Салавотнинг фойдаси

Суфёни Саврий ҳазратлари айтади:

Каъбани тавоф этаётганда ҳар қадамида салавот ўқиган бир кишини учратдим. Унга “Сен керакли дуоларни ташлаб, фақат салавот ўқияпсан. Ҳар жой учун алоҳида ўқиладиган дуолар бор” дедим. У “Сен кимсан?” деб сўради. Мен ўзимни таништирдим. У “Сен авомлардан эмассан, олим экансан. Сенга гапириб берайин” деб бошлади:

Отам билан Байтуллоҳга бориш учун йўлга чиқдик. Йўлда отам касалланди. Уни даволаш учун астойдил ҳаракат қилганимга қарамай отам вафот этди. Вафот этиши билан юзи қорайиб кетганини кўрдим. Юзини бекитдим. Ёнида ўтириб, ухлаб қолибман. Тушимда шундай бир зотни кўрдимки, ундан гўзал юзли ҳеч кимни кўрмагандим. Ундан жуда гўзал ҳид келарди. Отамнинг ёнига келди. Юзини бекитган ёпинчиқни олиб, кафтини отамнинг юзига сурди. Отамнинг қора юзи нурланди, оппоқ бўлди. Бу зотдан ким эканлигини сўраганимда “Мен Расулуллоҳман. Отанг умрини бекор ўтказди. Аммо менга кўп салавот ўқирди, ҳозир қайғуда эканлигини менга билдирдилар, ўзи ҳам мендан ёрдам истади. Кўп салавот ўқиган мўминга мен, албатта, ёрдам бераман” деб марҳамат қилдилар. Уйғониб, отамнинг юзи оппоқ бўлганини кўрдим. Мана шу сабабли, қаерда бўлсам ҳам Пайғамбар жанобимизга кўп салавот ўқийман.