Рўзани бузадиган нарсалар

Савол: Рамазон рўзасини бузадиган нарсалар қайсилар?

Жавоб: Рамазон рўзасини бузадиган ва фақат қазосини лозим қиладиган нарсалар қуйидагилардир:

1) Қор ёки ёмғирнинг томоққа кетиб қолиши.

2) Астма спрейини қўллаш.

3) Мажбурлаб буздириш.

4) Бурунга суюқ дори қўйиш.

5) Бурунга атир сепиш (ҳидлаш бузмайди).

6) Муқимлигида рўза тутиб, сафарга чиққандан кейин еб-ичиш.

7) Уд дарахти шохини амбар билан куйдириб, тутунини ҳидлаш.

8) Бошқа биров чеккан сигарет тутунини ўзи истаб ҳидлаш.

9) Қулоғига дори томизиш, қулоғини дорили сув билан ювиш.

10) Теридаги очиқ жароҳатга қўйилган суюқ дорининг ҳазм қилиш йўлига кетиб қолиши.

11) Баданга игна орқали дори юбориш (укол).

12) Ўзи истаб, мажбурлаб оғиз тўлиб қусиш.

13) Тиши қонаган кишининг оғзидаги қонни ютиши ёки тупук билан тенг миқдорда аралашган қонни ютиши.

14) Имсок (фажр) вақтининг кирганидан бехабар еб-ичиш.

15) Қуёш ботди деб ўйлаб рўзасини очиб юбориш.

16) Тишлари орасида қолган нўхотдек нарсани ютиш.

17) Бурунга тортилган сувнинг оғиздан чиқиши.

18) Таҳоратда томоққа сув кетиб қолиши.

19) Қоғоз, тош, пахта, ўт, пишмаган гуруч каби дори ва озиқ бўлмаган нарсаларни ютиш.

20) Жинсий аъзоларида тампон қўлланиш.

21) Рўзадор эканлигини унутиб бирон нарса еганида рўзам бузилди деб еб-ичишда давоб этиш.

22) Имсок вақтидан кейин ният қилган кишининг кун ичида рўзасини қасддан бузиши.

23) Денгизга тушганида ёки ғусл олаётганида вужудига табиий тешикларидан сув кириши (Ҳанбалийда бузмайди).

24) Тил тагига қўйган дорини шимиш.

25) Жинсий аъзоларга қўйилган пахта ёки бошқа нарсанинг бутунлай ичга кириб кетиши.

26) Таҳорат олгандан кейин геморройининг ҳўл ҳолатида ичкарига кириши.

27) Мастурбация қилиш.

28) Вужудга кирган ультратовуш ва эндоскоп асбобларида дори ёки мазьнинг бўлиши.

29) Клизма қилдириш (Моликийда бузмайди).

30) Атайлаб сув буғидан нафас олиш.

31) Ҳўл бармоқни олд ёки орқа тарафга суқиш (Ҳанбалийда бузмайди).

32) Бурундан халқумига кетган қонни ютиш.

33) Очликка ва чанқоққа чидай олмай очиб юбориш.

34) Ҳушидан кетганни ўзига келтириш учун ёки ухлаб ётган кимсанинг оғзига сув оқизиш.

35) Сафардалигида рўзасини қасддан бузганга каффорат керак эмас, лекин қазосини ўташ керак бўлади. Чунки сафарда рўза тутиш фарз эмас.

36) Рўзасини қасддан бузгандан кейин бошига рўза тутмасликни мубоҳ қиладиган бир ҳол келса, масалан, аёлнинг ҳайзи бошланса ёки рўза тутолмайдиган даражада касалланса, фақат қазо керак бўлади. Лекин рўзасини бузиб сафарга чиқса, каффорат керак бўлади. Чунки сафарга чиқиш самовий узрга ётмайди.

37) Рўзадорнинг оғзига кирган тер ёки кўз ёши кўп бўлиб, унинг таъмини оғиз бўшлиғининг ҳар ерида сезса ҳамда уни ютса, рўзаси бузилади. Туфлаб ташласа бузилмайди.

Савол: Дин реформистлари “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг” ҳадиси шарифини ўз қарашларига кўра шундай шарҳлашган:

“Таҳорат олаётганда оғиз бўшлиғига юққан сув рўзани бузмаганидек оғизга сепилган дорили спрей ҳам рўзани бузмайди. Бурунга томизилган дори ичига кирса ҳам бузмайди. Игна билан дори юбориш, клизма қилдириш, жинсий аъзоларига тампон қўлланиш, тил тагига ташланган дорини шимиш ва қулоққа томизилган дори рўзани бузмайди.” Мана шу реформистларнинг айтганлари хато эмасми?

Жавоб: Албатта, нотўғри. Юқоридагиларнинг барчаси тўрт мазҳабда ҳам рўзани бузади. Фиқҳ китобларида рўзани бузиб, каффорат керак қиладиган сабаблар озиқ ёки шифо (дори) бўлувчи нарсани ютиш деб тарифланган. Қум, тупроқ, маъдан каби озиқ ва шифо бўлмаганлар рўзани бузса ҳам, каффоратни керак қилмайди. (Радд-ул-мухтор)

Озиқ ёки даво бўлган нарсаларнинг игна орқали берилиши каффоратни эмас, қазони лозим қилади. Масалан, очиқ жароҳатга қўйилган суюқ дори сингиб кетса, рўзани бузса ҳам каффорат лозим бўлмайди. Астма спрейи ичида дори бўлгани учун рўзани бузади. Оғизга кириб, ютилган нарсанинг кўп ёки оз бўлишининг аҳамияти йўқ. Бир томчи сув ёки дори ўз хоҳиши билан ютилса рўза бузилиши билан бирга каффорат ҳам лозим бўлади. Таҳорат олаётганда ўзи истамай ютса, каффорат лозим эмас, чунки бу ерда қасд йўқ. Таҳорат олганда оғиз ичида қолган намликни ютиш билан оғизга, бурунга берилган дорини ютиш иккаласи бир-бирига қиёсланмайди. Чунки таҳорат олиш заруратдир. Дори олиш ҳам заруратдир дейиладиган бўлса, зотан рўза тута олмайдиган даражада хаста бўлган кимсага рўза тутмаслиги учун рухсат берилган. Соғайгач тутади. Реформист зиндиқларнинг айтганидек “Ҳам дори қабул қиламан, ҳам рўзам бузилмайди” дейиш тубдан нотўғри.

Тўрт мазҳабга ва бутун мужтаҳидларга кўра ярага қўйилган дори ичкарига кетса, рўза бузилади. Шофеъий мазҳабида мия, қорин, ичак, қовуқ ичкаридан ҳисобланади. Масалан. Бош суяги ёрилса ва унга қўйилган малҳам мияга, яъни ичкарига кетса рўза бузилади.

Шофеъийда қоринга пичоқ санчилса, пичоқнинг учи ичкарига киргани учун рўза бузилади. Соғлом теридан кирган пичоқ рўзани бузгани каби игнабилан мушак ёки томирни тешиб берилган дори ҳам ичга киргандан кейин рўзани бузади. Ҳанафийда пичоқ бутунлай ичга кирсагина, рўза бузилади.

Бугун тиббиётда осма укол (капельница)нинг мияга ва вужуднинг ҳамма жойига етиб бориши қатъийлигини исботлаган. У ҳолда капельница тўрт мазҳабда ҳам рўзани бузади. Кейин фақат қазосини ўташ керак бўлади. Тиббиёт томирдан ва мушаклардан юборилган дорининг мия ва қовуққа кетишини билдириб турганда ҳеч ким “Капельница ёки укол билан берилган дори ичга, яъни мия, қовуқ каби жойларга бормайди” деб даъво қила олмайди. Айтса ҳам, бекорчи гап бўлади. (Бу ердаги Ҳанафий мазҳабига тегишли масалалар Таҳтовий, Мабсут, Бадойи ва шунга ўхшаш китоблардан, шофеъий мазҳабига тегишли ҳукмлар Мажму, Муғн-ул-муҳтож, Туҳфа, Анвор, Куммасра, Бажурий, Шарҳи ибни Бажурий каби мўътабар асарлардан олинган.)

Клизма қилдириш моликий мазҳабидан бўлак барчасида рўзани бузади. (Ал-фиқҳ-у алал-мазоҳиб-и арбаа)

Жинсий аъзоларига тампон қўйиш, пахтанинг кириб кетиши, бармоқнинг ҳўл ҳолатида кириши, қулоққа дори томизиш ва бурунга дори тортиш ҳам рўзани бузади. (Радд-ул-мухтор, Ҳиндия, Ҳидоя)

Тил тагига ташланадиган хапдорилар эса доридир, мукоза дейилган юмшоқ тўқимадан шимилгани учун худди тери тагига игна орқали дори юборишдек бўлиб, рўзани бузади. Оғиз бўшлиғида мукоза орқали эмас, соғлом теридан шимилган дорилар бузмайди.

Савол: “Қулоққа ёки бурунга қўйилган дори даволаниш мақсадида бўлгани учун рўзани бузмайди” дейдиганлар учрамоқда. Даволаниш мақсадида бўлса бу дорилар уколлар рўзани бузмайдими?

Жавоб: Даволаниш мақсадида бўлса ҳам рўзани бузади. Рўзадор қасддан озиқ ёки шифо бўладиган бирон нарсани еб-ичса каффорат ҳам керак бўлади. Укол қилдирса, бурунга дори ёки қулоққа ёғ томизса ёки кичик тош ва шунга ўхшаган ейилмайдиган ёки жирканиладиган бир нарсани ютса фақат қазо керак бўлади. (Радд-ул-мухтор)

Шифо ёки озиқ мақсадида бўлса ҳам капельница ҳам укол каби рўзани бузади ҳамда қазосини ўташи керак бўлади. Каффоратни керак қилмаслиги оғиздан берилмагани учундир.

Яратилишда бўлган тешиклардан ичкарига кирган нарса озиқ ва шифо бўлмаса ҳам рўзани бузгани каби вужуддаги ярага қўйилган дори ҳазм қилиш йўлига кетиб қолса ҳам рўзани бузади. (Таҳтовий)

Демак, даволаниш мақсади билан, яъни дори сифатида ҳам бирон нарса еб-ичиш рўзани бузганидек каффоратни ҳам тақозо қилади. Даволаниш ёки бошқа мақсадда бўлсин қулоққа, бурунга томизилган дори рўзани бузади, қазосини ўташ керак бўлади. Даволаниш мақсадида бўлса, рўзани бузмайди дейиш динимизга хилофдир.