Саловот айтиш

Савол: Намоздан кейин саловот айтиш керакми ва саловот қандай ўқилади?

Жавоб: “Салот” - дуо деган маънони беради. Саловот деганимиз эса унинг кўплиги, яъни дуолар деганни билдиради. Саловот қисқача “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад ва ала оли Муҳаммад” деб айтилади. Пайғамбаримизнинг исми айтилганда “алайҳиссалом”, “алайҳиссалоту вассалом” ёки “саллаллоҳу алайҳи васаллам” деб айтиш билан Пайғамбаримизга дуо этилган, яъни саловот айтилган бўлади.

Бир ояти каримада шундай дейилади:

Аллоҳ ва фаришталар Расулуллоҳга салот айтади. Эй имон келтирганлар! Сизлар ҳам чин кўнгилдан унга салот этинглар, саловот айтинглар. (Аҳзоб, 56)

Аллоҳнинг салот айтиши - раҳмат этиши, фаришталарники - дуо қилиш, мусулмонларники бўлса, у зотнинг шафоатини сўраш демакдир.

Кўриб турганимиздек, Расулуллоҳга салот, яъни саловот айтишимизни Аллоҳу таоло ўзи Қуръони каримда амр қилмоқда. Шу сабабдан Расулуллоҳга умрида бир марта саловот айтиш фарз. Исми айтилган вақт, яъни ўқиганда, ёзганда, эшитганда энг аввалгисида бир марта айтиш вожиб, кейингиларида мустаҳаб бўлади.

Ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

“Менга бир саловот айтган одамга Аллоҳ ва фаришталари етмиш саловот айтади.” (И.Аҳмад)

“Шафоатимга энг лойиқ бўлганларингиз – менга энг кўп саловот айтганларингиздир.” (Термизий)

“Менга кўп саловот айтган одамнинг дардлари кетади, гуноҳлари ювилади.” (Термизий)