“Умматим етмиш уч фирқага ажралади”

Савол: Мусулмонларнинг турли фирқаларга бўлиниб кетишини Пайғамбаримиз билармидилар?

Жавоб: Жаноби Расулуллоҳ умматининг бошига келадиган ишларни билдириб “Бани Исроил етмиш икки фирқага айрилди. Умматим ҳам етмиш учун фирқага бўлинади. Булардан фақат биттаси қутулади, қолганлари жаҳаннамга кетади” деб марҳамат қилдилар.

Асҳоби киром сўради:

- У қайси фирқа, ё Расулаллоҳ?

- Менинг ва Асҳобимнинг йўлида бўлганлар, деб жавоб бердилар. Бу ҳадиси шарифни имоми Термизий ҳазратлари Абдуллоҳ бин Умар ривоят қилганини ёзган. Имоми Аҳмад ва Абу Довуднинг нақл қилишича:

“Булардан етмиш иккиси жаҳаннамда, қолган биттаси жаннатдадир. Бу битта жамоатдир” деб марҳамат қилинган.

Ушбу ҳадиси шарифда билдирилган ягона қутулиш фирқасини ва уларнинг жаннатга киришига сабаб бўладиган эътиқодларини излаб топиш, уларнинг эътиқодларига мос келмайдиган бузуқ фирқалардан сақланиш лозим. Шу тариқа жаҳаннам оловидан қутулишга ҳаракат қилиш керак.

Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари иккинчи ҳадисда билдирилган жамоатни ва биринчи ҳадиси шарифни қуйидагича изоҳлаганлар:

“Мўминнинг суннатга ва жамоатга тобе бўлиши лозим. Суннат Расулуллоҳ кўрсатган йўлдир. Жамоат эса, Хулофаи рошидин деб аталадиган тўрт халифа замонидаги Асҳоби киром иттифоқ қилган ишлардир. Мусулмонларнинг бидъат ва бидъатчиларнинг кўпайишига моне бўлишлари, уларга яқинлашмаслиги лозим.”

Аҳмад ибни Ҳожар-ул Ҳайтамий ҳазратлари “Савойиқ-ул-муҳриқа” китобида: “Аҳли суннат эътиқодидан айрилганларга “Мубтадий” дейилади. Улар биринчи асрда пайдо бўла бошлади” дейилган. “Фатҳ-ул-жавод” китобида эса айтиладики:

Мубтадийлар аҳли суннатнинг иттифоқ билан билдирган эътиқодига эргашмаган кимсалардир. Бу иттифоқни Абул Ҳасан Ашъорий ва Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари билан уларнинг изидаги олимлар билдирдилар.” Шофеъий олимларидан Аҳмад Шиҳобуддин Қалюбий Мисрий “Канз-ур-роғибин” ҳошиясида айтадики:

“Абул Ҳасан Ашъорий ва Абу Мансур Мотуридийнинг билдирганларидан айрилган кимса сунний эмас. Бу икки имом жаноби Расулуллоҳ ва Асҳобининг йўлидадирлар.”

Юқоридагилардан маълум бўлмоқдаки, уммат етмиш уч фирқага бўлинади. Булардан фақат биттаси жаҳаннамдан қутулади. Ҳар бир мўминга ушбу ҳақ фирқани излаб топиб, унга тобе бўлиши вожибдир.