Аёл кишининг саломи

Савол: Нотаниш аёллар телефонда ёки дўконимизга кирганида "ассалому алейкум" деб салом беришади. Уларнинг саломларига алик олсам гуноҳ бўладими?

Жавоб: Гуноҳ бўлмайди. Салом: хавфсиз, ҳузур, саломат, соғлик, дўстлик, роҳатлик, тинчлик қутулиш каби маъноларни ифода қилади. Салом бериш, яъни “Ассалому алайкум” дейиш “Мен мусулмонман, сизга мендан зиён келмайди, саломатликда  бўлинг, сўнгги нафасингизда имонли бўлинг” маъноларини англатувчи энг гўзал дуодир.

Аёл киши эркак одамга ёки эркак киши аёлга “Аллоҳ рози бўлсин” дея дуо қилса бўлади, демак салом беришга ҳам алик олишга ҳам бўлади. Лекин бегоналарга салом ёки дуо қилинганда, қаршисидаги одам “мени ёқтириб турибди, яхши кўрса керак, шу сабабли салом берди ёки дуо қилди” деган хаёлга бориши ҳам мумкин. Шу сабабли эркак аёлга, ёки аксинча аёл эркакка салом берганида фитна туғилиши мумкин бўлса, салом ва дуо қилинмагани афзал. Бегона аёлга дуо қилиш ва салом бериш каби, заруратсиз гаплашиш ҳам жоиз эмас. Мабодо бир эҳтиёжи бўлиб гаплашишга мажбур бўлган ҳолда гаплашишга тўғри келса, салом бериш ёки дуо қилиш жоиз бўлади. “Номаҳрамлар билан хоҳлаган нарсани гаплашишга бўлади, дуо ва салом мавзусига келганда, булар жоиз эмас” дейилмайди.

“Хайрли кун”, “хуш келибсиз”, “хайрли тонг” каби сўзлар айтиш ҳам салом бериш билан бирдек бўлади. Номаҳрамларга бундай сўзларни айтиш ҳам жоиз эмас. Бир эҳтиёж бўлгандагина бундай сўзларни айтиш жоиз бўлади ва шунингдек салом бериш ҳам жоиз бўлади.

“Мажалла” китобининг 39-бобидаги “Замон ўзгариши билан ҳукмлар ҳам ўзгаради” қоидасининг шарҳи қуйидагича ёзилган: Замон ўзгариши билан урф-одатга оид ҳукмлар ўзгара олади. Қуръон ва ҳадисларга, далилларга таянган ҳукмлар эса замон ўзгаришига қараб ўзгармайди. (Дурар-ул-ҳукком)

Намоз, рўза, закот каби ҳукмлар замонга қараб ўзгармайди, лекин урф-одатга оид ҳукмлар ўзгара олади. Масалан, кўчада кетаётиб, ўзингиз танимайдиган бир кишига салом берсангиз, “Бу киши мени қаердан танийди, нимага салом берди” деган хаёлларга бориб сизга ҳайрон бўлиб қарайди. Саломни ёйиш динимизнинг амридир, лекин ҳалиги зарари туфайли кўчада учратган одамларнинг ҳаммасига салом бераверишга ҳам бўлмайди. Динимизда бидъат аҳлига, фосиқларга салом берилмайди дейилган. Лекин ҳозирги замонда бизнинг танишларимиз шундай одамлар жумласидан бўлса ҳам салом берилади. Чунки салом бермасангиз ёки саломига жавоб бермасангиз “Нега мен билан саломлашмайди, нимага саломимга алик қайтармайди” деб ўйлаб, орқаворотдан зиён етказишга уриниши мумкин. Ҳолбуки эски даврларда бир кишига салом берилмаса, у киши “Мен фалон гуноҳни очиқча қилиб қўйганим учун мусулмонлар менга салом беришмаяпти” дея ўйлар ва айбни ўзидан ахтарарди. Ҳозирги замонда эса, бу ҳукмни қўлланиш фитнага сабаб бўлади. Керак бўлганда кофирларга ҳам салом бериш жоиз бўлади.

Баъзи ҳукмлар Дорулҳарб дея номланган ғайримусулмон ўлкаларида фарқли бўлади. Жаноби Пайғамбаримиз бундай ўлкаларда улардан фоиз олишнинг жоиз эканлигини билдирганлар. Савдога оид бўлган бошқа фосид ҳукмлар ҳам бундай ўлкаларда жоиз бўлади.

Ҳазрати Умар гуноҳ иш қилган қўшиқчи аёлни дарра урдириб жазоларкан, аёлнинг рўмоли тушиб боши очилиб қолганида “Ҳаром билан машғул бўлишни одат қилгани учун бу аёлнинг ҳурмати йўқ, эҳтиёж миқдорича қараш гуноҳ бўлмайди” деганлар. Абу Бакр Балхий ҳазратлари ҳам дарё қирғоғи бўйлаб бораркан, бош ва қўллари очиқ ҳолда юрган аёлларни кўрганида “Буларнинг ҳурмати қолмагани боис эҳтиёж бўлганда қараш гуноҳ эмас” деганлар. Зарурат бўлганида бундай аёлларга салом бериш ва саломларига алик олиш ҳам жоиздир.

Бирон жойда ишлашга мажбур бўлган боқувчисиз муҳтож аёллар, ишининг талабига кўра тўпиғидан пастки оёқ ва билакларини оча олади. Эркакларнинг уларни иш юзасидан кўришлари, шаҳватсиз қарашлари, саломига алик олишлари ва салом беришлари жоиз бўлади.

Юқорида изоҳ қилинган сабабларга кўра баъзи тақиқланган нарсалар мубоҳга айланади.  Масалан, ишхонамизга келган ёки биз борган иш жойларида, аёллар билан гаплашишга мажбур бўлганимизда, уларга салом бериш ҳамда саломларига алик олиш гуноҳ бўлмайди. Ҳатто у аёл хуш келибсиз дея қўлини чўзса, қўл олиб кўришиш ҳам жоиз бўлади. Ҳолбуки ҳеч қандай мажбуриятсиз, эҳтиёжсиз бир аёл билан қўл олиб кўришиш ҳаром бўлади. Шу мавзуга оид ҳадиси шарифлар маоли қуйидагича:

“Кишининг бошига қозиқ қоқилганда тортадиган азоби, бегона аёлнинг қўлини ушлаш азобидан енгилроқдир.”(Байҳакий)

“Бегона аёлга шаҳват билан қараш кўз зиноси, қўлини олиш эса қўл зиносидир.” (Р.Носиҳин)

“Ахлатга беланган чўчқага суйкалиш, бегона аёлга тегинишдан афзал.” (Табароний)

“Бегона аёл билан қўл олишган кишининг қўллари боғланган ҳолда жаҳаннамга отилади.” (Р.Носиҳин)

Динимизда рухсат этилган ҳукмлардан эҳтиёж қадар фойдаланиб, фитнага сабабчи бўлиб қолмаслик керак. Фитна чиқиш хавфи бўлмаса, динимизда қандай амр қилинган бўлса шундай амал қилиш лозим бўлади.