Назар дуолари

Савол: Назардан сақланиш учун қандай дуолар ўқилади?

Жавоб: Инсонга, ҳайвонга ва ҳатто жонсиз нарсага ҳам назар (кўз) тегади. Назар инсонни касал қилади, ҳатто ўлдиради. Аёлларга ва болаларга тезроқ таъсир қилади. Пайғамбаримиз замонларида Асад ўғилларидан "кўзи бор" деб тарифланадиган бир шахс бор эди. Уч кун ҳеч нарса емасди, сўнгра чодирнинг бир тарафини кўтариб, у ердан ўтиб кетаётган бир туяга қараб “Бундай туяни умримда кўрмаганман” деб айтган заҳоти туя йиқилиб ётиб қоларди. Мушриклар ўша одамни топиб, Пайғамбаримизни назари (кўзи) билан ўлдиришини илтимос қилдилар. Жаноби Ҳақ Расулуллоҳни унинг назаридан сақлаган эди. Бу ҳақида Қалам сурасининг “Кофирлар сени кўзлари билан йиқитишмоқчи бўлди” маолидаги 51-оят нозил бўлганди.

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Назар - одамни мозорга, туяни қозонга туширади.” (Ибн Адий)

“Инсонларнинг ярми назардан ўлади.” (Табароний)

“Кўз тегиши ҳақ.” (Муслим)

 Назар-кўз теккан одам қуйидаги дуоларнинг бирини ёки барини ўқиши керак:

1) Фотиҳа, Оятал курси ва тўрт Қул (Кофирун, Ихлос, Фалақ, Нос суралари) 7 мартадан ўқилиб, хастага уфланса, жоду, назар ва ҳар қанақа дард учун даво бўлади. тузга ўқиб, бу тузни сувда эритиб, ичса ҳам бўлади. Бир ҳадиси шарифда: “Фотиҳа ва Оятал курсини ўқиган кишига шу куни назар тегмайди” деб марҳамат қилинди. (Дайламий)

2) Бир ҳадиси шарифда: “Тонгда ва шомда 3 марта (бисмиллоҳ билан) “Бисмиллаҳиллази ла йадурру маасмиҳи шайун фил арди ва ла фиссамаи ва ҳувассамиул алим” дуосини ўқиган одам сеҳр-жоду ва назар (кўз тегиши)-дан ҳимояланган бўлади” деб марҳамат қилинди. (Ибн Можа)

3) Оятал курси, Фотиҳа, икки Қул аузу ва Қалам сурасининг охирини ўқиш жуда фойдали. (Мадориж)

4) Сарвари олам жанобимиз икки Қул аъузуни ўқиб марҳамат қилдиларки: “Бу икки сура билан (балолардан, назардан) сақланинг. Ҳеч ким бу икки сура билан ҳимояланганидек бошқа нарса билан ҳимоялана олмайди.” (Абу Довуд)

5) “Аузу бикалиматиллаҳит-таммати мин шарри кулли шайтонин ва хаммаатин ва мин шарри кулли айнин лаамматин”ни тонгда ва шомда 3 мартадан ўқиб ўзига ёки хастага уфланса, назардан, жин, шайтон ва ҳайвонларнинг зараридан сақланади. (Мавоҳиб)

6) Расулуллоҳ кўз тегишига қарши “Аллоҳумма борик фиҳи ва ла тадарруҳу”ни ўқирдилар. (Ибн Сунний)

7) "Кўзи бор", яъни кўзи, назари тез-тез тегадиган одам ёки ҳамма ўзига ёққан нарсани кўрганида “Мошааллоҳ” дейиши, ундан кейин ёққан нарсаси ҳақида гапириши керак. Бирон нарса кишига ғоятда манзур бўлганда у ҳақдаги ҳайратини ифодалашдан аввал агар "Мошаллоҳ" дейилса, кў (назар) тегмайди. Ҳадиси шарифда: “Ёқтирган бирон нарсани кўрганингизда “Мошаллоҳ ла қуввата илла биллоҳ” десангиз, у нарсага назар тегмайди” деб марҳамат қилдилар. (Байҳақий)

8) Назардан сақланиш учун Ояти хирз деган оятларни ўқиш ва ёнида олиб юриш ҳам жуда фойдали.

9) Ибн Обидин ҳазратлари “Полизга суяк, қўриқчи (чучело) ва ҳайвоннинг калла суягини илиб қўйиш керак. Бир аёл полиз ҳосилига назар тегмаслик учун нима қилиш кераклигини сўраганида Расулуллоҳ: “Полизга ҳайвоннинг калла суягини осгин” деб марҳамат қилдилар. Қараган кимса биринчи шуни кўради, ундан кейин ҳосилни кўради” деб айтган. (Радд-ул мухтор) Диққат тортувчи чақалоқ, жонли ёхуд жонсиз нарсага осилган кўзмунчоқлар ҳам худди шу мақсад ва ниятда ишлатилиши керак. Ўзгача эътиқод қилиш хатарли бўлади.

10) Иссиқ-совуқ қилиш, уни восита ёки сабаб деб билмай, тўғридан-тўғри таъсир қилишига ишониб ёнида "тивала", "тамима" деб аталадиган тилсимланган нарсалар олиб юриш ва афсун, жоду қилиш жоиз эмас. Маъносиз ёки куфрга сабаб бўладиган тилсимлар, дуолар, куф-суфлар, дам солишлар, руқялар ўқишга "афсун" (жоду) дейилади. Кўз тегишини бевосита ўзи қайтара олади деб этиқод қилинадиган кўзмунчоқларга "тамима" дейилади. Руқя - ўқиб уфлаш (дам солиш) ёки ёнида олиб юриш (тумор) деганидир. Мана шу руқя (дам солиш ва тумор) агар оят ва ҳадисларда билдирилган дуолардан фойдаланиб қилинса бунга "тавиз" дейилади. Тавиз эса, жоиз. Демак дам солганда ва тумор тайёрланганда динимизда хабар берилган мўтабар дуолардан фойдаланилса, бу дам солишнинг ва туморнинг жоиз тури ҳисобланади. Акс ҳолда қатъиян жоиз бўлмайди. Ҳадиси шарифда: “Дориларнинг энг яхшиси Қуръони каримдир” деб марҳамат қилинди. (Ибн Можа)

11) Имом Раббоний ҳазратлари талабалари билан узоқ бир ерга кетаётганда кечаси бир карвонсаройда қолдилар. Имом Раббоний ҳазратлари талабаларига “Бу кеча бир бало келади. (Бисмиллоҳ билан) “Бисмиллоҳиллази ла йадурру маъасмиҳи шайун фил арди ва ла фиссамаи ва ҳувассамиул алим” дуосини уч марта ўқинглар” деб буюрди. Кечаси катта ёнғин чиқди. Бутун карвонсарой ёнди. Фақат дуони ўқиганларга ҳеч зарар етмади.

Дард, бало, фитна, хасталик, назар, жодудан, золимларнинг ёмонлигидан сақланиш учун тонгда ва шомда имом Раббоний ҳазратлари хабар берганини хотирлаб, 3 марта ўқиш лозим. Ояти хирз ўқилганда ҳам бу дуони ўқиш керак. Ҳадиси шарифда: “Тонгда “Бисмиллоҳиллази ла йадурру маъасмиҳи шайун фил арди ва ла фиссамаи ва ҳувассамиул алим” дуосини 3 марта ўқиганга шомгача, шомда ўқиганга эса тонггача ҳеч бало келмайди” деб марҳамат қилинди. (Ибн Можа)