Дуо қилаётганда авлиёни восита этмоқ

 Савол: Дуо қилаётганда авлиёни восита этиш жоизми?

Жавоб: Жоиз ва яхши бўлади. Масалан, бомдод ва хуфтон намозидан кейин буюк олимларнинг (масалан силсилаи олиянинг) исмларини, сўнгра Фотиҳа ўқиб руҳларига бағишлаб, уларни васила этиб қилинган дуонинг қабул бўлиши тажриба қилиб кўрилган. (Фавоид-и Усмония)

Савол: Вафот этган авлиёдан қандай ёрдам сўралади?

Жавоб: Унинг буюклигига ишониш ва унинг йўлида бўлиш керак. Руҳига Ёсини шариф ёки уч Ихлос ва бир Фотиҳа ўқиб бағишланади. Сўнгра ҳеч нарса ўйламай, ҳурмат ва тавозе билан исмини айтиб, воситачи бўлиши учун ёлворилади.

Савол: Дуонинг қабул бўлиши учун авлиёни восита этиш керакми?

Жавоб: Дуонинг қабул бўлиши учун аҳли суннат эътиқодида бўлиш, ҳаром ишлашдан, айниқса, ҳаром ейишдан, ичишдан сақланиш, фарзларни бажариш, Аллоҳу таолодан сўраган нарсасининг сабабини ўрганиб, уни излаш керак. оғзига кириб-чиқаётган нарсаларга эътибор бериш лозим, яъни ҳаром емаслик, ҳаром сўз гапирмаслик, гап ташимаслик, ғийбат этмаслик, фаҳш сўзларни оғзига олмаслик керак. Барчанинг бу шартларни бажариши қийин бўлади. Авлиёни васила этганимизда Аллоҳу таоло дуомизни уларга эшиттиради ва улар биз учун дуо этади. Аллоҳу таоло ҳам уларнинг дуосини қабул этади.

Абу Ҳасан Ҳарқоний ҳазратлари сафарга чиққан талабаларига “Танг аҳволга тушганларингда мендан ёрдам сўранглар” деб тайинлади. Йўлда талабаларини қароқчи талайди. Улар қутулиш учун Аллоҳу таолога дуо этадилар. Аммо қутула олмайдилар. Бир талабаси “Ё Абал Ҳасан, имдод (ёрдам)!” дейди. Бу талабани қароқчи кўрмайди. Бошқаларининг нима нарсаси бўлса барини оладилар. Сафардан қайтгач устозларига “Биз Аллоҳдан ёрдам сўраганимиз ҳолда қароқчиларга таландик, фақат шу дўстимиз сиздан ёрдам сўрагани учун қутулди. Бунинг ҳикмати нима?” деб сўрадилар. Ҳарқоний ҳазратлари “Аллоҳу таоло гуноҳкор кимсаларнинг дуосини қабул этмайди. Дўстингиз мендан ёрдам сўраганида Аллоҳу таоло унинг дуосини менга эшиттирди. Мен ҳам “Ё Рабби, бу талабамни қутқар” дедим. Аллоҳу таоло қутқарди. Мен фақат воситачи бўлдим, дуо қилдим. Қутқарган Раббимиз” деб жавоб берди. (Тазкират-ул авлиё)

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Ё Рабби, сендан сўраганини берганинг зотларнинг ҳурмати учун истайман.” (Ибн Можа)

“Чўлда ёлғиз қолган кимса бир нарса йўқотса “Ё Аллоҳнинг қуллари менга ёрдам беринглар” десин. Чунки Аллоҳу таолонинг сизлар кўрмайдиган қуллари ҳам бор.” (Табароний)