Савол: Бирон гуноҳ қилган мусулмонга кофир дейиладими? Уларга лаънат этиладими?
Жавоб: Гуноҳ қилган мусулмонга кофир дейилмайди. Чунки аҳли суннат эътиқодига кўра, бир мусулмон гуноҳ қилиш билан кофир бўлмайди. Баъзи бидъат фирқалари гуноҳ қилганларга ва уларнинг фикрларига қўшилмаганларга кофир дейишади. Ҳадиси шарифда “Мўминга кофир деганнинг ўзи кофир бўлади” дейилди. (Бухорий)
Мусулмонман деб, калимаи шаҳодат айтган кишига кофир дейилмайди. Бир жангда калимаи шаҳодат айтган одамни ўлдирган саҳобага Расулуллоҳ жанобимиз “Калимаи шаҳодат айтган одамни нимага ўлдирдинг?” деб сўрадилар. У “Ўлимдан қўрққани учун унинг шаҳодат калимаси фақат тилидан чиқди, қалби билан инкор қилаётган эди” деди. Расулуллоҳ “Қалбини ёриб кўрдингми?” деб уни койидилар.
Шунинг учун мўминга кофир дейишдан, унга лаънат айтишдан тийилиш керак. Чунки ноҳақ қилинган лаънат эгасига қайтиб келади. Ҳадиси шарифда “Қул лаънат этганида, лаънатланган шахс бунга лойиқ бўлмаса, айтган одамнинг ўзига қайтади” деб марҳамат қилинди. (Байҳақий)
Савол: Аҳли қиблага кофир дейилмайди. 72 бузуқ фирқанинг барчаси аҳли қибладир, яъни ҳаммаси битта қиблага қараб намоз ўқишади. Уларга кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлмайдими?
Жавоб: Ҳа, аҳли қиблага кофир дейилмайди. Аммо асос аҳли қибла деб кимга айтилади? Аҳли қибла сиз айтгандек битта қиблага қараб намоз ўқийдиган киши дегани эмас. Қисқача изоҳлайлик:
1) Имоми Аъзам ва имоми Шофий "аҳли қибла бўлган одамга кофир дейилмайди", дедилар. Бунинг маъноси: аҳли қибла бўлмиш мўмин бирон бир гуноҳ қилиш билан кофир бўлиб қолмайди, деганидир. Тўғри, 72 фирқанинг жумласи аҳли қибладир. Ижтиҳод қилиниши жоиз бўлган, очиқча билдирилмаган далилларда хатолашишгани учун уларга кофир дейилмайди. Лекин зарурий бўлган, тавотур (қувватли хабар) билан билдирилган, устида ижтиҳод қилиш жоиз бўлмаган масалаларда хатолашган ва буларни инкор қилган киши, қай фирқада бўлишидан қатъий назар, иттифоқ билан кофир бўлади. Чунки буларга ишонмаганлар Расулуллоҳга имон келтирмаган бўлади. Имон деганимиз - Расулуллоҳнинг Аллоҳу таоло тарафидан олиб келган, ишонилиши зарурий илмларга ишониш демакдир. Бундай масалалардан атиги бир донасига ишонмаслик ҳам куфр бўлади. (“Милал-ниҳол” таржимаси)
2) Етмиш икки бидъат фирқаси мансубларидан баъзилари намоз ва бошқа ибодатларни ҳам адо этиб юришгани ҳолда, мулҳид (диндан чиққан) бўлишган. Динда уламонинг иттифоқи билан ҳукмга боғланган имонга тааллуқли хусуслардан бирига ишонмаган ёки амалга тааллуқли хусуслардан бирини инкор этган одам, ўша заҳоти-ёқ кофир ва муртад бўлгани учун, энди хоҳлаганча “Ла илоҳа иллаллоҳ” деса, ибодатларни қолдирмай бажарса ва гуноҳлардан тийилса ҳам, уларга бундан буён "аҳли қибла" дейилмайди. (Хадиқа)
3) Зарурий дин илмларидан ёки имон этишни тақозо қиладиган нарсалардан ақалли бир донасига ишонмаган одам “Ла илоҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” деса ҳам кофир бўлади. (Радд-ул мухтор)
4) Аҳли суннат бўлган мусулмонларнинг бир қисми Жаҳаннамга умуман кирмайди. Улардан фақат ёмон иш қилганларгина Жаҳаннамга киради. Етмиш икки бидъат фирқаси аҳли қибла ҳисоблангани учун уларга кофир дейилмайди. Лекин уларнинг динда ишониш зарур бўлган нарсаларга ишонмаганлари кофир бўлади. (Мактуботи Раббоний, 2/67, 3/38)
5) Машҳур бир фарзни инкор қилган киши намоз ўқиса ҳам кофир бўлади. (Бариқа)
6) Намозхонларнинг барчасига бирдай аҳли қибла дейилмайди. Бир ҳадиси шарифда “Ёлғон гапирган, ваъдасида турмаган ва омонатга хиёнат қилган одам мусулмон эканлигини айтса ҳам, намоз ўқиб, рўза тутса ҳам мунофиқдир” дейилган. (Бухорий) (Бу ердаги одам, ибодатларини Аллоҳ ризосини кўзлаб эмас, халққа кўз-кўз қилиш учун ва аслида қалбан бунга ишониб туриб қилмагани туфайли мунофиқ бўлмоқда. Йўқса, катта гуноҳ қилиш билан одам кофир бўлиб қолмайди.)
7) Имоннинг олти шартидан бирига ишонмаган одам намозга бардавом бўлса ҳам кофир ҳисобланади.(Ашиъат-ул-ламаот)
“Ҳаромлардан тийилиб, ихлос билан ла илоҳа иллаллоҳ деган киши жаннатга киради” ҳадиси шарифидаги “ихлос билан” ифодаси ҳақида Расули акрам жанобимиз “айтувчисини ҳаромлардан асрай олишидир” деб марҳамат қилдилар. (Табароний)
Ҳаромлардан тийилмаган мўминнинг имонини сақлаб қолиши қийинлашади. Агар имонини муҳофаза қила олмаса, абадий Жаҳаннамда қолади.
Савол: “Кунда беш марта Каъбага қараб намозда калимаи шаҳодатни айтган инсонлар куфрга тушиб, ўша куфрларига тавба қилишмаса ҳам, куфрда қолиб кетишмайди” деганлар пайдо бўляпти. Бу нотўғри эмасми?
Жавоб: Ҳа, бу гап аҳли суннат эътиқодига хилоф. Имоми Аъзам ҳазратлари “Куфрдан тавба қилиш учун фақат калимаи шаҳодатни айтиш кифоя эмас. Куфрга сабаб бўлган нарсадан ҳам тавба қилиш керак. Ўша нарсадан тавба қилиб тийилмаса, намоз ўқиса ҳам кофирдир” деб айтганлар.
Савол: Дунёда турли-туман гуруҳлар бор. Ҳар бир гуруҳ ўзлари ҳақда “Аҳли суннат бизмиз” дейишади. Бирон бир гуруҳнинг ҳақиқатан аҳли суннат ёки аҳли суннат эмаслиги қандай билиш мумкин?
Жавоб: Билиш жуда осон. Чунки аҳли суннат эътиқоди маълум ва аниқ. Буларга ишонганлар аҳли суннат, ишонмаганлар бидъат аҳли ёки кофир бўлади. Аҳли суннат эътиқодидаги муҳим жиҳатлардан баъзилари қуйидагилар:
1) Амантудаги олти асосга ишонмоқ. (Яхши-ёмоннинг, ҳамма нарсанинг Аллоҳу таолодан эканлигига ишонмоқ. Инсонда иродаи жузия бор, қилган гуноҳларига жавобгар.)
2) Амал имондан бир жуз (бўлак) эмас. Яъни ибодатни тарк этган ёки гуноҳ қилган мўминга кофир дейилмайди. (Ваҳҳобийлар “Амал имоннинг парчасидир, намоз ўқимаган ёки гуноҳ қилган одам кофир бўлади” дейишади.)
3) Имон кўпайиб, камаймайди. (Порлоқлиги, нури жиҳатидан ортиши ва камайиши мумкин.)
4) Қуръони карим махлуқ эмас.
5) Аллоҳ макондан муназзаҳдир. (Ваҳҳобийлар “Аллоҳ кўкда ёки Аршда” дейишади. Бу эса, куфр.)
6) Аҳли қиблага кофир дейилмайди. (Ваҳҳобийлар ўзларидан бошқа барча мусулмонларни кофир дейишади.)
7) Қабр саволи ва қабр азоби ҳақ.
8) Ғайбни ёлғиз Аллоҳ билади. Хоҳласа, авлиё ва анбиёга ҳам билдиради.
9) Авлиёнинг каромати ҳақ.
10) Асҳоби киромнинг барчаси Жаннатидир. (Рофизийлар “Беш саҳобадан бўлак барчаси кофир” дейишади. Ҳолбуки Қуръонда барчаси Жаннати дейилади.) (Хадид, 10)
11) Абу Бакр Сиддиқ Асҳоби киромнинг энг устунидир.
12) Меърож ҳодисаси руҳ ва бадан билан бирга амалга ошган.
13) Ўлдирилган ва ўз жонига қасд қилганлар ўз ажали билан ўлган бўлади.
14) Пайғамбарлардан ҳечқачон гуноҳ содир бўлмайди.
15) Ҳозирги даврда мутлақо мавжуд тўрт ҳақ мазҳабдан бирида бўлиш шарт.
16) Пайғамбарларнинг биринчиси Одам алайҳиссалом, сўнггиси Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам)дир. (Ваҳҳобийлар ҳазрати Одамнинг, ҳазрати Шитнинг, ҳазрати Идриснинг пайғамбар эканлигини инкор этишади. Илк пайғамбар ҳазрати Нуҳ дейишади. Ўз дин пешволарига расул (пайғамбар) дейдиган баъзи гуруҳлар ҳам “Набий келмайди, лекин расул келади” деб эътиқод қилишади. Шунинг учун ҳам Расулман деган бузуқлар пайдо бўлмоқда.)
17) Шафоатга, сиротга, ҳисобга ва тарозга ишониш керак.
18) Руҳ ўлмайди. Кофир ва мусулмон ўликларнинг руҳлари эшитади.
19) Қабр зиёрати жоиздир. Истиғоса, яъни Анбиё ва авлиёнинг қабрига бориб, уларнинг ҳурматига дуо этиш ва улардан ёрдам сўраш жоиздир. (Ваҳҳобийлар эса бунга ширк дейишади. Шу сабабла суннийларга ва шиаларга мушрик, яъни кофир дейишади.)
20) Қиёмат аломатларидан бўлган Дажжол, Даббат-ул-арз, ҳазрати Маҳдининг келишига, ҳазрати Исонинг кўкдан тушишига, қуёшнинг ғарбдан чиқишига ва билдирилган бошқа қиёмат аломатларига ишониш керак.
Имоми Аъзам ҳазратлари “Қиёмат аломатларига изоҳсиз ва шубҳасиз ишониш керак” деб буюради.
Бир ҳадиси шарифда “Қуёш ғарбдан чиқмагунча қиёмат бўлмайди. Шунда ҳамма имон келтиради, аммо бу имонлари фойда бермайди” дейилади. (Бухорий, Муслим)
Қуёшнинг ғарбдан чиқишини “Европа мусулмон бўлади” деб тавил қилиш имоми Аъзамнинг сўзларига хилофдир. Расулуллоҳ имонга тааллуқли масалаларда хоҳлаганча шарҳланаверадигандай, эгилиб-букиладигандай топишмоқ қабилида ҳадислар айтиши мумкинми? "Аслида Салот дегани - дуо қилиш демакдир, ҳозиргилар ўйлагандек намоз деган нарса динда йўқ” дейдиган тоифалар ҳам пайдо бўлгана. Агар динимиздаги ҳар бир ифода ва ибора ўзбошимча шарҳланадиган ва тавил қиилинадиган бўлса, унда дин деган нарсанинг ўзи қолмайди. Бутун Европа аҳолиси мусулмон бўлса, буни кўриб имонга келганларнинг имонлари нима учун ўзларига фойда бермайди? Қуёшнинг ғарбдан чиқиши илмий жиҳатдан ҳам мумкин. Динсизлар эътироз қилмасин, айбламасин, деб оят ва ҳадисларни мажбуран тавил қилиш ҳожат эмас. Аллоҳу таоло ер куррасини ҳозирги орбитасидан чиқариб, бошқа орбитага қўйишга қодир эмасми? Айланиш йўналиши ўзгаргач, қуёш ғарбдан чиқадиган бўлади.
21) Охиратда Аллоҳу таоло кўринади.
22) Кофирлар Жаҳаннамда абадий қолишади ва азоблари енгиллашмайди, ҳатто борган сайин ортади.
23) Маҳси устига масҳ тортиш жоиз.
24) Султонга, ҳукуматга исён қилиш жоиз эмас.
(Бу маълумотлар “Фиқҳи акбар”, “Нуҳбат-ул-лаоли”, “Р.Носиҳин”, “Мактуботи Раббоний”, “Ф.Фавоид” китобларидан олинган.)