Ашуро куни ва кечаси

Муҳаррам ойи Қуръони каримда эъзозланган тўрт ойдан бири. Муҳаррам ойининг биринчи куни рўза тутиш бутун бир йил рўза тутишдек фазилатлидир. Ҳадиси шарифда: “Рамазон ойидан кейин энг фазилатли рўза Муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир” деб марҳамат қилинди. (Муслим)

Бу ойнинг энг қийматли кечаси Ашура, яъни 28 августдан 29 августга ўтадиган кечадир. Аллоҳу таоло кўплаб дуоларни Ашура кечаси қабул қилган. Ҳазрати Одам тавбасининг қабули, ҳазрати Нуҳнинг тўфондан қутулиши, ҳазрати Юнуснинг балиқ қорнидан тирик чиқиши, ҳазрати Иброҳимнинг гулхандан омон қолиши, ҳазрати Идриснинг тирик ҳолида кўкларга чиқарилиши, ҳазрати Яъқубнинг ўғли ҳазрати Юсуф билан дийдор кўришиши, ҳазрати Юсуфнинг қудуқдан чиқиши, ҳазрати Аюбнинг хасталикдан соғайиши, ҳазрати Мусонинг Қизил денгиздан ўтиши, ҳазрати Исонинг таваллуди ва суиқасддан қутулиб, тирик ҳолида кўкка чиқарилиши барчаси Ашура куни рўй берган. Ҳадиси шарифда: “Ашура куни Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси Жуди тоғи тепаларига ўтирди. Бу куни Нуҳ ва ёнидагилар Аллоҳу таолога шукр учун рўза тутгандилар. Ҳайвонлар ҳам ҳеч нарса емаганди. Аллоҳу таоло денгизни Бани Исроил учун Ашура куни ёрди. Яна Ашура куни Аллоҳу таоло Одам алайҳиссаломнинг ва Юнус алайҳиссалом қавмининг тавбаларини қабул қилди. Иброҳим алайҳиссалом ҳам шу куни туғилди” - деб марҳамат қилинди. (Табароний)

Аввалдан Қурайш халқи ҳам, Расулуллоҳ ҳам Ашура куни рўза тутардилар. Мадинага келгач, яна шу куни рўза тутдилар ва мусулмонларга ҳам тутишни буюрдилар. (Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд)

Мадинада Ашура куни рўза тутган Сарвари олам яҳудийларнинг ҳам рўза тутганини кўриб, “Нимага рўза тутяпсиз?” деб сўрадилар. Улар: “Бугун Аллоҳ Исроил ўғилларини душманларидан қутқарган кун. Мусо мана шу кунда рўза тутгани учун биз ҳам тутамиз”- дейишди. Расулуллоҳ мусулмонларнинг бугун рўза тутишларининг сабабини изоҳлаш мақсадида “Мен Мусо алайҳиссаломга сиздан кўра лойиқроқдирман” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд)

Ашура куни бажариладиган амаллар:

1. Ашура куни рўза тутиш суннат. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики: “Ашура куни рўза тутган инсоннинг бир йиллик гуноҳлари авф бўлади.” (Муслим, Термизий, И.Аҳмад, Табароний)

“Ашура куни рўза тутган одам шу йили тута олмаган (нофила) рўзаларнинг савобига қовушади.” (Дайламий)

“Ашура кунидан бир кун аввал ёки бир кун кейин ҳам рўза тутиб, яҳудийларга мухолафат қилинг (улардан фарқланинг).” (И.Аҳмад)

“Ашуранинг фазилатидан бенасиб қолманг! Бу муборак кунда рўза тутган киши фаришталар, пайғамбарлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг ибодати қадар савобга ноил бўлади.” (Ширъа)

Ёлғиз Ашура куни рўза тутиш макруҳдир. Шу боис аввалги кунни ёки кейинги кунни қўшиб тутиш керак. Муҳтарам пайғамбаримиз бир куни пешинга яқин “Барчага эшиттиринг! Бугун бирон нарса еган киши шомгача ҳеч нарса емасин, худди рўзадордек юрсин. Ҳали ҳеч нарса емаган бўлса, рўза тутсин. Чунки бугун Ашура кунидир” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд)

Пайғамбаримиз бу куни бир хурмони муборак оғизларида ҳўллаб, ёш болаларнинг оғзига солиб қўярдилар. Болалар Расулуллоҳнинг мўъжизаси сифатида шомгача ҳеч нарса еб-ичмасдилар. Бу кунда ҳатто ҳайвонлар ҳам ҳеч нарса емаслигини айтганлар бўлди. Бир овчи Ашура куни бир кийик овлаган эди. Кийик болаларини эмизиб, шомдан кейин қайтишга Расулуллоҳ ҳурмати учун овчидан изн сўради. Овчи кийикнинг шомга қолмасдан етиб келишини айтганида кийик “Бугун Ашура куни. Бу куннинг ҳурматига болаларимизни шомгача эмизмаймиз. Шу сабабдан шомдан кейин келишим учун изн сўрадим” деб жавоб берди. Буни эшитган овчи кийикни Расулуллоҳга ҳадя этди. Расулуллоҳ кийикни озод этдилар.

2) Силаи раҳм қилиш керак. Яъни қариндошларни зиёрат қилиб, ҳадя ва турли ёрдам билан кўнгилларини олиш лозим. Ҳадиси шарифда “Силаи раҳмни тарк қилган одам Ашура куни қариндошини зиёрат қилса, Яҳё ва Исонинг (алайҳимуссалом) савобича ажрга эришади” деб марҳамат қилинди. (Ширъа)

3) Илм ўрганиш лозим. Ҳадиси шарифда “Ашура куни илм ўрганиладиган ёки Аллоҳу таоло зикр этиладиган ерда бир пас ўтирган киши жаннатга киради” деб марҳамат қилинди. Бу кеча илм ўрганиш мақсадида аҳли суннат олимларининг китобларини ўқиш лозим. Айниқса Қуръони карим ўқиш, қазоси бор мўминлар, қазо намозларини ўқиши керак. (Ширъа)

4) Садақа бериш суннат бўлиб, ибодатдир. Ҳадиси шарифда: “Ашура куни заррадай садақа берган мўмин, Ухуд тоғидай савобга эришади” деб марҳамат қилинди. (Ширъа)

Бугун ибодат деб эътиқод қилиб, айрим ўлкаларда одат бўлган “ашура” деб номланувчи (буғдой, нўхат каби дон-дунга шакар қўшиб пиширилган) ширинлик тайёрлаш бидъат бўлади. “Ашура” ширинлигининг бугунга махсус ибодат эмаслигини билиб, ашура ёки бошқа ширинликлар пишириш гуноҳ бўлмайди, савоб бўлади. Мана шу фарқни яхши фаҳмлай олиш керак.

Шифо нияти билан кўзига сурма сурадиган киши бу кунда ҳам суриши мумкин. Ҳадиси шарифда “Ашура куни исмид билан кўзига сурма қўйган одам кўз оғриғи кўрмайди” деб марҳамат қилинди. (Ҳаким)

5) Кўп салом бериш лозим. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Ашура куни ўн мусулмонга салом берган мўмин бутун мусулмонларга салом бергандек савобга эришади.” (Ширъа)

6) Оила, бола-чақасини севинтириш керак. Ҳадиси шарифда “Ашура куни оила аъзоларининг нафақасини етарлидан ортиқ қилиб берган кимсанинг нафақаси бутун йил мўл-кўл бўлади” деб марҳамат қилинди. (Байҳақий) 

7) Ғусл олиш керак. Ҳадиси шарифда “Ашура куни ғусл олган мўмин гуноҳлардан тозаланади” деб марҳамат қилинди. (Ширъа)

(Бу савоблар эътиқоди тўғри бўлган, намоз ўқийдиган ва ҳаромлардан тийиладиган мўминлар учундир. Буларга риоя этмаган кимса Ашура куни бир эмас, бир неча марта ғусл қилса ҳам, гуноҳлари кечирилмайди.)

Ҳазрати Ҳусайн, Муҳаррам ойининг ўнинчи куни шаҳид қилинган. Бу буюк имомнинг шаҳид этилиши, албатта, бутун мусулмонлар учун ғам ва мусибатдир. Ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон, ҳазрати Али ва ҳазрати Ҳамзанинг шаҳид этилиши ҳам шундай катта мусибатдир. Аммо муҳтарам Пайғамбаримиз ҳазрати Ҳамзанинг шаҳид қилинган куни учун кейинги йилларда мотам тутмадилар. Мотам тутишни ҳам буюрмадилар. Агар мотам тутиш тақиқланмаганда, ҳаммадан аввал Пайғамбаримизнинг вафотлари учун мотам тутилган бўларди. Ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинди:

“Мотам тутган одам ажали келмай туриб тавба қилмаса, қиёматда шиддатли азобга дучор бўлади.” (Муслим)

“Икки нарса инсонни куфрга етаклайди. Биринчиси, бирининг насл-насабига сўкиш; иккинчиси, ўлганни ортидан мотам тутишдир.” (Муслим) 

Ашура куни ўқиладиган дуо

Шаҳобиддин Суҳравардий ҳазратлари айтганларки: “Кимки қуйидаги дуони Ашура куни (Муҳаррам ойининг 10-куни) 3 марта ўқиса, шу йили ўлимдан ҳам омон қолади. Зеро шу йили ажали тақдир қилинган одамга ушбу дуони бирон сабаб билан ўқиш насиб бўлмайди.”

“Алҳамдулиллоҳи Раббил оламин. Вассалоту вассалому аъла саййидина Муҳаммадин ва аъла олиҳи ва саҳбиҳи ажмоин. Аллоҳумма антал абадиййул-Қадим, ал-Ҳаййул-Карим, ал-Ҳаннон, ал-Маннон. Ҳазиҳи санатун жадидатун. Асъалука фиҳал исмата минаш-шайтониррожийм, вал авна аъла ҳазиҳин нафсил аммороти биссуъи вал иштиғола бима йуқаррибууни илайка ё зал Жалоли вал Икром, бираҳматика ё Арҳамар-Роҳимин. Ва саллаллоҳу ва саллама аъла саййидина ва набиййина Муҳаммадин ва аъла олиҳи ва саҳбиҳи ва аҳли байтиҳи ажмоин.”