Либос ва гиламлардаги нажосат

Савол: Тоза ва ифлос кийимларни бирга ювишнинг зарари борми?

Жавоб: Сийдик теккан, қон теккан кийимларни нажс тегмаган кийимлар билан бирга ювишнинг зарари йўқ.

Савол: Гўдакларнинг таглиги ювилган пластмасса тоғорада бошқаларнинг нажс тегмаган кийимларини ювса бўладими?

Жавоб: Бунинг зарари йўқ.

Савол: Кўринмайдиган нажосатлар, масалан, идрор (сийдик), қон теккан кийимлар тоғорада ёки кир ювиш машинасида ювилганда бир марта ювиш билан тоза бўлди деб ўйласа кифоями?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Автомат кир ювиш машинаси билан ювилган нажс кийимлар тоза бўладими?

Жавоб: Ҳа. Автомат кир ювиш машиналари қўл билан ювгандан ҳам тоза қилиб ювмоқда.

Савол: Кир ювиш машинасида кир юваётганда машинадаги сув ва бошқа нарсалар нажс бўладими?

Жавоб: Йўқ.

Савол: Нажосат теккан кийимларнинг тоза бўлганига шубҳа қилган одам нима қилиши керак?

Жавоб: Тозалигига шубҳа қилган киши кийимни уч марта ювади ва ҳар ювишда сувини сиқиб ташлайди. Ариқда ёки сув кранида ювилаётган нарсанинг сувини сиқиб ташлаш лозим эмас. (Халабий)

Савол: Катта бўлгани учун сувини сиқишнинг иложи бўлмаган гилам каби нажосат шимадиган нарсалар қандай ювилганда тоза бўлади?

Жавоб: Ҳар ювганида суви сирқиб, томиши тўхтагунча осиб кутилади. Мана шу тарзда уч марта ювилганда тозаланган бўлади. Сиқилиши, чўткаланиши керак эмас.

Савол: Сийдик теккан гилам, гилам ювадиган машинада ювилганда тоза бўладими?

Жавоб: Гилам ювадиган машина билан ювилганда қисқа муддатли вақтга қўйиб уч марта бетини, уч марта орқасини ювса, тоза бўлади. Сўнгра устига жойнамоз солмай намоз ўқиш мумкин бўлади. Фақат кирини кетказиш учун бир марта ювиш кифоя.

Савол: Кийимнинг бир жойига нажосат тегса, сўнгра бу жойни топа олмаган киши нима қилади?

Жавоб: Кийим ёки баданнинг бир жойига нажосат тегса, сўнгра бу жойни топа олмаса, шубҳа қилган жойини ювиш билан тоза бўлади. Намоздан кейин аниқланса, намозни қайта ўқимайди. (Ҳадиқа)

Савол: Сотиб олинган янги кийимни ювмасдан кийиб у билан намоз ўқиса бўладими?

Жавоб: Нарсаларда асос бўлгани тозаликдир. Нажс эканлиги қатъий билинмаган нарса тоза деб қабул қилинади. Ҳатто ғайримуслимларнинг кийимлари ҳам тоза деб қабул қилинади. (Ҳадиқа)

Савол: Нажосат тегмаган кийим билан қон ва идрор теккан кийимни бирга қуруқ тозалаш ёрдамида тозаласа бўладими? Бу бошқа кийимларни нажс қиладими? Яъни қуруқ тозалаш учун берган кийим билан намоз ўқий оламизми?

Жавоб: Қуруқ тозалашда фақатгина кирлар тозаланади. Қон ва сийдик ювилмагунича тоза бўлмайди. Лекин идрорли кийим бошқаларини ифлос қилмайди. Яъни қуруқ тозалашга берилган нажосат тегмаган кийим билан намоз ўқиса бўлади. Динда гумон билан ҳукм берилмайди. Кофирларнинг кийимларига идрор ёки шароб теккан бўлиш эҳтимоли юқори. Лекин бунга қарамай динимиз кофирнинг либосини ювмасдан намоз ўқиш мумкинлигини билдирмоқда. (Ашбоҳ шарҳи)

Динимиз шундай амр қилиб турганида қуруқ тозалашга берилган нажосат тегмаган кийим билан намоз ўқилмаслигини ёки қатъий билмасдан туриб озиқ-овқатнинг ичида нажс модда борлигини айтиш халқни безовта қилгани, фитнага сабаб бўлгани учун гуноҳдир.

Савол: Кийими бутунлай нажосат бўлган киши намозини қазога қолдирмаслик учун нима қилади?

Жавоб: Кийимида намозга моне бўладиган даражада нажосат бўлган киши тозалашнинг иложи бўлмаса, шу ҳолича намоз ўқийди. Ҳатто тозалашнинг имкони бўлса, лекин ёнида бегоналар бўлгани учун ечиб, ювиш имкони бўлмаганида, тозаламасдан намозини ўқийди. Чунки бошқаларнинг ёнида авратини очиш тақиқланган. Нажосатни тозалаш эса амр қилинган. Амр билан тақиқ рўбарў келганида тақиқланган нарсага амал қилинади. (Мароқил фалоҳ)

Савол: Қамоқда бўлган маҳбуснинг кийимлари нажс бўлса, намозни қандай ўқийди?

Жавоб: Тоза кийим топа олмаслик заруратдир. Заруратли ҳолда нажосат теккан кийим билан намоз ўқиш мумкин. Агар Моликий мазҳабини тақлид қиладиган бўлса, Моликийда нажосат намозга моне бўлмагани учун намози саҳиҳ бўлади.

Савол: Намоз ўқиб бўлгандан кейин кийимда нажосат бор эканини кўрсак, намозни қайта ўқишимиз керакми?

Жавоб: Нажосат билан ўқилган намоз саҳиҳ бўлмайди. Лекин нажосат борлигини билмаса, саҳиҳ бўлади. Нажосат борлигини намоздан кейин кўрса, қазосини ўқиш керак эмас деган олимлар ҳам бўлган. Расулуллоҳ намоз ичида наълин (таги чарм, усти очиқ пойафзал)ни ечиб, намозда давом этдилар. Намоздан кейин бу ҳақида сўраганларга “Жаброил алайҳиссалом наълин тагига нажс текканлигини хабар бергани учун уни ечдим” дедилар ва намознинг қазосини ўқимадилар. Моликий мазҳабини тақлид қилиб ўқиса, намози саҳиҳ бўлади.

Савол: Намоз вақти чиқиб кетишига оз қолган бўлса, тоза либоси бўлмаган ва топа олмаган киши намозни қазога қолдирса гуноҳ бўладими?

Жавоб: Намозни қазога қолдириш гуноҳдир. Моликий мазҳабини тақлид қилган ҳолда нажосатли кийим билан намозини ўқийди. Моликийда нажосат намозга моне эмас.

Унутиб нажосатли либос билан намоз ўқиган киши сўнгра буни хотирласа, ўқиган намозини иёда этмайди. Ниятда “Моликий мазҳаби бўйича ўқидим” деб айтиши кифоя.