Бидъат нима?

Савол: Бидъат нима?

Жавоб: Бидъат кейиндан чиқарилган, пайдо бўлган янгиликлар демакдир. Булар урф-одатларда ёки тоат-ибодатларда бўлиши мумкин.

Одатда бидъат - савоб қозониш илинжида эмас, балки бирон дунёлик нафи, манфаати учун қилинаётган янгича ишлардир. Одатдаги бидъатлар агар ибодатларга бирон зиён келтирмайдиган ёки динимизда тақиқланган ишлар туркумига кирмайдиган бўлса, умуман гуноҳ бўлмайди. Яъни одатлардаги бидъатлар костюм, плаш кийиш, чой-қаҳва ичишдек диннинг тақиқламаган нарсаларидан бўлса, гуноҳ бўлмайди. Пайғамбаримизнинг роҳиблар киядиган пойафзал ва Рум (византияликлар) чопони кийганликлари ҳадиси шарифларда билдирилган. (Термизий)

Фан ва фан соҳалари динда бидъат эмас. Аксинча фанда кашфиётлар қилиш динимизнинг амридир. “Илм Хитойда бўлса ҳам, бориб олинг! Фан ва касб-ҳунар мўминнинг йўқотган молидир. Уни қаерда топса, олсин” ҳадиси шарифи кофирларга эргашишни эмас, агар илм уларда бўлса, бориб ўрганиш кераклигини амр этмоқда. (Мавдуот-ул-улум)

Ибодатда бидъат - динимизда Расулуллоҳнинг ва тўрт халифасининг замонларида бўлмасдан кейинчалик ўйлаб топилган уйдирма ақидаларга, гапларга, ишларга, ҳатти-ҳаракат ва одатларга айтилади. Ибодатларга мана шундай бидъат аралаштириш катта гуноҳ бўлади. Бидъатларни суннат деб эътиқод қилиб бажариш ҳаром. Буларни диндан, ибодатдан деб эъзозлаш ва динимизда бор бўлган айрим муҳим русумларни калтафаҳмлилик қилиб инкорга уриниш бидъатдир. Бидъатларнинг баъзилари жойига қараб куфр ёки катта гуноҳ бўлади. Ҳадиси шарифда “Ҳар бир бидъат - залолатдир (адашувчилик)” деб марҳамат қилинди. (Муслим)

Бидъат чиқарувчилар динда ўзларича қандайдир бир камчилик топиб, баъзи ҳукмларни ўзгартириб, ўрнига янги ҳукмлар қўйишга уринишади. Улар саҳиҳ ҳадисларни уйдирма деб ўйлашади, ислом олимларини жинлари суймайди, қавлларини назар-писанд қилишмайди. Бидъат аҳли кибрли бўлади.

Имоми Ғазолий ҳазратлари айтадиларки: “Кибрнинг ўзга гуноҳлардан ҳам оғир эканлигининг сабаби қуйидагича: улуғлик-кибриё фақат Аллоҳу таолога хос бўлишига қарамай, банданинг кибрланиши худди бир ялангоёқ қулнинг ҳукмдор тожини бошига кийиб, унинг тахтига ўтириб ҳукм суришига ўхшайди. Ҳукмдорнинг битта-яримта буйруғига итоат қилмай гуноҳкор бўлиш билан унинг ҳукмдорлигига эгалик қилиб, тахтига ўтириб буйруқбозлик қилиш орасида албатта, катта фарқ бор. Шунинг учун кибрланиш Аллоҳу таолонинг бир буйруғини бажармасликдек гуноҳ эмас, балки бевосита илоҳ бўлишга ҳавас қилишдек катта гуноҳ бўлади.

Бидъатнинг ўғрилик, қотиллик, фоҳишалик, спиртли ичимликлар ичишдай гуноҳлардан ҳам оғир бўлишининг сабаби ҳам мана шу. Гуноҳ қилган одам Аллоҳу таолонинг амрига исён қилган бўлиб, катта гуноҳ орттиради. Лекин динда бидъат чиқарган одам Аллоҳнинг, Расулининг ва Расулуллоҳнинг ворислари бўлмиш олимларнинг мустаҳкамлаб кетган ҳукмларини ёқтирмай ўзича янги ҳукмлар қўйишга, ўзини диннинг эгасидек тутишга уринган бўлади. Яъни бундай бидъатчи ҳатти-ҳаракатлари билан Аллоҳ номидан, Расулуллоҳ номидан иш юритган, ҳатто уларни ёқтирмай ўз шахсий тушунчаларини дин сифатида тақдим қилишга уринган бўляпти. Шу сабабли бидъат аҳли ўғридан, қароқчидан, қотилдан ҳам оғир гуноҳ қилган бўлиб ҳисобланади. Айнан шунинг учун Пайғамбаримиз: “Мен улардан эмасман, улар ҳам мендан эмас. Уларга қарши жиҳод қилиш кофирларга қарши жиҳод қилишдай аҳамиятли” деб марҳамат қилганлар. (Дайламий)”

Имом Раббоний ҳазратлари ҳам айтадиларки: “Бидъат аҳли қилаётган ўзгартиришлари билан диннинг кам-кўстини тузатяпмиз, такомиллаштиряпмиз деб ўйлашади. Шу йўсинда анча бидъатлар чиқариб, ўша бидъатларнинг зулмати касофатидан суннатнинг нурини ўчиришга уринишади. Улар диндаги нуқсонликларни бартараф қиляпмиз деб даво қилишади. Аслида билмайдиларки, дин нуқсон эмас, унда кам-кўстлик умуман йўқ. Динни нуқсон деб билиб, уни тўлиқлашга уриниш Моида сурасининг маолан “Бугун сизларга динингизни комил қилиб, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб тамомладим. Сизларга дин сифатида фақат исломни танладим ва ундан рози бўлдим” деб буюрилган ояти каримасига ишонмаслик бўлади.” (260-мактуб)

 ҲАР БИР БИДЪАТ ЗАЛОЛАТДИР

 Савол: Нимага баъзи фойдали бидъатларга ҳам эътироз билдирилади?

Жавоб: Фойдали бидъат бўлмайди. Чунки у ҳолда (астағфируллоҳ!) Аллоҳу таоло динни нуқсон, чала қилиб юборган бўлади. Имом Раббоний ҳазратлари айтадиларки: “Мактаб, китоб каби диннинг рухсат берган фойдали нарсаларига бидъат демаслик керак, балки "суннати ҳасана", яъни яхши иш дейиш керак. Бидъатлар фойдалидек кўринса ҳам, барчасидан қочиш керак. Ҳеч бир бидъатда фойда йўқ! Бугунги кунда қалблар қорайганидан баъзи бидъатлар одамлар кўзига чиройли кўринса ҳам, қиёматда барчасининг зарарли эканлиги маълум бўлади.”

Бир ҳадиси шарифда: “Динга қилинган ҳар қандай илова бидъатдир, ҳар бир бидъат эса залолатдир. Ҳар қандай залолат Жаҳаннамга олиб боради” деб марҳамат қилинди. (Бухорий, Муслим, Ибн Можа, Насаий)

Пайғамбаримиз, Асҳоби киром ва бугунгача келган ислом олимлари намозни қандай ўқиган, ибодатларни қандай бажарган бўлишса, ҳарбир мусулмон ҳам худди шундай бажариши керак. Ибодатларга ўзбошимча иловалар қилиш ёки кесиб-қисқартириш динни ўзгартиришнинг ўзгинасидир. Ибодатларга бидъат аралаштириш билан аввалгидан ҳам яхшироқ ибодат қилинган бўлмайди. “Ибодатларини бизга ўхшаб адо этмайдиганлар биздан эмас” ҳадиси шарифини ёдда тутиб, ибодатларга илова ва қисқартиришлар қилиб, динни ўзгартиришдан қатъиян сақланиш керак!

 Савол: Бидъат – илоҳий ҳукмлар мажмуи бўлган динимизга одам қўлининг тегиши деб таъриф қилинади. Пайғамбаримиз ҳам одам, мужтаҳидлар ҳам одам-ку. Пайғамбаримиз турли ҳукмларни билдирганлар. Мужтаҳидларнинг ҳам бир-биридан фарқли ҳукмлари бор. Битта масала ҳақида фалон мужтаҳид фарз деса, бошқа бир мужтаҳид суннат деган. Бу ҳолатлар аллақачон одам қўлининг текканини кўрсатмайдими?

 Жавоб: Расулуллоҳ сарваримиз Аллоҳу таолонинг қули, элчиси, халифаси ва вакилидирлар. Вакил ўзига берилган ҳақ-ҳуқуқ муносабати туфайли худди асл кабидир, яъни асл тарафидан белгиланган соҳаларда ваколати бор. Масалан, барча жонзотнинг жонини Аллоҳу таоло олади. Лекин буни вакили орқали амалга оширади. Бир ояти карима маоли: “Сизларнинг жонингизни олишга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олади. сўнгра қайтарилиб, Раббингизга олиб бориласиз.” (Сажда, 11)

Халифа ва вакил сўзлари маъно жиҳатидан деярли бирдай. Қуръони каримда “Эй Довуд! Биз сени ер юзига халифа қилдик” деб марҳамат қилинган. (Сод, 26)

“Сизларни ер юзида халифалар қилган Удир. Уни инкор этганнинг зарари ўзига.” (Фотир, 39)

Бу борада ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинади:

“Одил султон Аллоҳнинг ер юзидаги халифасидир.” (Байҳақий)

“Наслимдан келадиган Маҳдий – Аллоҳнинг халифасидир.” (Дайламий, Ҳаким)

“Амри маъруф ва наҳйи мункар қилган киши Аллоҳнинг халифасидир.” (Дайламий)

“Суннатимни қайта тиклаб, ёйган одам – халифамдир.” (И.Асокир)

“Султон ер юзида зилуллоҳдир.” (Табароний)

"Зилуллоҳ" Аллоҳнинг сояси дегани эмас, Аллоҳу таолонинг амрларини татбиқ қилиш ваколатига эга халифа, вакил деганидир.

Аллоҳу таоло ҳукм чиқариши учун Расулига ваколат берган. Шундай экан Расулининг чиқарган ҳукмлари башарий эмас, илоҳийдир. Мужтаҳид олимлар ҳам Расулуллоҳнинг вакилларидир. Уларга ижтиҳод ваколати берилган. Бир-биридан фарқли ижтиҳодларининг эса Аллоҳнинг раҳмати эканлиги ҳадиси шариф билан таъкидланган. Шу нуқтаи назардан худди Расулуллоҳнинг ҳукмларида бўлганидек мужтаҳидларнинг ҳам, ҳар бири илоҳий марҳамат бўлган фарқли ижтиҳодлари илоҳий ҳукмларга зид деб қаралмайди. Чунки охиратда Аллоҳу таоло инсонларни ўша мужтаҳидлар қўйган ҳукмлар бўйича ҳисоб-китоб қилади. Шофиъий мазҳабидагиларга “Нима учун денгиз жониворларини единг”, Ҳанафий мазҳабидагиларга ҳам “ўзга жинсдаги одамга баданинг текканда нимага таҳорат олмадинг” деб сўрамайди. Шундай экан, уларнинг ижтиҳод қилиб чиқарган ҳукмлари ҳам башарийликдан чиқмоқда, Аллоҳу таолонинг амрларига мос ва уйғунлик касб этмоқда.