Савол: Нафснинг ҳар бир истаги киши зарарига дейилади. Нафснинг энг катта душманлиги қайси жиҳатдан бўлади?
Жавоб: Нафснинг мақсади инсонни кофир қилишдир. Нафс инсонни кўпроқ мол-мулкка ва шон-шуҳратга берилишга мажбурлайди. Мол ва шуҳратга берилиб кетишнинг манбаи нафсдир. Нафс кўпинча мана шу йўллар орқали инсонни ҳалокатга судрашга ҳаракат қилади. Кўп мол ва шуҳрат эгаси бўлиш ҳамма вақт ҳам ёмонликдан дарак бермайди. Динга ва мусулмонларга хизмат қила олиш мақсадида кўп мол-мулкка эга бўлиш албатта яхши. Шу ният билан лавозим соҳиби бўлиш ҳам яхши. Нафс бу неъматларни ёмон ишларда фойдаланишга, сарфлатишга уринади. Буларни ҳаром йўллардан қўлга киритиш орзусига мубтало қилади. Ёки қилинган яхши амалнинг савобини совуришга ҳаракат қилади. Масалан, хайрия сифатида қудуқ қазиб элга сув чиқарса, дарров устига исмини ёздиртиб, савобини кўчага сочади. Шу орқали инсонни риёга, одамларга кўз-кўз қилишга етакламоқчи бўлади. Мақола ёзиб, китоб ёзиб ўз номини оламга тарқатиш пайида бўлади.
Ҳалол йўл билан кўп мол-мулк топиш бироз қийин. Шунинг учун ота-боболаримиз: “Кўп гап ёлғонсиз, кўп мол ҳаромсиз бўлмайди” деганлар. Бу кўп бўлган мол-мулкка албатта ҳаром аралашади дегани эмас. Бойлик ҳам, фақирлик ҳам инсонни йўлдан оздириб, куфрга судраши мумкин. Шунинг учун муҳтарам пайғамбаримиз “Ё Рабби, йўлдан оздирадиган бойлик ва фақирликдан сенга сиғинаман” деб дуо қилишни тавсия қилганлар. Кимдир фақирлигига исён қилиб, кимдир бойлигига шишиб, Аллоҳни унутади, оқибатда бу фалокатига сабаб бўлади. Шу боис Раббимиздан доимо шукрини адо этишга қурбимиз ва кўзимиз етадиган хайрли мол сўрашимиз керак. Шон-шуҳрат соҳиби (машҳур) бўлиш ҳам одам учун хавфли бўлиши мумкин. Шунинг учун “Шуҳрат – офатдир” деб марҳамат қилинган. Аллоҳу таоло сақлаганлардан ташқари, кўп одамлар шуҳратнинг қурбони бўлишади.
Мана шу восита ва усуллар орқали нафс инсонни мол-мулк, шуҳрат севгисига дучор қилиб, куфрга судрашга уринади. Шунинг учун инсон ҳар нафси тусаган нарсанинг орқасидан чопқилашга тушмасдан, тамкинли ҳаракат қилиши керак. Чунки нафс нимаики хоҳласа ва орзу қилса, фақат ўз зарарига бўлганларни истайди.