Аллоҳу таоло, барча мусулмонларнинг Аҳли суннат эътиқодига мувофиқ иймон келтиришларидан розидир. Бу шарафли эътиқодга мансуб бўлишнинг бир неча муҳим шартлари ва аломатлари бўлиб, Аҳли суннат олимлари буни қуйидагича изоҳ этганлар:
1. Иймоннинг олтита шартига, яъни Аллоҳу таолонинг борлиги ва бирлигига, шериги ва ўхшаши йўқлигига; Малакларига; Китобларига; Пайғамбарларига; Охират ҳаётига; Тақдирга, яъни яхши ва ёмон кунларнинг Аллоҳ тарафидан яратилганига ишониш керак. (Булар “Оманту”да билдирилган).
2. Аллоҳу таоло юборган охирги китоб бўлмиш Қуръони каримнинг Аллоҳ каломи (сўзи) эканлигига ишониш керак.
3. Мўминман деган киши, ўз иймонидан ҳечам шубҳаланмаслиги керак.
4. Пайғамбаримизга “саллаллоҳу алайҳи ва саллам” иймон келтириб, ҳаётида уни кўрган ва бу шарафга муяссар бўлган Асҳоби киромнинг ҳаммасини севиш ва ҳурмат қилиш керак. Тўрт буюк ҳалифасига, яқин қариндошлари бўлган Аҳли байтига ва муҳтарам хонимларидан ҳеч бирига тил текказмаслик керак.
5. Ибодатларни иймоннинг шарти деб билмаслик керак. Аллоҳу таолонинг амр ва тақиқларига ишонган ҳолда, эриниб адо этмаган мусулмонларни кофир деб билмаслик керак. Ҳаромларга аҳамият бермайдиган, менсинмайдиган ва исломиятни ҳазилга оладиганларнинг иймони кетади.
6. Аҳли қибла эканлигини, Аллоҳга ва пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ишонишини айтган киши, бузуқ эътиқодда бўлса ҳам, унга “кофир” демаслик керак.
7. Очиқча гуноҳ қилмайдиган ва қилгани ҳам номаълум бўлган ҳар имомнинг орқасида намоз ўқиш керак. Бу ҳукм, Жума ва Байрам намозларини ўқитадиган амирлар ва ҳокимларга ҳам тааллуқлидир.
8. Мусулмонлар ўзларининг бошларидаги амирларига, бошлиқларига исён этмаслиги керак. Исён этиш, фитнага сабаб бўлади ва турли фалокатларга йўл очади. Ҳоким ва амирларнинг хайрли иш қилишлари учун дуо қилиш, уларни гуноҳ ва ёмон ишларидан қайтариш учун ширин гап билан насиҳат қилиш керак.
9. Таҳорат олаётганда оёқларни ювиш ўрнига ҳеч қанақа узр ва зарурат бўлмаса ҳам қўл билан маҳси устига масҳ тортиш, эркак учун ҳам, аёл учун ҳам жоиздир. Яланг оёқ ва пайпоқ устига масҳ қилинмайди.
10. Пайғамбаримизнинг “саллаллоҳу алайҳи ва саллам” меърож ҳодисалари ҳам руҳ, ҳам бадан орқали амалга ошганига ишониш лозим. Бунга ишонмайдиганлар ва “Меърож фақатгина руҳий ҳодисадир” ёки “Меърож рўёда/тушда бўлган»- дейдиганлар, Аҳли суннат эътиқодига хилоф иш қилган бўлади.
11. Жаннатда мўминлар Аллоҳу таолони кўрадилар. Қиёмат кунида пайғамбарлар, солиҳ ва авлиё зотлар шафоат қилади. Қабр саволи ҳақ бўлиб, қабр азобини руҳ ҳам, бадан ҳам тортади. Авлиёнинг каромати ҳақдир. Каромат, Аллоҳу таолонинг севгили бандаларига эҳсон ва икром этган, одатдан ташқари, яъни физика, кимё ва биология қонунлари ҳорижида ҳосил бўладиган ажойиб ҳоллардир. Кароматлар - валийларнинг ҳаётларида шунчалик кўп рўй берганки, тарихда мингларчаси қайд қилинганидан инкор қилинолмайдиган ҳодисалар қаторига кирган. [Қалби муҳрланган кимсаларгина уни кўролмайди.] Қабрдаги руҳлар тирик инсонларнинг гапирганларини эшитадилар. Қуръони карим ўқиш, садақа бериш ва ҳатто бутун ибодатларимизнинг савобини маййитларга ҳадя этиш, уларнинг қабр азобларидан қутилишига, гуноҳларининг кечирилишига, Жаннатга тезроқ киришига, қабр азобларининг бироз енгиллашишига сабаб бўлмоқда. Буларнинг ҳаммасига ишониш, Аҳли суннат эътиқодида бўлган ҳақиқий Сунний мусулмонларнинг аломатларидандир.