Саловот ўқиганлар қашшоқлик кўрмайди

“Бир одам менга ҳар куни 500 марта саловот ўқиса, абадиян фақирлик кўрмайди, гуноҳлари авф этилади.”

Абдурраҳмон ибн-и Аттоб Қуртубий ҳазратлари моликий мазҳаби фиқҳ олими бўлиб, 433 (м.1041) йили Андалусда (Испания) Қуртуба шаҳрида (Кордоба) туғилди. 520 (м.1126) йили шу ерда вафот этди. “Шифо-ус-судур” номли китобида айтадики:

Ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни даражаси менга энг яқин бўлганингиз энг кўп саловот ўқиганингиздир” деб марҳамат қилинди.

Табароний ҳазрати Анасдан (родиаллоҳу анҳ) ривоят қилган. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилдиларки: “Жаброил бироз аввал менга Раббимдан хабар олиб келди: Ер юзида сенга бир марта саловот ўқиган мусулмонга мен ва фаришталарим ўн саловот айтамиз.”

Яна ҳазрати Анас ривоят қилади. Расулуллоҳ: “Аллоҳу таолонинг (фаришталар орасида шундай) бир фариштаси бор. Унинг бири шарқда, бир ғарбда иккита қаноти бор. Бир қул меҳр билан менга саловоти шарифа ўқиган пайтда фаришта сувга шўнғийди, сўнгра сувдан чиқиб силкинади. Аллоҳу таоло фариштадан сачраган ҳар бир томчидан биттадан фаришта яратади. Бу фаришталар менга саловот ўқиган кишига то қиёматгача истиғфор ўқийди”- деб марҳамат қилдилар.

Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Кимки Аллоҳу таолонинг розилигига эришган ҳолда Аллоҳга қовушишни хоҳласа, менга кўп саловот ўқисин. Чунки бир одам ҳар куни 500 марта саловот ўқиса, абадиян фақирлик кўрмайди, гуноҳлари авф этилади, хатолари ўчирилади, қувончи давомли бўлади, дуоси қабул бўлади, умидлари амалга ошади, душманига қарши унга ёрдам берилади, хайрли ишларда қўллаб-қувватланади, жаннатда пайғамбарига дўст бўлади.”

Расулуллоҳ: “Бир куни менга Жаноби Ҳақнинг тўрт улуғ фариштаси Жаброил, Микоил, Исрофил ва Азроил (алайҳимуссалом) келдилар. Жаброил (алайҳиссалом) айтди: “Ё Расулаллоҳ! Сизнинг умматингиздан бир киши кунига ўн марта саловот ўқиса, эртага қиёмат кунида мен унинг қўлидан тутиб, сиротдан қушдек олиб ўтаман.” Микоил (алайҳиссалом): “Мен ҳам у бандага кавсар ҳовузидан қондириб ичираман” деди. Исрофил (алайҳиссалом) айтди: “Ё Расулаллоҳ! Бу қулнинг авфи учун бошимни саждага қўяман, Аллоҳу таоло уни авф этмагунча бошимни саждадан кўтармайман.” Азроил алайҳиссалом эса: “Ё Расулаллоҳ! Сизга кунига ўн марта саловот айтган одамнинг руҳини пайғамбарлар руҳини олгандек енгил оламан”- деди”- деб марҳамат қилдилар.

Муҳтарам пайғамбаримизга саловоти шарифа ўқишимиз аслида “Аллоҳ ва фаришталари пайғамбарга доим саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сизлар ҳам унга кўп саловот айтинг ва том таслимият билан салом беринг” (Аҳзоб, 56) маолидаги ояти каримадаги буйруққа итоатдир. Саловот ўқиш гуноҳларнинг авфу мағфират қилинишига ҳам василадир.