Барот кечаси

Барот кечаси Шаъбон ойининг 15 кечасидир. Бу йил (2024) 24 февралдан 25 февралга ўтар кечаси бўлади. Тафсирларда Қуръони каримнинг бу кеча Лавҳ-ул-маҳфузга тушгани билдирилган. Ояти каримада маолан “Очиқ-ойдин бўлган Китобга онт бўлсинки, биз уни (Қуръонни) муборак бир кечада туширдик. Албатта биз инсонларни огоҳлантирмоқдамиз” деб буюрилган. (Духон, 2-3)

Ҳар йили Шаъбон ойининг 15-чи Барот кечасида шу йили бўладиган нарсалар, амаллар, умрлар, ўлим сабаблари, даражаларнинг кўтарилиш-пасайиши, яъни барча нарса Лавҳ-ул маҳфуздан олиниб малакларга маълум қилинади. Сарвари олам жанобимиз бу кеча кўп ибодат, кўп дуо қилардилар.

Шаъбон ойида нима сабабли кўп рўза тутганлиги сўралганида Расулуллоҳ: “Шаъбон шундай фазилатли ойки, инсонлар бундан ғофилдир. Бу ойда амаллар оламларнинг Раббига арз қилинади. Мен ҳам амалларимнинг мен рўзадор пайтимда арз қилинишини истайман” деб марҳамат қилганлар. (Насоий)

Бу мавзудаги ҳадиси шарифларнинг баъзиларини қуйида келтириб ўтамиз:

“Барот кечаси кўкларнинг эшиклари очилади, фаришталар мўминларга хушхабар беради ибодатга ташвиқ этади.”(Насоий, Байҳақий, А.Мунзирий)

“Рамазондан кейин энг фазилатли рўза Шаъбон ойида тутилган рўзадир.” (Термизий)

“Шаъбон ойида уч кун рўза тутган кишига Ҳақ таоло Жаннатда бир жой ҳозирлайди.” (Эй ўғил илмиҳоли)

“Шу беш кечада қилинган дуо рад этилмайди: Рағоиб кечаси, Барот кечаси, Жума кечаси, Рамазон ва Қурбон байрами кечалари.” (И.Асокир)

“Аллоҳу таоло Шаъбон ойининг 15-кечасида раҳмати билан кўриниб, ўзига ширк қўшган ва мусулмонларга душманлик қилувчилардан ташқари, барчани авф этади.” (Ибн Можа)

“Шаъбоннинг 15-кечасини ибодат билан кундузини рўза билан ўтказинг. У кеча Аллоҳу таоло: “Авфу мағфират ҳохловчилар йўқми, мағфират қилайин. Ризқ истовчилар йўқми, ризқ берайин. Дарди борлар йўқми, соғлиқ ва офият берайин. Ким нима сўраса, истагини берайин”- деб буюради. Бу ҳол тонггача давом этади.” (Ибн Можа)

“Шаъбон ойининг 15-кечаси раҳмати илоҳий оламни буркаб олади. Ҳамма мағфиратга эришади. Фақат ноҳақдан мусулмонларга душманлик қилувчи ва Аллоҳу таолога шерик қўшувчилар мағфират қилинмайди.” (Байҳақий)

“Жаброил алайҳиссалом келиб “Туринг, намоз ўқиб, дуо қилинг! Бу кеча Шаъбон ойининг 15-кечасидир” деди. Бу кечани ибодат билан ўтказганларни Аллоҳу таоло авф қилади. Фақат мушрик, сеҳр-жоду қилувчи, фолчи, хасис, қалбида кин сақлайдиган, мазҳабсиз (бидъат аҳли), ичкилик ичувчи, фоиз олиб-берувчи, зино қилувчиларни авф қилмайди.”(Табароний)

“Раҳмат эшиклари тўрт кеча очилади. Бу кечаларда қилинган дуолар рад этилмайди. Рамазон ва Қурбон байрамларининг биринчи кечалари, Барот ҳамда Арафа кечасидир.” (Исфаҳоний)

“Аллоҳу таоло Барот кечасида кофирлардан бошқа барча мўминларни мағфират қилади. Кек сақловчиларни эса, бу хулқларини тузатмагунча авф этмайди.” (Табароний, Байҳақий)

“Аллоҳу таоло Шаъбоннинг 15-кечасида мушрик ва бидъат аҳлидан бошқа барчани авф этади.” (Ибн Можа)

“Аллоҳу таоло Барот кечасида дунё самосига назар солади. Бани Калб қабиласининг қўйларининг тукларидан ҳам кўп инсонларнинг гуноҳларини авфу мағфират қилади.” (Ибн Можа, Термизий)

“Тўрт кечанинг кундузи ҳам худди кечаларидек фазилатлидир. Аллоҳу таоло бу кунларда дуо қилган мўминнинг дуосини рад этмайди, уларни мағфират қилади ва улар бу кунларда мўл эҳсонларга эга бўладилар. Булар Қадр кечаси, Арафа кечаси, Барот кечаси, жума кечаси ва кунларидир.” (Дайламий)

“Аллоҳу таоло шу тўрт кечани хайр билан безайди: Қурбон ва Рамазон байрами кечалари, Арафа кечаси, Барот кечасики, бу кечада ажаллар, ризқлар ёзилади.” (Дайламий)

“Солиҳ қариндош билан алоқани узган, ота-онага осий бўлганлар Барот кечасида авфу мағфиратга эриша олмайди.”(Байҳақий)

Ичкилик ичиш, хасислик, кек сақлаш каби гуноҳларни қилганлар кофир бўлмайди. Имони бўлса, гуноҳларининг жазосини олгандан кейин жаннатга киради. Савоблари гуноҳларидан оғирроқ бўлса, жаҳаннамга кирмай, тўғри жаннатга киради.

Оиша онамиз айтганларки: Расулуллоҳнинг ҳеч бир ойда Шаъбон ойидан кўп нофила рўза тутганлигини кўрмадим. Баъзан бутун Шаъбон ойини рўза билан ўтказардилар. (Бухорий)

Бу кечани ғанимат билиш, тавба-истиғфор қилиш, қазо намозлари ўқиш, Қуръони карим ўқиш, илм ўрганиш керак. Энг қимматбаҳо илм тўғри ёзилган илмиҳол масалаларидир.

Расулуллоҳ жанобимиз Барот кечасида “Аллоҳуммарзуқна қалбан тақиййан минашширки барийан ла кофиран ва шақийан” дуосини кўп ўқирдилар.

Ҳазрати Оиша волидамиз: “Ё Расулаллоҳ, Аллоҳу таоло сизни ҳар қандай гуноҳдан муҳофаза қилгани ҳолда нима учун Барот кечасида кўп ибодат қиласиз?” деб сўрадилар. Пайғамбар жанобимиз марҳамат қилдиларки: “Мен шукр қилувчи қул бўлмайинми? Бу йил ичида туғиладиган ҳар бир гўдак бу кеча дафтарга ёзилади. Бу йил ичида ўладиганларнинг исми бошқа бир дафтарга ёзилади. Бу кеча барчанинг ризқи бўлинади. Бу кеча барчанинг амаллари Аллоҳу таолога арз қилинади.” (Ғуня)

Нофила ибодатларнинг савобига эришиш учун аҳли суннат эътиқодида бўлиш, ҳаромлардан қочиб, гуноҳларига тавба қилиш, фарзларни нуқсонсиз бажаришга ҳаракат қилиш, бу амални ибодат сифатида бажаришга ният қилиш шарт.

Ҳасан Басрий ҳазратларининг ҳар Шаъбоннинг 15-куни гўё мозордан чиққандек юзларидан ранг қочарди. Бир гал бу ғамининг сабабини сўраганларида “Биламанки, гуноҳларим бор. Гуноҳларим авф қилинмаса, савобларим ҳам қабул қилинмаса, ҳолим нима бўлади деб қўрқувдан рангим оқариб кетди” деб жавоб бердилар.

Савол: Рўза Шаъбоннинг 14-куни тутиладими ёки 15-куни?

Жавоб: Ўн бешинчи куни тутилади. Соғлиги заиф бўлганларнинг Шаъбоннинг ўн бешида рўза тутмай, фарз бўлган Рамазони шариф рўзасига тайёрланиши яхшироқ бўлади. Соғлиги жойида бўлган киши эса, Шаъбон ойининг кўпини, ҳатто ҳамма кунларини рўза билан ўтказа олади.

Савол: Барот кечасида тақдиримиз қайтадан ёзиладими?

Жавоб: Йўқ. Тақдир азалда Лавҳ-ул маҳфузга ёзилган. Кейин бошқа нарса ёзилмайди. Яъни Лавҳ-ул маҳфузда бўладиган ўзгаришлар, умрининг ортиши ва камайиши ҳам азалда ёзилган. Аллоҳу таолонинг азалдаги илми қандай бўлса, Лавҳ-ул маҳфуздаги ўзгаришлар ҳам шунга мос бўлади. (Тафсири назм)

Аллоҳу таоло азалда ҳеч нарса яратмасдан олдин ҳамма нарсани тақдир қилди, тилади. Булардан бир йил ичида бўладиган барча нарсани фаришталарга билдиради.” (С.Абадия)

Савол: Барот кечасида вафот этадиганлар, дунёга келадиганлар ва уларнинг амаллари ёзилар экан. Бу кечада инсоннинг пешонасига ёзилганлар ўзгарадими? Яъни бу кеча қилган дуоларимиз сабабли пешонамизга ёзганни ўзгартира оламизми?

Жавоб: Пешонага ёзилганлар икки хил бўлади. Биринчилари дуо билан, садақа бериш ва яхшилик қилиш орқали ўзгаради. Иккинчилари эса асло ўзгармайди. Масалан, уйланишимиз, иш соҳиби бўлишимиз ё ўзгарадиган қисмда ёки ўзгармайдиган томонда бўлади. Уни ҳам биз била олмаймиз, шунинг учун дуо қиламиз, яхшилик қиламиз, агар ўзгарадиган қисмда бўлса, қилган хайрли амалларимиз  натижасида у ўзгаради. Барот кечасида ёзиладиганлар ҳам азалда билдирилган нарсалар. Умрнинг узайиши, қисқариши ҳам шундай. У ерда масалан "Фалон яхшиликни қилади ва умри узаяди" ёки "фалон ёмонликни қилади ва умри қисқаради" деб ёзилади. Демак, доим яхшилик қилишга ҳаракат қилишимиз керак.