Савол: Бидъат аҳлига мазҳабсиз дейиладими?
Жавоб: Ҳа, тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлмаган одамга мазҳабсиз дейилганидек тўғри ақидада бўлмаганга ҳам мазҳабсиз дейилади. Қуйидаги уч гуруҳнинг барчаси бидъат аҳли, яъни мазҳабсиздир:
1) Тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлмаганлар.
2) Тўрт мазҳабнинг ўзи учун қулай бўлган ҳукмларини бир ундан, бир бундан олиб, мазҳабларни талфик этган, аралаштирганлар.
3) Тўрт мазҳабни ҳақ деб билгани ҳолда муайян бир эътиқоди аҳли суннатга хилоф бўлганлар.
Савол: Нима учун мазҳабсизлик мавзусига кўп эътибор қаратасизлар?
Жавоб: Бу - эътиқодга тегишли масала бўлгани учун мазҳабсизлик мавзусига кўп эътибор қаратамиз. Чунки эътиқоди нотўғри бўлган кишининг ибодатлари бекорга кетади. Шу сабабдан аввало тўғри эътиқод соҳиби бўлиш керак.
Савол: Ижтиҳод ва мазҳаб нима?
Жавоб: Ижтиҳод қилиш, мазҳаб қуриш динимизнинг амридир. Расулуллоҳ жанобимиз ҳазрати Муазни Яманга ҳоким қилиб юбораётганда “У ерда қандай ҳукм чиқарасан?” деб сўрадилар. Муаз: “Аллоҳнинг китоби билан” деб жавоб берди. Расулуллоҳ: “Аллоҳнинг китобидан тополмасанг-чи?” дедилар. Муаз: “Ижтиҳод қилиб чиқараман” деди. Шунда Расулуллоҳ жанобимиз: “Алҳамдулиллоҳ! Аллоҳу таоло Расулнинг элчисининг мақсадини Расулуллоҳнинг ризосига мос қилди” деб марҳамат қилдилар.
Аллоҳ ва Расули мўминларга раҳм-шафқат қилганлари учун баъзи ишларнинг қандай бажарилиши кераклиги Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда очиқча тафсилоти билан билдирилмади. Агар аниқ қилиб очиқча билдирганида, ўша вазифаларни шу ҳолича адо этиш фарз бўларди. Фарзни бажармаганлар гуноҳкор, аҳамият бермаганлар эса кофир бўларди. Мўминлар қийин аҳволда қолишарди. Мазҳабларнинг зуҳур қилиши айнан мана шу турдаги вазифаларнинг бажо келтириш қоидаларини аниқлаш, тафсилотларини баён қилиш асносида пайдо бўлди.
Асҳоби киромнинг барчаси мужтаҳид ва мазҳаб соҳиби эди. Шу сабабдан жаноби Пайғамбаримиз “Асҳобим кўкдаги юлдузлар кабидир, қайси бирига эргашсангиз ҳам ҳидоятга эришасиз” деб марҳамат қилганлар. (Табароний, Байҳақий, Ибн Асокир, Хатиб, Дайламий, Доримий, И.Муновий, Ибн Адий) Лекин саҳоба мазҳабларининг барчаси тўлиқ китобларга ёзилиб қолдирилмагани учун бугун ҳеч ким, масалан “Мен ҳазрати Умарнинг мазҳабиданман” дея олмайди.
Бир мазҳабга тобе бўлган олим ижтиҳод даражасига кўтарилган тақдирда ҳам, тобе бўлган мазҳаб имомининг усул ва қоидаларига ҳеч вақт қарши чиқмайди. Шунинг учун ҳам Ислом тарихида мазҳабсиз бўлган ҳеч бир ислом олими йўқ.
Кимларга мужтаҳид дейилади?
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда очиқча билдирилмаган хусусларни очиқча билдирилган масалаларга қиёслаб ҳукм чиқара оладиган буюк олимларга “Мужтаҳид” дейилади. Асҳоби киромнинг барчаси мужтаҳид эди. Суннатларда тафсилоти билан очиқча баён қилинмаган хусусларни мужтаҳид олимлар изоҳлаб, очиб берганлар. Шу тариқа мазҳаблар пайдо бўлган. Бу мазҳаблардан фақат тўрттасигина китобларга тўла қайд қилиб туширилган, қолганлари унутилиб кетган.
Бу тўрт мазҳабнинг имони, эътиқоди Асҳоби киромнинг имонлари билан бирдек. Имонда ажралиш жоиз эмас. Бу тўрт мазҳабга “Аҳли суннат” дейилади. Бу тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлмаганларга мазҳабсиз дейилади.
Савол: Онам билан эрим Шофий мазҳабида. Отам эса Ҳанафий мазҳабида. Мен эримнинг мазҳабида бўлишим керакми ёки отамнинг мазҳабидами?
Жавоб: Инсон қайси мазҳабнинг ҳукмларини яхши билса, шу мазҳабга кўра амал қилади. Отаси ёки эри билан бир мазҳабда бўлиши шарт эмас.
Бизнинг минтақада Ҳанафий мазҳаби кенг тарқалгани ва Ҳанафий мазҳабига оид китоблар кўп бўлгани учун бу мазҳабга амал қилишингиз осонроқ ва мақсадга мувофиқроқ бўлади.
Баъзан Ҳанафий, баъзан Шофий мазҳабида юриш мумкин эмас. Фақат бажариши керак бўлган бир ишни ўз мазҳаби бўйича амалга оширишга имкон бўлмаса, у ҳолда бу ишни бажо келтириш учун бошқа уч мазҳабдан бирини вақтинча тақлид қилиш жоиз бўлади. Қийинчилик туғдирган ҳолатдан чиққандан кейин тақлид қилинмайди. (Ҳадиқа)
Савол: Биз Ханафий мазҳабидамиз, Шофий мазҳабида бўлган имом билан намоз ўқиганимизда бошқача ният қилишимиз керакми? Муаззин иқоматни қайси мазҳаб бўйича ўқийди? Имом ўз мазҳаби бўйича имомлик қиладими ёки Ҳанафий жамоатнинг мазҳаби бўйича имомлик қиладими?
Жавоб: Бу ҳолатда ниятда ҳам, бошқа хусусларда ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Муаззин ўз мазҳаби бўйича иқомат айтади, имом ҳам ўз мазҳаби бўйича намоз ўқитади.
Савол: “Исломда закот”, “Исломда намоз”, “Ислом фиқҳида тасаввуф”, “Исломда бу”, “Исломда у” дейдилар. Масалан “Исломда закот” дейилса-ю, аммо тўрт мазҳабдан қайси бирига кўра эканлиги айтилмаса, у ҳолда “Исломда...” деб ёзиш тўғри бўладими?
Жавоб: Айтганингиздек, “Исломда закот” дегани билан қайси мазҳабга кўра эканлиги маълум эмас. Аслида “Ҳанафийда закот” ёки “Моликийда закот” деб айтилса яна-да аниқроқ бўлади. “Ислом фиқҳи” атамасида ҳам худди шундай ноаниқлик бор. Чунки ҳанафийларнинг фиқҳ усуллари, шофийларнинг фиқҳ усулларидан фарқ қилади (албатта салбий маънода эмас). “Ислом фиқҳида тасаввуф” дейиш илмларни бир-бирига чалкаштириш бўлади, чунки тасаввуф ва фиқҳ бир илм дарахтининг алоҳида-алоҳида шоҳларидир.
“Исломда бу”, “Исломда у” дейиш мазҳабларни билмаслик ёки уларни менсинмасликдир. Масалан бутун жаҳон мусулмонлари битта Ислом бўйича намоз ўқиётган бўлишса ҳам, ораларида баъзи фарқли ҳаракатларнинг борлигини инкор этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир мазҳаб мансубининг ибодатлари танзим қилинаётганда "Исломдаги, Қуръондаги, Суннатдаги намоз" дейилмасдан "Ҳанафийда ёхуд Моликийда намоз" дейиш тўғрироқ бўлади. Чунки барча ибодатлар билан бирга намозни ҳам мавжуд тўрт мазҳабдан бирининг ҳукмларига мослаб ўқиш керак. Мазҳабларнинг ҳукмларидан ўғринча фойдаланиб, энг енгил томонларини битта жойга жамлаш, яъни мазҳаб талфиқи ҳаром. Бу ишни қилганни мулаффиқ дейишади. Охирги пайтларда мана шундай мулаффиқлар ўз шахсий хоҳишлари етовида бир ундан, бир бундан "узиб олиб" жамлаган ҳаракатларини мусулмонларга ҳақиқий ибодат қилиб кўрсатиш учун маккорлик билан "Суннат ва Оят бўйича намоз" ёки "Ислом бўйича намоз" дегандай баландпарвоз номлар беришмоқда. "Оят ва суннат бўйича" ёхуд "Исломга кўра" бир хил намоз ўқиш мумкин эмас. Масалан, имомга иқтидо қилиб намоз ўқиётган намозхон Фотиҳа сурасини ўқиса, ҳанафий мазҳабига кўра вожибни тарк этган бўлади. Агар ўқимаса, шофеъий мазҳаби бўйича фарзни тарк этган бўлади. Шу сабабдан яхлит ислом бўйича барча ҳукмларига шомил ҳолда намоз ўқиш мумкин эмас. Худди шунингдек бошқа амалларнинг ҳам аксарини ислом бўйича бирдай бажариш мумкин эмас. Булар мазҳабсизларнинг фаҳми етмаган динимизнинг нозик жиҳатларидандир. Фарқли ижтиҳодлар Аллоҳу таолонинг бу умматга лутфи ва марҳаматидир. Шунингдек мусулмонларнинг ишлари-ю вазифаларини осонлаштирувчи воситалардир.
Довудўғли домла билан суҳбат
Савол: Динни ичкаридан бузувчилар ҳақида мустақил китоб ёзган Аҳмад Довудўғли домла ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: Сиз айтгандай “Дин бузғунчилари” номли китобини нашр эттиргач, домлани зиёрат қилишга бордим. Ўзимни таништиргач, узоқ суҳбат қурдик. Суҳбат орасида у кишидан сўрадим:
- Устоз, "ал-Азҳар"да аҳвол қандай?
- Афсуски, яхши эмас. Ибн Таймиянинг, Абдуҳнинг фикрлари оммалашиб кетган.
- У ҳолда сиз у ерда қандай қилиб қалбингиздаги аҳли суннат эътиқодини сақлаб қола олдингиз?
- Шайхул-ислом Мустафо Сабрий жаноблари билан танишдим. У мени мазҳабсизлик хавфидан огоҳ этди. Афғоний ва Абдуҳнинг масон эканлигини, уларнинг исломиятни ичкаридан йиқитмоқчи эканликларидан хабардор қилди.
- Азҳарнинг мазҳабсизлик ботқоғига айланганини эътироф қилдингиз. Сиз у ерда йилларча яшадингиз, сизга бу ботқоқнинг лойидан сачрамадими?
- Менинг ўлчовим бор эди. Мазҳабсизликни умуман қабул қилмасдим. Ўзимга бу лойдан юқтирмадим.
(Аҳмад Довудўғли домланинг баъзи таржималари ва мазҳабсизларнинг китобларига муқаддима ёзишлари бизни хавотирга солганди.) Бу нарсаларни тўғридан-тўғри сўрашга ботинмай, сал устини ёпиб шундай савол бердим:
- Устоз, биласиз “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” ва “Узум узумни кўриб ранг олади” деган мақолларимиз бор. Оз бўлса ҳам, Азҳардаги бузуқ фикрлар сизга таъсир қилмадими?
- Асло таъсир қилмади.
- Устоз, сизнинг “Нажот йўллари” номли таржимангизни кўрсак бўладими?
Устоз китобни келтирди. Мен муқаддимасидан бир парча ўқий бошладим:
- “...Исмоил Саноний Зайдия мазҳабидадир, ҳеч кимни тақлид этмайди. Худди мустақил мужтаҳиддек иш тутади. “Субулус-салом” китобининг баъзи нозик масалаларига шахсий фикрини аралаштирган. Аҳли суннат бўлмаган кимсаларни аҳли суннат имомлари билан бирга зикр этган. “Субулус-салом” Азҳарда дарслик сифатида фойдаланилади. Бу китоб аҳли суннатдан бошқа қавлларга тўла бўлгани учун уни шундоқ ўзи бўйича таржима қила олмасдим. “Фатхул-аллам” асарида эса аҳли суннатдан бўлак гаплар нисбатан камроқ эди. Бу икки асардан, хусусан “Субулус-салом”дан фойдаландим. Шу сабабдан унинг таржимаси сифатида қабул этиладиган асаримни “Нажот йўллари” деб номладим...”
- Бу ерда бирон хатолик борми?
- Устоз, минглаган аҳли суннат олимларининг китоблари турганда, сиз келиб бир мазҳабсизнинг Азҳарда ўқитиладиган китобини таржима қилибсиз. Иккинчидан “Ҳадис китоби”ни таржима қилдингиз. Учинчидан “Қуръон маоли” деган таржимани ҳам нашр этдирдингиз. Тўрт ҳақ мазҳабдан бирига тобе бўлган кимса динини Қуръон таржимасидан ёки ҳадис китобидан ўргана оладими?
- Ўргана олмайди.
- Динга хизмат қилиш учун бир фиқҳ китобини, масалан, Ибн Обидинни таржима қилишингиз мумкин эди.
Аҳмад Довудўғли ҳақиқатни тан оладиган зот эди. Бу таклифимни эътирозсиз қабул қилди. Бошини эгиб, дедики:
- Иншоаллоҳ, у ҳам насиб қилиб қолар.
Устознинг сўзлари самимий эди. Аллоҳ рози бўлсин, ниҳоят Ибн Обидинни таржима қилишни бошлади. Аммо, афсуски, умри етмади.
Бир инсоннинг устозлари мазҳабсиз бўлади-ю, унга оз бўлса ҳам, мазҳабсизликнинг заҳри юқмаслигининг имкони борми? Бунга Аҳмад Довудўғли домла айни мисол бўла олади. Сўнгги йиллардаги ғайрати туфайли Аллоҳу таоло унга раҳмат этишини ялиниб-ёлвориб сўраймиз.
Савол: “Авваллари аёл киши ёлғиз ўзи сафарга чиқолмасди. Ҳозир йўллар хавфсиз бўлгани учун ёлғиз ўзи узоқ сафарга чиқса бўлади” дейилади. Диннинг ҳукм вақт ўтиши билан ўзгарадими?
Жавоб: Замон ўзгариши билан аҳкомга оид ҳукмлар ўзгармайди. (Мажалла модда, 39) “Дуррул ҳуккам” шарҳида бу моддани қуйидагича изоҳлайди: “Замон ўзгариши билан урф-одатга доир аҳком ўзгариши мумкин. Носсга (оят-ҳадис), далилга асосланган аҳком эса ўзгармайди.”
Мубоҳ бўлган одатларда ва фан илмларида замон билан баравар юрилади. Фан ва техника соҳасидаги тараққиётга мос ҳаракат қилинади. Дин илмлари, ибодатларда эса замонга қаралмайди. Чунки дин илмлари замонга қараб ўзгармайди. Бу илмларни, ибодатларни ўзгартириб, замонга мосламоқчи бўлганлар аҳли суннат эътиқодидан ажралади. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳга ва охиратга ишонган аёлнинг уч кунлик йўлга фақат эри ёки маҳрам қариндошларидан бири билан чиқиши ҳалол бўлади” деб марҳамат қилинган. (Ҳадиқа)
“Бариқа”да: “Бир аёлнинг эри ёки абадий маҳрам бўлган қариндошларисиз, ёлғиз ўзи ёки бошқа аёллар билан ёхуд балоғатга етмаган ва солиҳ бўлмаган маҳрами билан уч кунлик йўлга чиқиши ҳаромдир” дейилади.
Ибн Обидин ҳазратлари уч кунлик йўлнинг 18 фарсаҳ эканлигини билдирган. 18 фарсаҳ эса тахминан104 кмбўлади. Демак бир аёл зарурат бўлмасдан туриб, маҳрамсиз узоқ йўлга чиқолмайди. Бир кунлик (35 км.лик) йўлга чиқиши эса макруҳдир. Бундан ҳам кам масофага маҳрамсиз, фақат солиҳ эркаклар билан бирга чиқиши мумкинлиги “Фатавои ҳиндия”да ёзилган.
Савол: Баъзилар “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” сўзининг нотўғри эканлигини айтадилар. Замонга эргашиш керакми?
Жавоб: Замонга эргашиш керак. Бу деганимиз замон талабларига мос бўлиш керак деганидир. Замон ўзгариши билан урф-одатга оид ҳукмлар ўзгариши мумкин. Носс (Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар)га, далилга асосланган ҳукмлар ўзгармаслигини юқорида баён этдик.
У ҳолда динга зид бўлмаган урф-одатларга тегишли ҳукмлар ўзгарса, улар бўйича ҳаракат қилишнинг ҳеч ёмон тарафи йўқ. Ҳамма трактор, юк автомобил, самолётда юрганида “Арава билан юриш керак” деб қайсарлик қилишга ҳожат йўқ. Фақат гуноҳ бўлган бирон ишни барча қилса ҳам, бу нарсага эргашилмайди. Замонга оид ишларнинг ўзгаришига, қисқача замоннинг ўзгариши дейилади. Бундай мисоллар Қуръонда ҳам бор. Масалан “Қишлоқ аҳлидан сўра” дейиш ўрнига “қишлоқдан сўра” ифодаси қўлланилган. (Юсуф, 82)
Золим қишлоқликлар ўрнида “Золим қишлоқ” ифодаси ишлатилган. (Нисо, 75)
Бунга ўхшаган ифодалар ўзимизда ҳам кўплаб учрайди. Масалан “Бу синф дангаса, нариги синф аълочи” кабилар. Албатта, бу ерда синфнинг ўзи эмас, ундаги ўқувчилар назарда тутилган. Шунинг учун замонга эргашганда, унинг ижобий, фойдали нарсаларига эргашиш кераклиги билдирилмоқда. Зарарли, гуноҳ бўлган нарсаларда эргашилмайди.
Савол: Аллоҳнинг амрларини бажармаслик учун мазҳабларнинг қулайликларини танлаб тўплаш ёки ҳийлаи шариа жоизми? Бу рухсат билан амал этиш дегани эмасми?
Жавоб: Қуръони каримда маолан “Аллоҳу таоло қулларига қулайлик бўлишини хоҳлайди, қийинчилик кўришларини истамайди” деб буюрилган. (Бақара, 185)
Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таоло азиматларни (тақво йўлини) бажарганларни хуш кўрганидек рухсатлардан фойдаланганларни ҳам хуш кўради” деб марҳамат қилинган. (Байҳақий) Яъни изн берилган қулайликлардан фойдаланишни ҳам севади. Буни нотўғри тушунмаслик керак. Мазҳабларнинг қулайликларини жамлаб, янгидан қулайликлар мазҳаби қуриш жоиз эмас. Бундай қилган киши исломиятдан ажралган бўлади. (“Алжомиус-сағир” шарҳи)
Имоми Субкий ҳазратлари ҳам “Бир ишни бажаришда эҳтиёж ва зарурат туғилганда бу ишни бажариш қулай бўлган мазҳабга ўтиш жоиз. Фақат зарурат бўлмасдан ўтиш жоиз эмас. Чунки бундай қилиш диннинг бирор ҳукмини бажариш учун эмас, ўзининг роҳатлиги учун бўлади. Тез-тез мазҳаб ўзгартириш ҳам жоиз эмас” деган.
Аллоҳу таолонинг хуш кўрган рухсати – бу амрларни бажаришда зарурат ҳолига тушганлар учун билдирган қулайликлардан фойдаланишдир. Амрларни бажаришдан бўйин товлаш ва ўз ақлига, фикрига кўра қулайликлар ахтариш жоиз эмас.
Нажмиддин Ғаззий ҳазратлари “Ҳусн-ут-танаббуҳ” китобида “Шайтон инсонга Аллоҳу таоло билдирган қулайликларни ишлатишни истамайди. Масалан, маҳси устига масҳ торттирмасдан оёқларни ювдиради. Рухсат билан амал этиш керак, аммо ҳеч вақт мазҳабларнинг қулайликларини изламаслиги керак. Чунки барча мазҳабларнинг қулайликларини тўплаб олиш ҳаромдир. Шайтоннинг йўлидир” деб баён этган.
Савол: Уламо томонидан ижмо билан куфр эканлиги билдирилган зуннор, хоч ва шунга ўхшаш куфр аломатларини Абдуҳнинг ишлатганлигини далил сифатида олиб, мазҳабсизлар “Хоҳлаган мусулмон булардан бемалол фойдаланиши мумкин” деб фатво беришмоқда. Шу тўғрими?
Жавоб: Буларнинг бари уйдирма гаплардир. Бу мазҳабсизлар Афғонийни ёки шогирди Абдуҳни тоза ва тўғри кўрсатиш учун динни ўзгартиришдан ҳам тоймасдан куфр аломатларига жоиз демоқдалар.
Савол: Ҳозир дунёдаги мусулмонларнинг қарашлари бир-биридан фарқли. Уларни қандай эътиқодда бўлишидан қатъий назар барчасини бирлаштирса бўлмайдими?
Жавоб: Мусулмонлар ичидаги ягона қутилиш фирқаси “Аҳли суннат ва жамоат” фирқасидир. Тўғри йўлдаги мусулмонлар билан бузуқ фирқаларни бирлаштиришга ҳаракат қилиш ақлга тўғри келмайдиган иш. Масалан, сут билан сирка ва идрор (сийдик) аралаштирса, ҳосил бўлган аралашма на сут, на сирка, на идрордир. Бу аралашма ҳеч нарсага ярамайди. Қўйнинг сути билан фақат сигир, эчки ёки гўшти ейиладиган бирор ҳайвоннинг сути аралаштирилиши мумкин. Зарурат туғилганда буларни бир-бирига аралаштирса бўлади. Тўнғизнинг сути ҳам сут, аммо бошқа сутларга аралаштирилса, бу сутларнинг барчаси нажс бўлади.
Шу сабабдан аҳли суннат эътиқодида бўлмаганлар, яъни бидъат аҳли билан бирлашиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Чунки суннат билан бидъат, ҳақ ва ботил умуман бирлашмайди. Фақат ҳақ бўлган нарсаларгина бирлашиши мумкин, ҳақ эса битта бўлади.
Савол: Аллоҳнинг севган бир валийсини яхши кўриш, дин йўлида уни ўзига раҳбар қилиб олиш жоизми?
Жавоб: Ҳамма валий (авлиё) ҳам раҳбар бўла олмайди, унга эргашилмайди. Раҳбар бўла олиш учун илмда ижтиҳод даражасига кўтарилган ва маърифатда вилояти хоссаи Муҳаммадия мартабасида бўлиши керак. Ҳақиқий раҳбарнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир ҳолати, ҳар бир сўзи исломиятга мос бўлади. Яъни у зот ҳамма нарсада Расулуллоҳга эргашади. Шунинг учун Аллоҳу таоло уларни жуда севади. Аллоҳу таолони ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га кучли муҳаббатлари бўлганлиги туфайли учун ундай раҳбарни мусулмонлар ҳам ихлос билан севиб қадрлашади. Бу севгига Ҳубб-и филлоҳ дейилади. Ибодатларнинг энг қадрлиси ҳубб-и филлоҳ эканлиги ҳадиси шарифларда билдирилган. Раҳбарнинг амрига кириш - исломиятга сўзсиз бўйсуниш демакдир. Чунки раҳбарнинг ҳар бир сўзи ва ҳар бир иши исломиятнинг ҳукмларини билдиради. Ҳаётда, яъни бу дунёда ҳақиқий илм берувчилар Муршиди комиллардир. Дин душманларининг мусулмонлар ҳақида “Аллоҳни қўйиб қулига меҳр қўйишади. Исломиятни қўйиб, инсонга сиғинишади” деган сўзларининг жирканч бир туҳматдан ўзга нарса эмаслиги мана шундан ҳам англашилмоқда.
Мазҳаб имомларимиз ва силсилаи олия улуғлари энг ҳақиқий ва энг қадрли раҳбарлардир.
Савол: Ҳар бир каромат кўрсатган одам авлиё ҳисобланадими?
Жавоб: Имом Раббоний ҳазратлари айтадики: “Кароматлар икки хил бўлади. Биринчиси: Аллоҳу таолонинг зотига, сифатига ва ишларига оид бўлган илмлардир. Бу илмларга ақл билан, фикр-мулоҳаза қилиш билан эришилмайди. Бу кароматларни Аллоҳу таоло танлаган қулларига эҳсон қилади.
Иккинчиси: модда оламидаги ғайбларни билишдир. Бу кароматлар танланган қулларга берилганидек, кофирларга ҳам берилади. Мана шу икки жинс кароматдан биринчиси анча қийматлироқдир. Чунки бу кароматлар фақат тўғри йўлда бўлганларга, Аллоҳу таолонинг севган бандаларига берилади. Жоҳиллар эса иккинчисини устун деб билиб, кўпроқ шунга эътибор беришади. Улар каромат деганда фақат модда оламидаги ҳодисаларни тушунишади. Очлик ва узлат орқали нафсларини тозалаган ҳар бир инсон махлуқларнинг ғайбларидан хабар бериши мумкин. Инсонларнинг кўпи фақат бу дунёни ўйлаганлари учун халқдан хабар берувчи иккинчи гуруҳ каромат аҳлини авлиё деб ҳисоблашади. Ҳақдан хабар берувчиларга унчалик эътибор беришмайди. Ҳатто улар ҳақида "агар авлиё бўлишганда, бизнинг ҳолимиздан хабар беришарди",- дейишади. Мана шу нотўғри ўлчовлари натижасида Аллоҳу таолонинг севган қулларини инкор этишади.” (1-жилд, 293-мактуб)
Савол: Эътиқодда ва амалда мазҳабимиз қайси? Эътиқодда мазҳабни учга бўладилар. Салафия, Ашъория ва Мотуридия. Бу айтилганлар тўғрими? Агар тўғри бўлса биз қайси мазҳабдамиз?
Жавоб: Имон ва эътиқод бир хил бўлиши керак. Буларни ўргатадиган илмга Илми калом дейилади. Калом илми калимаи шаҳодатни ва унга тегишли бўлган имоннинг олти асосини ўргатадиган илмдир. Калом илми олимлари жуда улуғ инсонлар. Уларнинг китоблари ҳам жуда мўътабар ва кўп. Бу китобларга Ақоид китоблари ҳам дейилади. Аҳли суннат вал-жамоат олимлари кўрсатган тўғри эътиқодни ақл ва нақл йўли билан исботлаб берадиган миқдорда ҳамда бузуқларга, динсизларга тушунтира оладиган даражада ўрганиш фарзи айндир. Бундан ортиғини ўрганиш фақат дин олимларига лозим.
Суннийларнинг эътиқоддаги мазҳаби аҳли суннат вал-жамоатдир. Амалдаги мазҳаби эса тўрт ҳақ мазҳабдан биридир. Эътиқодда бўлиниш бўлмайди, эътиқодда мазҳаб учга ажралмайди.
Ҳар мужтаҳиднинг ўзига яраша бир мазҳаби бўлади. Бир мужтаҳиднинг ижтиҳод қилиб топган хулосаларининг тамомига ўша мужтаҳиднинг мазҳаби дейилади. Бир мужтаҳиднинг ижтиҳоди бошқасидан фарқли бўла олади. Бу табиий ҳол. Шунинг учун бирига ҳақ, иккинчисига ноҳақ деб бўлмайди.
Масалан Имоми Абу Юсуфнинг мазҳаби шу, Имоми Зуфарнинг мазҳаби бу дейиш мумкин. Лекин иккаласи ҳам ҳанафий мазҳабидан алоҳида мустақил мазҳаб сифатида қаралмайди. Шунингдек имоми Ашъорий ва имоми Мотуридий мазҳаблари ҳам бор. Фақат булар аҳли суннатдан ташқарида, алоҳида эмас. Иккаласи ҳам аҳли суннатнинг имомидир. Албатта Аҳли суннатнинг имоми мана шу икки зот билан чегараланган эмас, жуда кўп. Масалан, имоми Аъзам ҳазратлари нафақат фиқҳда, балки эътиқодда ҳам аҳли суннат имомларидан биридирлар. Имоми Раббоний, имоми Ғазолий ва Абдулҳаким Суялқутийлар ҳам калом олими ва ақоид имомларидир.
Хуллас, эътиқоддаги мазҳабимиз аҳли суннатдир. Амалдаги мазҳабимиз эса ҳанафий ёки бошқа уч мазҳабдан бири. Ҳар бир олимнинг мазҳаби бўлади. Мазҳабсиз одам олим бўла олмайди. Мазҳабсизлик залолатдир. Мазҳаблардан турли ҳукмларни тўплаб, янги бир мазҳаб қуриш айни мазҳабсизлик бўлиб, ҳаромдир. Масон Абдуҳ ва унинг шогирдлари шу мазҳабсизлик йўлини тутишган.
Савол: Ҳозирда дунёда адашган ва бидъат аҳли бўлганлар жуда кўп. Улар дунё ишларида устун келмоқда. Бунинг сабаби нимада?
Жавоб: Бир ҳадиси шарифда: “Бир уммат Пайғамбаридан кейин ихтилофга тушса, гуруҳларга ажралсалар, ноҳақ бўлганлар ҳақ бўлганлардан ғолиб келади” деб марҳамат қилинган. (Табароний)
Савол: “Ҳазрати Маҳди келгач мазҳабларни бекор қилмайди, лекин тўғри бўлган мазҳаб ҳукмлари унутилади. Ҳазрати Маҳди ижтиҳод қилади, унинг ижтиҳодлари ханафий мазҳабига мос келади” дебсиз. Нима, мазҳабларнинг нотўғри ҳукмлари ҳам бормиди?
Жавоб: "Эй улуғ Аллоҳим мени авф эт",- дейилса, "улуғ бўлмаган кичик Аллоҳ ҳам бор эканда" деган маъно чиқариладими? Унақа мантиқ билан кетилса, ҳамма нарсадан камчилик топса бўлади. "Севгили Пайғамбаримиз" десак, "севгили бўлмаган пайғамбаримиз ҳам бор" бўлиб чиқадими? Бунақа гаплар илмий танқидга ётмайди.
Савол: Мужаддид нима дегани?
Жавоб: Динни тозаловчи, диндаги бидъатларни йўқотиб, уни энг аввалги ҳолига келтирувчи олим деганидир. Масалан, имоми Раббоний ҳазратлари (қуддиса сирруҳ) иккинчи минг йилликнинг мужаддидидир.
Савол: “Том илмиҳол” китобида "менга кўра, бизга кўра деб нақлни асос олмасдан ёзиш, гаприш жоиз эмас" дейилган. Лекин олимларнинг "менга кўра", "бизга кўра", "бу фақирга кўра" деганлари нақл қилинадику. Бу иккови бир-бирига зид эмасми?
Жавоб: Бу ерда қарама-қаршилик ёхуд зидлик йўқ. "Менга кўра" дейиш ўзини мужтаҳид деб ҳисоблаш, етук олим деб билиш деганидир. Агар мужтаҳид бўлса, яъни етук олим бўлса, "менга кўра" дейиши керак. Масалан, Ибн Обидин ҳазратлари айтадики: “Авлиёларнинг қабрлари устига мақбара қуриш, бизга кўра, уларни ҳақорат этмаслик, ғофилларнинг одобли бўлиши учун жоиздир.” (Радд-ул-мухтор)
Имоми Шофий ҳазратлари “Саҳобалар илм, ижтиҳод, вароъ ва ақл жиҳатидан бизлардан устундир. Уларнинг фикрларини жуда ёқтирамиз. Бизга кўра, бизнинг фикрларимиздан аълодир” деб айтган. (Рисолаи қадима)
Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики: “Пайғамбарлардан кейин инсонларнинг энг устуни Абу Бакр Сиддиқдир. Ундан кейин Умар-ул Фаруқдир. Бу ерда устунлик, бу фақирга кўра, фазилати, яхши сифатлари кўп бўлишида эмас. Бу ерда аввалроқ имонга келиш, дин учун барчадан кўра кўпроқ молини сарфлаш ва жонини таҳликаларга отиш назарда тутилмоқда. Яъни динда ўзидан кейин келганларга устоз бўлишдир. Кейин келганлар ҳамма нарсани аввалгилардан ўрганади. Бу уч шартнинг барчиси Сиддиқда бор эди. Ҳаммадан аввал имонга келган, молини ва жонини дин учун фидо этган эди. Бу неъмат бу умматда ундан бошқа ҳеч кимга насиб этмаган.” (3/17)
“Бу фақирга кўра, тоғда улғайиб, дин ҳақида ҳеч нарса эшитмаган, бутга сиғинган мушриклар Жаннатга ва Жаҳаннамга кирмайдилар. Ҳисоб-китоби қилиниб, зулмларига яраша азоб чекадилар. Сўнгра худди ҳайвонлардек йўқ қилинади. Кичиклигида ўлган кофир фарзандлари ва Пайғамбарлардан хабари бўлмаганларнинг ҳам аҳволи шундай бўлади.” (1/259)
“Расулуллоҳнинг энг қадрли вақтлари, бу фақирга кўра, намоздаги вақтларидир.” (1/206)
“Бу фақирга кўра, ҳар кеча ётишдан аввал “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллоҳи ва илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деб юз марта ўқиган киши тасбиҳ, таҳмид ва такбир айтган бўлади. Шу тариқа ўз-ўзини ҳисоб китоб қилган бўлади.” (1/309)
Имоми Саврий ва Авзаий
Савол: Имоми Саврий ва имоми Авзаий худди тўрт мазҳабнинг имомларидек барча илмларда имомми?
Жавоб: Имоми Саврий ҳадисда имом, суннатда имом эмас. Имоми Авзаий суннатда имом, ҳадисда имом эмас. Имом Молик суннатда ҳам, ҳадисда ҳам имом. (Ашадд-ул-жиҳод)
Савол: Мазҳабсизлардан бири “Йўловчига қараб йўлни эмас, йўлга қараб йўловчини тани”, бошқа бири “Одамга қараб йўлни эмас, йўлга қараб одамни тани” дейди. Улар бу билан нима демоқчи?
Жавоб: Уларнинг асл ниятлари бошқа. Улардан бошқа мазҳабсизлар ҳам “Ҳақни одамга қараб эмас, одамни ҳаққа қараб ўлча” дейишади. Уларнинг барчасининг айтмоқчи бўлгани “Мазҳаб имомларининг ва бошқа ислом олимларининг йўлидан юрманглар, уларга қараб йўлингизни белгиламанг! Ўзингиз Қуръон ва суннатдан тўғри йўлни топинг! Мазҳаб имомлари ва ислом олимларининг гапи сиз ўзингиз топган ҳукмларга тўғри келмаса, уларнинг гапини ташланг!” Шу сабабдан мазҳабсизлар "имоми Аъзам" дейишмайди, у зотнинг улуғликларини қабул қилмаганлари учун ҳар доим атайин "Абу Ҳанифа" дейишади. Имоми Аъзам - буюк имом деганидир. Бу мазҳабсизлар имоми Аъзам ҳазратларининг йўлига тобе бўлмасдан ўзларича тадқиқ қилишга уринишади. Ўз калта ақллари билан тушунган нарсаларини мутлақ ўлчов, айни ҳужжат деб қабул қилишади-ю лекин аҳли суннат олимларининг билдирганларини, ўлчов-ҳужжат сифатида қабул қилишмайди.
Юқоридаги гапларнинг аксини, яъни “Аҳли суннат олимларига қараб, йўлингни белгила” ва “Ўз фикрингга эътибор берма, Ҳақни аҳли суннат олимларига қараб ажрат” деб айтиш керак.
Чунки динимизда тўртта далил: Китоб, суннат, ижмо ва қиёсдир. Имоми Аъзам ҳазратлари бир ояти каримадан, бир ҳадиси шарифдан нимани тушунган бўлсалар, биз ҳам шунга эргашишимиз керак. Ниманинг ижмо эканлигини ҳам, биз аҳли суннат олимларининг билдирганларига қараб тушунамиз.