Савол: Бидъат аҳлининг ибодатлари қабул бўлмаслиги ҳақида ҳадис борми? Бор бўлса, унинг уйдирма эмаслигини қандай билишимиз мумкин?
Жавоб: Ижтиҳод орқали чиқарилган хоҳлаган бир ҳукм, ҳеч қачон бошқа ижтиҳод натижасида чиқарилган ҳукм туфайли ўз кучини йўқотмаганидек хоҳлаган бир олим ҳам бошқа бир олимнинг китобида ўтган ҳадисга "уйдирма" дегани билан бу ҳадис барча олимлар наздида "уйдирма" деган ёрлиққа эга бўлмайди. Бундан ташқари, ҳозирги аксарият имом, қори каби диний хизмат вакиллари ҳам "саҳиҳ бўлиш" билан "қабул бўлиш" орасидаги фарқни билишмайди. Қуйида бу борада бироз изоҳотлар берилади:
Бидъат аҳлининг ибодатлари қабул бўлмаслиги ҳақида кўплаган ҳадиси шарифлар бор. Бир ҳадиси шарифда “Бидъат аҳлининг намози, рўзаси, ҳажжи, умраси, жиҳоди, тавбаси, фарзи, нофиласи ва ҳеч қандай яхшилиги қабул бўлмайди. Ундайларнинг диндан чиқиши худди сарёғдан қил суғургандек осон бўлади” деб марҳамат қилинди. (Ибн Можа)
“Ҳадиқа” ва “Бариқа” китобларида “Бидъат аҳлининг ҳеч бир ибодати қабул бўлмайди” деган ҳадиси шариф келтирилгач шарҳ сифатида: “Ибодатлари саҳиҳ бўлади, лекин савоб берилмайди” дейилган. Бидъат аҳлининг ибодатлари саҳиҳ бўлса ҳам қабул бўлмайди. Қабул бўлмайди дегани, саҳиҳ бўлмайди дегани эмас. Саҳиҳ бўлади, лекин савоби, фойдаси бўлмайди деганидир. (Радд-ул-мухтор)
Бир ҳадиснинг уйдирма эканлигини имоми Бухорий, имоми Муслим, имоми Ғазолий, имоми Раббонийдек олимлар била олмаган бўлишса, биз қандай билишимиз мумкин? Ёки Расулуллоҳнинг ворислари бўлмиш бу улуғ олимлар саҳиҳ билан уйдирма ҳадисни ажрата олмайдиган даражада илман заифмиди? Ёки бўлмаса қасддан китобларига уйдирма ҳадис ёзадиган даражада дин душманларимиди? Энди динни, аҳкомларни, масалаларни янгидан-бошқатдан изоҳлаб, барпо қилишимиз керакми? Мазҳаб имомларимизни, ҳадис имомларимизни (астағфируллоҳ!) биз ҳисобга тортамизми? Улар динимизни атайлаб бизларга нуқсон, етарсиз қилиб танитишга уринишганми? “Менинг номимдан ёлғон гапирган, ҳадис тўқиб чиқарган киши Жаҳаннамдаги ўрнига тайёргарлик кўраверсин” деган ҳадиси шарифни улар билишмаганми ёки билсалар ҳам писанд қилмай китобларида уйдирма ҳадислардан фойдаланишганми? "Аҳли суннат олимларининг китобларида уйдирма ҳадис бор" дейиш Расулуллоҳнинг ворисларига қилинган ўта жирканч туҳматдир.
Саййид Аҳмад Таҳтовий ҳазратлари айтдиларки: “Ягона қутилиш фирқаси бўлмиш аҳли суннат вал жамоатга тобе бўлинг. Аллоҳу таолонинг ёрдами, ҳимояси ва тавфиқи мана шу фирқада бўлганларга келади. Ғазаби ва азоби эса, ушбу фирқадан ажралганларга тегади. Бугунги шароит ва замонда нажот фирқаси мавжуд тўрт мазҳабда жамланган. Ҳозирги вақтда мана шу тўрт мазҳабга тобе бўлмаганларнинг барчаси бидъат аҳлидир ва Жаҳаннамга кетади.” (Дурр-ул-мухтор хошияси Забойиҳ қисми)
Шофеъий мазҳабида жамоат билан намоз ўқиётганда имом ортида фотиҳа ўқиш фарз, Ҳанафий мазҳабида эса таҳриман макруҳдир. Фарқли ижтиҳод раҳмат бўлганлиги учун иккаласи ҳам савоб олади. Бундан ташқари, бир ижтиҳод бошқа ижтиҳод билан бекор қилина олмайди. Ҳанафий мазҳабидагилар “Имоми Шофеъий жамоат билан намоз ўқиётганда имом ортида фотиҳа ўқишга фарз деганлар” деб, ўзлари ҳам фотиҳа ўқий олмайдилар. Шофеъий мазҳабидагилар ҳам “Ҳанафийлар бунга ҳаром деган” деб бу ижтиҳоддан воз кеча олмайдилар. Чунки мужтаҳид ижтиҳодида хатолашса бир савоб, хатолашмаса икки савоб олади. Бир мужтаҳид бошқа бир мужтаҳиднинг ижтиҳодини нақз қила олмайди, яъни фойдаланишдан чиқариб бекор қила олмайди. Ҳадис масаласида ҳам худди шундай. Имоми Шофеъий “Ушбу ҳадис мавду-(ҳадис имомларининг шартларига мос келмайдиган ҳадис)дир” деса, Ҳанафийлар наздида ҳам бу ҳадис мавду бўлиб қолмайди.
Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари айтадиларки: “Ҳадис илмида мужтаҳид бўлган олим баъзи олимлар саҳиҳ деган бир ҳадисга мавду дея олади. Мужтаҳиднинг бу гапи “Бу ҳадисни Расулуллоҳ айтмаган” деган маънога келмайди. Балки, "бу ҳадис менинг усулимга кўра, яъни саҳиҳ бўлиши учун мен қидирган керакли шартларга жавоб бермаганидан ҳадис эмас. Лекин бошқа мужтаҳид наздида бу ҳадис саҳиҳ бўлиши мумкин." деган маънони англатади. Бир-биридан фарқ қилувчи ижтиҳодлар ҳам худди шундай. Бир олим "Менинг наздимда, яъни қўлимдаги мавжуд далиллар бўйича тўғриси бу дейди, лекин ўзгача ижтиҳод қилган мужтаҳидга ҳеч нарса демайди. Чунки бу олимлардан биттасининг "уйдирма" дейишга ваколати бўлса, наригисининг ҳам "саҳиҳ" дейишга ваколати бор. Шунинг учун ҳеч бир аҳли суннат олимининг китобида уйдирма ҳадис бўлмайди.”
СОЛИҲ АМАЛНИНГ ҚАДРИ
Савол: Имом Раббоний ҳазратлари “Бидъат аҳлининг қилган ибодатлари худди фаррошларнинг ишларига ўхшайди. Фаррошлар ҳаммадан кўп ишлаб, ҳаммадан кўп толиқадилар, лекин топиш-тутишлари эса, ҳамманикидан доимо кам бўлади. Аҳли суннат валжамоат йўлидагилар эса, бамисоли заргарларга ўхшайди. Уларнинг ишлари оз, лекин даромадлари катта бўлади. Баъзан бир соатлик ишлари билан юз минг йилда қилинадиган даромадни йиғиб олишлари мумкин. Бунинг сабаби исломиятга мос ҳаракат қилганларидир. Ҳақ таоло ҳам уларнинг амалларини ёқтиради” деб айтганлар. Бу фаррошларни ҳақорат қилиш эмасми? Меҳнат қилмасдан кўп пул топиш инсонни дангасаликка етакламайдими? Бу гаплар нотўғри эмасми?
Жавоб: Бу мисолнинг фаррошни ёмонлаб, заргарни мақташга умуман алоқаси йўқ. Гап, имони ва амали тўғри бўлганларнинг кўп савоб олиши ҳамда тўғри бўлмаганларнинг жуда кам савоб олишлари ҳақида бормоқда. Яхшироқ тушунилсин деб юқоридаги мисол келтирилган. Заргар озгина ишлайди, лекин кўп пул топади, фаррош эса кўп ишлаб кам топади дейилмоқда. У ҳолда қилинадиган иш тўғри ва саҳиҳ бўлиши керак. "Меҳнат қилма, толиқтирадиган ишдан қоч" дейилмаяпти. Бу нарса қуйидаги ҳадиси шарифда жуда чиройли тушунтирилган: “Қасам ичаманки, бир кимса Ухуд тоғидек садақа берса ҳам, Асҳобимдан биттасининг берган бир ҳовуч арпа садақасининг савобига эриша олмайди.” (Бухорий)
Бу ерда Асҳоби киромни мақташ билан бошқа инсонларни ёмонламоқчи эмас. Фақат Асҳоби киромнинг улуғлиги-ю қилган амалларининг қадрининг баландлиги билдирмоқда. Биттаси бир ҳовуч арпа садақа қилмоқда, бошқаси эса тоғдай олтин садақа бермоқда, лекин наригисидан оз савоб олмоқда. Саҳобалар қўлидан содир бўлган озгина амалнинг қадру қийматининг шунчалик баланд бўлишининг сабаби қуйидагилардир:
1) Эътиқодларининг тўғри бўлиши, бидъат аралашмаганлиги;
2) Амалларининг тўғри бўлиши, бидъат аралашмаганлигидир.
Бундан ташқари, Асҳоби киромнинг Пайғамбаримизнинг суҳбатларида бўлиш шарафини ҳам устига илова қиладиган бўлсак, эришиб бўлмас даражаларга чиқишганини тушуниш осонроқ бўлади. Биргина суҳбатдошлик шарафининг ўзи-ёқ саҳобаларни жуда юксакларга кўтарди, барчасининг Жаннатий бўлишларига сабаб бўлди.
Хулоса: Исломиятга мос равишда адо этилган ибодат, зикр, хайр-ҳасанотга нафс ва шайтон аралаша олмайди, яъни буларни буза олмайди. Исломиятга мос бўлмаган барча нарсага шайтон ҳам аралаша олади, нафс ҳам. Бу қўш душман елкасига миниб олган одамларга кеча-кундуз ибодат қилдиради, зикр айттиради, йиғлатиб-сиқтатади, ўша тутган бузуқ фирқаси учун кураштириб, ҳибсхоналарга туширади, ҳатто жонларини ҳам фидо қилдиради. Иккита душманнинг етовидаги ғофил одам эса, буларнинг барчасини мақбул ва маҳбуб амаллар деб билиб, жон-жаҳди билан бажаради. Алал-оқибат охиратда кўзлардан парда кўтарилиб, ҳамма нарсанинг асли намоён бўлганда ҳеч вақога эриша олмаганини кўриб, “Вой-дод, мен нима қилиб қўйдим” деб ўз ёғига ўзи қовурилиб пушаймон еганча қолади.
БИДЪАТ АҲЛИНИНГ АМАЛИ
Савол: Бир танишим бор. Ўзи аҳли суннатдан эмас, бироқ куфрга туширувчи бидъат амали ҳам йўқ. Бундай одамнинг қилган ибодатлари саҳиҳ бўладими?
Жавоб: Аҳли суннат эътиқодида бўлмаганларга бидъат аҳли дейилади. Бидъат аҳлининг қилган ибодатлари саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам, қарздан азобдан қутилса ҳам, ваъда қилинган савобларга эриша олмайди. Охиратда бу дунёда қилган яхшиликларининг, хайрот ва ҳасанотларининг мукофотларига эриша олмайди. Буларга қовушиш учун тавба қилиб, имонини тузатиши керак. Аҳли суннат эътиқодида бўлмаган мўминнинг имони асло тўғри бўлмайди. Имони нотўғри бўлган киши эса. Аллоҳу таолонинг розилигига, муҳаббатига ва раҳматига ета олмайди. Унинг раҳматидан, ёрдамидан маҳрум қолади. Роҳат-фароғатга эриша олмайди. Бир ҳадиси шарифда: “Бидъат аҳлининг намози, рўзаси, ҳажжи, умраси, жиҳоди, тавбаси, фарзи, нофиласи ва ҳеч қандай яхшилиги қабул бўлмайди. Диндан чиқиши худди сарёғдан қил суғургандек осон бўлади” деб марҳамат қилинди. (Ибн Можа)
“Ҳадиқа” ва “Бариқа” китобларида “Бидъат аҳлининг ҳеч бир ибодати қабул бўлмайди” деган ҳадиси шариф келтирилгач шарҳ сифатида: “Ибодатлари саҳиҳ бўлади, лекин савоб берилмайди” дейилган. "Тавбаси қабул бўлмайди" дегани бидъатчи ўз амалини "оят ва саҳиҳ ҳадисга мосладим" деб ўйлаганидан тўғри-саҳиҳ санаб, тавба қилиш эҳтиёжини ҳис қилмаслигидандир. Бидъат аҳлининг ибодатлари саҳиҳ бўлса ҳам, қабул бўлмайди. Қабул бўлмайди дегани, саҳиҳ бўлмайди дегани эмас. Саҳиҳ бўлади, лекин савоби, фойдаси бўлмайди деганидир. (Радд-ул-мухтор)