Бу сувни ифлос қилма

Шибли ҳазратлари бир куни Ҳижозга бориш учун йўлга чиқади ва йўли Бағдоддан ўтади. Шу вақтдаги халифа Хорун Рашид Шибли ҳазратларининг Бағдодга келганини эшитади. “Ҳузурларига биз борайликми ёки ўзлари бизнинг саройга келадиларми?” деб хабар юборади. Шибли ҳазратлари ўзи ёнига бориши айтиб, саройга боради.

Халифа Шибли ҳазратларига “Менга бир насиҳат қиласизми, ҳазрат” деб айтади. Шибли ҳазратлари “Менга бир пиёла сув келтиринг” дейди. Сўнгра халифага “Агар чўлда сувсиз қолсанг, ўлим олдида бўлсанг, бир кимса қўлида бир пиёла сув билан олдингга чиқиб “Бу сувни бераман, аммо хазинангни ярмини берасан” деса, рози бўлармидинг?” дебди. Халифа бироз ўйланиб “Албатта, бераман” деб жавоб берибди.

Шибли ҳазратлари “Яхши, бу сувни ичдинг, энди бу ичган сув, бир касаллик юзага келиб, баданингдан ташқарига чиқмай қолди. Бир табиб келиб “Мен бу сувни чиқарман, аммо бойлигингнинг қолган ярмини берасан” деса, рози бўласанми?” деб сўради. Халифа бироз ўйланиб “Албатта, бераман” деб жавоб берибди.

Шибли ҳазратлари “У ҳолда бир пиёла сувчалик ҳам қадри бўлмаган хазинангга ишонма” дебди. Халифа йиғлаб “Менга яна бир насиҳат қилинг” дебди.

Шибли ҳазратлари “Сиз сувнинг бошидасиз. Аллоҳу таоло Пайғамбар жанобимиздан бери оқиб келаётган исломият сувининг ҳимоячиси бўлишни сизга насиб этди. Бу сувни ифлос қилманг, ифлос қилишларига ҳам йўл қўйманг. Бидъат аралаштирманг, уни топ-тоза қилиб сақланг” дебди.