кутмаяпмиз. Бидъатчилар, мазҳабсизлар, ҳар тоифадаги ислом душманлари китобларимизнинг ёйилишига, ўқилишига тўғаноқ бўлаётганлари сир эмас. Устига устак нашрларимизга иблисона туҳматлар ёғдираётганлари ҳам бор. Лекин илмдан бенасиб бўлганликлари учун китобларимизда биронта илмий камчилик, хато тополмаяпти. Китоб сотиб бойимоқда, манфаат, пул орттирмоқда ҳам деёлмаяпти. Фақат "Бу китоблар нотўғри, ўқиманглар", деб жар солаётганлар чиқиб турибди. "Қани кўрсатинг, қаери нотўғри?" деганда, "биз шундай деб эшитдик"- деб туёқларини шиқиллатиб қоляпти. Алҳамдулиллоҳ! Огоҳ, зийрак ёшларимиз бундай фитначиларга алданмаяпти. Ўқиётганлар тобора ортиб боряпти.]

Мана шундай халқ орасига фитна, иғво уруғи сочадиган кимсаларни ҳам ҳурмат қилмаслик, севмаслик керак. Лекин ким бўлишидан қатъий назар ҳар бир инсон ўз гуноҳларини унутмаслиги ва азалда ўзи ҳақда қандай тақдир ёзилганини, охирги нафасининг қандай бўлишини кўпроқ ўйлаши керак. Охиратда кимнинг кимдан устун бўлишини дунёда аниқ билиб бўлмайди. Кўп дин арбоблари кофир ҳолда жон берганлар. Кўплаб кофирларга ҳам иймон билан жон бериш насиб қилган. Шу ҳолда кофирга жаҳаннамлик, ўзига жаннатлик деган киши ғайбни билганини даво қилган бўлади. Бу эса куфрдир. Чунки жаннатлик ёки жаҳаннамлик бўлиш охирги нафасда маълум бўлади. Сўнгги нафаснинг қандай бўлишини олдиндан аниқ айтиш ғайбга таалуқлидир. Шунинг учун ҳеч кимга қарши кибрланиш жоиз эмас.

Савол: “Кофирга ва бидъатчига наҳйи мункар қилиш, насиҳат бериш керакку. Ўзини улардан камтар тутган одам уларга қандай насиҳат қилиши мумкин? Бундан ташқари, одати илоҳия бўйича инсон қандай яшаса, шундай жон беради. Бунинг акси камдан-кам юз беради. Ҳамда Аллоҳу таоло мўминларни мадҳ этиб, иймонсизлардан устун эканлигини айтганку” дейилса.

Жавоб: Бунга жавоб тариқасида айтишимиз мумкинки, уларни севмаслик кераклиги – Аллоҳу таоло “Севманг!” дегани учундир. Улардан устунроқ бўлганимиз сабабли эмас. Султон кичик ўғлини хизматкори билан бирга бир жойга юбораётганда, бола ножўя иш қилса койишини, ҳатто калтаклашини буюради. Хизматкор шу амрга биноан бола қабоҳат қилганда уни уради. Лекин шунда ҳам, ўзининг боладан устунроқ эмаслигини билади. Унинг олдида катталик қилса ҳам, такаббурлик қилолмайди. Мўминнинг кофирни севмаслиги мана шунга ўхшайди. Аллоҳу таоло мўминларнинг ўзлари эмас, балки иймонлари устун эканлигини билдирган. Иймон кимда бор бўлса, ўша устун бўлади. Чексиз устунлик охирги нафасда маълум бўлади.

Ибодатнинг савоби, қадри қийматлироқ бўлиши шартларга боғлиқ. Мусулмон “молояъни” билан, яъни фойдасиз нарсалар билан вақт ўтказмайди. Ҳазрати Абу Бакр айтдиларки: "биз биронта ҳаромга қўл уриб қўймайлик деган андишада етмиш ҳалолдан ўзимизни тиярдик." Шу боис ҳеч ким ўз ибодатига ишонмаслиги керак. Кўп ибодат қилгани учун кибрланмаслик керак. Ибодатнинг қабул бўлиши учун ниятнинг холис бўлиши, яъни ёлғиз Аллоҳу таолонинг ризоси учун адо этилиши лозим. Бундай ихлосни қўлга киритиш осон эмас. Нафсни тозалаш тақво орқали амалга ошади. Тақво - ҳаромлардан парҳез қилиш деганидир. Нафси тозаланмаган кишининг ибодатларини ихлос билан бажариши жуда қийин.

Ота-боболари билан мақтаниб, кибрланиш саводсизлик ва аҳмоқликдир. Қобил Одам алайҳиссаломнинг ўғли эди. Канъонни (Нуҳ алайҳиссаломнинг уч ўғлидан бири бўлиб, иккинчи исми Ём эди. Туғишган акаси Ёфас дин олими эди. Шунга қарамай Ём куфрдан қутула олмади.) отасининг пайғамбарлиги куфрдан қутқара олмади. Одамларнинг бир-бирига айтиб мақтанаётган боболари бир сиқим тупроққа айланди. Тупроқ билан мақтаниш ақлли одамнинг ишими? Боболарнинг солиҳлиги билан мақтанмаслик керак. Балки улардек солиҳ бўлишга, уларнинг изидан боришга ҳаракат қилиш лозим.

Хотинларнинг аксарияти гўзалликлари билан кибрланади. Холбуки, гўзаллик одамда доимий эмас, тезда ўтади-кетади. Чирой инсонга мулк бўлмайди. Қарзга, вақтинча олинган нарса билан кибрланиш аҳмоқликдир. Ташқи кўринишнинг гўзаллиги қалб гўзаллиги билан, яъни яхши хулқ билан бирга бўлсагина қадрлидир. Қалбнинг поклиги эса Расулуллоҳнинг суннатига амал қилиш ё қилмаслигига қараб маълум бўлади. Агар одамнинг қалби, руҳи, ахлоқига эътибор берилмаса, ҳайвондан фарқи қолмайди. Ҳатто ҳайвонлардан ҳам тубанлашиб, ичига ахлат тўлган, синган бузуқ ускунадек бўлиб қолади. Доимо парваришга, ювиб-чайишга, таъмирга муҳтож ҳароб машинага ўхшаб қолади. Бундай одамга кибрланиш ярашадими? Бу ҳолатдаги кишининг фақат тавозе кўрсатиши керак бўлади.

Ёшлиги ва куч-қуввати билан такаббурланиш ҳам жоҳилликдир. Ҳайвонларнинг жисмоний ва ҳиссий қувватлари одамларга нисбатан бир неча марта кўп. У ҳолда ҳайвонлар одамларга қарши қибрланиши лозим. Ҳамиша бақувват ҳолича қолишини, касалликка, хавф-хатар ва офатга йўлиқмаслигини ким даво қила олади. Ёшлиги, куч-қуввати, соғлиги ҳатто ҳаракат қобилияти билан нафас олиб-беришидан маҳрум бўлмайдиган одам бормикан? Шундай ўткинчи, борлиги узоққа чўзилмайдиган ва ҳайвонларда ҳам мавжуд сифатлар билан такаббурлик қилиш ақлга тўғри келадими?

Мол-мулк, бола-чақа, обрў-эътибор, унвон ва лавозим билан кибрланиш одамзотга умуман ярашмайди. Чунки булар одамнинг зотида мавжуд бўлган фазилатлар эмас, балки ўткинчи, қўлда қолмайдиган, тез жудо бўладиган нарсалардир. Бундай устунликлар ҳаёсизларда, ёмон одамларда ҳам топилади. Устига устак уларда нисбатан кўпроқ бўлади. Агар булар устунлик бўлганда унга эришолмаган ёки эришиб йўқотганлар жуда тубан даржага тушиб қолган одамлар бўлиши керак эди. Агар мол-давлат шараф воситаси бўлганда, ўғриларнинг қисқа муддатга бўлса ҳам шарафли одамлар бўлишига тўғри келарди.

“Ҳиқд” ҳам такаббурга сабаб бўлмаслиги керак. Ҳиқд – луғатда гина қилмоқ, аразламоқ, ичида адоват-кек сақламоқ деганидир. Ҳиқд эгаси ўзи билан бирдай даражада ёки сал баландроқ бўлган одамга қалбидан душманлик қилиб, ғаши келади. Қўлидан ҳеч нарса келмагани учун ҳалиги одамлар олдида кибрланиб, ўзини баланд кшрсатишга уринади. Бундай иллатга йўлиққан одам тавозе кўрсатиши керак бўлган одамга ҳурмат кўрсата олмайди. Унинг ҳақ гапини, насиҳатларини қабул қилмайди. Ҳаммани олдида ундан устунроқ эканлигини кўрсатмоқчи бўлади. Унга бирон зиён-заҳмат етказса, узр сўрамайди.

“Ҳасад” ҳам такаббурга сабаб бўладиган иллатлардандир. Ўзгалар қўлидаги неъматларнинг олиниб, ўзига беридишини хоҳлаш - ҳасаддир. Ҳасадчи ҳасад қилаётган одамининг ҳақли сўзларини, насиҳатларини рад этади. Ундан бирон нарса сўраб ўрганишни жини суймайди. Ўзидан юқори эканлигини билиб турса ҳам, унга такаббурлик қилади.

“Риё” ҳам кибрланишга сабаб бўлади. Риёкор ўзини кўз-кўз қилиб, танимаган одамига ҳаммани олдида такаббурлик қилади. Яккама-якка қолганида ундай қилмайди. Бундай риёкорларнинг такаббуридан қутулиш учун олимларнинг виқорли бўлишлари, обрўларига мос кийинишлари керак. Шу боис имоми аъзам Абу Ҳанифа (раҳима-ҳуллоҳу таоло) “Саллангиз каттароқ бўлсин, чопонингизни енги кенгроқ бўлсин” дердилар. Халққа ваъз-насиҳат айтадиган шахсларнинг янги, тоза либослар кийиб, ўзларига жамол беришлари ибодат бўлади. Ҳурмат қилинмасалар, гапларига қулоқ солинмайди. Чунки жоҳиллар кишининг фақат ташқи кўринишига, уст-бошига қарайди. Илмини, ахлоқини тушунмайди.

Кўплар кибрли эканликларининг фарқига бормайди. Шунинг учун кибрнинг аломатларини билиш керак. Кибр иллатига чалинган одам бирон маконга кирганда ҳамманинг ўрнидан туриб кутиб олишини хоҳлайди. Шахсига ҳурмат кўрсатилаётганини кўриб, одамларга насиҳат бермоқчи бўлган олимнинг ўзи учун ўринларидан туришларини хоҳлаши кибр бўлмайди. Ўзи ўтириб, ўзгаларнинг тик туришини хоҳлаш кибрдир. Ҳазрати Али (розиаллоҳу таоло анҳ) айтганларки: “Жаҳаннамлик одамни кўргиси келган киши, ўзи ўтириб бошқаларни тик турғазиб қўйган кимсага қарасин!” Асҳоби киром (алайҳимурридвон) Расулуллоҳни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳамма нарсадан ортиқ севарди. Лекин Ул зот келганларида ўринларидан туришмасди. Чунки тик туришларини хоҳламасликларини билишарди. Шу билан бирга, олимлар келганда, илмнинг қадрини кўрсатиш мақсадида ўрнидан туриш лозим.

Яҳё бин Қаттон (раҳима-ҳуллоҳу таоло) аср намозини ўқигач жоме минорасига суяниб ўтирганди. Ёнига замоннинг машҳур олимларидан бир нечтаси келди. Ораларида Аҳмад бин Ҳанбал (раҳима-ҳуллоҳу таоло) ҳам бор эди. Ҳаммаси тик турган ҳолда ҳадис илмидан савол беришди. Яҳё ҳаммасига жавоб берди, лекин ҳеч қайсига “ўтиринг” демади. Ҳеч қайси ҳам ўтиришга журъат қилолмади. Савол-жавоб шом намозигача давом этди.

Ёш олим ёши катта жоҳилдан юқорироққа ўтиради. Талаба устозидан олдин гап бошламайди. Устози йўқлигида, унинг ўрнига ўтирмайди. Кўчада устозидан ўзиб олдида юрмайди. Бир киши ўзи учун одамларнинг ўрнидан туришларини ёқтирса, лекин бу хоҳишидан қутулишни истаса, севгиси “Майли табиий”, яъни табиатидандир ёки шайтоннинг васвасасидандир. Иккаласи ҳам гуноҳ эмас. Чунки бу истак унинг измида, ихтиёрида эмас, иродасидан ташқаридадир.

Ёлғиз юргиси келмай, ортидан бир неча одамни эргаштириб юришни ёқтириш ёки ўзи уловга миниб, шогирдларининг пиёда юришларини ёқтириш ҳам кибр аломатидир. Бир куни Расуллуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинанинг Боқий қабристонига бораётган эдилар. Бир неча киши кўриб, ортларидан эргашдилар. Расулуллоҳ тўхтаб, уларга олдинга ўтишни буюрдилар. Ўзлари эса ортдан юрдилар. Сабаби сўралганда “Оёқ товушини эшитдим. Қалбимга кибрдан бир зарра келмаслиги учун шундай қилдим” дедилар. Расулуллоҳга кибр келмасди. Асҳобларига сабоқ бўлиши учун шундай йўл тутдилар. Абуддардо (розиаллоҳу таоло анҳ) айтганлар: “Кибрли одамнинг ортидан юрувчилар сони ортган сайин, унинг Аллоҳу таолодан узоқлашиши ҳам ортади.”

Зиммасида ҳақи борларни зиёрат қилмаслик, яъни танишларидан хабар олмай қўйиш ҳам кибр аломатидир. Ўзидан пастроқ, камроқ бўлганларни зиёрат қилиб, хол-хотир сўраб туриш тавозе аломатидир.

Ёнига бировнинг ўтиришини ёқтирмаслик, касаллар билан бирга ўтирмаслик, уйида иш қилмаслик, оиласининг эҳтиёжларини сотиб олишга, уйига кўтариб келишга уялиш, бир кийган кийимини қайта кийишни ёқтирмаслик - барчаси кибр аломатидир. Иш жойида иш формасини кийишни хушламаслик ҳам шундай. Фақирлар, камбағаллар меҳмонга чақирса бормай, бойларникига бориш такаббурликдир. Қариндошлари ва бола-чақасини керакли нарсалар билан таъминламаслик, тўғри сўзни тан олмай баҳслашиш, айбини-хатосини кўрсатганларга раҳмат айтмаслик, кўпчилик олдида содир қилинса, риё бўлади. Ёлғиз пайтда ҳам, ўзгалар ёнида ҳам қилинса кибр бўлади.

Тавозе эгаси бўла олиш учун дунёга қаердан келиб, қаерга кетаётганини билиш лозим. Аввал умуман йўқ эди. Бошида ҳеч нарса қила олмайдиган, нимжон чақалоқ эди. Ҳозир эса ҳар куни касалланиш, ўлиш хавфи остида яшамоқда. Охирида ўлади, чирийди ва тупроққа айланиб, қурт-қумурсқага ем бўлади. Инсон худди зиндондаги ўлим ҳукми берилган маҳкумнинг қатл вақтини кутиб қийналаганидек дунё зиндонида мени қачон азоблагани олиб боришади деган хавотирда яшамоқда. Охир-оқибат ўлиб, ҳашаротга ем бўлади, қабр азобини тортади. Кейин қайта тирилиб Қиёмат ташвишини бошига тушади. Жаҳаннамда абадий ёниш қўрқувида яшаётган одамга такаббурлик ярашадими ё тавозе? Инсонларнинг яратувчиси, етиштирувчиси, ҳар сонияда хавф-хатардан қўриқловчиси, қиёматда ҳисобга тортадиган, чексиз азоб ёки мукофот берадиган, чексиз куч-қудрат эгаси, ўхшаши, шериги йўқ ёлғиз ҳоким ва қодир бўлган Аллоҳу таоло “Такаббурлик қилганларни севмайман, тавозе эгаларини севаман” деган. Ўзи ожиз, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган бечора одамга шулардан қайси бирини қилиш ярашади? Ақли жойида, ўзини ва Раббини таниган банда ҳеч ҳам такаббурлик қила оладими? Одамзот ўз ожизлигини, бандалигини Раббига ҳар доим изҳор этишга мажбур. Шунинг учун ҳамма вақт, ҳамма жойда ожизлигини намойиш қилиб, тавозе кўрсатиши лозим. Абу Сулаймон Дароний (раҳима-ҳуллоҳу таоло): “Барча одамлар мени тутган ўрнимдан ҳам тубанлаштириб, ҳақорат қилмоқчи бўлсалар, уддалай олмайди. Зеро мен инсонларга маълум бўлган ҳақорат даражаларининг энг пастидан ҳам тубан эканлигимни биламан” деган. Инсон ўзини ҳаммадан, ҳатто Иблис ё Фиръавндан ҳам паст кўра оладими? Чунки булар [Сталин, Мао ҳамда югурдаклари сингари ислом ва одамзот душмани бўлган золимлар] кофирларнинг энг пасткашларидир. Уларнинг худолик даъво қилиб, шахсий орзуларига етиш учун миллионлаб одамни қириб, исканжа остида қийнаган кофирларнинг энг пасткаши эканликлари муҳаққақ. Аллоҳу таоло уларга ғазаб қилиб, куфрнинг энг ёмонига дучор қилибди. Менга эса раҳм қилиб, иймон ва ҳидоят эҳсон қилибди. Хоҳласа аксини қилиши мумкин эди. Алҳамдулиллоҳ, ундай қилмади. Яна, шу ёшга етгунча не-не гуноҳлар қилдим. Ҳеч ким қилмайдиган ёмонликларга қўл урдим. Оқибатим қандай бўлишини билмайман, деб бош эгиши, тавозе қилиши кераклигини ўз-ўзига таъкидлаши керак.

Ҳадиси шарифларда бундай марҳамат қилинган: “Аллоҳу таоло тавозе қилишимни менга буюрди. Ҳеч қайсингиз, ҳеч кимга такаббурлик қилманг!” Зиммий деб аталувчи ғайри муслим ватандошларга ва изн билан [паспорт билан] келган ажнабий тужжор, ишбилармон ва туристларга қарши ҳам кибрланмаслик кераклиги ушбу ҳадиси шарифдан тушунилмоқда. Ҳар бир одамга нисбатан камтар, мутавозе бўлиш шарт бўлгач уларга хиёнат қилиш, алдаш ранжитиш ҳам асло жоиз эмас.

[Дорул-ҳарбдаги [кофир юртда] кофирларнинг моллари, жонлари, шарафлари, номусларига кўз олайтиш, у ерда ҳам ўғрилик, талончилик қилиш, озор етказиш, кофир қонунларига қарши чиқиш, бошчиларига ҳақорат қилиш, тинчликни бузиш, тартибсизлик чиқариш, солиқдан қочиш, транспортларда йўл ҳақини тўламаслик, исломнинг шонига, чиройли ахлоқига ярашмайдиган ҳар қандай ножўя ҳаракат қилиш жоиз эмаслиги, ушбу ҳадиси шарифдан ва юқорироқда ёзилган изоҳидан ҳам англашилмоқда. Кофир ўлкалардаги насроний қонунларига бўйсуниш дегани, уларни улул-амр [мусулмон раҳбар] сифатида тан олиш дегани эмас. Аллоҳу таолога исёнга сабаб бўлувчи буйруқларга қарши борилмайди. Улул-амрнинг ҳам, кофир қиролларнинг ҳам ундай буйруқларига қарши исён қилинмайди. Ҳукуматга, қонунларга қарши чиқиш, қаерда бўлмасин, доим фитнага сабаб бўлади. Фитнага сабаб бўлиш ҳаромдир. Фиқҳ китобларининг икроҳ бобида ва Муҳаммад Маъсумнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) учинчи жилд, 55-мактубида бунинг изоҳи мавжуд. Бирон киши ислом мамлакатида ёки Дорул-ҳарбда, яъни кофир юртларда пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) мана шу амрларига бўйсунмаган ҳолда, кофирларга қарши одобсизлик, тартибсизлик қилса, уларнинг идораларига қарши қилмиш содир қилса, гуноҳга ботиш билан бирга исломни ва мусулмонларни бутун оламга ёввойи қилиб танитган, шарманда қилган ҳамда исломга оғир хиёнат қилган бўлади.

Жиҳод - “Амри маъруф ва наҳйи мункар” деганидир. Бу жиҳод икки хил бўлади: Биринчиси, кофирларга исломиятни танитиш, уларни куфр фалокатидан қутқаришдир. Иккинчиси, мусулмонларга илмиҳолларини ўргатиш, уларнинг ҳаром иш қилишларининг олдини олишдир.

Ушбу икки хил жиҳод уч турли адо этилади. Биринчиси, бадан билан қилинади. Бадан орқали, яъни ҳар хил ҳарб воситалари ёрдамида жиҳод, ўз халқига исломни таъқиқлаб, зулм, зўравонлик, даҳрийлик тазйиқи остида куфрга солинган бечора халқларга исломнинг эркин етишига тўсиқ бўлаётган диктаторлар билан империалист-мустамлакачи кучларга қарши қилинади. Бунда энг замонавий силоҳлар ёрдамида ҳарб қилиб, ўша золим диктаторлар, мустамлакачиларнинг куч-қувватлари йўқ қилинади, уларнинг зулми остида эзилган бечора миллатлар асоратдан, қулликдан қутқарилади. Уларга исломият ўргатилиб, ўз хоҳиш-ихтиёрлари билан мусулмон бўлишлари таклиф этилади. Қабул қилишмаса, мусулмон халқ орасида ислом динининг одил, эрксевар ва тенгҳуқуқлиликни амр этувчи низоми остида мусулмонлар билан бирдай ҳақ-ҳуқуққа эга бўлган ҳолда ўз диний ибодатларини эмин-эркин адо этиб тинч яшашларига изн берилади. Мана шу қуролли жиҳод, яъни урушни фақат давлат амалга оширади. Яъни давлатнинг қуролли қўшини, мудофаа кучлари қилади. Давлатнинг буйруғи, рухсати, хабари бўлмасдан биронта мусулмоннинг кофирларга қўл текказиши, зўравонлик қилиши жоиз эмас. Давлат сулҳ тузган кофирлардан бирини ўлдирган мусулмонга ислом дини энг оғир жазони беради. Кўриниб турибдики, ислом динида жиҳод дегани қаътиян ур-йиқит, вайрон қил, одамларни қир дегани эмас. Аксинча одамларга исломиятни танитиб, ўз ихтиёрлари билан мусулмон бўлишларига шароит тайёрлашга ҳаракат қилиш деганидир. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам), Асҳоби киром (розиаллоҳу таоло анҳум ажмоъин) ҳамда ҳақиқий мусулмон бўлган ислом давлатлари, масалан Усмонийлар доимо мана шундай жиҳод қилганлар. Ҳеч қачон кучсиз, мудофаасиз одамларга ҳужум қилмаганлар. Бу одамларга исломнинг етказилиши, танитилишига тўғаноқ бўлган ислом душмани, кофир диктаторлар, мустамлакачилар ва мусулмон ниқоби остига яширинган бидъатчи, фитначи гуруҳларга қарши курашиб, уларнинг золим, тажовузкор армияларини йўқотганлар. Шундай зўравон кучлар зулми остида инграётган халқларни қутқариб озодликка эриштирдилар. Уларга исломиятни ўргатиб, ўз ихтиёрлари билан чинакам мусулмон бўлиб, абадий саодатга эришишларига сабаб бўлдилар.

Ислом давлати ва ислом қуролли кучларининг иккинчи вазифаси: мусулмонлар билан ислом динини йўқотиш мақсадида ислом юртларига ҳужум қилаётган кофирларга ҳамда халқ бирлигига раҳна солувчи адашган оқимларга қарши жиҳод қилиб, мусулмон халқларни ва ислом динини ҳимоя қилишдир. Аллоҳу таоло "Анфол" сурасида ислом давлатининг кофир мамлакатларда ишлаб чиқарилаётган ҳарбий қуролларни топиб, ўрганиб, ҳаммасини тинчлик пайтида ишлаб чиқаришни, доимо урушга тайёр туришни буюрган. Буларни бажармаган ҳукумат исломга бўйсунмаган, оқибатда душманлар ҳужумига жавоб беролмай, минглаб мусулмонларнинг шаҳид кетишига ва исломиятнинг заифлашишига сабаб бўлади.

Ислом жиҳодининг иккинчи шакли ҳар хил нашр воситаси орқали исломиятни одамзотга ёйиш, эшиттиришдир. Бу жиҳод ислом олимлари томонидан ислом давлатининг ёрдами ва назорати остида амалга оширилади. Замонимизда ислом душмани бўлган кофирлар, миссионерлар, масонлар, коммунистлар ва мазҳабсизлар, ҳар хил нашр органлари орқали исломни ёмонламоқдалар. Ёлғон, бўҳтон, туҳматлар ёрдамида бутун оламни, ҳатто саводсиз, ўқимаган мусулмонларни алдаб, ислом динини йўқотишга уринмоқдалар. Насронийларнинг ўн бир савол тўқиб, барча ислом ўлкаларига тарқатаётганларидан 1992 йил хабар топдик. Бангладешдаги ислом олимлари, уларга жавоб ёзиб роҳибларни шарманда қилдилар. Истанбулдаги “Ҳақиқат китоб уйи” ушбу жавобларни “ал-Акозиб-ул-жадида-тул-христиёнийя” номи билан “Ассиротул мустақим” китобига илова қилиб бутун дунёга юбормоқда. “Қодиёний”, яъни аҳмадийлар, “баҳоийлар”, “мавдудийчилар”, “таблиғи жамоатчилар”, “салафийчилар”, “мазҳабсизлар”, “ваҳҳобийлар” Қуръони каримдан ва ҳадиси шарифдан нотўғри, бузуқ маънолар чиқариб, исломнинг ҳақ йўлидан айрилмоқда. Ушбу бузғунчиларнинг ҳаддан ошганлари кофир [Аллоҳ душмани] бўлмоқда. Улар барчаси матбуот йўли билан китоблар, мажмуалар, рисолалар чоп этиб, радиоларда нотўғри эътиқодларини тарқатмоқда. Бу ишга миллионлаб маблағ сарфланмоқда. Шундай заҳарли нашрлар дастидан бир томондан “Аҳли суннат” ёки “Сунний” деб аталувчи ҳақиқий мусулмонлар онги чалғитилиб, исломни ичкаридан емирмоқдалар. Иккинчи томондан исломни жаҳонга қийшиқ танитиб, ҳамманинг нафратини уйғотмоқдалар. Мусулмон бўлиш истагидаги ажнабийлар бундай зиддиятли ташвиқотлар қаршисида нима қилишларини билмай тараддутда қолмоқда.  Ё мусулмон бўлишдан воз кечмоқда ёки нотўғри, бузуқ оқимларга кириб олиб, мусулмон бўлдик деб ўйламоқда.

Исломнинг ички ва ташқи душманларининг заҳарли, бузғунчи тарғиботларига қарши Аҳли суннат олимларининг ҳақиқий мусулмонликни, яъни Муҳаммад алайҳиссалом билан Асҳоби киромнинг (розиаллоҳу таоло анҳум ажмоин) ҳақ йўлини нашр воситалари орқали бутун жаҳонга ёйишлари ҳозирги куннинг энг муҳим жиҳоди ҳисобланади.

Жиҳоднинг учинчи қисми дуо орқали қилинадиган жиҳоддир. Барча мусулмонларнинг бу жиҳодга иштирок этишлари фарзи айндир. Бу жиҳоддан бош тортиш оғир гуноҳ бўлади. Бу жиҳод – жиҳоднинг биринчи ва иккинчи қисмларини бажараётганларга дуо қилиш орқали амалга ошади. Лашкари ғазо лашкари дуонинг ёрдамига муҳтождир. Ихлос билан қилинган дуо муҳаққақ қабул бўлади.

Жиҳоднинг юқорида баён қилинган уч қисмини ҳам Аллоҳу таолонинг ёрдамига ишонган ва динга риоя қилган ҳолда адо этганларга Аллоҳу таоло муҳаққақ ёрдам беради. Жиҳодга тайёрланмай, керакли энг янги қурол-аслаҳаларни ишлаб чиқмай, сотиб олмай, меҳнат қилмай, ўзаро аҳил бўлмай, ўтирган жойимизда қилган дуоларни Аллоҳу таоло қабул қилмайди. Дуонинг қабул бўлиши учун аввало сабабларга мурожаат қилиш керак. Таваккул ана шундай бўлади. Жиҳодда муваффақ бўлиш учун исломга риоя қилиш кераклигини айтиб ўтдик. Ислом жиҳодга олдиндан тайёрланишни буюрган. Жиҳоднинг биринчи қисмини уддалай олиш учун энг замонавий ҳарб воситаларининг барча турини олдиндан тайёрлаш, улардан фойдаланишни ўрганиш ҳамда қўмондонга, ҳукуматга итоат қилиш, осийлик қилмаслик, бўлинмаслик шарт. Давлат қуролли кучлари фондига ҳар бир мусулмон қўлидан келгунча кўпроқ маблағ ҳадя қилиши керак. Жиҳоднинг иккинчи қисмини бажарувчи Аҳли суннат олимларига ва уларни таъминловчи вақфлар, уюшмалар, жамғармаларга ҳам ёрдам бериш, мол-мулк орқали жиҳод қилиш бўлади. Бадан билан, мол-мулк ва пул билан жиҳод қилувчиларга Аллоҳу таоло қиёматда жаннатни ваъда қилган. Али Муҳаммад Балхийнинг, ҳижрий 1411 йилда босилган форсча “Муфтий-и мужоҳид” китобида жиҳод мавзуси кенг ёритилган.]

Ҳадиси шарифда “Неъматга эришганлардан, тавозе кўрсатганларга; ўзларини хатоли деб билганларга; ҳалолдан мол топиб, хайрли жойларга сарф қилганларга; фиқҳ илми билан ҳикматни, яъни тасаввуфни бирлаштирганларга; ҳалол-ҳаромга риоя қилганларга; фуқарога [камбағал-гадоларга] раҳм қилганларга; ишларини Аллоҳ ризоси учун қилганларга; ахлоқи чиройли бўлганларга; ҳеч кимга ёмонлик қилмаганларгра; илми билан амал қилганларга; молининг ортиғини тарқатиб, сўзининг ортиғини сақлаганларга хушхабар-муждалар бўлсин” деб марҳамат қилинган.

Масхара қилиш ниятида, мунофиқлик билан риё қилиб, мол-давлат, лавозимга эришиш учун ёки қўрққанидан кўрсатиладиган тавозе ҳам ёмон хулқдир. Шу ёмон хулқдан қутулиш учун унга сабаб бўлган ёмонликларни ҳам тарк этиш керак. Ана шундай ёмон сабаблардан поклана олган одамнинг тавозеси чиройли хулқ бўлади.