Тақвим тафовути

1-савол: Намоз вақтларини кўрсатувчи тақвимлар ва рамазон имсокиялари (жадваллари) нима учун бир-биридан фарқ қилади? Нима учун барчаси бирдай эмас?

ЖАВОБ: 1983 йилдан аввал бутун тақвимларда намоз вақтлари бирдай эди. Лекин 1983 йили намоз ва рўза вақтлари ўзгартирилди. 1982 ва ундан олдинги йилларнинг қайси бирига қарасак ҳам бутун тақвимларда тўғри имсок (фажр) ва намоз вақтлари берилган. 1983 йилдан бошлаб эса, тўғри вақтларга оид ҳисоб-китобнинг усул ва қоидалари тарк этилди.

Тақвимлар орасидаги тафовутнинг сабаби иккита:

Биринчиси: Илмий, астрономик заруратга биноан вақтларнинг ҳисобига мутлақо қўшилиши керак бўлган Тамкин муддатининг баъзи вақтлардан бутунлай олиб ташланиши, баъзи вақтлардан эса камайтириб ишлатилишидир.

Иккинчиси: Имсок вақти ҳисобларида қуёшнинг уфқ остидаги баландлик даражаси бўлган иртифоси -19°дан -18°га камайтирилиб, қуёшнинг уфққа яқинлаштирилишидир.

Қуйидаги изоҳлар, Туркия ва Ўрта Осиё сингари йилнинг ҳар фаслида, ҳар бир вақти тўлиқ ташаккул қиладиган, яъни кирадиган, ўлкаларга тегишли.

1983 йилгача Туркияда “тамкин вақти”ни ҳеч ким ўзгартирмаган, бутун олимлар, авлиёлар, шайхулисломлар, муфтийлар, бутун мусулмонлар асрлар давомида намозларини ушбу шарий вақтларда ўқиб, рўзаларини ҳам мана шу шарий вақтларда бошлаганлар. Ҳозир ҳам ҳар бир мусулмоннинг бу “ижмои муслимин”дан ажралмаслиги лозим.

Дин ишларида Ислом олимлари ва Ислом астроном мутахассислари тасдиқлаган рўза ва намоз вақтларидан фойдаланиш керак.

Тасдиқ этилган бу вақтлар ҳақида 1926 йилдаги “Тақвими Зиё”да айтиладики: “Ушбу тақвим Диёнат ишлари Риёсати ҳайъати мушовараси тарафидан тадқиқ этилиб, риёсати жалиланинг тасдиқи билан чоп этилган.”

Рўза ва намоз вақтларини Усмоний олимларининг энг юксак мақоми бўлган “Машиҳати исломия” тайёрлаган 1334 (м.1916) йилининг “Илмия солномаси” номли тақвимдан ва Истанбул университети Қандилли расадхонасининг 1958 йилги ва 14-сонли “Туркияга махсус авқоти шариа” китобидан олиб чоп этилган тўғри тақвимларга амал қилиш керак.

1982 йилгача чиққан тақвимларда берилган имсок (фажр) вақтлари Қуёшнинг уфқ остида (-19°) даражага келган ҳолатини асос оларди. Ушбу вақт, ислом олимлари ҳамда ислом астрономия мутахассисларининг иттифоқ билан айтганлари бўйича, тонгги илк оқаргансимон ёруғликнинг шарқдаги уфқ чизиғи устида битта нуқта ҳолида пайдо бўлган заҳоти бошланади. 1983 йилдан бошлаб, баъзи тақвимларда негадир ушбу -19° ўлчови тарк этилиб, ўрнига европаликлар қабул қилган тонг вақти, яъни оқаришнинг уфқ бўйлаб ёйилган пайтига тўғри келадиган қуёш баландлиги (-18°) даража асос қилиб олина бошлади. Натижада, ҳам қуёшнинг уфқ остидаги баландлиги -18° деб олиш, ҳам-да тамкин муддатини олиб ташлаш оқибатида фақатгина “имсок (фажр) вақти”да тахминан (Ўрта Осиё сингари координатаси 36°-42° шимолий кенглик орасида бўлган жойларда) 15-20 дақиқагача фарқлар пайдо бўлди. Яъни Ўрта Осиёда рўза тутишга ҳақиқий фажр-имсок вақтидан тахминан 15-20 дақиқа ўтгач бошланмоқда. Саҳарлик ўз вақтидан 15-20 дақиқа кеч тугатилгани учун рўзалар бузилиб, зоя кетмоқда. Бундай вақтларга суяниб тутилган рўзалар фосид бўлгани учун қазосини тутиш керак.

Ислом астроном олими Аҳмад Зиёбей (ҳ.1355 йил вафот этди) имсок ҳақида “Руби доиранинг сурати истеъмоли” китобида айтадики: “Европаликлар фажри содиқнинг бошланиши деб, уфқ узра пайдо бўлган оқликнинг бутунлай ёйилган пайтини эътиборга олишади. Шунинг учун фажр ҳисобларида қуёш баландлигини (иртифосини) -18° даража деб олишади. Биз-мусулмонлар эса, уфқда оқликнинг дастлаб кўринган пайтини эътиборга оламиз. Шу боис фажри содиққа асос қилиб қуёшнинг уфқ тагида -19° даражага келган вақтини оламиз. Чунки Ислом олимлари имсок вақти деб, тонгги оқаришнинг уфқи зоҳирий чизиғи бўйлаб ёйилган пайтини эмас, УФҚ УСТИДА ИЛК КЎРИНГАН ПАЙТИни билдирганлар.”

Яъни қуёш, уфқи зоҳирий (кўриниб турган уфқ) чизиғига -19° яқинлашганда имсок вақти бошланади. Фатво шундай. Мужтаҳид бўлмаганларнинг ушбу фатвони ўзгартиришга ҳақлари йўқ. Фатвога мос келмайдиган ибодатлар эса, саҳиҳ бўлмайди.

Ислом олимлари асрлардан бери фажри содиқ (ҳақиқий тонг) вақтида қуёшнинг уфққа нисбатан баландлиги -19° эканлигини тушунишган, бундан фарқли рақамларнинг хато эканлигини билдиришган. Европаликлар тонгги оқаришнинг горизонт бўйлаб ёйилган пайтига “фажр” ёки “тонг” дейишади. Бу пайтда қуёшнинг иртифоси -18° дейишади. Мусулмонларнинг дин ишларида христианлар ва мазҳабсизларга эмас, ислом олимларига эргашиши керак.

Янглиш вақт тарқатувчи тақвимларда ва сайтларда нафақат тамкин вақти, балки имсок вақтлари ҳисобида қуёшнинг уфққа нисбатан баландлик бурчагии ҳам юқорида айтилганидек, ҳеч қандай асос ва далилсиз, “-19°”дан “-18°” даражага ўгирилиб, қуёш уфқ томон яқинлаштирилган.

Зотан Истанбул университети Қандилли расадхонасининг 08.07.1992 кунги 1354-сонли ёзувида имсок ва хуфтон вақтларида қуёшнинг уфқ остидаги даражаларининг ҳамда тамкин муддатининг 1400 йилдан бери татбиқ этилаётган, яъни “шафақ” пайтида уфқ остида “-17°”, имсок “Фажр” пайтида эса “-19°” даража эканлиги таъкидланган. Тамкин муддати ҳақида “Қилинган ҳисоблар бўйича, бу миқдор (тамкин) маълум бир расад жойи учун турли кунларда 8-10 дақиқа орасида ўзгармоқда. Шунинг учун умуман олганда тамкин миқдорини 10 дақиқа қилиб олиш ва буни пешиндан аввалги вақтлардан айириш, пешиндан кейинги вақтларга қўшиш одат тусига кирган.” дея изоҳлаб, тасдиқланган.

Ислом астрономия мутахассиси бўлган Аҳмад Зиё бейнинг милодий 1926, қамарий 1344 ва шамсий 1305 йилги “Тақвими Зиё” чўнтак тақвимининг биринчи ва охирги бетларида “Диёнат ишлари риёсати ҳайъати мушовараси тарафидан тадқиқ этилиб, риёсати жалиланинг тасдиқи билан чоп этилган” деб ёзилган. Дин ишларида ислом олимлари ва астрономлари тасдиқлаган намоз вақтларини ўзгартирмаслик лозим. Ҳамди Язир “Сабил-ур-рашод” мажмуасининг 22-жилдида бу борада батафсил билдирган.

2-савол: Ибодатларнинг қабул бўлиши учун тўғри вақтларда бажарилиши шарт эканлигини биламиз. Бир-биридан фарқли тақвим ва рамазон имсокиялари турганда қандай ҳаракат қилишимиз керак?

ЖАВОБ: Албатта, рўза ва намозларимизни тўғри вақтларда адо этишимиз керак. Чунки тўғрилиги шубҳасиз бўлган вақтлардан аввал ўқилган намозлар биринчидан саҳиҳ бўлмайди, иккинчидан катта гуноҳ бўлади. Негаким, Ибни Нужайм Зайн-ул-обидин “Кабоир ва сағоир” китобида айтадики: «Фарз намозларни [нотўғри кўрсатувчи тақвимлардаги вақтларга қараб] вақти киришдан аввал ёки вақти чиқиб кетганидан кейин ўқиш катта гуноҳдир.»

Исм ва асарлари минглаб том китобни ташкил қиладиган Ислом астрономлари, Ислом олимлари носс (Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар) орқали маълум қилинган осмондаги намоз вақтларига тааллуқли белгилар бўйича ўтказган беҳисоб кузатишлари, нозик ва ҳассос ҳисоблар орқали олган натижаларини асарларида бизга мерос қилиб қолдиришган ва омонат қилишган. Шу қийматли китобларда намоз ва рўза вақтларини аниқлашга ёрдам берадиган ҳисоб усули ва қоидаларни кўрсатишган. Ўша усул ва қоидалардан асрлар давомида фойдаланиб келинган. Хуллас, гумонга, шубҳага асос бўладиган ҳеч нарса қолдиришмаган. Тўғри ва саҳиҳ вақтларни билдирувчи тақвимлару интернет сайтларида ҳам ўша китоблардаги усул ва қоидалар бўйича намоз, рўза вақтлари ҳисобланиб, эълон қилинмоқда.

Рўза ва намоз вақтлари ҳар турли берилса ҳам, фақат тўғри, ҳақиқий вақтларда ибодат қилишимиз Ислом олимлари буюрган қатъий ҳукмдир. Тўғри эса, битта бўлади. Ўлчови эса, Ислом олимлари кўрсатган усул ва қоидалардир. Агар вақтлар, шу усул ва қоидаларга мос равишда ҳисобланса, бир хил натижа чиқиши илмий ҳақиқат. Шу боис, ҳар хил изоҳларга чалғимай, қоидаларга бекаму кўст риоя қилган ҳолда ҳисобланган вақтлар доимо тўғри чиқади. Лекин бир томондан тўғри асосларни келтириб, шу асосларга зид равишда шахсий қараш, изоҳ, фикр ва қаноатларни аралаштириб қилинадиган ҳисобларнинг ҳамиша нотўғри натижа бериши ҳам маълум.

Намознинг саҳиҳ бўлиши учун уни ўз вақтида ўқиш, вақтида ўқиганини билиш, шубҳа қилмаслик лозим ва фарз! Ибни Обидин “Радд-ул-мухтор” китобининг 1307 йилги нашри, 342-саҳифасида ва бунинг Аҳмад Довудўғли таржимасининг 2-жилд, 40-бетида ҳам-да “Фатҳ-ул-қодир”даги бир фиқҳ қоидасида бундай дейилган: «Намознинг саҳиҳ бўлиши учун уни вақти киргандан кейин ўқимоқ ва ўз вақтида ўқиганини билмоқ шарт. Вақтнинг кирганидан шубҳаланиб ўқиса, кейин ўз вақтида ўқиганини тушунса, ушбу намоз саҳиҳ бўлмайди.» Ибни Обидин бу сатрлардан кейин «“Нур-ил-изоҳ” ва бошқа китобларда ҳам шундай дейилган. “Ал-Ашбоҳ”нинг ният баҳсида ҳам мазкурдир»- деб ёзган. Бундан ташқари Шофеъий “Ал-Анвор” ва Моликий “Ал-муқаддима-тул-иззия” шарҳида ҳам-да “Мезон-ул-кубро”да ҳам шундай ёзилган.

Интернетдаги саҳифаларимизда ва турли тилларда чоп қилинадиган Туркия тақвимимизда берилган бутун намоз вақтлари тўрт ҳақ мазҳабнинг намоз вақтларидир.

а) Ҳанафий мазҳаби билан нариги уч мазҳаб орасида фақатгина аср ва хуфтон намози вақтларида фарқ бор. Маълумки, имоми Аъзам (раҳматуллоҳи таоло алайҳ) ҳазратлари аср ва хуфтон намозларини иккинчи вақт бўлмиш “асри соний” ва “ишои соний” вақтларида ўқишни ижтиҳод қилганлар. Пешин (зуҳр) вақти асри аввалгача, яъни ҳар нарсанинг сояси ҳақиқий завол вақтидаги узунлигидан ўз бўйига тенглашгунча ёки асри сонийгача, яъни ўз бўйининг икки баробарига тенглашгунча давом этади. Булардан биринчиси икки имом (имомайн) билан уч мазҳаб ижтиҳоди, иккинчиси эса, имоми Аъзам қавлига кўрадир. Нашрларимизда берилган вақтларнинг барчаси биринчи ҳукмга, яъни иккита имом билан уч мазҳаб имомлари қавли бўйича ҳисоблангани учун 4 ҳақ мазҳаб вақтларига мосдир.

б) “Хуфтон намозининг вақти” имомайн наздида, ишои аввалдан, яъни ғарбдаги зоҳирий уфқ (кўриниб турган уфқ) чизиғи устида қизил шафақ йўқолганидан кейин бошланади. Имоми Аъзамга наздида эса, ишои сонийдан, яъни уфқи зоҳирий чизиғи устида қизил шафақдан кейинги оқ шафақ ҳам йўқолгач бошланади.

с) Ҳанафий мазҳабининг имомлари бўлган имоми Абу Юсуф ва имоми Муҳаммад ҳазратлари аср ва хуфтон вақтлари ҳақида нариги уч мазҳаб билан бирдай ҳукм бергани учун биз ҳам бутун намоз вақтларини ҳисоблашда Ҳанафий мазҳабининг бу икки имоми кўрсатган вақтларни асос қилиб оляпмиз Шу туфайли тақвимимизда берилган вақтлар тўрт мазҳабга ҳам мос.

д) Яъни хоҳ интернетдаги www.namazvakti.com ва www.turktakvim.com адресли веб саҳифаларимизда, хоҳ “Туркия тақвими”да вақт ҳисоблаш ҳайъати тарафидан ҳисобланиб тайёрланган барча намоз вақтлари тўрт ҳақ мазҳабнинг намоз вақтларидир. Бу намоз вақтларидан Ҳанафий, Шофеъий, Моликий ва Ханбалий мазҳабларига мансуб мусулмонларнинг барчаси фойдаланиши керак.

Ҳозир рўза-намоз вақтларини чоп этиш билан шуғулланаётган масжид, тақвим, сайт раҳбарлари агар манба сифатида биз айтган аҳли суннат олимлари ва ислом астрономларининг китобларини олишган бўлса, унда ҳеч қандай муаммо чиқмайди, намоз вақтлари ҳам бир-бирига мос келади. Агар тарқатилаётган рўза жадваллари, намоз вақтлари бир-бирига тўғри келмаса, бир-биридан фарқли бўлса, унда улардан фақат биттасининг тўғри эканлиги маълум бўлади.

Биз чоп этаётган вақтларнинг тўғрилигини таъкидлаш учун қайси Ислом олими, астрономидан олингани, асар номи, баъзан жилд ва саҳифа рақамларини ҳам кўрсатган ҳолда келтиряпмиз. Бу вақтлар, шахсий ўй-фикр, мулоҳазамиз, ёки ўзбошимча кимлиги номаълум сайтлардан кўчириб олган, асоссиз ҳисоблар натижаси эмас! Балки асри саодатдан бери, яъни 1400 йилдан бери аҳли суннат олимлари айтган, ислом астрономлари асарларида қайд этган усул ва қоидаларни ҳеч ўзгаришсиз татбиқ қилишнинг маҳсулидир! Мана шу олимларнинг айтганларига амал қилинсагина тафовутлар, ихтилофлар йўқолиб,  “ҲАҚДА БИРЛИК” таъминланган бўлади.

3-савол: Халқ олдидаги баъзи қийинчилик ва эҳтиёжларни эътиборга олган ҳолда, намоз-рўза вақтларини ўзгартирса бўладими?

ЖАВОБ: Афсуски, баъзи тақвимларда “...минтақадаги аҳоли олдида турган қийинчиликларни бартараф қилиш ва халқнинг ибодатини енгиллаштириш мақсадида... (вақт-ҳисоб пухта бўлса ҳам) баъзи усуллар татбиқ қилишга... қарор қилинди” деган сатрлар учрайди. Улар шу баҳона билан ислом олимлари ва астрономларидан ҳеч ким айтмаган, ҳеч қайси китобда ёзилмаган “уйдирма усуллар” татбиқ қилиб “қулайлаштиряпмиз” шиори остида ҳақиқий имсок ва хуфтон вақтларини ўзгартириш орқали мусулмонларнинг намоз ва рўза ибодатлари бузиб, ифсод қилишмоқда.

Ибодатлар асло урф-одатга ё замонга қараб ўзгартирилмайди, мослаштирилмайди. Аксинча, одат ва турмушни исломиятга мослаштириш лозим. Бу эса жуда қулай.

Ҳаром ишларни яхши ният билан қилганда ҳалол бўлиб қолмаганидек “...ишчи, ўқувчи, маъмур, баққол ва бошқа касб эгаларининг ташвишини ҳисобга олиб...” деган баҳоналар билан уларга “қулайлик” бўлсин деб ҳақиқий хуфтон ва рўза вақтларини ўзгартириш ҳам жоиз эмас.

Ибодатларнинг саҳиҳ ё ботил бўлиши шартларининг бажарилган ёки бажарилмаганига боғлиқ. Тўғри, саҳиҳ вақтлар бўйича амал қилиш эса, рўза ва намоз ибодатларининг ҳам шарти, ҳам фарзидир. Бу носс орқали (Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар) ҳам собитланган. Ҳар қандай намозни ўз вақтидан аввал ёки кейин ўқиш ҳаромдир. Вақтидан аввал ёки кейин бажарилган ибодатлар фосид бўлади (бузилади).

Европа, АҚШда ва баъзи ўлкаларнинг Диний идоралари чоп этган тақвимларнинг Кириш қисмида: «Аллоҳ: “Шубҳасиз намоз, ўз вақти билан фарз қилинди” деган. (Нисо, 4/103) Шу сабабли намозларни ўз вақтларидан аввал ўқиш жоиз бўлмаганидек, вақтидан кейинга қолдириш ҳам жоиз эмас.» деган изоҳларни учратасиз. Лекин афсуслар бўлсинки, вақтидан аввал ва кейин намоз ўқиш жоиз эмас дейишларига қарамай, қилаётган “янгича усуллари” шу ҳукмларнинг барчасига зид. Намоз ва рўзанинг “сиҳат” (саҳиҳлик) шартларидан энг муҳими фарз бўлган “ВАҚТ” шартидир. Агар ўша вақт устида “енгиллатиш” мақсадида ўзгартиришлар қилинса, яъни бузилса, вақтга суянадиган ҳеч қайси ибодат саҳиҳ бўлмайди.

“Дурар-ул-ҳукком” шарҳида айтилади: «Замон ўзгариши билан урф-одатга асосланган аҳком ўзгариши мумкин. Носсга, далилга асосланган аҳком замон ўтиши билан ўзгармайди.» Яна “Мажалла”нинг 39-моддасида ва шарҳида шундай дейилади: «Аҳком (ҳукмлар) замон ўтиши билан ўзгаради. Лекин урф-одатларга суянувчи ҳукмлар ўзгаради. Носс (оят-ҳадис)-га суянувчи ҳукмлар ўзгармайди.»

Намоз вақтлари носс (оят-ҳадис)-га суянади. Шунинг уни ҳеч қандай узр-баҳона билан ўзгартириш мумкин эмас.

“Динда машаққат йўқ, мажбурлаш йўқ, аксинча енгиллик бор” деган гапни кўп қайтарадиганлар шу гапни хато тушунганлари туфайли бир неча фарзни тарк этмоқда. Бу сўзнинг асли “Аллоҳу таолонинг барча амрларини бажо келтириш жуда осон. У бандаларига қийин ва оғир ишларни буюрмаган.” деганидир. Йўқса, имони заифлар даво қилгандек: “Китобдагидек бўлиши шарт эмас. Ният тўғри бўлса бўлди. Нафсга оғир келадиган ишларни Худо кечиб юборади. Ҳамма ўзига енгил кўринган амални ўзи билганча қилса бас. Аллоҳ кечиримли, барчасини қабул қилади” деган маънода айтилган эмас.

Вақти тўлиқ кирадиган жойларда, хуфтоннинг кечроқ, имсок (фажр) вақтининг эртароқ киришидан ҳосил бўладиган қийинчиликлар борасида ислом олимлари берган ҳукмлар, ибодатларни ҳар ким ўз хоҳиши бўйича, енгил томонига қараб ўзгартирсин деб эмас, динимиз изн берган қулайликлардан фойдалансин деб, берилган. “Динда машаққат йўқ” деганларининг маъноси ҳам шу. Яъни “Аллоҳу таоло қулайликни буюрган”, деганидир. Бўлмаса “Ҳар ким кўнгли тусаганини қилсин, нафсига хуш ёқмаганни тарк этсин” дегани эмас.

Инсонларнинг ишлари туфайли ибодатларида дуч келадиган қийинчиликлар, ташвишлари ўша ибодатларнинг шараф ва савобини анча мисли орттирмоқда. Бундай ишларда ишлаш, дам олиш, уйқу ва уй эҳтиёжларини таъминлашдек турмуш тарзлари соатлар билан тартибга солинади. Бунда намоз вақтлари асос қилиб олиниши керак. Буни қилиш биринчидан қулай, иккинчидан қуйида билдирилганидек жуда ҳам қийматлидир. Мусулмонлар тоат-ибодатларини ислом олимлари кўрсатгандек бажо келтиришга мукаллафдирлар.

Ўз кўнгли тусаганига эмас, балки Ислом ҳукмларига тобе бўлганлар латиф жавоҳир ва қийматли олмослар билан ишлаётган заргарларга ўхшайди. Буларнинг иши оз, лекин даромадлари мўл. Баъзан бир соатлик ишлари юз минглаб йилларнинг даромадини олиб келади. Бунинг сабаби шулки, аҳкоми исломияга мос бўлган ҳар бир амал Ҳақ таолонинг мақбулидир ва ризосидадир.

 

ТУРКИЯ ТАКВИМИ

ВАҚТ ҲИСОБЛАШ ҲАЙЪАТ ҚЎМИТАСИ

e-mail: bilgi@turktakvim.com